Қайднома

Қидирув

Миллиардлар учун кураш...

Миллиардлар учун кураш...

  16.08.2021 05:05
  0
  259
Миллиардлар учун кураш...

Қисқаси, Хосеп Бартомеу бош­қарувидаги аввалги раҳбарият мероси клубни тубликка итармоқда, молиявий «Фэйр-плей» ва «ёвуз» Ла Лига қоидалари «Барса» мухлисларининг умид-орзуларини кўмди. Бундан ташқари, якунланган мавсум бўйича Каталония клуби зарари 487 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда. Аммо булар Лапорта ва унинг жамоаси талқини, холос. Испания ОАВ, жумладан, клубга яқин манбаларда эса бошқача тахминлар ҳам бор. Масалан, Sport нашри Мессининг музокара жараёнига нуқта қўйганию, «Барса»дан ранжиганини очиқ баён этди. Diario Sport газетасида эса, Лео маошини янада камайтиришга тайёр тургани, клубга ўйлаш учун вақт бергани ҳақида ёзилди. Бироқ орадан бир неча соат ўтгач, клуб вакиллари аргентиналик суперюлдузга маош лимити билан боғлиқ муаммони ҳал этиш имконсиз эканлигини айтишган.

Энг қизиқ томони, Мессининг Каталония пойтахтига қайтиши арафасида Ла Лиганинг рақамли ва аудиовизуал ҳуқуқларидан 10 фоизи CVC Capital Partners инвес­тиция жамғармасига сотилди. Энди ҳомийлар билан ишлаш масаласига ҳам шу янги компания масъул саналади. Шартнома испан футболига 2,7 миллиард евро миқдорида тезкор сармоя киритилишини англатиши айтилди. Шундан келиб чиқсак, катта «пирог»дан 253 млн. евро «Барселона»га тегиши керак (клубнинг охирги 7 йилдаги натижалари бўйича). Бунинг 15 фоизи, яъни 38 миллионини қарз мажбуриятлари, шунингдек, трансферлар ва маош тўлашга йўналтириш мумкин. Хуллас, ҳаммаси «Барса» учун нажотдек кўринганди, лекин Испанияда таъкидлашларича, каталонияликлар «ўз ўйинлари»ни бошлашган. Дейлик, «Реал» дарҳол келишувга эътироз билдириб, ҳаттоки, Лига раҳбариятига судга мурожаат этиши билан таҳдид солган бўлса, «кўк-анорранглилар» жим туришди. Фақат охирги паллада «Қироллик клуби»никига ўхшаш баёнот билан чиқишди. «Реал» вакилларининг иддаоларига қараганда, ҳаммаси уларнинг ортида ҳал этилган (Ла Лига Ижроий қўмитасида Мадрид жамоасидан ҳеч ким йўқ). «Барса» эса ҳаммасидан хабардор эди, жумладан, Лапорта Ла Лига президенти Хавьер Тебас билан бир неча марта учрашган, жамоа бош директори Ферранд Ревертер эса жараёнда бевосита иштирок этиб, шартномани ёқлаган. Ҳа, CVC билан ҳамкорлик бўйича шубҳали жиҳатлар мавжуд. Масалан, ҳуқуқнинг маълум қисмини бирданига 50 йилга сотиш ҳозирги жадал ўзгарувчан давр учун «утопия»дек... Қолаверса, ҳали ташкил этилмаган компаниянинг жамғарма суммаси ҳам аниқ эмас. Дастлаб гап CVCнинг телешартномалардан таш­қари, даромаддан 10 фоизини олиши ҳақида борганди.

«Реал» энди икки баравар катта суммани эълон қилиб, тендерсиз тузилган шартномани қораламоқда. Тўғри, икки гранд қўзғолонини бостириш мумкин, чунки бирор масаланинг маъқулланиши учун Ла Лигага аъзо 42та клуб 100 фоиз розилик бериши шарт эмас. Кўплаб жамоалар учун эса, сармоядорлар маблағи нажотдир. Лига Ижроий қўмитасида вакили бор 14та клуб, жумладан, «Атлетико» ҳам CVC билан тузилган битимни бир овоздан маъқуллади. Ҳаммага яхши, фақат «Барса» ва «Реал» учун эмас. Чунки янги ҳамкорлик амалда клубларни миллий чемпионат билан боғлайди ва Суперлига тузиш режасига нуқта қўяди. Бир йил олдин «Ювентус» президенти Андреа Аньелли «А» серия тузган шартномани фаол равишда бузгани бежиз эмас. Энди Испанияда Лапорта ва Перес ҳам шундай қилишса керак. Гарчи инвестиция жамғармаси Ла Лига даромад бобида АПЛ билан тенг­лашишини таъкидлаётган бўлсада, бу грандлар учун етарли эмас. Чунки ҳар иккиси ҳали ҳам Суперлига ғояси тирик эканлигига ишонади.

ТНТ телеканали инсайдери Марсело Бехлернинг тахмини бежиз бошқача қабул қилинмади. Унинг айтишича, Тебас шунчаки, Лапорта олдига икки вариантни қўйган: «Месси шартномаси ва Суперлигадан воз кечиш ёки Суперлига, лекин Мессисиз». Агар чиндан ҳам шундай бўлса, демак, барчасини Ла Лига қоидалари ёки «Барса» эмас, балки йирик маблағ ҳал қилган. Оддий айтганда, Лео бу вазиятда шунчаки, катта ўйин пиё­дасига айланиб қолган, холос...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz