Қайднома

Қидирув

Футбол ва хайрия: Эзгуликка қўшил, «Бавария»!

Футбол ва хайрия: Эзгуликка қўшил, «Бавария»!

  17.08.2021 06:36
  0
  236
Футбол ва хайрия: Эзгуликка қўшил, «Бавария»!

Бундеслига клублари янги мавсумга тайёргарлик кўраётган пайт Германияда жиддий сув тошқини кузатилди. Табиий офат жабрдийдаларига кўмаклашиш мақсадида, «Бавария» «Шальке» билан хайрия учрашуви ташкил этиб, Шимолий Рейн-Вестфалия ҳамда Рейнланд-Пфальц аҳолисига 1 млн. евро пул беришди («Кёльн» билан ўйиндан кейин 100 минг ажратишганди).

Эътиборлиси, «Бавария» манстерлик пенсионер Хорст Эшлернинг оммавий мурожаатидан ке-йингина вазиятга муносабат билдирди. 82 ёшли қария 1 миллион евро ажратди ва клубни ҳам (айнан ўша 100 мингни хайрия қилганидан сўнг) шунга ундади.

Эшлер рўй берган воқеаларни кўргач, вазиятни тўғри тушунганини таъкидлади: «Ҳозир мен ёрдам беришим керак. Қолган нарсалар бир четда қолиши лозим. Ўзимга-ўзим тонгда бир тишлам нон топа олишим мумкинлигини айтдим». Ва «Бавария» ажратган 100 минг евро «кулгили сумма» эканлигини таъкидлаб, кўпроқ беришга чақирди. «Биламан, зиқна эмассиз, сиз ҳаттоки кўпроқ ҳам хайрия қиляпсиз. Лекин буни яна амалга оширишингиз керак». Қаҳрамонимиз агар севимли клуби унинг чорловига кўнса, ўзи яна 200 минг евро ажратишини билдирди.

«Бавария» ушбу мурожаатга ўз вақтида жавоб берди, «Шальке» билан ўйин ўтказилиши ва 1 миллион евро хайрия қилинишини билдирди. Боз устига, мюнхенликлар ўйин бошланишини кутмасдан пулларни ўтказишга ваъда беришди.

«Сув тошқини акс этган видеокадрлар бизни даҳшатга солди. Бундай аянчли ҳолатда биз уюшқоқ жамият сифатида бирлашишимиз лозим. Футбол ҳам айнан бирдамлик ва ижтимоий масъулият эвазига яшамоқда. Биз жабр кўрган ҳудудлардаги инсонларнинг қандай аҳволга тушишганини фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос», - деди «Бавария президенти Херберт Хайнер. Бунга қўшимча равишда FC Bayern Hilfe eV хайрия фонди табиий офатдан зиён кўрганларга яна 100 минг евро ажратадиган бўлди.

Бироқ баёнотда Эшлернинг номи тилга олинмади.

«Шальке» ҳам «Бавария» ташкил этган акцияга қўшилди: «Тошқиндан жабр кўрган ҳудудда яшаётганлар, ҳаётларини сақлаб қолиш учун курашаётганларнинг қандай оғриқ ва қайғуни ҳис қилишаётганини тасаввур ҳам қилолмасак керак. Бошқа томондан, бу одамлар ўз шаҳар ва қишлоқларини сел оқибатларидан тез тозалашгани кишини ҳайратга солади. «Шальке» уларнинг саъй-ҳаракатларини фаол қўллаб-қувватлайди, моддий зарарларини енгиллаштиришга уринади. Хайрия ўйини бу борада алоҳида аҳамият касб этади - мазкур ҳолатда «Бавария»га катта раҳмат айтмоқчимиз. Ҳар икки клуб тошқиндан зиён кўрган ҳудудларга муҳим сигнал йўлламоқда: сиз ёлғиз эмассиз».

Бу ҳолат Эшлерни қувонтирди ва ваъдасининг устидан чиқиб, яна 200 минг евро хайрия қилди. Умуман, қаҳрамонимиз муҳтожларга кўмаклашиши орқали машҳурликка эришган - апрелда Мюнстер ҳайвонот боғига 750 минг евро ажратди, у ерга ташриф буюриш истагидаги кичкинтойларга 30 мингта чипта сотиб олиб берди, яна бемор болаларга 750 минг евро хайрия қилди. Нима учун? Пенсионер рафиқаси вафот этаётганда, жамғарган пулларини хайрия йўлида сарфлашга ваъда берганди.

***

12 июль куни Германиянинг ғарбий ҳудудларида кучли жала кузатилиб, у бир неча кун давом этди. 15 июлга ўтар кечаси эса сел уйларгача етиб бориб, аксарият биноларнинг биринчи қавати сувга тўлди.

Циклон сабаб 180 киши ҳалок бўлди, 170га яқин киши бедарак йўқолди, ҳукумат вакиллари уларни тирик ҳолда топишга умид қилмаяпти. Германияда бу тош-қин асрнинг миллий фожиаси сифатида тан олинди.

Селдан жабр кўрган фақат Германия эмас - Буюк Британия, Бельгия, Италия, Австрия, Франция, Нидерландия, Люксембург ва Руминияга ҳам табиат инжиқликларидан зиён етди. Лекин энг катта зарба айнан Германия ғарбига тегди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz