Қайднома

Қидирув

Юксак эътибор, ҳаққоний талаб ва футболимиздаги сароб

Юксак эътибор, ҳаққоний талаб ва футболимиздаги сароб

  18.08.2021 02:20
  0
  267
Юксак эътибор, ҳаққоний талаб ва футболимиздаги сароб

Мураккаб пандемик шароит ва Афғонистон билан чегара ҳудудидаги нотинч вазиятга қарамай, Президент Шавкат Мирзиёев 13 август куни Токио-2020да иштирок этган спортчилар, уларнинг мураббийлари, ота-оналари, соҳа мутасаддилари билан учрашди. Аввало, таъкидлаш керак, шундай қийин паллада бу каби давлат миқёсидаги учрашувнинг ташкилланиши - спортимизга юксак эътиборнинг ёрқин намунаси! Давлат ва халқ тақдири билан боғлиқ ўта муҳим масалалар турганида, спортчилар билан учрашувни сал  нарига суриш мумкин эди-ку! Йўқ, давлатимиз раҳбари бундай йўл тутмади ва Токио-2020 ғолиблари, иштирокчилари билан учрашишга вақт топди, айни чоғда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, фахрий унвон, орден-медаллар ва пул мукофотлари билан тақдирлади. Бундан ортиқ яна нима қилиш керак?! Эътибор дегани шунчалик-да! Учрашувни томоша қилган бир неча ҳамкасбимиз фарзандларида спортчи бўлиш орзуси уйғонганини айтишганида, Президент нақадар оқилона йўл тутгани яна бир бор исботланди.  Ёшларга шу тариқа мотивация берилади. Демоқчимизки, учрашув ижобий таъсир кўрсатди, ўзининг амалий сўзини айтди.

Токио-2020 тарихга айланди, ютуқларимиз спортимиз саҳифаларига ёрқин ҳарфлар билан битилди. Энди натижаларни таҳлил қилиш ва келажак режаларини тузиш пайти келди. Тўғри, Токио-2020да 12 спорт тури бўйича 71 нафар спортчининг иштирок этгани ва уларнинг 28 нафарини хотин-қизлар ташкил қилишгани - салмоқли натижа. Лекин ҳаммаси бундан-да самаралироқ ва залворлироқ бўлиши мумкин эди. Давлатимиз раҳбари шу маънода спортимиздаги мавжуд аҳволга танқидий муносабат билдириш лозимлигини таъкидлади ва халқаро аудит масаласини ўртага қўйди. Агар халқаро аудит ижобий ҳал этилса, спортимиз тараққиётида халқимиз кутган даражадаги юксалиш кузатилиши муқаррар. Очиғи, халқаро аудит оқибатида анча-мунча спорт амалдорлари кутмаган ва кўрмаган ишлар рўй бериши мумкин. Хусусан, спорт соҳасидаги коррупцияга бундан кейин осон бўлмайди.

Учрашувда спортнинг жамоавий турлари бўйича ҳам Олимпиада ўйинларида иштирок этиш масаласига алоҳида танқидий муносабат билдирилди. Ўз-ўзидан аёнки, бу борада футбол - биринчи рақамли спорт тури. Президент қўйган талаблар асосида футболимизга назар ташласак, аҳвол чиндан ҳам, ачинарли эканлиги кўзга ташланади. Кимдир истиқлолимизнинг шонли 30 йиллик тўйи арафасида бундай хулоса айтиш ноўринлигини таъкидлар. Бироқ фактлар ўжар ва айниқса, футболда ҳамиша натижалар ҳисобга олинади. Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун қачондир бир гол етмай қолгани, Олимпиада йўлланмасини қўлимизда ушлаб турган ҳолда, уни кутилмаганда бой берганимиз билан боғлиқ таассуфлар бундай ҳолатда ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Ҳаммаси чўпчак, ҳаммаси сафсата. Чунки чорак асрдан буён футболимизга на Олимпиада, на мундиал йўлланмаси насиб этди. Шундай экан, ютуқлар ҳақида сўзлашдан на ҳожат?! Эътибор ҳақида эса ҳар қанча гапирсак,  оз. Дейлик, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси аъзолари юксак эътибор самараси ўлароқ, «Спарк» ва «Малибу»ларни минишди. Демакки, ўсмирлар ва ёшлар меҳнати ўз вақтида қадрланди. Аммо кейин натижа нима бўлди? Ўша иқтидорлар улғайишдими, эътиборга яраша катталар ўртасида ҳам мақтовга арзигулик натижалар қайд этишдими? Ҳамма гап шунда! Футболимизнинг оғриғи ҳам шу нуқтада!

Бир факт: ушбу мулоҳазалар ёзилаётган пайт футболимиз байроқдори бўлиши кутилган Аббос Махсталиев бутсаларини михга илгани ҳақида хабар тарқалди. Мухлислар Аббос ва унинг тенгдошларига қандай орзу-умидлар билан боқишганди?! Улар «Спарк» билан тақдирланишганида, қандай катта ваъдалар беришганди?! Ўша шукуҳли дамлардан атиги 10 йил ўтиб, Аббос футболчилик фаолиятини тўхтатди. Аламли, жуда-жуда аламли ҳолат! Бу футболимиз орзуларининг саробга айланиши! «Тўхтанг, тўхтанг, жуда унчалик эмас! Элдор Шомуродовнинг ютуқлари ҳисобга кирмайдими?» - эътироз билдириши мумкин яна биров. «Ҳозирча ҳисобга кирмайди», - деймиз бунга жавобан. Ҳа, Элдорга раҳмат - ёлғиз ўзи Европани забт этишга шайланди ва буни уддалашга қодирлигини кўрсатмоқда! Футболимизга эса миллий ва олимпия терма жамоалари нуқтаи назаридан ютуқлар керак! Ютуқлар ЖЧ-2026 ва Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмаларини қўлга киритиш демакдир.

Париж-2024га 3 йил бор. Темур Кападзе шу вақт ичида олимпиячиларимизни йўлланма қўлга киритиш даражасига кўтара оладими, ҳозир танланган йўл ўзини оқлайдими? Афсуски, бу саволларга дангал жавоб бериш мушкул. «Олимпик» билан боғлиқ орзу-режалар мавҳумлик оғушида. Мазкур жамоа саралаш учрашувлари чоғи ўз кучини кўрсатишга қодир бўладими? Жамоанинг бугунги таркиби саралаш ўйинлари вақтигача сақланадими? Тан олиш керак, бу саволга ҳатто бош мураббийнинг ўзи ҳам жавоб беришга қийналади. Зеро, олимпия терма жамоасининг бўлажак лидерлари бошқа клублар таркибида тўп суришади ва бундай вазиятда «Олимпик» лойиҳаси қандай натижа беришини ҳеч ким билмайди.

ЖЧ-2026га қадар эса ҳали 5 йил бор ва бу орада миллий жамоамиз Осиё кубогида қатнашади. Бош жамоамиз тақдирини словениялик Сречко Катанецга топшириш режалаштирилмоқда. Ҳар ҳолда, ЎФА учун шу номзод маъқул кўринади.  Бизнингча эса, футболимиз мутасаддилари томонидан яна бир бора эҳтимолий таваккалга қўл урилмоқда. Албатта, бу хулоса бир қарашда ғалати туюлади. Тушунамиз, футболимиз мутасаддилари ҳам зарур натижага эришишни исташади ва бу борада уларда ҳам етарли даражада ўй-фикр, режалар мавжуд. Аввал ҳам шундай бўлган ва ҳозир ҳам мутасаддилар футболимиз ҳақида қайғуришаётганини инкор этмаймиз.

Бош мураббий масаласидаги ғалати хулоса эса, табиийки, ўз-ўзидан туғилмади. Хўш, Сречко Катанецнинг бугунги имкониятлари мундиал йўлланмасини қўлга киритувчи жамоани шакллантириш учун етарлими? Ироқ терма жамоаси вакилларимизни мағлуб этиши шундай хулоса чиқариш учун арзийдими? Словениялик мутахассис Фабио Капелло, Эктор Купер, Гус Хиддинк каби даври ўтган, иш борасида анча тирриқ бўлиб қолган мураббий эмасми? Тўғри, у билан гаплашмаганмиз, танимаймиз, бошқача айтганда, ичига кириб чиқмаганмиз. Лекин хулоса чиқариш учун ҳар доим ҳам бу каби омиллар талаб қилинавермайди. Масалани бошқачароқ қўйиш ҳам мункин: ЎФА вакилларидан кимдир Сречко Катанец билан танишми, ўша мутасадди словениялик мутахассиснинг қатъияти, яхши маънодаги ўжарлиги ва футболимиздаги иллатлар исканжасига тушиб қолмаслиги бобида кафолат берадими? Назаримизда, миллий жамоамизга бош мураббий танлашда янги ва кутилмаган, Осиё футболи ҳавосидан нафас олмаган, номзод футболчилар саралашда отасининг фикрини ҳам тан олмайдиган мутахассисга тўхталмоқ жоиз. Акс ҳолда, сув лойқаланаверади, натижа кўринмайди. Суперлигада ҳакамлик масаласи оғриқлар ичра муҳокама қилинишдан тўхтамагани, белгиланган жазолар ҳакамларга таъсир кўрсатмагани каби бу мавзу ҳам  футболимизнинг мангу оғриғи сифатида қалбларимизни изтиробга солаверади...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz