Қайднома

Қидирув

Сречко Катанец келди ва кузатув бошланди...

Сречко Катанец келди ва кузатув бошланди...

  24.08.2021 10:10
  0
  392
Сречко Катанец келди ва кузатув бошланди...

Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувини қўлга олиши кутилаётган Сречко Катанец олдин хабар берилганидек, 18 август куни Тошкентга келди. Словениялик мураббийни футбол жамоатчилиги илиқ кутиб олди. Тез орада мураббий ва ЎФА вакиллари якуний музокараларни ўтказишади. Жумладан, Тошкент халқаро аэропортидаёқ ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ОАВ ходимлари ва бир гуруҳ мухлислар Катанецга пешвоз чиқишди.

КУБОК ЎЙИНЛАРИГА ЭЪТИБОР

Сречко Катанец юртимизга келиши билан кузатув ишларига фаол киришди. У жумладан, Ўзбекистон кубоги доирасидаги «Пахтакор» - «Турон» ўйинини стадионда томоша қилиб, миллий жамоага номзод футболчилар ҳаракатини кузатди. Словениялик мутахассис шунинг баробарида «Олимпик» бош мураббийи Темур Кападзе билан юртимиз футболи ҳамда ўйинчилар потенциали хусусида суҳбатлашди, келажакда ўзаро ҳамжиҳат ишлашга келишиб олди. Катанецнинг ёрдамчилари эса Олмалиқда ўтказилган АГМК - «Нефтчи» учрашувини кузатиб боришди.

20 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги доирасидаги 2та ўйин ҳам миллий жамоа вакиллари кузатуви остида ўтди. Хусусан, Катанецнинг ўзи «Бунёдкор» - «Навбаҳор» учрашувига ташриф буюрди. Терма жамоа мураббийлар штабидан жой олиши кутилаётган Равшан Ҳайдаров ва словениялик мутахассиснинг икки ёрдамчиси эса Жиззахда «Сўғдиёна» - «Локомотив» учрашувини бевосита кузатди.

МОҚ ОФИСИГА ТАШРИФ

Сречко Катанец мамлакатимиз спорт инфратузилмаси билан танишиш жараёнида МОҚ офисига ҳам ташриф буюриб, қўмита раҳбарияти билан учрашди. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва қўмита раиси биринчи ўринбосари Равшан Эрматов меҳмонга ўзбек спорти тарихи, яқинда якунига етган Токио-2020 ва бошқа Олимпиада ўйинларида атлетларимиз қайд этган натижалар, истиқболли режалар хусусида маълумот беришди. Мутахассис МОҚ қошида тузилган ва спортчилар учун хизмат қилаётган Республика тиббий илмий-амалий маркази ҳақида ҳам ахборот олди. МОҚ раҳбарияти Катанецни терма жамоамизда кўришдан мамнун бўлиши, яқин вақт давомида кўплаб режаларни ҳамкорликда амалга оширишдан умидворлигини билдириб, унга фаолиятида омад тилади.

«БУНЁДКОР» ВА «ЖАР»ГА САФАР

Катанец ЎФА биринчи вице-президенти ҳамроҳлигида «Бунёдкор» ва «Жар»  стадионларида бўлди. У жумладан, «Бунёдкор» клуби академияси, стадиони ва инфратузилмаси, майдонлар ҳолати, машғулотлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. «Стадионларни кўриб чиқдим. Футбол майдонлари об-ҳаво туфайли унча яхши ҳолатда эмас. Умид қиламанки, келгусида барчаси яхши бўлади. Яқинда ҳаммаси ўзгаради, чунки ўйинчилар алмашади. Ўзбекистонда кимлар борлиги, кимлар хорижда ўйнаётганларини кузатиб борамиз. Олдинги ишлар ортда қолди. Умид қиламанки, Ўзбекистон термасида яхши ишларни амалга ошираман. Қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Энг муҳими, бизга яхши футболчилар керак», - деди Сречко Катанец «Узрепорт» ТВ каналига.

КАТАНЕЦ ШТАБИДА КИМЛАР БОР?

Маълум бўлишича, Сречко Катанец миллий жамоада 2 нафар ёрдамчиси билан иш бошлайди. Шунингдек, мураббийлар штабидан Равшан Ҳайдаров ҳам ўрин олади. Ҳар ҳолда, Катанец бошчилигидаги штабда ўзбекистонлик мутахассис ҳам ишлаши кўзда тутилган ва ЎФА айнан Ҳайдаров номзодини илгари сурган. Эслатма, Равшан Акмалович айни пайт Ўзбекистон U-22 термаси бош мураббийи ҳисобланади. Ҳайдаров ҳозирда Катанецга мураббийлар штабини шакллантиришда яқиндан ёрдам беряпти. Ҳали расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, мураббийлар штаби тубдан янгиланади. Кутилишича, Вадим Абрамов даврида ишлаган шифокорлар, массажчилар ва маъмурлар жойини U-22 термасида Равшан Ҳайдаров билан ҳамкорлик қилган мутахассислар эгалашади. Якшанба ҳолатига кўра, Катанецнинг ЎФА билан расман шартнома тузгани юзасидан хабар берилмаганини ҳам айтиш жоиз. Катта эҳтимолки, словениялик мутахассис ҳужжатларга бугун-эрта имзо чекади, агар бу ишни кеча қилмаган бўлса...

Янги бош мураббийга

Ишониб-ишонмай ўз кўзимизга,

Олис кўринаркан мундиал бизга,

Йўлимиз порласин, қуёш ҳам тегсин,

Сиз ила қалбимизга, дилимизга.

 

Қилинг мухлисларга «музқаймок сайли»,

Кўксига шамол тегсин сиз туфайли,

Биз учун армон бўлган мундиални,

Тўрт йил ҳам ўтади, кутармиз майли.

 

Вадим тоға, оғалари лол қолсин,

Севиб-суйган болалари дам олсин,

Тунлари бедор, йиғлаб тонг оттирган,

Фарҳод Умрзоқ тилидан бол томсин!

Фарҳод УМРЗОҚОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz