Қайднома

Қидирув

Ўз-ўзидан қувватланувчи «батарейка»

Ўз-ўзидан қувватланувчи «батарейка»

  14.08.2021 04:04
  0
  238
Ўз-ўзидан қувватланувчи «батарейка»

Педрининг чексиз мавсуми: Ла Лига-2020/2021, Евро-2020, Олимпиада-2020. Ўтган йилнинг сентябридан буён жами 71та расмий ўйин! Евро-2020 иштирокчилари қисқа таътилга чиқишган паллада 18 ёшли Педри Испания термаси сафида Олимпиадага йўл олди. «Барселона» ярим ҳимоячиси шу аснода узун мавсумни давом эттирмоқда - Токиода олимпия ўйинларида дебютини нишонлади (0:0 ҳисобида якунланган Миср термасига қарши илк ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланди), кейин австралияликлар билан ўйин, унинг ортидан Аргентина олимпиячиларига қарши баҳс...

Аслида Испания олимпия термасида Педрига ўхшаб тинимсиз ўйнаётган футболчилар етарли: Унаи Симон (мавсум бўйи 61та ўйин), Эрик Гарсия (28та ўйин), Пау Торрес (62та ўйин), Дани Ольмо (66та ўйин) ва Микель Ойарсабаль (60та ўйин). Ҳа, бу йигитлар Европа чемпионатидан тўғри Олимпиадага йўл олишди. Лекин эътиборга олиш керак, Педри катталар даражасида энди иккинчи тўлиқ мавсумини ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам унинг иш кўлами алоҳида кўзга ташланмоқда. Умуман олганда, Педри майдонда ўтказилган дақиқалар бўйича Евро-2020 иштирокчилари орасида 11-ўринни эгаллади (испанлар орасида 3-яхши кўрсаткич). Оддий айтганда, Испания миллий жамоасида фақат дарвозабон Унаи Симон ва марказий ҳимоячи Эмерик Ляпорт Европа биринчилигида кўпроқ ўйин вақтига эга бўлишди - улар 630 дақиқадан ҳаракатланишди. Педри эса майдонда атиги 1 дақиқа (629) камроқ тўп сурди. Бошқача ифода этганда, «Барса» вакили турнир доирасидаги барча 6та учрашувда майдонга тушди ва фақат чорак финал ўйинининг 119-дақиқасида алмаштирилди. Бу ҳам тактик ўзгариш эди: Родриго пенальтилар серияси учун туширилди, аммо якунда гол уролмади.

Бундан ташқари, Педри босиб ўтилган масофа бўйича Евро-2020нинг учинчи яхши кўрсаткичини қайд этди - 76,1 км. Бу Испания термаси вакиллари учун рекорддир. Диққат қилинг, гап ўтган йили ёзда «Лас-Пальмас»дан «Барселона» сафига олинган ярим ҳи-моячи ҳақида кетмоқда. Келинг, энди унинг бир йил давомида нималарга улгурганини кўриб чиқамиз. Бунда 2020 йилнинг 3 сентябрь кунини бошланғич нуқта сифатида олиш керак - Педри ўшанда Шимолий Македония U-21 жамоасига қарши кечган баҳс-да 20 дақиқа тўп сурганди. Кейин:

- «Барселона»: 52та ўйин (Ла Лигада 37та, Испания кубогида 6та, Испания суперкубогида 2та, ЧЛда 7та).

- Испания терма жамоаси: 10та ўйин (Евро-2020да 6та, ЖЧ-2022 саралашида 3та, ўртоқлик учрашуви - 1та).

- Испания U-21 термаси: 4та ўйин (барчаси U-21 тоифасидаги Европа чемпионати саралашида).

- Испания олимпия жамоаси: 5та ўйин (Токио-2020 Олимпиадасида).

Жами: 71та ўйин, 53таси бошланғич таркибда.

Педри аллақачон «Барса» тарихига кирди: фақат Боян Кркич клуб сафида 50та ўйин маррасига ундан тезроқ етган. Педри бу маррани 18 ёшу 5 ойлигида забт этди (май ойида) ва Лионель Мессидан ҳам ўзиб кетди. Ҳар эҳтимолга қарши маълумот: Олимпиада-2020 футбол мусобақаси финали 7 август кунига белгиланган. 15-санада эса «Барселона» Ла Лига 1-турида «Реал Сосье-дад»га қарши майдонга тушади. Тўғри, Педри бу ўйинда қатнашмаса керак. Ҳар ҳолда, Каталония клуби ёш футболчи зиммасига қандай юклама тушганини тушуниб турибди. «Барса» раҳбарияти ҳаттоки, уни Токио Олимпиадасига чақирмасликларини сўради, бироқ Испания футбол федерацияси буни инобатга олмади. Бир пайтлар Мессини Пекин-2008га юборган Хосеп Гвардиола ҳам Педрига ортиқча юк берилганини таъкидламоқда: «Ўзи бу йил ёзда турнирлар жуда кўп бўлди. Ҳа, Месси 2008 йилги Олимпиадага борганди, лекин у ўшанда на ЖЧ ва на Америка кубогида қатнашган. Педри эса...». Педри эса барчасида иштирок этди - тўлиқ «комплект». У гўёки, ўз-ўзидан қувват олувчи батарейкадек...

Эътироф

- Педри «Иккинчи Иньеста» бўлолмайди, чунки Андресга ўхшаши бошқа чиқмайди. Лекин Педри чиндан ҳам, ақлга сиғмас ишларни уддаламоқда. Антонио КАССАНО (италиялик собиқ ҳужумчи).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz