Қайднома

Қидирув

Роналдиньо дебютини эслаб...

Роналдиньо дебютини эслаб...

  14.08.2021 02:20
  0
  353
Роналдиньо дебютини эслаб...

Футбол афсунгари Роналдиньо Бразилия миллий жамоасидаги дебют ўйинидаёқ бетакрор дриблинглари билан кўпчиликни ҳайратга солганди. Маълумот учун, у ўз мамлакати бош жамоаси сафида биринчи марта 1999 йилнинг 26 июнь куни Бразилиянинг Куритиба шаҳрида жойлашган «Хоаким Америко» стадионида Латвия термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида майдонга тушганди. Орадан 20 йил кўпроқ вақт ўтдики, Роналдиньо ижросидаги голлар, алдамчи финтлар ҳалигача гоҳ-гоҳида гўзал футболнинг чин мухлислари кўз ўнгида айланади. Ўша ўйинни эсласак, бразилияликлар Роберто Карлос, Роналдо ва Алекс урган голлар эвазига латишларни 3:0 ҳисобида енгишган. Роналдиньо эса дебют ўйинидаёқ тўлиқ 90 дақиқа давомида «ҳунар» кўрсатишдан чарчамай, бош мураббий Вандерлей Люшембургонинг термадаги иши хайрли бошланишига ҳисса қўшганди. Афсунгар шундан кейин нақ 14 йил давомида мухлисларни қувонтирди, бу орада Бразилия миллий жамоасининг 97та ўйинида 33та гол урди. Келинг, энди қуйида "махсус" мақола орқали Роналдиньонинг халқаро дебютига бевосита майдонда гувоҳ бўлган футболчиларга назар ташлаймиз.

ДИДА (дарвозабон). «Милан»да 10 йил ўйнаган, ЕЧЛда 2 марта ва «А» серияда бир бора ғалаба нашидасини сурган кипер. У 11 йил давомида Бразилия термаси таркибида 91та халқаро ўйинда қатнашиб, Америка кубоги, ЖЧ ва Конфедерация кубоги (2 марта) каби йирик турнирларда шоҳсупанинг юқорисига чиқди. Дида 2015 йили Бразилияга қайтиб, «Интернационал» клубида бир мавсум ўйнагач, профессионал фаолиятига нуқта қўйди. Ке­йинчалик орада бир мавсум «Милан»нинг U-17 жамоасида дарвозабонларни шуғуллантирди. 2020/2021 йиллар мавсумида эса бош жамоа штабига дарвозабонлар мураббийи сифатида кирди.

Антонио КАРЛОС (ҳимоячи). Бу футболчи профессионал фаолиятининг катта қисмини Бразилияда ўтказди. Жумладан, «Сан-Пау­лу», «Флуминенсе» ва «Атлетико Паранаэнсе» каби катта клубларда тўп сурди. Эътиборлиси, Антонио ҳамон майдонда - айни пайт Бразилиянинг «Бразилианс» жамоасида ўйнамоқда.

КАФУ (ҳимоячи). Афсонавий «девор» энг яхши дарвларини «Рома» ва «Милан» сафида бошдан кечирди. Хусусан, мавсум-2006/2007да «Милан» билан ЧЛда ғолиб чиқди. Энг муҳими, Кафу - 2 карра жаҳон чемпиони (1994 ва 2002 йиллар). Жумладан, 2002 йили Бразилия миллий жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Бақувват ҳимоячи 2008 йили бутсаларини михга илди. У ҳозирда Қатар-2022 мундиали элчиларидан биридир.

 

ОДВАН (ҳимоячи). Профессионал фаолияти давомида Бразилиядан деярли четга чиқмаган кам сонли етук футболчилардан бири. Одван ўз юртида «Васко да Гама», «Сантос» ва «Флуминенсе» клубларида муносиб ҳаракатланиб, 2013 йили футболдан кетди.

 

Роберто КАРЛОС (ҳимоячи). Замонамизнинг энг буюк ҳимоячиларидан бири саналган Роберто Карлос «Интер» ва «Реал»дек клубларда афсона даражасига кўтарилди. У 2015 йили Ҳиндистоннинг «Деҳли Динамос» жамоаси сафига футболчи-менежер сифатида қўшилиб, фаолиятини айнан ҳинд диёрида якунлади. Роберто Карлос ҳам жаҳоннинг икки карра чемпиони (1994 ва 2002 йиллар)дир. У Ҳиндистонга йўл олишига қадар Россияда «Анжи» ва Туркияда «Сивасспор» ҳамда «Оқҳисорспор» клубларида фаолият юритганди.

 

Алехандро де СОУЗА (ярим ҳимоячи). Алехандро ҳам фаолиятининг катта қисмини Бразилия клубларига бағишлади. Якунда 2014 йили «Коритиба»да бутсаларини михга илди. Соуза Бразилия миллий жамоаси билан 1999 ва 2004 йилларда Америка кубоги бош совринига эга чиқди, аммо унга ЖЧ олтин медали насиб этмади. Алехандро жорий йилнинг 5 апрель куни «Сан-Паулу»нинг U-20 жамоаси бошқарувини қўлга олди.

 

ЭМЕРСОН (ярим ҳимоячи). Ҳимояланишга ихтисослашган таянч ярим ҳимоячиси «Ювентус», «Реал» ва «Милан»да ёрқин из қолдирди. Лекин Бразилия миллий жамоасидаги фаолиятида Америка кубоги ва Конфедерациялар кубоги каби турнирлар бош соврини билан чекланди. Эмерсон 2016 йили MLS иштирокчиси - «Майами Даде»да бир мавсум ўйнагач, катта футбол билан хайрлашди.

 

Зе РОБЕРТО (ярим ҳимоячи). «Реал» ва «Бавария» каби гигантларда муносиб ўйнаган, мавсум-1997/1998да Испания гранди билан ЧЛ ғолибига айланган футболчи. У шунингдек, Бразилия миллий жа­моасининг ЖЧ-2022да зафар қучишига катта ҳисса қўшди. Зе Роберто фаолиятининг якунида 2 мавсум «Палмейрас» шарафини ҳимоя қилди ва 2017 йили нафақага чиқди.

 

ВАМПЕТА (ярим ҳимоячи). Европада ПСВ, «Интер» ва «ПСЖ» клубларида тўп тепган футболчи 2002 йили жаҳон чемпиони мақомига эришди. Шундан 6 йил ўтиб, профессионал фаолиятига чек қўйди. Вампета шундан буён Бразилия чемпио­нати учинчи ва тўртинчи дивизионларида «Насионал» ва «Гремио Осако» (тегишлича, 2011 ва 2012 йилларда) клубларини бошқарди.

 

РОНАЛДО (ҳужумчи). Ўйинга ўзгача чирой бағишлаган энг буюк ҳужумчилардан бири. «Сўйлоқ» Европада «Интер», «Барселона», «Реал» ва «Милан» каби гигантлар учун неча-неча голлар урди. Роналдо 2011 йили катта футболдан кетди, бунга қадар эса, Бразилия термаси билан икки бора жаҳон чемпиони бўлди (1994 ва 2002 йиллар). 2018 йилга келиб, собиқ ҳужумчи ўша вақт Испания чемпионати Сегундасида иштирок этган «Вальядолид» соҳибига айланди. «Сўйлоқ» камтарин клубнинг 51 фоиз акциясига 30 миллион евро тўлаганди.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz