Қайднома

Қидирув

МЛС нима ва у қандай ривожланмоқда?

МЛС нима ва у қандай ривожланмоқда?

  24.08.2021 02:42
  0
  258
МЛС нима ва у қандай ривожланмоқда?

АҚШнинг бош футбол лигаси (1993) ҳозирги РПЛ (1992)дан бир йил кейин ташкил этилган. Нима учун МЛС учрашувларини намойиш этиш ҳуқуқи 150дан ортиқ мамлакатларга сотилди ва унинг ёш футболчилари Европанинг етакчи клублари эътиборини тортмоқда? Шимолий Америка профессионал футбол лигаси қай тарзда ташкил этилгани хусусида тушунчага эга бўлиш мақсадида касбдошларимиз бир неча йил аввал Россияни тарк этган, ҳозир Канаданинг «Ванкувер Уайткэпс» клубида ишлаётган Денис Манзарга мурожаат қилишди. Марҳамат, унинг ҳикояси билан танишинг:

- Шимолий Америкада футболнинг оммавийлиги жадал суръатлар билан ошиб бормоқда. Бундан атиги 15 йил аввал америкалик ёки канадалик кишига мухлислар ташрифи бобида МЛС тез орада хоккей, бейсбол ва баскетболдан ўзиб кетади десангиз, сизни тентакка чиқаришлари аниқ эди. Ҳозир ўзининг қадрдон жамоаси ўйинига чипта харид қилиш маҳаллий фуқаролар учун энг машҳур спорт туридаги каби ҳаётий норма мақомида.

Бунинг ҳайратланадиган ери йўқ. Шимолий америкаликларнинг Европа футболига бўлган чинакам қизиқишлари 1994 йилдаги АҚШ мундиалидан кейин пайдо бўлди. У ердаги барча нарсалар каби, футбол ҳам дунёдаги энг яхши спорт турига айланиши шарт.

Шимолий Америка футболининг тузилиши анча мураккаб ва одатий футболдан фарқ қилади. Европада ҳаммаси оддий - ҳар қайси мамлакат ўзининг лигаларини ташкил этади, ғолиб чемпионликка эришади, сўнгги ўринларни эгаллаганлар қуйи лигага тушиб кетишади. Шимолий Америкада АҚШ ва Канада клублари қатнашадиган бир нечта профессионал лигалар мавжуд. Бундан ташқари, улар қўшимча мусобақаларда ҳам иштирок этишлари мумкин. Масалан, Канада клублари МЛС ва ички чемпионатда ўйнашади. Ички мусобақадаги муваффақият уларга КОНКАКАФ ЧЛда тўп суриш ҳуқуқини беради.

Шимолий Америка футболининг байроқдори - юқорида зикр этилган МЛС. Бу профессионал лига 1993 йилда ташкил этилган. Дастлабки мавсум 10та - «Даллас Бёрн», «Ди Си Юнайтед», «Коламбус Крю», «Колорадо Рэпидз», «Лос-Анжелес Гэлакси», «Нью-Ингланд Революшн», «Нью-Йорк», «Нью-Жерси Метро Старз», «Канзас Сити Уиз», «Сан Хосе Клэш» ва «Тампа Бэй Мьютини» жамоалари иштирок этишган. Лигада бир қатор машҳур юлдузлар, масалан, мексикалик дарвозабон Хорхе Кампос «Лос-Анжелес Гэлакси» дарвозасини қўриқлаган, колумбиялик Карлос Вальдеррама «Тампа Бэй Мьютини» шарафини ҳимоя қилганди.

Илк мавсум беллашувлари асосан Америка футболи учун мўлжалланган улкан стадионларда ўтказилгани боис, мухлислар қизиқиши пасайиб, уларнинг стадионларга ташрифи камайиб кетди. Бундан ташқари, ўйин қоидасига оид ўтказилган экспериментлар ҳам қизиқишга путур етказди. Масалан, ўйиндан кейинги буллитлар серияси. МХЛдаги каби, футболчи 35 ярдга тенг масофадан тўп билан дарвозага яқинлашади ва зарба йўллайди. Бу ҳаракатни амалга ошириш учун унга 5 сония вақт берилади. Шунга ўхшаш ўзгаришлар анъанавий футбол ишқибозлари қабул қилишмади ва лиганинг обрўси тушиб кетди. 1998 йилда лига Комиссари лавозимига Дон Гарбер келгач, ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади. Унинг даврида жамоалар фақат футбол учун мўлжалланган стадионларни барпо этишга киришдилар, ўйин қоидалари асл ҳолига қайтди, молиявий вазият барқарорлашди.

Таъкидлаш жоизки, МЛСнинг Европадаги барча профессионал лигалардан фарқли жиҳати ҳам молиявий тизимда. Гап шундаки, МЛС клубларининг соҳиби лиганинг ўзи. Клубни бошқариш ниятидаги сармоядор бу ҳуқуқни лигадан харид қилади ва акциядорга айланади. Сармоядор клубни қисман бошқаради ва жамоанинг мавсумдаги муваффақияти учун улуш олади. Молиявий барқарорликни таъминлаш учун лига олинган даромадни клублар ўртасида тақсимлайди. Шунингдек, футболчилар ҳам шартномаларни клуб билан эмас, лига билан тузадилар. Лигага 2019 йилда аъзо бўлган «Цинцинатти» клуби 150 млн. доллар тўлаганди. Ҳозир франшиз миқдорини 200 млн.га етказиш кўзда тутилмоқда.

Футболчиларнинг маошлари ҳам лиганинг доимий назоратида. Бу тадбир қандайдир бир-икки клуб энг яхши ўйинчиларни харид қилиш орқали кучайиб кетиши ва турнир интригасига путур етишига йўл қўймасликни таъминлайди. Шунингдек, у клубларни банкротга олиб келиши мумкин бўлган асоссиз харажатларни олдини олишга қаратилган қатъий назоратни жорий этган.

Ҳозирда МЛС ўйинчисининг бир мавсум учун оладиган энг кўп иш ҳақи 500 000 доллар атрофида, энг ками эса 70 000. Контракт асосида бериладиган маошлар миқдори мунтазам равишда лига касаба уюшмасининг сайтида ёритилади.

Истисно тариқасида МЛС клубларига «Бэкхем қоидаси» номини олган имтиёз берилган. Унга кўра, ҳар қайси клуб ўз таркибига 3 нафаргача белгиланган нормадан кўпроқ иш ҳақи оладиган футболчини олиши мумкин. Қўшимча маошни клуб тўлайди ва у бюджетда ҳисобга олинмайди. «Лос-Анжелес Гэлакси» сафида тўп сурган Златан Ибрагимович ўз вақтида лиганинг энг кўп маош оладиган футболчиси бўлиб, унинг 2019 йил мавсумидаги иш ҳақи 7 млн. 200 000 долларга тенг эди.

МЛСда легионерларга чеклов ҳам жорий этилган. 2008 йилда лига ҳар қайси клубга 8 нафар хорижлик футболчини таклиф этиш ҳуқуқини берганди. Қолган ўринларни маҳаллий ўйинчилар тўлдирадилар. АҚШдаги клублар учун шу мамлакат фуқаролари, грин-карт соҳиблари ва қочоқ мақомидаги футболчилар маҳаллий ўйинчи ҳисобланади.

Канада клублари учун эса америкалик маҳаллий футболчилар, Канада фуқаролари ва Канадада муқим яшаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар маҳаллий ўйинчилар ҳисобланади. Лекин клубда камида 3 нафар Канада фуқароси бўлиши шарт.

МЛС турнирининг формати МХЛ, МБА ва бошқа мусобақаларникидан фарқ қилмайди. Клублар географик жойлашувга асосан Шарқий ва Ғарбий конференциялардан жой олишган. Жорий мавсумда уларнинг ҳар бирида 13тадан жамоа куч синашади. 16 апрелда старт олган мусобақа 7 ноябрда ниҳоясига етади.

Клубларнинг лигага аъзолиги доимий: бошқа профессионал лигалар каби, МЛСда ҳам қуйи лигага тушиб кетиш амалиёти йўқ. МЛС Кубоги учун плей-офф босқичи баҳслари бу йил 19 ноябрь - 11 декабрь оралиғида бўлиб ўтади.

Шимолий Американинг 2-нуфузли мусобақаси USL Championship. У МЛСдан ҳам ёшроқ - 2010 йилнинг сентябрида ташкил этилган. Дастлабки мавсуми эса 2011 йилда ўтказилган.

Худди МЛСдаги каби USLда ҳам клублар франшиз асосида ташкил этилади, уларни сармоядор-акционерлар бошқарадилар. Бу лигани МЛС фарм-клублари ташкил этишган. Лекин мустақил клублар ҳам йўқ эмас. Масалан, «Эль Пасо Локомотив» ва «Реал Монархс» жамоалари ўзларига тегишли масалаларни ўзлари ҳал этадилар.

Бу лигада ҳам жамоалар Шарқий ва Ғарбий конференцияларга ажратилган. Мунтазам чемпионат ҳар йили 6 мартда бошланиб, 17 октябрда якунига етади. Кейин плей-офф босқичи стартга чиқади. МЛС каби бу лигада ҳам қуйи дивизионга тушиб кетадиган жамоалар йўқ.

Шимолий Американинг 3- ва 4-нуфузли турнирлари сифатида USLнинг 1- ва 2-лигаларини кўрсатиш ўринли.

USL1 ўзининг илк мавсумини 2 йил аввал ўтказди. Унда «Шимолий Техас» клуби ғолиб чиқди. Лигада иштирок этадиган 12та жамоа 27 март - 3 октябрь оралиғида 28 марта ўзаро куч синашадилар. Дастлабки 6 ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичида мусобақани давом эттирадилар.

Канадада ташкил этилган янги турнир ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Чақалоқлар қўлида клюшка, оёғида коньки билан туғиладиган бу ўлкада ҳам футболга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Яқингача канадаликлар уни фақат қизлар ўйнайдиган эрмак сифатида кўришарди. Энди футбол бот-бот тилга олинмоқда, телетрансляциялар сони ортиб бормоқда, халқ стадионларга йўл олмоқда. Масалан, МЛС клуби «Монреаль Импакт» ўйинини 60 000 мухлис бевосита стадиондан томоша қилди.

Канада Премьер-лигасига 2017 йилнинг 6 майида асос солинган бўлсада, дебют мавсумини 2019 йилда ўтказди. Унда 5та провинциянинг 8та жамоаси иштирок этади. Апрель - октябрь ойлари оралиғида бўлиб ўтадиган мусобақа икки босқич, баҳор ва куз босқичларига ажратилган. Босқич ғолиблари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс турнирнинг энг юксак чўққиси ҳисобланади. КПЛ ғолиби КОНКАКАФ лигасига йўлланма олади ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси жамоалари билан куч синашади. Канаданинг дастлабки чемпионлик унвони Онтарио провинциясининг Гамильтон шаҳри жамоаси - «Форж»га насиб этди.

Миллий чемпионатлар олдига қўйилган асосий вазифа - маҳаллий футболчилар маҳоратини ошириш ва Канада футболининг нуфузини кўтариш. Бунинг учун КПЛда бир қатор чекловлар жорий этилган: клублардаги легионерлар 7 нафардан ошмаслиги, бошланғич таркибда камида бир нафар 21 ёшгача бўлган маҳаллий ўйинчи бўлиши шарт.

СОДИҚ СОБИР тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz