Қайднома

Қидирув

ЕВРОТУР: Стартдаги сенсациялар

ЕВРОТУР: Стартдаги сенсациялар

  26.08.2021 04:40
  0
  301
ЕВРОТУР: Стартдаги сенсациялар

Топ-чемпионатлар вакиллари учун янги мавсумнинг дастлабки босқичи ўзига хос тарзда ўтмоқда. Бу ҳолат стадионларга қайтиш бахтига мушарраф бўлган мухлислар учун айни муддао бўлгани аниқ. Улар жанговар ва сермаҳсул беллашувларни завқ билан кузатишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўртамиёна, ҳатто дебютант жамоаларнинг старт­даги муваффақиятлари эса, миллионлар ўйинига бўлган қизиқишни янада оширади. Тўғри, трибуналарни афсус билан тарк этаётган ишқибозлар ҳам йўқ эмас.

Англия. «Болғачилар» бешлик бошида

АПЛнинг 2-туридан кейин «Вест Хэм» жадвалнинг 1-поғонасини банд этди. Дэвид Мойес шогирдлари ҳар ўйинда камида 4тадан гол уришни ўзлари учун қатъий режа сифатида қабул қилишган чоғи. Ҳар ҳолда, турдаги бошқа натижалардан хабардор бўлгач, «Лестер» дарвозасини 4 бор ишғол этишди. Тўғри, 1-бўлим охирида «тулкилар» майдонда озчилик бўлиб қолишди. Бироқ бу «болғачилар»нинг йирик муваффақиятига соя сола олмайди.

Турни очиб берган «Ливерпуль» «Энфилд»да «Бёрнли» дарвозасига ҳар бўлимда биттадан гол уриш эвазига навбатдаги ғалабани расмийлаштирди. Якшанба оқшомида «Эмирейтс»­га ташриф буюрган «Челси» айнан шу ҳисобда «Арсенал»ни маҳв этди ва икки тур якунига кўра барча кўрсаткичлар бўйича «Ливерпул»га етиб олди. Ўтган мавсумда бор кучини элитадаги ўрнини сақлаб қолишга сарф­лаган «Брайтон» ўз майдонида «Уотфорд» дарвозасига 2та жавобсиз тўп киритди.

Аввалги турда чемпиондан камтарин (1:0) ҳисобда устун келган «Тоттенхэм» бу турда «Вулверхэмптон»ни шу тарзда доғда қолдирди. «Манчестер Сити» эса «Норвич» дарвозасига 5та гол уриб, стартдаги омадсизлик учун ўз мухлисларидан узр сўради.

Мавсумни йирик ғалаба билан бошлаган «МЮ» Саутгемптонда «Олд Траффорд»даги сермаҳсулликни кўрсата олмади ва аввал ўз дарвозасига, кейин мезбонлар дарвозасига биттадан гол уриб, дурангга имзо чекди.

2-турдан кейин турнир жадвалида ўзига хос вазият юзага келди - етакчи бешликда 100 фоизли натижа, қолоқлар бешлигида - 0.

Яна бир эътиборли жиҳат - «Брайтон». Шунингдек, «Вест Хэм»нинг шиддатли старти ҳам таҳсинга лойиқ.

Испания. Атиги бир дона сермаҳсул... дуранг!

Очиғи, агар янги мавсумнинг қолган турларида ҳам 2-турдаги маҳсулдорлик давом этадиган бўлса, Ла Лига ўз мухлисларидан буткул жудо бўлади. 10 учрашувнинг 6тасида томонлар битимга имзо чекишди, уларда 3та 1:1, 2та 0:0 ва битта 3:3 (чинакам жанговар дуранг) ҳисоблари қайд этилди. 1:1 ҳисобидаги «сулҳ»нинг 2тасида футболчилар пенальти кўмагида гол уришди. Шу боис, 3:3 ҳисоби билан ниҳоясига етган «Леванте» - «Реал» беллашувига тўхталиб ўтишни ўринли, деб топдик.

Мазкур беллашувдаги ҳисобни номдор меҳмонлар очишган бўлсада, майдон эгалари танаффусдан кейинги фаоллик эвазига олдинга ўтиб олишди. Бироқ ўйинни «Реал» халоскори мақомида якунлаган Винисиус Жуниор «дубл»га эришиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Қолган 4та ўйинда ҳозирча ҳеч қайси жамоа етарли қадрлай олмайдиган қимматли 3 очко тақдирини ягона аниқ зарба ҳал қилди. Жумладан, дебютант «Мальорка» «Алавес» дарвозасини 80-дақиқада ишғол этди, «Райо Вальекано»ни қабул қилган «Реал Сосьедад» Оярсабалнинг пенальтидан унумли фойдалангани эвазига дастлабки 3 очкосига эга бўлди. Амалдаги чемпион «Атлетико» эса ўз анъанасини давом эттирган ҳолда ғалаба голини уриб олганидан кейин камтарин «Эльче»ни (ўзини ҳам) ортиқча қийнашни истамади. Душанба оқшомида Мадридга ташриф буюрган «Севилья» эса «Хетафе»нинг жиддий қаршилигига дуч келди ва тўплар нисбатига кўра «Атлетико»дан ўзиб, етакчига айланди.

Германия. Дастлабки турнинг акси

Бундеслиганинг 2-турида старт­даги натижалар инкор этилди. Фақат ягона нурсиз (0:0) дуранг­ни ҳисобга олмаганда, албатта.

Мавсумни йирик ғалаба («Гройтер Фюрт», 5:1) билан бошлаган «Штутгарт» Лейпцигдан йирик, лекин 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди. Айнан шу «Лейпциг»ни маҳв этган «Майнц» эса дебютант «Бохум» майдонида 2та жавобсиз гол ўтказиб юборди. Ўтган турда мақтовларга бурканган «Боруссия Дортмунд» ўз майдонида Германия Суперкубогини «Бавария»га бой берганидан кейин, сафарда ўзи учун қулай рақиб «Фрайбург»га бас кела олмади. Чемпион билан дурангга (1:1) эришган «Боруссия Менхенгладбах» бу турда «Ба­йер»дан 4та жавобсиз гол ўтказиб юборди.

Чемпионатни дебютант «Бо­хум»га қарши ўз майдонида бошлаган ва 4-дақиқада сон жиҳатидан устунликка эришган ҳолда 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан кифояланган «Вольфсбург» бу турда «Герта» майдонида 2:1 ҳисобида зафар қучиб, яққол пешқадам бўлиб олди. Бундеслига гранди хусусида тўхталадиган бўлсак, анчайин қийинчилик билан бўлсада, у «Альянц-Арена»да «Кёльн»ни таслим этди.

Италия. Энди «Рома» мухлисимиз

Ниҳоят, янги мавсумни бошлаган «А» серия вакиллари старт­да юксак сермаҳсулликни қайд этдилар. Яъни, Удинедан 1 очко билан қайтган «Ювентус»ни инобатга олмаганда, қолган барча фаворитлар кутилган ғалабаларни расмийлаштирдилар. Лекин бунга эришиш ҳамма учун осон бўлмади, албатта. Масалан, амалдаги чемпион «Интер» «Женоа»дан 3 очкони тортиб олишда ортиқча муаммоларга дуч келмади. Римнинг икки вакили - «Лацио» сафарда дебютант «Эмполи»дан, «Рома» эса ўз майдонида «Фиорентина» устидан бир хил - 3:1 ҳисобида устун келдилар. Афсуски, захирадан майдонга тушган Элдорга «Рома» либосида «А» сериядаги дебютини гол билан нишонлаш насиб этмади. Лекин Веретунинг иккинчи голига айнан унинг самарали узатмаси сабаб бўлди. Чакки эмас! Қолаверса, мусобақа энди бошланди, олдинда ўйинлар кўп, голлар ҳам бўлади. Муҳими, у мураббий ва мухлислар ишончини оқлай олса, бас.

Туринда «Торино» билан куч синашган «Аталанта» қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида ғалаба келтирган голни амалга оширди. Бошқа бир дебютант «Венеция» эса Неаполда ўз дарвозасидан 2та тўп ўтказиб юборди. «Ювентус» ҳам чемпионатни ғалаба билан бошлашга яқин эди. Лекин танаффусга 2 тўп фарқи билан олдинда йўл олган меҳмонлар иккинчи бўлимда «Удинезе»нинг 2та ҳужумини қайтара олмадилар.

23 августда Генуяда «Сампдория» билан куч синашган «Милан» учрашувни фаоллик билан ўтказган бўлсада, мезбонлар дарвозасини бир марта ишғол этди. Лекин Доннарумма ўрнини эгаллаган Майк Меньяннинг маҳорати эвазига минимал устунликни сақлаб қолди ва сафардан 3 очко билан қайтди. «Кальяри» - «Специя» қарама-қаршилиги 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан ниҳоясига етди.

Франция. Мессисиз ишлар беш! У билан-чи?

Лига 1нинг рисоладагидек ўтган 3-турини якунловчи «Ницца» - «Марсель» учрашувида юз берган оммавий можаро қора доғ бўлди. Майдон эгаларининг 1:0 ҳисобидаги устунлигида ниҳоясига яқинлашаётган ўйиннинг 75-дақиқасида мезбонлар мухлислари трибунасидан улоқтирилган пластик идишларнинг бири Димитри Пайетнинг бошига тегди. Бу ҳурматсизлик меҳмонларнинг ҳамиятига тегиб, улар буюмларни трибунага улоқтира бошладилар. Натижада мухлислар майдонга ёпирилдилар ва «Марсель» ўйинчилари билан муштлаша бошладилар. Жанжалга Хорхе Сампаоли ҳам қўшилишга интилди, аммо касбдошлари уни ушлаб қолишди. Ўйин шу тариқа тўхтаб қолди. 1,5 соатли танаффусдан кейин «Ницца» вакиллари майдонга қайтишди, меҳмонлар эса қайтмадилар. Лига раҳбарияти ва шаҳар маъмурлари учрашувни давом эттиришга рухсат беришган бўлсада, ўйин тўхтаганича қолаверди. Ўйин тақдирини интизом қўмитаси ҳал қиладиган бўлди.

Турнинг бошқа беллашувларига қайтсак, «ПСЖ» Неймар ва Мессининг иштирокисиз ғалабали серияни давом эттирди. Бу гал пойтахт клуби сафарда «Брест»ни мағлубиятга учратди ва яққол пешқадамга айланди. «Лилль» эса чемпионга хос ўйинини топа олмаяпти. Сент-Этьендаги сафар учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди. Ўз майдонида «Клермон»ни қабул қилган «Лион» 80-дақиқагача 3:1 ҳисобида олдинда бориб, қолган вақтда 2та гол ўтказиб юборди ва ғалабани бой берди. «Монако» ўз майдонида «Ланс»дан 2та жавобсиз тўп ўтказиб юборди. Бордода битимга имзо чеккан «Анже» ўз ўрнини «ПСЖ»га бўшатиб берди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz