Қайднома

Қидирув

Ноўрин андиша - футболимиз душмани

Ноўрин андиша - футболимиз душмани

  26.08.2021 02:32
  0
  594
Ноўрин андиша - футболимиз душмани

Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал газетамиз ва футболимизнинг фидойи мухлиси Маъруфхон Тошкандий билан телефон орқали суҳбатлашдик. Мулоқот жараёнида  Маъруфхоннинг атрофида ишлаётган одамлар товушлари қулоғимизга чалинди. «Қаердасиз? Ишлар авжида, шекилли!» - дедик унга. Маъруфхон мамнун кайфиятда «Янги Ўзбекистон» боғидаги бунёдкорлик ишларида қатнашаётганини айтди ва ўзгача ифтихор билан қўшиб қўйди: «Бу боғ - янги Ўзбекистоннинг рамзи! Улкан орзу ва эзгу мақсадлар шу боғ қурилишида намоён! Ўз-ўзидан аёнки, шу боғ билан баробар футболимиз ҳам янгиланиши керак! Янгиланмаса уят бўлади!» Биз ундан футболимиз янгиланиши учун қандай ишларни амалга ошириш кераклиги хусусида мулоҳазаларини сўрадик. Суҳбатдошимиз эса улуғ байрам арафасида танқидий мулоҳазалар билдиришдан ўзини тийди. Маъруфхонни тўғри тушундик, албатта. Унинг ўрнида аксарият юртдошларимиз ҳам шундай йўл тутишади. Халқимиз кўниккан таомил шундай: гоҳ юз иссиқ деймиз, баъзан бирор танишимиз туфайли андиша қиламиз ёки ичимизда тарихан тарбияланган ўзбекона истиҳола жўш уради. Асрлар бўйи ва кейинги 30 йилда халқимиз шундай яшади, шундай яшашга ўрганди, бошқачароқ ёндашув тасаввурга сиғмайдиган даражага етди. Бошқачароқ ёндашув, футболда ўзгачароқ ўйнаш лозимлиги ҳақида сўз очсангиз, истиҳола ва андиша ёқангиздан олиши одат тусига кирди...

Бу йил ҳам футбол мактабларига қабул қилинган болалар орасида таниш-билиш ва пора бериш орқали кирганлар кўпчиликни ташкил қилишлари - икки карра икки тўртдек гап. Буни исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Дарс ва машғулотлар бошлангач, қайси боланинг имкониятлари қандайлиги маълум бўлиб қолади. Раҳбарлар ва ўқитувчилар, мураббийлар ва бўлажак футболчилар шу жараёнда ҳаммасини билишади. Лекин ҳеч ким «Мана бу бола ўқишда ҳам, машғулотлар жараё­нида ҳам тортолмаяпти, демак, у футбол мактабида таҳсил олишга нолойиқ! Уни имтиҳонлардан ким ўтказган?» - демайди. Чунки ўша болани футбол мактабига ким олиб келганию, киритгани унга маълум. Истиҳола, андиша ва бошқа ноўрин сабабларга кўра, барчага аён ноҳақликлар юзага чиқмайди. Яшаб турган жамиятимиз шундай ноўрин истиҳола ва андишадан қутулмас экан, умумтараққиёт, жумладан, футболимиз ривожи хусусида ўйламасак ҳам бўлаверади. Бундан 10 йиллар муқаддам тест синовлари жараёнида «шпаргалка» ва «сотка»лар орқали абитуриентларни олий ўқув юртига киритиш ҳаддан зиёд кучайганди. Ўша даврда ўқув йили бошлангач, талабалар сафининг ярми билимсиз экани, коррупция орқали ўқишга илингани олий ўқув юрти раҳбарлари, профессор-ўқитувчиларига сир бўлмасди, албатта. Бироқ ҳеч бир раҳбар ёки профессор-ўқитувчи ўша нолойиқ талабаларни ҳайдаш, сессиялар пайти имтиҳондан йиқитиш ҳақида ўйлаб ўтирмасди. Ҳамма ўзини оқимга ташлаганди. Олий ўқув юрти дипломига номуносиб минг-минглаб бўлажак мутахассислар шу тариқа ўқишни якунлашарди. Қисқаси, ҳамма шундоқ кўз ўнгимизда содир бўлаётган ноҳақлик ва адолатсизликларни кўриб, кўрмасликка оларди ўзини.

Жонажон Ўзбекистонимиз мус­тақилликнинг дастлабки 25 йили давомида шундай мантиқсиз воқелик ичида яшади. Халқимизнинг шу мантиқсиз воқеликка чидаши, бардош бериш қийин кечди. Қанча-қанча адолатпарвар кишилар ҳақ сўзни, ҳақиқий ҳолатни рўй-рост айтганлари учун муаммоларга дуч келишди. Футболимиз ҳам шу 25 йил ичида ноўрин истиҳола ва андиша, алдамчи ҳавойилик ва таниш-билишчилик занжири билан ўраб-чирмалди. Афсуски, бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Уста-шогирдчилик анъаналари, касб-ҳунарнинг авлоддан авлодга ўтиши ва тараққий топган ҳолатда давом этиши - халқимиз томонидан алоҳида қадрланадиган, авайланадиган жараён. Буни ҳеч ким инкор этмайди ва ҳар биримиз жараён шундай давом этишини истаймиз. Аммо футболимизда шундай бир тоифа шакл­ландики, унинг катта авлоди ўзида шаклланган ва футбол тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатларни кичик авлодга сингдирмоқда, узатмоқда. Фактлар ўжар бўлади. Сўнгги йилларда нохолис ҳакамлик учун жазоланганлар орасида ўша ғалати тоифанинг янги авлод вакиллари кўзга ташланишаётгани ачинарли ҳол. Футболимиз жамоатчилиги шу ачинарли жараённи кўриб-билиб турибди. Не тонгки кўриб-билиб турса-да, буни очиқ-ойдин айтмаяпти, жараёнга қарши курашмаяпти, курашишга ботинолмаяпти. Негаки, футболимиз ичида яшаётган аксар шундай одамлар шўъро тузуми даврида бирга ўқишган ва вояга етишган. Шу катта авлоднинг даври ўтса-да, ёши улғайса-да, таъсири футболимиздан йўқолмаяпти. Ваҳоланки, футболимиз аслида мана шу авлод тажрибаси орқали тараққиётга эришиши керак. Лекин катта авлод таъсирида футболимизнинг тараққиёт ғилдираги қарама-қарши томонга айланмоқда. Бошқача айтганда, катта авлод таъсирида тарбияланган кичик авлод вакиллари футболимизнинг душмани бўлган «анъана»лардан воз кечишолмаяпти.

Йўқ, ҳакамнинг ўғли ҳакам, футболчининг ўғли футболчи бўлишига қарши эмасмиз. Қонда бўлса яхши-да! Ана, Сайфиддин Эрматовнинг ўғли Равшан Эрматов янги авлод тараққиёт тимсоли бўлиши кераклигини ўз фаолиятида исботлади. Бироқ дейлик, Аскер Нажафалиев бир марта жазоланганидан сўнг нега бундан хулоса чиқармайди?! Узоқ йиллардан буён мустаҳкам занжир ҳалқалари орқали бир-бирига боғланган авлодларга алоқадор бундай мисоллар футболимизда камми?! Кам эмаслиги кўпчиликка аён! Хўш, истиҳола ва андиша туфайли футболимиздаги муаммоларни очиқ-ошкора айтмаслик, «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман», яъни «Камчилигимларимни зинҳор айтма, мен ҳам сенинг бундан ортиқ камчиликларингни биламан» қабилида иш тутиш қачонгача давом этади?! Футболимиз тараққиё­тига тушов мисоли тушаётган занжир ҳалқалари қачон ва қай тариқа узилади? Умуман олганда, футболимизда шаффофликни таъминлаш имконияти мавжудми? Булар - қийин саволлар ва мушкул масала! Аммо индамай ўтириб, жим қараб туриш ҳам ярамайди-ку! Футбол ичи ва атрофидаги ҳар ким ўз йўналиши ва имконияти даражасида аччиқ ҳақиқатларни сўзласа, сўзлайверса, вазият бир кун ўзгариши аниқ! Вазият ўзгармагунича бу йўлда оғишмай давом этишимиз шарт! Футболни яхши кўрсак, соҳа тараққий топишини хоҳласак, шу йўлдан боришга мажбурмиз. Яқинда Мануэль Пеллегрини Испания Ла Лигасида ўйинлар суръати пастлигидан нолиди ва бундан уялишини таъкидлади. Унинг мулоҳазалари билан танишгач, «Шу мураббий ўзбек футболини умри давомида бирор марта кўрмаган бўлса керак!» - деган хулосага келдик.

Суперлига жамоалари мураббийларидан ҳам қачондир шундай мулоҳаза эшитармиканмиз! Ахир Суперлига жамоалари таркибида ҳам аксарият ҳолларда номуносиб легионер ва маҳаллий футболчилар тўп суришмоқда-ку! Ўша номуносибларни мухлислар учрашувлар томошаси давомида ҳақоратлашаётгани, айблашаётгани ҳам бор гап-ку! Нега мураббийларимиз аччиқ ҳақиқатни тан олишмайди, бу каби нохолис йўлни тарк этишолмайди? Ҳаммаси маблағ билан боғлиқми? Йўқ, бундай эмас, бизнингча. Шундай ёздик ва бирдан 3 ойдан буён маош олмаётган «Бунёдкор» футболчилари, 6 нафар ўйинчига маошини бермаётган, аниқроғи, тўлолмаётган «Бухоро» ёдимизга тушди. Футболимизнинг бутун тизими тубдан янгиланмагунча муаммолар занжири узилмайди, чоғи...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz