Қайднома

Қидирув

Марчелло Липпи: «Макс нима қилиш кераклигини яхши билади»

Марчелло Липпи: «Макс нима қилиш кераклигини яхши билади»

  20.08.2021 07:07
  0
  417
Марчелло Липпи: «Макс нима қилиш кераклигини яхши билади»

«Юве»дан «Юве»гача... Марчелло Липпи ва Массимилиано Аллегри ўртасидаги алоқа ҳеч қачон узилмаган. Машҳур оқсоч мураббийнинг ишонтириб айтишича, «Ювентус»га қайтган ҳамкасбини олдинда катта муваффақият кутмоқда. «Максга дарҳол борини айтдим: «Қулоқ сол, мен ҳам вақтида 2 йиллик танаффусдан кейин «Юве»га қайттиб, икки марта чемпионликни тантана қилдим, шунингдек, жамоани ЧЛ финалига олиб чиқдим. Ҳали кўрасан, тез орада қайта иситилган шўрва эмас, балки мазали риболлита (итальянча таом)га айланасан...», - дейди Липпи.

- Дон Марчелло, кўпинча айнан Аллегрини ўзингизга ўхшатасиз...

- Ҳа, бизда ўхшаш жиҳатлар кўп. Бу аввало, «Тоскана» характери билан боғлиқ. Аллегрининг 47 ёшида «Юве» бошқарувини қўлга олиб, биринчи уринишдаёқ скудетто ютгани ҳам 46 ёшда мен бажарган ишнинг яққол такрори... Умуман, Макс тажрибали, зукко ва яхши маънода муросасиз замонавий мураббийдир. У шунинг баробарида майдонда юзага келадиган муайян мураккаб ҳолатларни усталик билан бошқаришга қодир.

- Ўйин услуби бўйича ҳам ўхшашлик борми?

- Менимча, фалсафа бир хил: уюшқоқлик. Аллегри ҳам ҳар доим замонавий жамоа тузиш, сифатли футбол кўрсатишга интилади, натижани унутмаган ҳолда, албатта. Оддий айтганда, ҳужумкорликка мойил. «Юве» бошқарувини биринчи марта қўлга олганимда, жамоа ҳужуми учликдан иборат эди ва тўп йўқотилган паллада олдинги чизиқ вакиллари дарҳол прессингга қўшилардилар. Кейинчалик ҳеч ким бундай ўйин ташкил қилмади. Аллегрининг яна бир хусусияти шуки, у ўйин боришини теран тушунади ва барчасини футболчиларга янги кўрсатмалар бериш асносида ўзгартириш қобилиятига эга. Шу маънода чиндан ҳам, унда доимо ўз аксимни кўраман.

- 2 йилдан кейин жамоага қайт­ган мураббий қандай муаммоларга йўлиқиши мумкин?

- Ҳеч қандай! Узоқ циклдан ке­йин озгина танаффус фақат фойда келтиради: дам олиш, янги тактика ва мураббийларни ўрганиш имкони бор, юқори даражага кўтарилиш мотивацияси ҳам барқ уради. Жамоа кучли, Макс буни яхши билади. Ҳа, 2 йилдан кейиноқ мураббийни ортга қайтариш бироз ғалати туюлар, лекин «Юве» бунга ботина оладиган дунёдаги ягона жамоадир балки. Ахир «кекса синьора» кетма-кет 9та скудеттодан кейин қуруқ қолди. Клуб унча тажрибаси йўқ, лекин доно ва тайёрдек кўринган мураббий билан янги усулларни синаб кўрди ва бу тўғри ёндашув эди. Бироқ у муваффақият қозонолмади ва энди клуб дарҳол ғалаба йўлига қайтиш чораларини излади. Менимча, бу миссияни Максдан яхшироқ бажарадиган номзод топилмаса керак.

- «А» серия ва ЧЛ шоҳсупасига қайтиш вазифаси... Аммо бугунги «ПСЖ»га қарасак, Европада асосан 2-ўрин учун кураш кечмайдими?

- Майли, шундай дейлик: қолган жамоалар «ПСЖ»га қарши финал чиптаси учун курашади. Ҳал қилувчи 90 дақиқада эса, ҳар нарса рўй бериши мумкин.

- Неймар, Месси, Мбаппе... Бундай триога эга «ПСЖ»ни тўхтатиш мумкинми?

- Албатта, шундай учликка эга бўла туриб, ундан майдонда тўлиқ фойдаланмаслик мумкин эмас. Лекин ҳужумнинг ўзи билан иш битмайди. Дейлик, сифатли ярим ҳимояни ташкиллаш талаб этилади. Эҳтимол, ди Марияни тўлиқ ярим ҳимояга боғлаш мумкиндир. Тўғри, ўйин ҳужум ҳаракатига боғлиқ, барибир.

- «ПСЖ»ни тўхтатишга даъвогарлар орасида «Юве» ҳам бор, албатта...

- Жамоа таркиби чакки эмас. Лекин Турин клубида ҳам худди «ПСЖ»даги каби ҳолат: ўйин ташкил этиш ҳужумчилар хусусиятига боғлиқ. Муҳими, Макс тасарруфида сифатли ижрочилар етарли: Дибала, Роналду, Кулушев­ски, Мората, Кьеза, Куадрадо ва бошқалар бор.

- Лекин ҳаммаси CR 7 атрофида айланади...

- Роналду вазиятлардан самара чиқаришда - бебаҳо. Уни ҳар доим бу борада дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этганман. Криш ҳужумни юзага келтирмайди, аксинча, унга нуқта қўяди. Жамоанинг унга бундай имкониятни нечоғли кўп тақдим этиши муҳим. Роналду ҳеч қачон соф марказий ҳужумчи ролини бажармаган, у ҳамиша Бензема каби «9-рақам»га эҳтиёж сезади. Бироқ «Юве»да айни пайт бундай ҳужумчи йўқ. Ўйлайманки, Аллегри бошқа икки ҳужумчини рақиб ҳимоячиларига тинчлик бермайдиган кесувчи ролига мослаштиради.

- Аллегри ва CR 7нинг хайрлашуви унча ёқимли бўлмаганди...

- Эсимда йўқ, лекин биласизми, қанчадан-қанча футболчилар мураббийларга қарата ёмон «ишора» кўрсатишади? Менда ҳам шунақаси кузатилган, бундай паллада таблога қараётгандек орқага ўгирилиб олардим. Чунки футболчи асабий ҳолатда эканлигини тушунардим.

- «Ювентус» Италияда яққол фаворитми?

- Ҳар доим шундай бўлган, янги мавсумда фаворитлик даражаси янада ошади. Зеро, жамоа ўтган мавсум ғалабасиз қолди, шундай экан, у ҳозир жуда оч. Демак, туринликлар бўшлиқни тезда тўлдиришни хоҳлашади. Аммо унутмаслик керак, «Интер» ҳам ўз даражасида: Лукакудан айрилганидан сўнг Жекони олди ва менимча, энди бошқа ҳеч кимни сотмайди.

- Қолган клубларчи?

- «Наполи»ни ҳам фаворитлар қаторида кўряпман. Чунки жамоа­ни бирлаштириш йўлини яхши биладиган Спаллетти бор. Менимча, неаполликлар энди ўта тажовузкор ва йиғинчоқ ўйин кўрсатишади. «Наполи»нинг ҳужумлари ҳар доим чиройли ва самарали чиққан, тўғри, Спаллетти жамоа ўйинининг бошқа жиҳатлари устида ҳали жиддий ишлаши керак.

- Инзаги «Интер»да, Моуриньо «Рома»да, Сарри «Лацио»да ва Спаллетти «Наполи»да. Мураббийлар курсисида қандай инқилоб кўзга ташланмоқда?

- Буларнинг ҳар бири натижага катта эътибор берадиганлар тоифасидан. Бунда 3-5-2 ёки 4-3-3 схемасини қўллашнинг умуман фарқи йўқ. Айниқса, Моуриньо Италия футболи учун буюк қайтишдир. У етук ташкилотчи ахир.

- «Милан»нинг юқори даражага чиқиши учун нима керак?

- Ибрагимович ўйнаб турса, бас. Унинг тезроқ сафга қайтиши ва бошқа жароҳатланмаслиги жуда муҳим. Майдонни қўя туринг, Златаннинг ҳаттоки, трибунадан жой олиши ҳам муҳим. У ҳаракатлантирувчи кучдир.

- Сизнингча, Гасперини нима ўйлаб топади?

- «Аталанта»нинг юқори даражада ўйнаши тайин. Бергамоликлар ҳеч ким танимайдиган,  арзон, лекин салоҳиятли йигитларни топишга усталар, кейин уларни идеал тизимга жойлаштирадилар. Ўз нав­батида, нотанишлар тезда муҳим «фигура»га айланишади.

- Сиз кутаётган кашфиётлар...

- Дибала ва Заньоло. «Ювентус» футболчиси ўтган йили зўрма-зўраки ўйнади, энди «Юве» ўйинига сифат қўша олади. Умид қиламанки, Дибала янги мавсумда бор қобилиятини намойиш этиш имкониятига эга бўлади ва омади ҳам чопади. Заньоло жисмоний томондан тўлиқ тиклангандек, энди тезроқ аввалги ҳолатига қайтиши, голлар уриб, жиддий ўсишга эришишидан умидворман. Қисқаси, унинг учун экканини ўрадиган, баракасини оладиган вақт келди.

- Аллегри раҳбариятдан Локателли трансферини талаб қилмоқда...

- Мен ҳам уни «Юве»да кўришни истардим. Локателлининг Европа чемпионатидаги ҳаракати ёқди. Ҳар ҳолда, Италия футболида энг ишонч­ли ярим ҳимоячилардан бири эканлигини исботлади: тўпни яхши бошқарди, ҳужумни тез бошлади. Умуман, Локателли ҳужумга қўшилишни хуш кўради, голлар уради, яна ўйинни бошқаради. Қисқаси, ҳаммасини уддалайди.

- Кьеза ҳам чакки эмас...

- Кьеза - «йиртқич». У чинакам жангчи ва тинмай югурувчи «ҳайвон» каби. Шу аснода ўзи ва бош­қалар учун ўнлаб имкониятлар яратади, ғайриоддий ўйинчи.

- Бронтозаврлар - Бонуччи ва Кьеллини ҳақида ҳам гапирмасак бўлмас...

- Ҳа. Кьеллини - Ибрагимовичнинг ўзига хос тури, ҳаттоки, майдонга тушмаганида ҳам, трибуналар ёки кийиниш хонасида муҳим ролга эга. Тўғри, у эндиликда 50талаб ўйин ўтказолмайди, лекин камида 30тасига ярайди, албатта.

- Евро-2020даги Италия термаси сизни ҳам ҳайрон қолдирдими?

- Ҳа, жамоа шунчаки, фантастик ўйнади. Тажрибамдан биламанки, жаҳон ёки Европа чем­пио­нати учун олдинги 2 йиллик ишлар ҳисобига жамоа тузилади. Италия термаси ривожланаётганини яққол сездим, Манчинининг майдонга тушишдан олдин жамоа ва футболчиларни қандай руҳлантирганини кўрдим, буни қадрлайман. Йигитларнинг ўйиндан ўйинга ғалаба қозонишни кўпроқ хоҳлашгани, буни амалда қандай қилишни билишлари ҳам шундоқ сезилди. Асосийси, Италия термаси Римдаги дастлабки 3та ўйин­дан унумли фойдаланиш асносида ўз кучига тўлиқ ишона бошлади ва шунинг эвазига кучли жамоа­га айланди. Барчаси ҳурматга лойиқ.

- Муносиб ғалаба...

- Жамоамиз барчадан устунлик қилди ва ҳар доим биринчи рақам остида ўйнашга ўрганиб қолган Испания термаси билан тенгма-тенг ўйнади. Ниҳоят, 55 йилдан буён соврин кутаётган, лекин ғалаба қозонишдан қўрқадиган Англия термасига қарши қўйилган «шоҳ асар». Инглизлар босимдан азият чекишди, ваҳоланки, стадион буткул улар томонда эди. Мезбонлар шунингдек, ҳисобда олдинга чиқиб олишгани биланоқ ҳовлиқишди. Италия термаси аксинча, бошидан охиригача ўз ўйинини кўрсатди.

- Ажойиб дарс беҳуда кетмаслиги учун нима қилиш керак?

- Бундай хавф йўқ - Манчини ажойиб жамоа тузди ва у натижаларга эришишда давом этади. Жаҳон чемпионатидаги ғалабадан кейин кетган ягона «аҳмоқ» менман... Футболчилар ўшанда қолишимни сўрашди, Европа чемпионатида бирга зафар қучишга ваъда беришди, лекин кўплаб ёқимсиз воқеалар ҳам кузатилгандики, асло қололмасдим...

М. ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz