Қайднома

Қидирув

Стив Манданда: «Бир умр ўйнамоқчи эмасман»

Стив Манданда: «Бир умр ўйнамоқчи эмасман»

  14.08.2021 08:38
  0
  507
Стив Манданда: «Бир умр ўйнамоқчи эмасман»

Янги мавсум бошланиши арафасида «Марсель» клуби ҳамда Франция терма жамоасининг тажрибали дарвозабони Стив Манданда LA PROVENCE нашрига катта интервью берди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ёзги таътилдан кейин асосий таркибга жуда тез қайтдингиз. Бу билан яхши спорт формасида эканлигингизни исботламоқчи бўлдингизми?

- Мутлақо ундай эмас. Ҳаммасига Хорхе Сампаоли айбдор. Айнан у майдонга тушишимни сўради. Очиғи, бироз ҳайрон бўлдим. Одатда, дастлабки учрашув арафасида енгил машқлар ҳафталиги ўтказилади. Дуе ҳам клубга қайтиб келиши билан майдонга тушганди.

- Пау Лопеснинг рақобати хусусида қандай фикрдасиз? У сизнинг ўрнингизни эгаллашга уриниб кўради, деб ўйлайсизми?

- Жамоага янги касбдоши келганидан кейин рақобат ҳақида ўйлаш - табиий ҳол. Турнир жадвали етакчиси бўлишни мақсад қилган ҳар қандай жамоа барча позицияларни муносиб ўринбосарлар билан таъминлаши шарт. Биз бундан мустасно эмасмиз. Пеле жамоани тарк этгач, янги дарвозабон олиш эҳтиёжи юзага келди. Ўтган мавсумда Лонгория билан гаплашганим боис, трансфер дарчасида кимдир келиши менга маълум эди. Ҳозир 36даман ва бир умр тўп сурмоқчи эмасман. Дарвозабон позицияси менга баҳолаб берилмаган. Эртами-кеч кетаман. Лекин ҳозирча шу ердаман! Мураббий менга имконият бермай қўйгунига қадар ўйнайвераман. Фаолиятим охирида ўйиндан имкон қадар кўпроқ лаззат олишга ҳаракат қиламан.

- Ҳозир сиз учун улкан тажрибага суяниб ўйнаш осонроқми ёки финиш яқинлиги уни қийинлаштирадими?

- Бу нормал ҳодиса. Қачондир ҳамманинг ҳаётида ўзгаришлар бўлади, бу мени безовта қилмайди. Чунки Пабло билан ҳаммасини муҳокама қилганмиз, мен ҳар қандай вазиятга тайёрман. Қандайдир янгилик кашф эта олсам, ҳаммага яхши бўлади.

- Ҳанузгача юксак савияда ўйнаётганингиздан мухлисларнинг ҳайратланиши, ҳатто «Лилл»га бичишлари сизга ёқадими?

- Менга оид ҳар хил гап-сўзларга ортиқча аҳамият бермайман. Миям қандай ўйлар билан бандлиги, мураббий ва раҳбарият мендан нимани талаб қилишларини яхши биламан. Мен учун муҳими шу.

- Бир неча ҳафта аввал «Марсель» дарвозабонлари ва мураббийлари нашримиз орқали ўтмишда дарвозабонларнинг ўзаро рақобати анча хавфли бўлганлигини ёзишганди. Чунки арзимас хато уларнинг барқарорлигига путур етказиши мумкин, деган фикрни олға суришганди.

- Рақобатнинг салбий таъсири футболчининг руҳий ҳолатига боғлиқ. У аъло даражада бўлса, рақобат қўшимча мотивация вазифасини ўташи мумкин. Руҳият бобида менда муаммо йўқ. Шу боис, рақобатдан чўчимайман. Мавсумда неча марта майдонга тушишимдан қатъий назар, аввало, завқ билан тўп суришга уриниб кўраман.

- Доимо гол ўтказиб юборсангиз, қаттиқ азият чекасиз. Ҳатто у ўртоқлик учрашувларида юз берган ёки ғалабага путур етказмайдиган бўлса ҳам.

- Ҳеч ким ўз феъл-атворини ўзгартира олмайди. Менинг майдондаги вазифам - дарвоза дахл-сизлигини таъминлаш. Буни уддалай олмасам, барибир ранжийман. Ҳатто ғалаба қозонган тақдирда ҳам, ўзимни кечира олмайман. Ҳар қандай дарвозабон учун 5:4 ҳисобидан кўра 1:0 ҳисоби афзалроқ.

- Пау Лопес билан илк мулоқотингиз қандай бўлди?

- Пау француз тилини билмайди. У билан инглиз тилида иборалар алмашамиз. Жароҳат олганидан кейин тикланиш даврида бўлгани боис, машғулотларда бирга эмасмиз. Йон Паскуа (дарвозабонлар мураббийи) «Бетис»-да Пау билан ишлагани учун у ҳақда маълумот берди. Айтишидан, Пау катта тажрибага эга бўлган ажойиб посбонга ўхшамоқда. Демак, у жамоага манфаат келтиради.

- 2010-2012 йилларда «Марсель» билан бир нечта совринларга сазовор бўлдингиз, кейин бир нечта финалларни бой бердингиз. Жамоа билан сўнгги зафарни нишонлаш ниятингиз борми?

- Албатта, ғалаба қувончини қайтадан туйишни истайман. Шундай ажойиб шаҳар, фидойи мухлисларни хушнуд этишнинг завқи ўзгача.

- «Вильярреал»га қарши баҳсдаги каби мухлислар билан кўришиш насиб этса, зўр бўларди...

- Стадионнинг ҳеч бўлмаганда 50 фоизга тўлганини кўрсак, ажойиб бўларди. 1,5 йил ичида вазият ноодатий кўриниш олди. Мухлисларга тўлиб-тошган трибуналарни сабрсизлик билан кутяпман.

- Лекин трибунада ўтирганда, унинг ярмидан кўп қисми бўш эканлиги сезилмаганди.

- Бу табиий ҳол! Чунки эҳтиросли мухлисларимизнинг тўлмаган стадиондаги ҳайқириқлари ҳам бошқа ҳар қандай стадиондаги қийқириқлардан кучлироқ. Шуларни эсласам, тезроқ нормал ҳаётга қайтиш истаги янада кучаяди.

- Ўтган мавсумни мухлислар иштирокисиз ўтказишингизга тўғри келди. Улар стадионда бўлганларида, сизни қўллаб-қувватлаган ва яхшироқ ўйнашга ундаган бўлишарди. Лекин вазият жуда кескинлашган пайтларда уларнинг йўқлиги яхшироқми?

- Клубимизнинг ўзига хос жиҳати ҳам ўта эҳтиросли мухлисларга эга эканлигимизда. Бироқ мен ҳар қандай вазиятда ҳам лиқ тўла стадионда ўйнашни устун қўяман. Чунки мухлислар далдаси менга қўшимча куч бағишлайди. Тўғри, бундай шароитда талаб даражасида тўп суриш учун футболчи юксак руҳият соҳиби бўлиши лозим.

- Янги жамоадошларингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Жамоамизда бироз беғамроқ, лекин юксак салоҳиятли ёшлар етарли. Улар катта манфаат келтиришга қодирлар. Президент ва мутасаддилар ҳамжиҳат жамоани шакллантиришга муваффақ бўлишди. Гендузи ёш бўлсада, тажрибали. Камара ҳам. Де ла Фуэнте худди «Барселона»да улғайгандек. Салибани ҳеч нарса йўлдан қайтара олмайди, хотиржам тўп суради. Шу кетишда узоққа боради.

- 2007 йилда Седрик Карраско жиддий жароҳат олгач, сизни биринчи рақамли посбон этиб тайинлашганди.

- Демак, нима бўлганлиги ҳақида суҳбатлашамиз... 14 йил аввал! Янги келган ўйинчига ҳамма мурувватли бўлади. Аммо вақт ўтиши билан талаб ҳам кучайиб боради. Асосий қийинчилик шундаки, жамоа менга муҳтож бўлиб турган паллада ишончни оқлашим шарт. Мен шундай қила олганим билан фахрланаман. Кимдир жамоа билан эришган натижалари, совринлари билан ёдда қолади. Мен «Марсел»даги узоқ фаолиятим эътиборсиз қолмаслигига умид қиламан.

- Биз Стив Манданда доимо Стив Манданда бўлиб қолишидан умидвормиз.

- Бу нормал ёндашув. Қайсидир ўйин, ҳатто мавсумни ўртача савияда ўтказсам, аввало, ўзимни койийман, танқид қиламан. Менинг ўйиним жамоа очколари ва жадвалдаги ўрнига путур етказмаслиги керак.

- Кўриниб турибдики, энди бошқа ўйинчилар ҳам майдонда ўйлаб ҳаракатланишга уринадилар.

- Бу осон эмас. Биз маълум услубга кўра ҳимоялансак, бошқаси билан ҳужумга ўтамиз. Футболчи ҳар бир қарорини ўйлаб кўриши лозим. Биздан мунтазам равишда қувват, уюшқоқлик талаб этилади. Мураббийнинг «тўппа-тўғри мақсад сари» услуби нафақат яшил майдонда, ҳаётда ҳам қўл келади. Ҳозир жамоанинг ишлари рисоладагидек кетмоқда. Бу ёғига мавсумни яхши ўтказиб, юксак натижаларга эришиш лозим.

- Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?

- Юксак натижаларни - жамоа шоҳсупадан жой олиши керак. Буни амалга ошириш осон эмас - «ПСЖ», «Монако», «Лилль», «Лион», «Ницца» каби жиддий рақобатчилар бор. Бироқ биз совринли ўринни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

- Стартни сабрсизлик билан кутаётганингизни қўлларингиз айтиб турибди.

- Ҳа, интиқ эканлигим рост. Мавсумолди тайёргарлиги чемпионат беллашуви ўрнини боса олмайди. Барча жамоаларда ўзгаришлар бўлди. «Монпелье» мураббийини, услубини алмаштирди. Биз ҳам тактикага ўзгариш киритдик, таркибнинг тўртдан бир қисми янгиланди. Бунинг самарасини кўриш жуда қизиқарли.

- Евро-2020да умуман майдонга тушмадингиз. Бундан хафа эмасмисиз?

- Йўқ. Лекин терма жамоа мусобақадан барвақт чиқиб кетгани ранжитди. Майдонга тушмаслигим мумкинлигини билардим. Жамоа имкони борича узоқроққа бориш ниятида эди. Мен кийиниш хонасида, машғулотларда кўмак беришга ҳаракат қилдим.

- Қатар мундиалига боришни истайсизми?

- Олдимга бундай мақсадни қўймадим. Терма жамоа билан барча турнирларда қатнашдим, яна шундай имконият беришса, фақат хурсанд бўламан, беришмаса, хафа бўлмайман. Терма жамоа билан унутилмас даврни ўтказдим.

- Найсну ва Москвада (ЖАР ва Россия мундиаллари назарда тутилган) тўп суриш ҳаммага насиб этавермайди...

- Ҳа, айнан шу жаҳон чемпионатларида Франция терма жамоасининг қарама-қарши қутбларига гувоҳ бўлдим - энг ёмон ва ҳар қандай футболчининг буюк орзуси мақомидаги тарихий иштирокига. Фаолиятим аввалида шундай лаҳзаларга гувоҳ бўлишимни айтишганида, ишонмаган бўлардим.

- Турли анжуманларда Хорхе Сампаолини Марсело Бьелсага қиёслашади. Сиз қандай фикрдасиз?

- Улар бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил табиатли кишилар. Ўйин, прессинг, тўп назорати, голлар ва ҳужум масаласида ғоялари ўхшаш. Бироқ Сампаоли ўйинчиларга яқинроқ, шогирдлари билан кўп мулоқот қилади. Мен ҳар икки мутахассисдан ҳам кўп нарсаларни ўргандим. Чунки улар ўйинни «Марсел»га хос услубда ташкил этадилар.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz