Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Улар Россияни тарк этишди...

Трансферлар: Улар Россияни тарк этишди...

  23.08.2021 02:52
  0
  446
Трансферлар: Улар Россияни тарк этишди...

РПЛ стартга чиқди, лекин трансфер дарчаси ёпилганича йўқ. Жамоалар фақат таркибни кучайтириш билан чекланиб қолмасдан, айрим футболчилар билан хайрлашишга ҳам улгуришди. Кетганлар орасида россиялик мухлисларга яхши таниш бўлган савияли ўйинчилар ҳам йўқ эмас. қуйидаги материал шу мавзуга бағишланган.

Ведран Чорлука, «Локомотив»дан кетди

Бундан қарийб 10 йил аввал, 2012 йилда Москва «темирйўлчилари» таркибига қўшилган хорватиялик футболчи Россияга «Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм»да тўплаган тажрибаси билан келганди. Шу боис, Ведран қисқа вақт ичида етакчи ҳимоячига айланиб, кейин клуб афсонаси даражасига кўтарилди. Сўнгги мавсум якунида Чорлука мутасаддилар билан янги шартнома хусусида тил топиша олмади ва 35 ёшида жамоани тарк этди.

Июлнинг дастлабки кунларида Чорлука «Локо»да Марко Николичга ёрдам бериши эълон қилинганди. Бироқ икки ҳафтадан кейин ҳимоячининг фикри ўзгариб қолди:

«Афсуски, мураббийлар штабидаги лавозимни шахсий сабабларга кўра тарк этишга қарор қилдим. Буюк жамоа сафида ўтказган даврим ва кўрган,кечирганларим учун яна бир марта миннатдорчилик изҳор этаман. Янги мавсум ва келажакдаги фаолиятида «Локо»га улкан муваффақиятлар тилайман».

 

Себастьян Дриусси, «Зенит»дан МЛС («Остин» клуби)га ўтди

Дриусси 2017 йилда «Зенит»га олиб келинган аргентиналик футболчиларнинг сўнгги вакили. 4 йил муқаддам бу ҳужумчини қўлга киритиш учун Европа клублари ва «Спартак» жиддий кураш олиб борган, бироқ у Питерни танлаганди. Себастьян россиялик мухлисларда қарама,қарши таассурот қолдирди: бир томондан, ёрқин ўйинлари билан юксак савия соҳиби эканлигини намойиш этган бўлса, бошқа томондан, у ўзи учун сарфланган 15 млн. еврони тўла оқлади, дейиш қийин. қўшимчасига, у ўзининг майдондаги позициясидан норози эканлигини очиқчасига ошкор этиш орқали кўпчиликнинг кўнглидан қолди. яқинда Дриусси ўз шартномасини «Зенит»дан сотиб олиб, АҚШнинг «Остин» клубига йўл олди. Кетиш арафасида аргентиналик ҳужумчи ўз мухлислари билан самимий тарзда хайрлашиб, гина,кудуратларга ўрин қолдирмади.

 

Антонио Эдер,

«Локомотив»дан кетди

Эдер Россияга 2017 йилда Европа чемпиони ва Евро,2016 турнирининг олтин голи муаллифи мақомида ташриф буюрганди. Ортда қолган 4 йиллик фаолиятида ҳужумчи РПЛ юлдузи даражасига муносиб ўйин кўрсата олмаган бўлсада, «Локо» тарихидан жой олишга улгурди. Ўзининг дебют мавсумида Антонио «темирйўлчилар» билан чемпионлик унвонига сазовор бўлди ва худди Евродаги каби РПЛда ҳам «Зенит» дарвозасини ишғол этиш орқали ғолиблик тақдирини ҳал қилди. Кейинги мавсумларни португалиялик легионер ротация ўйинчиси мақомида ўтказди.

«Локомотив»ни Эдер эркин агент мақомида тарк этди - у билан шартнома муддатини узайтиришмади. Россиянинг бошқа жамоаларидан таклиф тушмади. Антонио ҳозирча жамоасиз қолмоқда, лекин Евро финали арафасида совринни майдонга тантанали тарзда олиб тушди.

 

Маркус Берг, «Краснодар»дан Швецияга кетди

«Краснодар» Бергни 2019 йилда ўз сафига қўшиб олганди. Швециялик футболчи Россияга келиши арафасида 2 йил БААда тўп сурган бўлсада, миллий терма жамоада асосий ҳужумчи ролини бажариш орқали юксак савиясини йўқотмаганди. Россияда у ўта сермаҳсул ўйин намойиш этмади. Аммо барқарор тўп сурди , 2 мавсумда 9тадан гол урди. Маркуснинг ўтган йил кузида «Ренн» дарвозасига урган голи «Краснодар»га ЕЧЛдек нуфузли турнирдаги дастлабки ғалабани совға қилди. Бергни Владимир Бистров айниқса, юксак қадрларди. Россий терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Маркусни азим дарахтга қиёслаган, швециялик жамоадоши эса у аввалги ёрқин фаолиятини такрорлашга интилаётганини таъкидлаганди. қисқаси, ҳамкорлик томонлар учун самарали кечди.

Берг «Краснодар»даги шартнома муддатини тўла ўтаб, фаолиятидаги дастлабки клуб - «Гётеборг»га йўл олди. Катта футболдаги дебютини бундан 16 йил аввал бошлаган ҳужумчи ҳозир 34 ёшда. Демак, у ўз ватанига фаолиятини жонажон жамоасида ниҳоясига етказиш мақсадида йўл олди.

 

Арнор Сигурдссон, ЦСКАдан Италияга ижара асосида кетди

Сигурдссон «армиячилар»нинг 2018 йил ёзидаги молиявий чекланганлик даврида амал оширилган келишувларнинг бир қисми. Айрим жамоадошларидан фарқли равишда, Арнор Россияда муносиб ўрнини топа олди, «Реал» дарвозасини ишғол этди, «Спартак»ка қарши пойтахт дербисида дублга эришди, лекин юлдуз мақомига кўтарилишга улгурмади. Мутасаддилар 22 ёшли ҳужумчини тажриба тўплаш учун Италияга «сургун» қилишди. Энди Арнор «А» сериясига қайтган «Венеция» таркибида ўз маҳоратини оширишга ҳаракат қилади.

 

Кристофер Олссон, «Краснодар»дан Бельгияга кетди

Олссон Россияга 2019 йил аввалида, ўзининг ватандоши Бергдан ярим йил аввал келганди. Бир пайтлар «Арсенал»да ўйнаган Кристофер РПЛда савияли ярим ҳимоячи сифатида танилди. Аммо худди Дриусси сингари, ўз салоҳиятини 100 % намойиш эта олмади. Ваҳоланки, у мунтазам равишда Швеция терма жамоасидан чорлов олиб турарди. 21, июлда «Краснодар» Олссоннинг кетишини маълум қилди. Энди у Бельгияда «Андерлехт» шарафини ҳимоя қилади. Демак, унда еврокубок мусобақалари, ҳеч бўлмаганда, конференциялар Лигасида тўп суриш имконияти мавжуд.

 

Миха Мевля, «Сочи»дан Туркияга кетди

Словениялик ҳимоячи 2016 йилнинг ёзида Россияга келганди. «Ростов»даги дебют мавсумидан сўнг, «Зенит» уни ўз сафига қўшиб олди. Бироқ Миха Питерда ўз ўрнини топа олмай, яна Дон соҳилига қайтди. Кейин жамоа уни бир нечта футболчилар билан «Сочи»га бериб юборди. Ниҳоят, ёзда шартнома муддати ниҳоясига етган ҳимоячи Туркияга йўл олди. Гарчи уни «Рубин» ўзига чорлаган бўлсада, Мевля «Аланьяспор»ни афзал кўрди. Шу тариқа РПЛ ўзининг серсоқол легионеридан жудо бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz