Қайднома

Қидирув

«Хайр, ОФК! Салом, УЕФА!» дейишга журъат борми?

«Хайр, ОФК! Салом, УЕФА!» дейишга журъат борми?

  19.08.2021 04:40
  0
  370
«Хайр, ОФК! Салом, УЕФА!» дейишга журъат борми?

Ёхуд «Жаҳон чемпионати учун» қабилидаги саробни унутиб, «Футболимиз ривожи учун» стратегияси билан УЕФАга кўчиб ўтиш вақти келди!

2021 йилнинг 19 июнь кунда ЎФАнинг навбатдан ташқари Конгрессида ташкилот президенти Абдусалом Азизов барча журналист ва мутахассисларга юзланиб, ўта жиддий оҳангда фикр юритганди ва бу ҳали кўпчилик ёдидан кўтарилмаган бўлса керак: «Миллий жамоа ФИФА кунларидан унумли фойдаланиши керак. Кучли рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ташкиллаштириш зарур. ЎЗИМИЗДАН КУЧЛИ ЖАМОАЛАР БИЛАН ЎЙНАШИМИЗ ШАРТ. МАЙЛИ, ГЕРМАНИЯ ДЕМАЙМАН, ЛЕКИН ИОРДАНИЯ ЁКИ ИРОҚ ТЕРМАЛАРИ ҲАМ ЭМАС, ЎЗИМИЗДАН ЮҚОРИ ТУРУВЧИ ЖАМОАЛАР БИЛАН ЎЙНАШ КЕРАК. Сўнгги паллада Таиланд термаси билан ўйнашни айтасизлар. Охирги 2 йилда нима сўрасанглар, барчасини муҳайё қилдик. 5 кун қолганида рақиб қидириш эмас, йил бошида қайси жамоалар билан ўйнашимизни билишимиз керак». Албатта, бу фикрларда жон бор. Зеро, миллий жамоамизнинг 2020-2021 йиллардаги ўртоқлик учрашувларини эсласак, ЖЧ саралашига тайёргарлик жараёнида БАА, Сурия, Тожикистон, Гана, Иордания, Таиланд ва Ироқ (2 марта) термалари билан назорат баҳслари ташкиллаштирилди. Пандемия ва бошқа номаълум сабаблар туфайли кучлирок рақиблар (Япония ва Австралия) билан ўйнаш имкони топилмаган кўринади. Аммо бу борада бошқа муҳим жиҳатларни ҳам ҳисобга олсак, тўғрироқ бўларди. Яъни бугун ОФК тасарруфида кучли терма жамоалар сони жуда кам. Қолаверса, улар ҳам ўртоқлик учрашувлари тақвимини аллақачон олдиндан белгилаб олиш тизимига ўтган. Демакки, кучлироқ рақибларни фақат Европа, Жанубий Америка ёки Африкадан топиш мумкин. Уларга «йўл»ни эса катта харажат, яъни ПУЛ очади. Шунингдек, Европанинг деярли барча мамлакатлари пандемия ҳисобига «ёпиқ» ва миллий жамоалар асосан Европа Миллатлар лигаси учрашувлари билан банд. Оддий айтганда, «кўҳна қитъа» вакиллари ҳозирда бошқа конфедерация жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишмаяпти, ҳисоб.

Шу ўринда «Нима қилмоқ керак?» саволи ўртага чиқади. Келинг, яна «уто­пия»­-дек кўринса-да, назарий жиҳатдан имкони бор бир вариант ҳақида гаплашамиз. Бу вариантни кучли жамоалар билан ўйнаш имкониятигина эмас, балки потенциали юқори ва гени мавжуд миллий футболимиз ривожи учун катта қадам, муҳим бурилиш сифатида баҳолаш мумкин. Гап ОФКдан чиқиб, УЕФАга ўтиш хусусида бормоқда!

ОФКда футболимиз сўнгги йиллар давомида «чўкмоҚда»ми?!

Ҳа, айнан шундай. ОФКга аъзо 47та давлатга бир-бир қараб, улардан камида 30тасида футбол даражаси жуда пастлигини таъкидлаш мумкин ҳеч бир истиҳоласиз. Гап фақат футбол ҳақида кетмоқда ва биз ОФК аъзоси ўлароқ, Хитой Тайпейи, Мўғулистон, Бангладеш каби давлатлар жамоалари қатори турли мусобақаларда «заиф»лар билан ўйнашга мажбурмиз. Хўш, ушбу терма жамоалар билан ўйнаб, уларни йирик ҳисобда енгиб, нимагадир эришишимиз мумкинми? Боз устига, бошқа ёш тоифасидаги жамоаларимиз (U-17, U-20 ва U-23) мисолида айтсак, ушбу рақиблар билан олишиш мажбурияти ҳам қўшимча муаммо, аслида. Ўзимиздан кучли жамоалар билан баҳслашиш имконининг пасайиши эмасми бу?! Тўғри, 1-2 йил давомида Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия ва Саудия Арабистони каби жамоалардан 1 ёки 2таси билан куч синашиш имкони туғилиши ҳам бор гап. Лекин 365 кунлик муддат учун 1-2та юқори савияли ўйин футболимиз ва йигитларимиз даражаси ошишига қанчалик ёрдам беради?! Кам сонли сифатли ўйинлар нечоғли фойда ёки эффектли бўлиши мумкин?! Бу сўроқлар жавоб эмас, балки қўшимча саволлар келтириб чиқаради, холос. Яна бир гап: Осиё футболига чемпион (1994 йил) мақомида кирган бўлсак, орадан йиллар ўтиб, Яман, Сурия, Фаластин каби уруши тугамайдиган, ҳаловати йўқ мамлакатлар жамоаларига ютқазиб турибмиз! Яна тан олиш керак, футболимизни собиқ иттифоқ мактаби вакиллари «қулоғидан тортиб юрибдилар». Ўтган йиллар давомида ҳаттоки, тузукроқ инфратузилма ҳам қилолмадик...

 

Футболимиз ОФКдан Қандай ёрдам ёки фойда оляпти?

ОФКнинг асосий мусобақалари саналган Осиё кубоги ва ОЧЛдан тушаётган фойдани кўриб, етарлича хулоса чиқариш мумкин. Ўзбекистон миллий жамоаси 2019 йили БААда ташкил этилган охирги Осиё кубогидаги иштироки учун 200 минг доллар олган. Тўғри, натижалар (2та ғалаба ва 2та мағлубият) учун ҳам қўшимча пул берилган. 2та ғалаба бўйича аниқ маълумот ОФК томонидан сир сақлангани сабабини билмаймиз ва улар учун чамаси 100-150 минг доллар берилганини тахмин қилишдан бошқа иложимиз йўқ.

Қизиқ, охирги ОЧЛда қатнашган клубларимиз даромади қандай? Масалан,  «Пахтакор» марказлашган мусобақа гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри чиққани учун ҳеч қандай пул олмаган. Гуруҳ бос­қичидаги натижалар ортидан эса (1та ғалаба ва 4та дуранг учун), умумий ҳисобда 90 минг доллар тушган. Турнир БААда ўтказилгани боис, ОФК авиачипталар харажати учун 60 минг доллар ажратган. Оддий айтганда, миллий жамоамиз Осиё кубогидаги иштирок учун 300-350 минг доллар, «Пахтакор» эса ОЧЛдаги қатнашув ортидан 90 минг доллар миқдорида мукофот олган.

Хўш, 300-350 ёки 90 минг доллар Осиё кубоги ва ОЧЛ тайёргарлик жараёнига сарфланадиган маблағга арзийдими? Харажат бундан 5-10 баравар кўпроқ эмасми? Нима, кучлироқ ва молиявий томондан манфаатлироқ мусобақаларда иштирок этиш вақти келмадими?

 

УЕФАга Қўшилишнинг фойдаси хусусида

Миллий жамоамизнинг ЖЧ саралашидан қолиб кетгани, ОФК доирасида ўсмирлар, ёшлар ва қизлар ўртасидаги терма жамоалар мусобақалари бекор қилингани, ОЧЛда бирор клубимиз йўқлиги, қисқаси, 2021-2022 йиллар мавсумининг жуда «сокин» ўтишини ҳисобга олсак, футболимизда ТУБ БУРИЛИШ ЯСАШНИНГ АЙНИ ВАҚТИ келди. Бундан чўчиб кетманг асло! Яъни 1993 йилги КАТТА ХАТОни тўғрилашга уриниб кўриш керак. Хабарингиз бордир, Ўзбекистон собиқ иттифоқдан ажралиб чиққанидан сўнг, 1993 йили ЎФФга 2та конфедерация - УЕФА ва ОФКдан бирига аъзо бўлиш юзасидан расмий таклифлар тушган. ЎФФнинг ўша даврдаги раҳбарияти эса ОФКни танлаган. Зеро, ўша даврдан шу кунгача «тирик» турган ягона мақсад - ЖЧга чиқиш орзуси УЕФА таклифидан устунлик қилган. Бироқ шунча йил ўтдики, бу орзу на рўёбга чиқди, на футболимизни ривожлантирди.

Ўз ўрнида ОФК тасарруфидаги давр давомида «сароб»дек орзуни ортидан футболимиз қанча «жабр-ситам» кўрганини эсламасликнинг иложи йўқ. Ёрқин мисол, япон ҳакамининг Баҳрайн термасига қарши баҳсдаги масхарабозлиги, Ж,Корея жамоаларига қарши ўйинларда японлар, японияликлар билан ўйинларда эса корейсларнинг ҳакамлик қилишлари, «Жар» стадионида ЖЧ саралаши доирасида Эрон термаси дарвозасига урилган тоза голимизнинг ҳисобга олинмагани, ЖЧ саралашининг марказлашган ўйинларини Саудия Арабистонига бериб юборилгани ва ҳоказо... Бундай мисоллар жуда кўп. Майда ноҳақликлар ҳақида шу тизим ичида юрганлар ёки футболчилардан сўраб олиш мумкин. ОФКда қолиб, шу «қозон» ичида фаолиятни давом эттирсак, ЖЧ биз учун «сароб»лигича қолаверади. Чунончи, ОФК етук ёки бадавлат мамлакатлар жамоаларини қўллаб-қувватлайверади, Ўзбекистон футболи тубга чўкиб, «ғарқ» бўлаверади.

 

УЕФАга ўтиш ёки Қайтиш нима беради?

Бу футболимиз, тизимимиз, ўйинчилар, мутахассислар, ҳакамлар ва бошқалар учун ўсиш ҳамда ўзини кўрсатишнинг энг тўғри йўналишидир. Қолаверса, Абдусалом Азизов таъкидлаган «Ўзимиздан кучли жамоалар билан ўйнашимиз шарт» вазифасининг амалга ошиши бўйича энг камхарж ва осон йўл саналади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Европа Миллатлар лигаси, ЕЧЛ, ЕЛ, Конференциялар Лигаси, қитъа чемпионати саралаш учрашувлари, ёшлар ўртасидаги турли евромусобақалар... Ўйинчилар, мутахассислар ва ҳакамлар уларда иштирок этиш асносида нафақат ўсишади, балки футболимизга қизиқиш ҳам кескин ошади. Натижада янги-янги Шомуродовлар чиқишади, ёш иқтидорлар Европа футбол мактабларига йўл олишади... Шунингдек, Европа миллий жамоалари ва клублари билан ўйинларимиз мамлакатимизда туризм соҳасининг ривожланишига, «қўҳ­на қитъа»дан авиақатновлар янада кўпайишига хизмат қилади. Бу европаликларга Ўзбе­кис­тонни янада кенгроқ таништириш, мухлислар-сайёҳларни жалб этиш, хориж валютаси оқимини ошириш учун қўшимча имконият эмасми?   

Бундан таш­-қари, футбол ассоциациямиз ва клубларимиз УЕФАдан катта молиявий ёрдам олади. Мисол тариқасида, 2002 йили ОФК таркибидан чиқиб, УЕФАга ўтган/қайтган Қозоғис­тон футболини олайлик. ҚФФ шу кунгача УЕФАдан 30 миллион евро, еврокубоклар иштирокчиси «Астана» клуби эса 5 мавсум учун 40 миллион евро олди. Бошқача айтсак, ҚФФ 2018 йили УЕФАдан 6 миллион 300 минг евро, «Астана» эса 2015/2016 йиллар мавсумида 17 миллион 292 минг евро миқдорида молиявий ёрдам/фойда олган. Ҳа, бу рақамлар ҳақиқий, дўстлар!

Яна бир қизиқарли жиҳат: УЕФА евромусобақаларни эрта тарк этган клубларни ҳам молиявий қўллаб-қувватлайди. Айнан шундай! Шу кунгача еврокубоклардан эрта чиқиб кетган Қозоғистон клубларига 33 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам берилган. Ана шунақа! Ҳавас қилмасликнинг иложи йўқ. («Астана» стадионига келган «МЮ» иштирокидаги ўйинга қанчалар ҳавас қилганимизни эслатмай қўяверай). Клубларимиз ОФКдан бирор ёрдам олганми шу кунгача? Уларнинг расмий сайт­ларида ҳам, ОФКникида ҳам бундай маълумотлар йўқ. УЕФАда ҳаммаси мо­лиявий ҳисобот асносида шаффоф кўрсатилади. ОФКда-чи?! Риторик сўроқ... Яна бир бор эслатиш керак: «Пахтакор» ОФКдан 90 минг доллар, «Астана» эса УЕФАдан 17 миллион 292 минг евро олган. Фарқни қара, Карл!

ҚФФ УЕФАдан 6 миллион 300 минг евро миқдорида молиявий ёрдам олган бўлса, ЎФАга қанча ажратилгани ҳақида маълумот ҳам йўқ. Ҳар ҳолда, ОФК расмий сайтида ҳеч нарса кўрсатилмаган. Шаффофликдаги фарқни сезяпсизми?! Қўшимча маълумот: УЕФА ўтган йили, коронавирус пандемияси пайти 55та миллий футбол ассоциациясига 236,5 миллион евро миқдорида моддий ёрдам ажратди. Яъни ҳар бир мамлакат федерациясига 4,3 миллион евродан берди. Хўш, ОФК пандемия даврида нима қилди? Ҳеч нима! Мухлислар кўпинча битта саволни ўртага ташлашади: «Қозоғистон УЕФАга ўтиб нимага эришди?» Ишонаверинг, кўп нарсага эришмоқда. Иттифоқ тарқалган вақт қозоқ футболи бизники билан бир хил даражада эди. Дастлаб Осиёни танлаган қўшниларимиз 2002 йили УЕФАга юзланишди. Ҳа, улар ФИФА рейтингида кучли 100таликда ҳам эмасдирлар, аммо қозоқ футболида инфратузилма, даража, клублар савияси йилдан-йилга ошмоқда. Европанинг энг сара терма жамоалари ва клублари Қозоғистонга келмоқда. Футзал терма жамоаси кучи ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Европа миқёсидаги саралашдан ЖЧга чиққанию, айни пайт дунё рейтингида 8-ўринда бораётгани барчасига далолат. Агар футболимиз ҳақиқатан оммавийлашиши ва ҳар жиҳатдан ўсишини истасак, ҳозир ЎФА раҳбарияти учун катта журъат-ирода кўрсатиб, УЕФАга ўтиш бўйича ҳаракатни бошлашнинг айни пайти. Зеро, ўзбекистонлик мухлисларнинг стадионларга қайтишлари, трибуналарни тўлдириб ўтиришлари ва футболимизнинг ҳақиқий ривожи - ҳаммаси Англия, Германия, Португалия ва Италия каби кучли миллий жамоалар ва клубларнинг Ўзбекистонга келиши билан боғлиқ масала. Мисол учун, «Пахтакор», «Бунёдкор» ёки «Насаф» УЕФА байроғи остидаги еврокубокларда иштирок этса, ҳаттоки, «Базель» ёки «Галатасарой» даражасидаги клубларнинг юртимизга ташрифи ҳам ҳақиқий байрамга айланиши, стадионларимиз мухлислар билан тўлиши, шубҳасиз! «Ал-Иттиҳод» ёки «Ал-Айн» каби клублар ОЧЛ доирасида келса, стадион тўлишига ишонасизми?! Афсуски, йўқ!

 

УЕФАга Қайтиш/ўтишнинг иложи борми?

Айни пайт УЕФАга 55та мамлакат аъзо. Шу ўринда Европа Миллатлар лигаси саватчаларига назар солсангиз, 14тадан 13тасида 4тадан жамоа ва 1тасида 3та жамоа борлигини кўрасиз. Бу нимани англатади? УЕФАда 1та саватчада жамоалар сони тоқ, демакки, бўш жой бор. Шу жойни олишга улгурадиган жамоа Миллатлар лигаси саватчалари мукаммал бўлишини таъминлайди ва УЕФАнинг ташкилий муаммоларини ҳал қилади. Савол: биз УЕФАга қандай аъзо бўлишимиз мумкин? Собиқ иттифоқ даврига назар солсак, бир қизиқ маълумот бор. 1988 йили ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионати (17 ёш тоифаси)да собиқ иттифоқ термаси ғолиб чиққан ва ўша жамоа таркибида ҳамюртимиз Миржалол Қосимов катта роль бажарган. Бу Ўзбекистон футболи вакиллари бунгача УЕФА таркибида бўлишганини тасдиқлайди. Тўғри, георгафик томондан қарасак, Европага дахлимиз йўқ. Бироқ Австралия, Гуам ва Мариана ороллари Осиё (ОФК)га географик жиҳатдан алоқаси йўқлигини, шунингдек Исроил, Кипр ва Арманистон Европа (УЕФА)га кирмаслигини ҳам биламиз. Исроил бунгача ОФК аъзоси саналган ва диний можаролар туфайли УЕФАга ўтиб кетганини алоҳида айтиш жоиз. Қўшимча маълумот: Янги Зеландия географик жаҳатдан Осиёга алоқаси бўлмаса ҳам, ОФК аъзоси саналган ва 1966 йили Океания Конфедерациясига қабул қилинган. Шундай экан, УЕФАга кириш йўлида географик жиҳатларга асосий талаб сифатида қаралиши эҳтимоли кам. Юридик жиҳатдан олсак, УЕФА Низомининг 5-моддаси 2-қисмида ёзиб қўйилган: «Истисно ҳолатларда бирор конфедерациянинг амалдаги аъзоси саналмаган бошқа қитъа миллий футбол ассоциацияси ФИФА тасдиғи билан УЕФАга қабул қилиниши мумкин».

 

ЎФА ва УЕФА муносабатлари қандай?

Алоҳида таъкидлаш керак, ЎФА УЕФА билан яқин дўстлик алоқаларини йўлга қўйган. Ўтган даврда ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2020 йилнинг 9-13 март кунлари UEFA Assist ташаббуси доирасида ташкилотнинг халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ева Паске бошчилигидаги делегация юртимизда бўлди ва ЎФАнинг иш фаолияти билан танишди. Ташриф давомида ЎФА ҳамда ПФЛнинг ҳар бир йўналиш бўйича олиб бораётган фаолияти атрофлича ўрганилди. Якунда ассоциация иш фаолияти самарадорлигини ошириш, юртимизда футбол ривожи даражасини янада кўтаришга қаратилган қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Хўш, сизнингча, бу ташриф шунчаки, амалга оширилганми?! Бутунлай бегона қитъа мутахасиссислари  келиб, ассоциация фаолияти, тизими ва бошқа муҳим жиҳатларни ўрганишлари, қимматли маслаҳатлар беришлари замирида нима бор? Бу УЕФАнинг Ўзбекистонга муносабати яхши эканлиги ва бизга нисбатан «катта симпатия»си борлигини билдиради.

Қизиқ, УЕФАга биздан нима наф? Ўзбекистон - биринчи галда, «йирик мухлислар армияси». ЎФАни УЕФА аъзоси сифатида фараз қилсак, биз қарийб 35 (34910800) миллион аҳоли билан кучли 10таликдан жой оламиз. Аҳоли сони бўйича УЕФАга аъзо мамлакатлар орасида Польша, Украина, Испания, Италия, Франция, Англия, Туркия, Германия ва Россия биздан юқорида туради, холос. Қизиғи, Европадаги энг кам аҳолига эга 25та мамлакатнинг бу борадаги умумий кўрсаткичи ҳам бизникига етмайди. Бу УЕФА учун ҳам катта фактор, бизнинг­ча. Қолаверса, ҳозир УЕФА аъзолари сони тоқ, яъни 55та. Бу мусобақалар чоғи айрим ноқулайликларни келтириб чиқараётгани бор гап. Дунё футболидаги энг кучли конфедерация яна бир аъзо воситасида шу ноқулайликни бартараф этиши мумкин.    

Хуллас, дўстлар, «Жаҳон чемпионати учун» важи (сароб)ни унутиб, «Футболимиз ривожи учун» стратегияси билан УЕФАга кўчиб ўтиш керак! Йўқ, кўчиш эмас, собиқ аъзо ўлароқ, қайтиш керак! Қолгани энди раҳбарлар иродаси ва журъатига дахлдор масала. Тамом!

Муслим МИРЗАЖОНОВ


Манба: human.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz