Қайднома

Қидирув

Техника керакми, муаммосиз...

Техника керакми, муаммосиз...

  20.08.2021 04:40
  0
  273
Техника керакми, муаммосиз...

Лондоннинг «Арсенал» клуби «Брайтон»нинг марказий ҳимоячиси Бен Уайтни 50 млн. фунт эвазига ўз сафига қўшиб олиши хусусида келишувга эришди. 23 ёшли ҳимоячи янги мавсумни «тўпчилар» таркибида бошлашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Лекин мухлислар орасида трансфердан мамнун бўлмаганлар ҳам йўқ эмас. Айримлар 20 ёшли Вильям Салибуни афзал кўришмоқда. Бироқ Микель Артета ҳозирча франциялик марказий ҳимоячига имконият бермаётгани боис, Вильям «Марсел»да ижара асосида тўп суриш учун ватанига қайтиб кетди. Жамоа эса ишончли марказий ҳимоячига муҳтож.

Марказий ҳимоя позицияси учун анча ёш бўлишига қарамасдан, Уайт етарли тажриба тўплашга улгурган футболчи. У Англия профессионал футболининг барча босқичларини босиб ўтди. «Брайтон» ўз тарбияланувчисини 2017 йилдан бошлаб турли жамоаларга «сургун» қилиши оқибатида, Бен қуйи дивизионлар беллашувларида тобланди. Аввалига у 2-лига вакили «Ньюпорт»да ўйнади, кейин 1-лигадаги «Питерборо»да тўп сурди. Чемпионшип вакили бўлган «Лидс» сафидан жой олгани эса, ёш ҳимоячининг муваффақияти сифатида эътироф этилди. Дарҳақиқат, Уайт «товуслар» таркибида барча (46) учрашувларда тўлиқ тўп суриб, жамоанинг 1-ўрин билан АПЛга кўтарилишига улкан ҳисса қўшганди.

Уайт «товуслар» бош мураббийи Марсело Бьелсада кучли таассурот қолдиргани боис, «Брайтон»га ҳимоячи учун 25 млн. фунт таклиф қилишди. Бироқ рад жавобини олишди. Чунки «чайкалар» Беннинг савияси талаб даражасига кўтарилгани ва унга бўлган қизиқиш янада ортишини тушуниб етишганди. Шу сабабли, жамоа Уайт билан 2020 йилда янги шартнома имзолади. «Брайтон» ҳимоячини яна маълум муддат ушлаб туриши ва имкон туғилганда қимматроқ баҳода сотиши ҳам мумкин эди.

2020|2021 йиллар мавсуми Бен учун «Брайтон»нинг асосий таркиби ҳамда АПЛдаги дебют мавсуми бўлди. Якунда Уайт атиги 2 учрашувда майдонга тушмагани, қолган барча ўйинларда бошланғич таркибдан жой олгани маълум бўлди. Бен мавсум давомида ўз ҳисобига гол ёки ассистларни ёздира олмаган бўлсада, ҳимоя ва ҳужумда жамоага катта ёрдам берди. Бу эса «чайкалар»нинг элитадаги ўринни сақлаб қолишларида муҳим роль ўйнади. Бундан ташқари, жамоа урилган ва ўтказиб юборилган голлар бўйича 6-кўрсаткични қайд этди. Бу ҳам ҳимоя чизиғининг ишончли ҳаракатидан далолат беради. «Брайтон» ўз дарвозасидан 46 марта тўп олиб чиқди. Жадвалда ундан юқорироқ ўринни банд этган «Эвертон», «Вест Хэм» ва «Лестер»нинг натижалари анча паст.

Уайт ўзининг универсаллиги билан кўпчилик эътиборини тортди. У рақиб ҳужумларини тўхтатишда ҳам, жамоаси ҳужмларини бошлашда ҳам ақлли тўп суради. Марсело Бьелса ва Грэм Поттер («Брайтон» бош мураббийи) уни тез-тез таянч ярим ҳимоячиси позициясига туширишгани бежиз эмас. Шунингдек, Бен ўнг қанот фулбеки чизиғида ҳам самарали ўйнади.

Клубдаги муваффақияти эвазига ҳимоячи Англия терма жамоаси эътиборини қозонди. Аввалига мураббийлар уни Евро-2020 турнири таркибига киритишмаганди. Бироқ Уайт жароҳат олган Трент Александр-Арнольд ўрнига йирик мусобақага йўл олди. Тўғри, қитъа биринчилигида иштирок этиш унга насиб этмади.

Топ-клублар Бен Уайтни дурустроқ ўрганиб улгуришгунча, «Арсенал» «Брайтон» билан келишиб, уларни доғда қолдирди. Ҳа, «чайкалар» «тўпчилар» таклифини бир неча марта рад этишди, ўз тарбияланувчиларини ҳозирча қўйиб юбормасликларини рўкач қилишди. Бироқ охир-оқибат, футболчининг Лондонга кўчиб ўтиш истаги музокарани «Арсенал» фойдасига ҳал қилди. Эвазига лондонликлар 50 млн. фунт берадиган бўлишди.

Англия пойтахтида Бен Уайт «тўпчилар» сафини эркин агент мақомида тарк этган Давид Луиснинг ўрнини эгаллайди. Хуллас, янги мавсум арафасида Микель Артета марказий ҳимоячилар квартетини шакллантиришга улгурди: Уайт, Габриэль Магальяс, Роб Холдинг, Пабло Мари.

Хўш, дебютант «Арсенал»га нима бера олади?

Биринчи навбатда, майдоннинг ҳар икки томонида ўйинга қўшимча шиддат бахш этиши мумкин. «Тўпчилар» юқори ҳимоя усулини қўллаган пайтларида, Бен керакли паллада ўз дарвозаси олдига қайтишни уддалайди. Жамоа ҳужумлари ҳам бевосита у билан бошланиши мумкин - ҳимоячининг рақибдан тўпни тортиб олиш қобилияти, тезлиги ва дриблинги талаб даражасида. Ҳозирда Бен АПЛнинг энг моҳир марказий ҳимоячиси сифатида эътироф этилмоқда. Ўтган мавсумда у 24та муваффақиятли алдамчи ҳаракатларни амалга ошириб, ўз позициясида энг яхши натижани қайд этганди.

Шунингдек, Бен рақиб узатмаларини илиб олиш, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтириш, узатмалар аниқлиги ва сони бобида ҳам «Арсенал»нинг барча марказий ҳимоячиларидан яхшироқ кўрсаткичга эга.

Унгача Давид Луис етакчи эди. Энди Уайт Луиснинг муносиб вориси эканлигини майдонда исботлаши лозим. Статистик маълумотлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, дебютант «тўпчилар» ҳужумининг тезлиги ва самарасига ижобий таъсир кўрсата олади. Бунинг учун унда жисмоний қувват ҳам, тактик маҳорат ҳам етарли. Ким билади дейсиз, балки Бен кутилганидан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатиб, Луисдан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Сўнгги икки мавсумда у рақибларига дарвозани нишонга олиш имконини берадиган бирорта хатога йўл қўймади. Унинг бразилиялик касбдоши шу вақт ичида 4та хатога йўл қўйганди.

Мухлислар хавотири ҳам тушунарли: элитада бор-йўғи бир мавсум тўп сурган футболчи учун 50 млн. фунтдан воз кечиш - қалтис таваккал. Лекин иккинчи томондан, Микель Артета талабига тўла жавоб берадиган барча фазилатлар Бен Уайтда мужассам. Мазкур иттифоқ икки томон учун самара бериши мумкин - ҳимоячи ўз маҳоратини янада ошириб, савиясини мукаммаллик сари яқинлаштиради, мураббий эса шонли тарих ва нуфузга эга жамоада рақобатбардош таркибни шакллантиради. Ҳар ҳолда, Лондоннинг қизил ҳудудидагилар шундан умидворлар.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz