Қайднома

Қидирув

Барча даврлар сардори ёки Франко Барезининг сараланган баёнотлари...

Барча даврлар сардори ёки Франко Барезининг сараланган баёнотлари...

  17.08.2021 09:19
  0
  306
Барча даврлар сардори ёки Франко Барезининг сараланган баёнотлари...

Қуйидаги "монолог" мақолада «Милан» афсонаси Франко Барезининг ҳаёт тамойиллари ҳақида сўз юритди ва жаҳон футболи тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бирининг ёрқин баёнотларини эсланди.

Франко Барези, шубҳасиз, сайёрамизнинг XX асрдаги энг таниқли ўйинчиларидан ва «Милан»нинг барча даврлардаги машҳур футболчиларидан бири бўлиб, 14 ёшидан ҳозиргача, яъни 60 ёшдан ошганига қадар ҳаётини «россонерилар»га бағишлаган.

Аммо унинг тақдири буткул бошқа йўналишда кетиши ҳам мумкин эди. Агарда «Интер» клубидаги болалар мураббийлари акаси Жузеппенинг ортидан эргашаётган қаҳрамонимизни пакана ва озғин деб ҳисоблашмаганида, у «нерадзурри»га айланиши мумкин эди.

«Интер»дагилар мени жуда кичкина деб ҳисоблашди ва бир йилдан кейин келишимни айтишди»

- Уларнинг академиясига кириш учун акамга эргашганимда, «Интер»дагилар жуссамни жуда кичкина деб ҳисоблашди. Бир йилдан кейин кел, дейишди, лекин мураббийим мени «Милан»га етаклаб борди ва мен қабул қилиндим. Бу тақдир эди. «Интер» ва «Милан» ўртасидаги «абадий жанг»га қарамай, акам билан орамизда «Дерби делла Мадоннина» бўлиб ўтган кунлардан ташқари ҳеч қачон келишмовчиликлар бўлмаган.

Шубҳасиз, у «Интер»да ҳам йўқолиб қолмасди ва эҳтимол, совринлари ҳозиргидан ошиб ҳам кетарди. Гарчи миқдорий жиҳатдан (соврин ва унвонлар бўйича) ошиб кетиш мумкин бўлса-да, сифат жиҳатидан ҳеч нарса йўқдай кўринади. Франц Беккенбауэрни эҳтимол, ҳеч ким ва ҳеч қачон ортда қолдиролмас, Барези эса ўз ролида ундан бошқа ҳаммадан устун бўлган.

«Устунлигим - ҳар доим тезлик бўлган, ҳаракат тезлиги эмас, балки фикр тезлиги»

- Устунлигим доимо тезликда эди ва биринчи навбатда ҳаракат тезлиги эмас, балки фикр тезлиги эди. Буни ўқиб ўрганиб бўлмайди, у инсонда туғма бор бўлади ёки йўқ. Жанни Ривера менинг болаликдаги кумирим эди ва тақдир менга у билан бир жамоада ўйнаш имконини берганидан ниҳоятда хурсандман. Шунингдек, Пьерино Прати, Роберто Бонисенья, Жижи Рива ва Руди Крулларни ҳам жуда ёқтирардим. «Милан»нинг Паоло Мальдини, Алессандро Костакурта, Мауро Тассотти ва Франко Барезилардан иборат ҳимоя тўртлигини футбол тарихидаги энг зўри деб ҳисобламайман. «Арсенал»нинг 90-йиллардаги тўртлиги - Ли Диксон, Тони Адамс, Мартин Киоун ва Найжел Уинтерберн биздан ёмон бўлмаган ва 80-йилларнинг бошларида «Ювентус» ҳимоясига жавоб берган Антонио Кабрини, Клаудио Жентиле ва Гаэтано Ширеаларни идеал ҳимоячилар деган бўлардим.

«Марадонадан «ёмони» йўқ, уни тўхтатиш шунчаки имконсиз»

- Ажойиб ҳужумчилар - Платини, Росси, Альтобелли, Карекага қарши ўйнаганман... Аммо Марадонадан «ёмони» йўқ эди. Уни тўхтатиш шунчаки имконсиз эди. 22 ёшли йигитнинг сардор бўлиши бироз ғалати, аммо менда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. «Милан» 1982 йили «В» серияга тушиб кетди, таркибни янгилаш ва авлодлар алмашинуви юз берди, шунинг учун менинг обрўйимга шубҳа қилиш ҳеч кимнинг ҳатто хаёлига келмади.

Барези «Милан»да 20та мавсум ўтказди (барча турнирларда 719 учрашув, 33та гол), улардан 15таси сардор сифатида. 6 карра Италия чемпиони ва 4 карра Италия суперкубоги соҳиби, 3 карра Чемпионлар Лигаси|Кубоги ғолиби, 2 карра УЕФА Суперкубоги ва қитъалараро кубоги ғолиби. «Милан»нинг шон-шараф зали аъзоси.

«Милан» бир клуб ютиши мумкин бўлган ҳамма нарсани қўлга киритган 1989 йилда Франко «Олтин тўп» соҳибига айланишига сал қолганди. Шу билан бирга Марко ван Бастен ҳам «россонерилар» сафида порлаётганди ва уни ортда қолдириш деярли имконсиз эканлигини ҳамма биларди. France Football сўровномасида ҳам ҳужумчи устидан ҳимоячининг ғолиб чиқиши амалда имконсиз эди.

 

«Энг омадли мавсум деб 1989 йилни биламан: биз ҳамма нарсани ютгандик»

- 1989 йилни энг муваффақиятли йилим деб биламан: биз «скудетто», Чемпионлар кубоги, Қитъалараро кубок, Суперкубок - ютиш мумкин бўлган барча совринни қўлга киритгандик. Ҳар доим ўзимни тўғри тутишга ҳаракат қилганман. Кун тартиби ва тўғри овқатланишга қатъий риоя қилардим, шунингдек, оилавий қадриятлар ҳам мен учун биринчи ўринда туради.

Терма жамоадаги тақдир Барезига бироз кинояли муносабат билдирди. У 20 ёшидаёқ Италия мезбонлигида ўтган Европа чемпионати учун «скуадра адзурра» таркибига киритилган. Аммо турнирда биронта ҳам учрашувда майдонга тушмаган, жамоаси эса тўртинчи ўринни эгаллаган. Икки йил ўтиб, «Милан»нинг янги сардори яна Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига йўл олади, аммо чемпион унвонини олган бўлса-да, яна ўйнамади.

Италия терма жамоасини Барезисиз тасаввур қилишнинг иложи бўлмаган пайтлар - 1990 ва 1994 йиллардаги мундиалларда эса бош мукофот бошқаларга насиб этди. АҚШ-94да у Бразилиянинг жаҳон чемпиони бўлишига беихтиёр кўмаклашганлардан бирига айланди.

 

«ЖЧ-1986га боришдан бош тортмадим, Беарзот мени олмади»

- Испания-82да менинг ўйнашимга рухсат берилмаганлиги сабабли, 1986 йили Мексикада бўлиб ўтган мундиалга боришдан бош тортганим нотўғри. Энцо Беарзот айрим келишмовчиликлар туфайли мени қабул қилмади: мураббий мени ярим ҳимояда ўйнатмоқчи эди, аммо мен ҳимояда ҳаракат қилишни афзал кўрдим. «Мессина»га қарши учрашувда учта голни пенальтидан ургандим, аммо ЖЧ-94да гол уриш учун ҳаммасидан воз кечган бўлардим. Айримлардан фарқли ўлароқ, ўзимни жаҳон чемпионати финалидаги мағлубиятнинг айбдори, деб ҳисобламайман. Ваҳоланки, мендан ташқари Массаро ва Баджо ҳам гол уришолмаганди, аммо ёқимсиз хотиралар сақланиб қолди. Энг катта кўнгилсизлик сифатида 1993 йилги Чемпионлар Лигаси финалида «Марсел»дан учралган мағлубиятни кўрсатаман. Кўпчилик ажабланиши мумкин, ЖЧ-94 финали-чи, деб. Ҳа, пенальтилар сериясида ютқаздик ва улардан бирини мен уролмадим, аммо Бразилияга қарши ўша учрашувни терма жамоадаги фаолиятимнинг энг зўри деб биламан.

Франко Италия терма жамоаси сафида 81та учрашув (1та гол) ўтказган. 1982 йилги жаҳон чемпиони, ЖЧ-1994 вице-чемпиони, ЖЧ-1990 бронза медали совриндори, жаҳон футболи тарихидаги энг яхши 100 футболчидан бири.

Кўплаб ажойиб футболчилардан фарқли ўлароқ, Барези ҳеч қачон мураббийлик фаолиятида «катталар» даражасида муваффақият қозонишга интилмаган. Франко ҳали ҳам ёш авлод билан тил топишишни яхши кўради, вақти-вақти билан эса «Милан»да ҳам, ФИФА-УЕФАда ҳам вакил вазифаларини бажариши орқали кўзга ташланади.

Барези ўзи ва атрофидаги дунё билан уйғунликда яшайди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим нарса шу эмасми?

 

«Футбол билан хайрлашиш ҳар доим қийин, аммо бунинг учун керакли лаҳзани топиш бундан ҳам мушкулроқдир»

- Шунча йилни бахшида айлаган футбол билан хайрлашиш ҳар доим қийин. Аммо бутсаларни михга илиш учун керакли пайтни танлаш янада мушкулроқдир. Бир пайтлари вақт ҳар қандай хотирани ўчириб ташлайди, деб ўйлардим, лекин мухлислар учун ҳеч нарса ўзгармаганлигини таъкидлашдан мамнунман: мен билан йўлда учрашиб қолган ҳар бир инсон олдингидай кутиб олишади. Замонавий футболда вазият 20 ёки 30 йил олдинги ҳолатдан бутунлай бошқача, шунинг учун ҳозир 20 йилни бир жамоада ўтказадиган «бошқа Мальдини»ни кутиш деярли мумкин эмас. Бунда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ, чунки футбол олами қонунлари ўзгарган, шунинг учун ўтмиш ва келажакни таққослашдан фойда йўқ. Сильвио Берлускони сиёсатни жуда яхши кўрарди, аммо шубҳасиз, у «Милан» муваффақиятларининг асосий меъмори бўлган. У билан атиги 10 йил ишлаганимдан афсусдаман.

 

«Шевченко барчага шунчалик қувонч бағишладики, у «Милан»да ўзимизники бўлиб қолди. Ахир у «Интер»га кетмадику!»

- Андрей Шевченко «Челси»га кетгач, «Милан» мухлислари хафа бўлишди. Аммо у ишқибозларга шунчалик қувонч бағишладики, у ҳанузгача «Милан»да ва клубга алоқадор ҳар бир киши учун ўзимизники бўлиб қолади. Агарда «Интер»га борганида, умуман бошқача бўларди. Украина жуда чиройли мамлакат, бу мамлакатнинг таомлари мазали, қизлари ажойиб, Шева эса «Милан» афсонаси.

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz