Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Пул топиш бошқа, ишлатиш бошқа...

Футбол ва бизнес: Пул топиш бошқа, ишлатиш бошқа...

  22.08.2021 11:22
  0
  416
Футбол ва бизнес: Пул топиш бошқа, ишлатиш бошқа...

Леонид Федун 2008 йилнинг августида «Спартак» бош директори лавозимига тайинланган Валерий Карпинни оммага таништирар экан, унинг футболдан ташқаридаги ишларини ҳам эътироф этганди: «Валерий нафақат спорт, балки бизнесда ҳам улкан муваффақиятга эришди, клубимизга катта манфаат келтиради». Карпин эса ўшанда сўнгги паллагача Федун билан музокара олиб борганини тан олмаганди. Юксак лавозимда иш бошлаганидан кейин ўзини оқлашга ҳам уринди: «Ўша пайт испаниялик бизнес-шерикларим олдида маълум мажбуриятим борлиги туфайли Москвага қайтиш имкониятига эга эмасдим». Карпин Россия термаси бош мураббийи лавозимига тайинлангач, sports.ru сайти унинг ҳаётидаги кўпчиликка номаълум ўша воқеликларни қайта «кавлади».

ФаҚат Karpin Galicia велоклуби

Россияда Карпиннинг Испания­даги бизнеси ҳақида маълумот кам эди, фақат машҳур Вуэльта турнирида қатнашадиган Karpin Galicia велоклуби ҳақида ёзишарди. Бу ҳам оддий жамоа. Дейлик, Вуэльта-2008нинг 21та босқичидан атиги биттасида Карпинга тегишли клуб ғолиб чиққан, унинг сардори Эзекьель Москера якуний рўйхатда 4-ўриндан жой олган. Карпиннинг муваффақиятли бизнесга эгалиги ҳақли саволни келтириб чиқарганди: «Испанияда мойли иши бўла туриб, нега «Спартак» таклифини қабул қилди?» Карпин бунга жавобан бизнесини масофадан юритиши, Испанияда ишончли шериклари борлигини айтганди. Ваҳоланки, «Спартак» билан келишган пайтдаёқ собиқ футболчининг Испаниядаги бизнеси инқирозга юз тутганди. 1 йилдан кейин бошланган суд иши бўйича унинг шахсий хонадонлари ва мулклари сотувга қўйилади, бизнеси батамом таназзулга учрайди. Галисия матбуоти маълумотларига кўра, Карпин соҳада ўз имкониятига ортиқча баҳо бериб юборган ва якунда «куйиб» қолган. Вигода машҳурликка эришган собиқ футболчи шаҳар амалдорлари билан тил топишишига шубҳаланмаганди. Амалда бунинг акси бўлади. Кредит эвазига бунёд этилиши режалаштирилган йирик турар-жой маж­муа­лари лойиҳаси Виго раҳбариятига маъқул тушмайди. Қўшимчасига, 2007 йили бошланган ипотека инқирози кўчмас мулк баҳосини тушириб юборади. Натижада барча лойиҳаларнинг зарар келтириши олдиндан ойдинлашиб қолади. Шу паллада Федуннинг қўнғироғи Карпин учун айни муддао бўлганди.

Ғарибхона ўрнида люкс квартал

«Сельта»даги 5 мавсум Валерий Карпин учун энг юлдузли даврга айланади. У ва Александр Мостовойнинг сермаҳсул ўйини ортидан камтарин жамоа Ла Лига грандлари қаторига кўтарилади. Дейлик, «Сельта» 1998-2003 йиллар оралиғида 7-поғонадан пастламайди. Тўғри, клуб бу орада қандайдир соврин ютмайди, аммо 98 йиллик тарихида энг ёрқин даврни ўтказади. Мостовой фаолиятини айнан «Сельта»да якунлаган бўлса, Карпин яна 3 йил «Реал Сосье­дад»да ўйнайди ва якунда ўзи учун қадрдон Вигога қайтади. Испания шимоли-ғарбидаги бу шаҳар Галисиянинг энг йирик порт ҳудудидир. Янги аср бошида Испанияда кўчмас мулк савдоси авжига чиқади, турар-жойлар баҳоси кескин кўтарилади. Шу тариқа кўчмас мулкка сармоя киритиш урфга айланади. Жумладан, Валерий Карпин ҳам айнан шу соҳага бош суқишни афзал кўради. У 2003 йилнинг ўрталарида шаҳарнинг марказий кўчаси - Пи-и-Маргаль ҳудудидаги тарихий бинони сотиб олади. Ўша вақт у ерда кам таъминланган ва бемор қариялар истиқомат қилишарди. Ғарибхона узоқ 1910 йилда қурилганди. Карпин ажратган 8,5 млн. евро эвазига 123 нафар қарияни шаҳар четидаги осуда қароргоҳга кўчиришади. Россиялик футболчи кейинчалик ўз ло­йиҳасига ўша пайт «Реал»да тўп сурган Мичель Сальгадони жалб этади. Улар 1997-1999 йилларда «Сельта»да бирга тўп суришганди. Испан матбуоти тахминига кўра, Мичель шунчаки, «ниқоб» бўлган. Аслида Карпинга «Реал»­нинг собиқ президенти Лоренсо Санс шерикчилик қилган. Қолаверса, у кўчмас мулк соҳаси билан таниш эди. Хуллас, тадбиркорлар маҳаллий сиёсатчи ва бизнесмен Хосе Креспони директорликка ёллаб, Виго маъмурияти билан харид қилинган бино атрофидан 2 гектар ер ҳудуди сотиб олиш масаласида музокара бошлашади. Лойиҳага кўра, нуфузли турар-жой ва тижорат майдони бунёд этиш ишларига 130 млн. евро ажратилади. Жумладан, эски шаҳар, барлар ва ресторанлар квартали ёнида 350та хонадон ва хушманзара парк қад ростлаши керак эди.

Испания конституциясига кўра, маълум тои­фадаги фуқаролар турар-жойларни имтиёзли нархда харид қилиш ҳуқуқига эгалар. Бунинг учун ҳокимият якка тартибдаги қурувчилар билан бунёд этиладиган иншоотнинг бир қисми шаҳар маъмурияти ихтиёрига берилиши юзасидан келишиб олади. Хуллас, ҳукумат вакиллари музокара чоғи майдоннинг 30 фои­зини талаб қиладилар, Карпин эса 10 фоизини таклиф этади. Оқибатда баҳс бир неча йилга чўзилади. 2007 йилга келиб, кўчмас мулк бозорида таназзул бошланади ва Испанияда турар-жойлар баҳоси нақ 70 фоиз тушиб кетади, шунда ҳам тадбиркорлар хонадонларга харидор тополмайдилар. Шундай вазиятда улкан қурилишни бошлаш Карпин учун бемаъниликдан ўзга нарса эмасди. Дарҳақиқат, қурилиш бошланмайди. Лекин Карпин ғарибхона ва унинг атрофидаги ер майдони хариди учун 2та банкдан кредит олганди. Матбуот маълумотига қараганда, Карпин ва Сальгадо лойиҳага 40 млн. евро миқдорида сармоя киритишган, шундан 30 миллиони кредит эди. Хуллас, фоиз эвазига қарз 35 млн. еврога етади, қайтадан молиялаштириш ва янги ҳамкорларни жалб этишга қаратилган уринишлар эса самара бермайди. Охир-оқибат, ер майдони ва бино гаров ўрнида банк ихтиёрига ўтади.

2014 йили Галисия матбуотида Карпин лойиҳани қайта бошлаши ҳақида хабар берилди, аммо бундай бўлмади. 4 йилдан кейин америкалик банкир Роберт Гиббонсга тегишли сармоя гуруҳи Карпин қарзини зиммасига олиб, лойиҳа эгасига айланди ва уни бир неча уй ҳисобига кенгайтирди.

Католик коллежи ўрнида уй ва савдо маркази

Карпиннинг яна бир омадсиз лойиҳаси - Сан-Хосе де Клюни католик коллежи ўрнида барпо этилиши режалаштирилган шоҳона уй ва савдо маркази. Мазкур ло­йиҳанинг қалтис томони олдиндан маълум эди. Чунончи, эскирган бино Карпинга сотилаётган пайт ернинг соҳиби саналган маҳаллий қурилиш компанияси ва Виго маъмурияти ўртасидаги судлашув ҳали ниҳоясига етмаганди. Хуллас, Виго мэри Луис Кастрильо 1998 йили лойиҳани қатъиян рад этади. Талабга мувофиқ, коллеж ўрнида фақат маориф ёки даволаш муассасаси қуриш мумкин эди. Бироқ бу даромадни таъминлай олмасди. Хуллас, Карпин ҳали ҳеч нарса аниқланмаган паллада ер ҳудуди учун 17,5 млн. евро тўлайди. У журналистларга мазкур қадами «қалтис»лигини таъкидлаб, маъмурлар билан келишиб олишига умид билдирганди: «Бизда имконият бор. Шаҳар кенгаши ташландиқ бино ҳеч кимга фойда келтирмаётганини тушуниши лозим. Лойиҳа кварталга янги ҳаёт бағишлайди». Умуман, Карпин 8400 квадрат/метрга турар-жой ва 2600 квадрат/метрга тижорат майдони солишни мўлжаллаганди. Бироқ бу сафар ҳам шаҳар маъмурияти билан келишолмайди. Раҳбарлар ҳудудда муниципал кутубхона ва шаҳар маданий маркази қад ростлаши кераклигини айтишади. Карпин 2009 йилнинг май ойида шаҳар маъмурларига бўлажак иншоотнинг учдан бир қисмини таклиф этади, бироқ бефойда... Йил якунида банк кредитни қоплаш учун Карпиндан 27 млн. евро талаб қилади. 1 ҳафтадан сўнг собиқ футболчи пули йўқлигини тан олади ва коллеж биноси ҳам банк тасарруфига ўтади. Шўрлик бизнесмен 2011 йили охирги марта лойиҳадан зиёнсиз чиқишга уриниб кўради. Коллеж биноси бошланғич 36 млн. евро баҳо билан савдога қўйилади. Агар кимдир бинони шу суммада харид қилганида, Карпин қарздан қутулиш баробарила 9 млн. еврога эга чиқарди. Бироқ харидор топилмайди ва бино банк ихтиёрида қолади. Кейинчалик банк харидор топади ва коллеж ўрнида қариялар уйи қад ростлайди.

Бразилиядаги бизнес ва мол-мулк...

Омадсиз 2та лойиҳа Валерий Карпиннинг бошқа йўналишлардаги ишини ҳам барбод қилади. Дейлик, Галисия маъмурияти билан ҳамкорликда тузилган велопойга жамоасини сармоя билан таъминлаган жамғарма 2010 йили судга мурожаат қилади. Келишувга биноан, ҳомийлар 3,7 млн. еврога тенг бюджетни  таъминлашлари лозим эди. Маблағнинг 3дан икки қисмини Карпин ўз зиммасига олганди. Бироқ бора-бора Карпинда веложамоага ажратадиган маблағ қолмайди. Натижада ҳукумат янги ҳомий топади ва Карпиндан 1,951 млн. евро ҳомийлик бадали ундириш учун уни судга беради. 2011 йили суд қарзнинг узиш иложи йўқлигини аниқлайди: Карпинга тегишли асосий қурилиш компанияси инқирозга учраган, деярли барча хусусий мол-мулклари кредитларни ёпиш учун банклар томонидан гаровга олинганди. Хуллас, суд Карпин тасарруфида фақат 2004 ва 2006 йилларда Бразилия­да ташкил этилган 2та компания қолганини аниқлайди. Улардан бири меҳмонхона, иккинчиси сайёҳлик агентлиги сифатида қайд этилганди. Суд икки компания активларини 2 млн. еврога баҳолайди. Шундан кейин Карпиннинг шахсий мол-мулкини сотиш ва кредит қарзларини узиш механизми ишга тушади. Жумладан, Галисиянинг энг хушманзара гўшасида жойлашган 2 қаватли ҳали битмаган уй 315 минг евро (асл баҳосининг 70 фоизи)га сотилади. Кредитор-банклар ўта харидоргир активларга эга чиқади: Карпин компаниясининг офиси 900 минг евро, Вигодаги хонадонлари 481 минг ва 280 минг еврога баҳоланади. Шу тариқа 2015 йили Валерий Карпиннинг Испаниядаги барча компаниялари ёпилганлиги расман эълон қилинади...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz