Қайднома

Қидирув

Элдор ШОМУРОДОВ: «АБРАХАМ? БИРГА ЎЙНАШИМИЗ МУМКИН».

Элдор ШОМУРОДОВ: «АБРАХАМ? БИРГА ЎЙНАШИМИЗ МУМКИН».

  24.08.2021 07:00
  0
  401
Элдор ШОМУРОДОВ: «АБРАХАМ? БИРГА ЎЙНАШИМИЗ МУМКИН».

Элдор «Рома»даги расмий дебютини ғалаба голи билан безади. Римликлар пайшанба оқшоми Европа Конференциялар лигаси саралаши «плей-офф» босқичи доирасида «Трабзонспор» меҳмони бўлишди. Учрашувни бошланғич таркибда бошлаган ҳамюртимиз 81-дақиқада «Рома»нинг иккинчи голига муаллифлик қилиб, ғалабани таъминлади - 2:1. У шундан сўнг ўз ўрнини испаниялик Борха Майоралга бўшатиб берди. Диққатга сазовор томони, Шомуродов «бўрилар» сафидаги расмий дебют голини бувисига бағишлади. «Кеча бувимнинг туғилган куни эди. Шундай экан, бу голни унга бағишлайман», - деди ҳамюртимиз «Трабзонспор»га қарши кечган ўйиндан сўнг. Эслатма, миллий жамоамиз ҳужумчиси бунга қадар «Рома»нинг 2та ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ҳар иккисида 1тадан гол урганди.

Элдор барчасига тайёр

«Трабзонспор» - «Рома» ўйинидан сўнг Sky Sports канали Элдор Шомуродовдан қисқача интервью олди.

Бугунги голингиз аҳамияти қандай?

- Албатта, урган голим жамоа­га ғалаба келтирганидан мамнунман. Ҳозир ортиқча чалғимасдан кейинги ўйин ҳақида бош қотириш керак. Ахир атиги 3 кундан кейин «А» серия стартга чиқади.

- Моуриньо қўл остида ўйнаш қандай экан? Умуман, жараён ва ўсиш суръатидан қониқяпсизми?

- Моуриньо кўрсатмаларини деярли тўлиқ тушуняпман. Аста-секин жамоадошларимни ҳам тушуниб боряпман. Тўғри, ҳозирча ўзаро мулоқот масаласида баъзи муаммолар бор ҳали...

- Ўйин услуби ва сифатларингиз билан Моуриньога мос келгандексиз...

- Шундай. Ўйлашимча, Генуяда ҳам чакки ўйнамагандим.

- Энди Абрахам билан бирга ўйнашингиз лозим...

- Бирга бемалол тўп суришимиз мумкин, менимча. Ички имкониятларимизни назарда тутсак, бунинг имкони йўқ эмас.

Моу ҳамюртимиздан хурсанд

«Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо Sky Sports каналига берган интервьюсида «Трабзонспор»га қарши учрашув таассуротлари билан ўртоқлашди: «Асосийси, яхлит жамоадек кўриндик. Бу ҳозирги ҳолатда жуда муҳим. Энди кейинги пайшанба куни «Олимпико»да ишни якунлаб қўйишимиз лозим. Бугун кучли жамоани енгдик, лекин осон бўлмади. Қувонтирган томони, мувозанатни ушладик, майдонда фаолроқ кўриндик. Тўғри, жамоам биринчи бўлимда узатмалар ҳисобига кам ҳаракатланди. Тўпга охирги тегиниш унча яхши чиқмади. Мезбонлар ҳисобни тенглаштиришганидан кейин яхлит куч, ҳақиқий жамоага айландик. Агар ғалаба қозонмаганимизда ҳам, ушбу ўйинга ижобий баҳо берардим. Бирор футболчини ажратиб кўрсатмайман. Руи Патрисиудан тортиб, Мхитарянгача - ҳамма яхши ўйнади. Ўтган мавсум чемпион - «Интер»дан 29 очко, 4-ўрин эгасидан 16 очко орқада қолдик. Буни тўғрилаш лозим. Муҳими, клуб трансферлар ойнасида фантастик харидларни амалга оширди. Тўғри, менга яна нимадир етишмаяпти. Уни январь ёки ке­йинги ёзда топсам керак».

«Беназир» бундан олдинроқ клуб матбуот хизмати вакиллари билан суҳбатда  Элдор Шомуродов трансферидан хурсанд эканлигини алоҳида таъкидлаганди. Португалиялик мутахассис «Шомуродов жамоага нима бера олади?» саволига жавобан ҳамюртимиздан кўп нарса кутаётганини айтди: «Жуда кўп нарса. Элдор билан нега шартнома туздик? Жамоага тезлик ва ҳаракатчанлик керак, айниқса, ҳужумда. Элдорнинг трансферидан мутлақо қониқдик. Ўша куннинг ўзида бу келишувга ажойиб реакция кузатилди. Кўпчилик буни кутмаганди. Сабаби, трансферлар бозори - шафқатсиз. Бундай яхши харидни амалга ошириш эса ажойиб, албатта. Тўғри, таркибимиз дунёда энг кучлиси эмас. Лекин ҳеч ким кейинги ўйинда ғалаба қозонолмаслигимизни айтолмайди. Жеконинг кетиши жамоага салбий таъсир қилди. Бу «Бетис» билан ўйинга қадар ўз аксини ҳам кўрсатди. Янги ўйинчи билан шартнома тузишга улгуриш масаласида хавотир бор эди. «Бетис» билан ўйинга 2 кунгина қолганида келган Шомуродов эса дарҳол ўзини кўрсатди. Яъни тезда қандай ўйинчи эканлигини билдириб қўйди».

«Шомуродов -ўзбек Мессиси»

Эътиборли жиҳати, Италиянинг машҳур Gazzetta dello Sport наш­ри Элдор Шомуродов ҳақида яна бир мақола тайёрлаб, унга чиройли сарлавҳа қўйди: «Шомуродов — ўзбек Мессиси». Италия­ликлар чиндан ҳам, «Женоа»дан «Рома»га кўчиб ўтган ҳужумчимиз иқтидорига юқори баҳо беришмоқда. Хусусан, 26 ёшли футболчининг дастлабки ўйинлардан гол ура бошлагани етакчи нашрлар журналистларини ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Эслатма, «Рома» ва Шомуродов ўртасидаги шартнома 2026 йилнинг июнь ойигача мўлжалланган.

Абрамов нима дейди?

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам Элдорнинг ютуқларидан хурсанд. У  «ВсёПроСпорт» журналистига берган интервьюсида Шомуродовнинг «Рома»даги келажагига катта ишонч билдирди: «Шомуродовнинг «Рома» сафига қўшилганидан ҳайрон бўлмадим, зеро, у «Женоа»дек клубда голлар уриб, ўзини кўрсатди. Терма жамоа устози сифатида Генуя клуби ўйинларини томоша қилдим ва бироз ҳайратландим. Яъни жамоа анча заиф эканлигини пайқадим. Элдор эса шу жамоада ўзини кўрсатди - балли. Аслида бу қийин эди, ҳамма ҳам «Женоа»да ўзини кўрсатолмайди. Ҳужумчининг ўйини бошқа футболчиларга боғлиқ, барибир. Зарба нуқтасига олиб чиқишмаса, гол уролмайди. «Рома»да эса гол уриш осонроқ. Роналдуни «Женоа»га олиб ўтинг — «Ювентус»даги самарадорлигини такрорлай олмайди. Шомуродовнинг кетма-кет голлар ураётгани Моуриньо эътиборини тортиши аниқ. Аммо гол ураверсанг ҳам таркибга кирмаслигинг мумкин. Сабаби, ном қозонишга улгурганлар бор. Жеко ёки Жируга мослашиш учун вақт берган бўлишарди. Элдордан эса дарҳол натижа кутилади. Бундай рақобатда ютиб чиқиши фақат футболчининг ўзига боғлиқ. Бунинг учун имкониятлари етарли. Шомуродовда «Рома»дан ҳам кучлироқ клубда ўйнаш салоҳияти бор. У ҳеч кимдан кам эмас. Агар вазиятлар яратишда муаммо бўлмаса, Шомуродовни «Реал» ва «Барселона» каби клубларда ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозир бу фантастикадек туюлар, аммо амалга ошиши мумкин бўлган воқеадир».

«А» серия-2021/2022 старти

«Рома» чемпионатни «Фиорентина»га қарши уй ўйини билан бошлади ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жозе Моуриньо «Олимпико»даги баҳсда Шомуродовни захирада қолдириб, Тэмми Абрахамга имкон берди. Англиялик қимматбаҳо футболчи бунга жавобан 2та голда иштирок этди. Муҳими, ўйинга 69-дақиқада қўшилган ҳамюртимиз ҳам ишончни тўла оқлади. «Бўрилар» 3-голни айнан Элдорнинг дадил олға интилиши ва узатмасидан сўнг нишонлашди. Хуллас, 1-турдаёқ қисқа ўйин вақтига қарамай, самарали ҳаракат...

Шомуродов «Трабзонспор»га Қарши ўйинда (Instat маълумотлари)

Дарвозаси томон зарба - 1та (аниқ)

Узатма - 24та (88 фоиз аниқ)

Кескин «пас» (key passes) - 1та

Қанотдан ҳаво орқали узатма - 1та (аниқ)

Тўп йўқотиш - 10 марта («Рома»да энг ёмон кўрсаткич)

Тўп олиб қўйиш - 1 марта

Тўп учун кураш - 15 марта (27 фоиз самарали)

Ҳужумда кураш - 12 марта (25 фоиз самарали)

Ҳавода тўп учун кураш - 5 марта (40 фоиз самарали)

Дриблинг - 2 марта (самарасиз)

Шомуродов Instat Index бўйича 314 балл тўплади ва бу «Рома» футболчилари учун 4-яхши кўрсаткичдир. Рим клубидан энг юқори балл Николо Заньолога тегишли - 333. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz