Қайднома

Қидирув

Йиқилиш ва парвоз оралиғи...

Йиқилиш ва парвоз оралиғи...

  27.08.2021 04:54
  0
  627
Йиқилиш ва парвоз оралиғи...

НИГЕРИЯ ФУТБОЛИНИНГ АЖОЙИБ САҲИФАСИ. Нигерияликлар Атланта-96 Олимпиадасида олтин медални қандай қўлга киритишганди? Нигерия миллий жамоаси футболчилари 1994 йили АҚШ мундиалидан ортга жаҳон миқёсида тан олинган қаҳрамонлар мақомида қайтишади. Уларнинг айримлари яна 2 йилдан кейин «ука»ларига қўшилиб, яна Америка қитъасига қадам қў­йишади, бу вақтда жаҳон футболи «супербургут» парвозини унутишга ҳам улгурганди...

***

1996 йил. Олимпиада футболи. Нигерияликлар тугул, бошқалар ҳам бразилиялик Роналдони қандай тўхтатишни асло билмасди. Зеро, ёш «сўйлоқ» ҳар қандай бақувват ҳимоячидан хотиржам ўтиб кетарди, ҳаттоки, энг кучли мудофаа вакилини ҳам мутлақо ишсиз қолдирарди. Роналдо шунчаки, хавфли ҳужумчи эмасди, балки бутун олдинги чизиқни назорат қилиб, бир неча футболчи ишини ёлғиз ўзи бажарарди. Тўхтанг, бу ҳали ҳаммаси эмас, Бразилия олимпия термаси сафида яна Дида, Алдаир, Роберто Карлос каби бўлажак юлдузлар, Бебетодек етилган ижрочилар жамланишган эди. Бу йигитлар ҳар қандай рақиб кўнглига ғулғула солишарди, айниқса, ҳимоячиларга нисбатан шафқатсиз ўйнаб, орқа чизиқни шунчаки, «яксон» қилишарди. Ёш «супербургутлар» гуруҳ босқичида шундай иқтидорларга эга жамоа билан тўқнаш келади.

***

Гуруҳ босқичи. 3-тур ўйини. 30-дақиқа. 21 ёшли Сандей Олисе бразилиялик тўп афсунгарини тўхтатишга уринади, лекин у биргина ҳаракат билан рақибини ерга «юмалатиб», Олимпиада-96даги навбатдаги голини уради. О, Роналдо! Умуман олганда, Африка жамоаси «селесао» олимпия дружинаси олдида заифгина болакайдек кўринарди. Ўша куни африкаликлар айниқса, ҳимояланишда жуда-жуда қийналишади. Улар тезкор бразилияликни фақат қўполлик эвазигагина тўхтатиш уддасидан чиқишади. Шунга қарамай, ўйинда бошқа гол урилмайди ва ёш «супербургутлар» минимал ҳисобда ютқазишгани туфайли, яъни тўплар нисбатидаги яхшироқ натижа ортидан «плей-офф» раундига йўл олишади.

***

Олимпиада-96нинг «ҳаёт-мамот» ўйинлари бошланган вақтда ҳам нигерияликлар нимадандир қаттиқ умидвор бўлмагандирлар... Уларга ҳеч ким ортиқча эътибор қаратмаганди. Зеро, бутун дунё ҳам эркаклар, ҳам аёллар йўналишида олтин медаль Бразилияга кетишига шубҳа қилмаган, миллионлаб нигоҳлар тўпни санъаткорона ўйнатадиган Роналдо ва унинг жамоа­дошларида эди. Шунингдек, мухлислар иқтидорли йигитлардан ташкил топган Аргентина ва Португалия олимпиячиларидан ҳам кўп нарса кутишганди. Нигерия термаси? Бундай жамоалар олдида ҳеч ким Африка вакили ҳақида ўйламаган ҳам. Тўғри, кимлардир қаерлардадир нигерияликларнинг ўта камбағал эканликлари, ҳаттоки, футбол жамоасини АҚШга жўнатиш ҳам муаммо бўлганию, мамлакат спортчилари Атлантада автобус чиптасига ўз ҳисобларидан пул тўлашганини гапиришган... Қолаверса, меҳмонхонада «ОИТС ҳақидаги ҳикоялар» таъсирида жамоа либосларини ювиб беришдан бош тортишганди. «Нуқул бир-биримиз билан жанжаллашардик, - дея эслайди дарвозабон Жозеф Досу. - Кимдир ўз-ўзидан 1-2 кун ғойиб бўларди, бирдан қайтиб келарди, худди айни ўша вақт «Интер» билан шартномасини муҳокама қилган Нванкво Кану каби. Дейлик, Тижани Бабангида ҳам «Аякс» билан шартнома тузиш учун Европага кетган ва ортга қайтганди».

***

Умуман, Нигерия терма жамоа­си икки лагерга бўлинганди. Нав­батдаги жанжалдан сўнг ҳаттоки, баъзи футболчилар ресторанда гуруҳдаги рақиб Венгрия термаси вакиллари билан бирга овқатланишгача боришади. Камига нидерландиялик бош мураббий Йоханнес Бонфрере маош тўланмагани туфайли жамоани ташлаб кетишга қарор қилади. У фақат айрим футболчиларнинг ўртага тушиб, ялинишларидан кейингина фикрини ўзгартиришга мажбур бўлади. Қарангки, бежиз эмас экан. Ваҳоланки, Бразилия термасига қарши кечган гуруҳ ўйини ҳаммаси бефойда эканлигини кўрсатганди. Ҳар ҳолда, африкаликлар 0:1 ҳисобидагина енгилган бўлсаларда, уларнинг ўйинларида алоҳида жиҳат кўзга ташганган эмасди. Аммо «ношуд» жамоа тўплар нисбати бўйича ке­йинги раундга сакрайди ва...

***

«Плей-офф» раундлари бошлангач эса, Нигерия термаси бирданига тезлик олади қаердандир. Зеро, жамоа таркибидан аслида кўплаб ёш истеъдодлар ва бўлажак сардорлар жой олишганди. Кейинчалик ойдинлашдики, Йоханнес Бонфрере билибми-билмай, Нигерия футболининг чин «олтин авлоди»ни йиққан экан. Айтиш жоиз, ўша 1996 йили «олтин авлод» атамаси футболда ҳали муомалага кирган эмасди. Қаранг, Жей-Жей Окоча, Тарибо Уэст, Селестин Бабаяро, Сандей Олисе ва Нванкво Кану - булар кейинчалик ҳеч бир жабҳада мегаюлдузлардан қолишмаганлар.

***

Чорак финал. Рақиб - Мексика олимпия термасида беназир Кватемок Бланко бор эди, аммо унинг бир ўзи бақувват нигерияликларга қарши нима ҳам қила оларди? Жей-Жей Окоча бутун ўйин давомида Европа клублари скаутлар унга бежиз тикилиб туришмагани исботлайди ва техник жиҳатдан мукаммал тўп суриб, 20-дақиқада гол муаллифига ҳам айланади. Кейин Селестин Бабая­ро ўзини кўрсатади. Шу билан Нигерия олимпиячиларига боғлиқ барча драмалар унутилади - Виктор Икпеба жамоа автобуси ҳайдовчиси бўлгани ҳам, Нванкво Канунинг фақат ва фақат «Интер» ҳақида ўйлагани ҳам.

***

Ниҳоят, ярим финал ва яна Бразилия термаси билан олишув. Такрорий баҳсда нигерияликларнинг қисқа вақт оралиғида футбол оламига чинакам сенсация тайёрлашга улгуришгани кўзга ташланади. Аслида бразилияликлар тезкор гол эвазига ҳисобда яна олдинда чиқиб олишади ва ҳамма учрашув фаворит фойдасига ҳал бўлишига шубҳа қилмайди. Умуман, «селесао» агар ўйин бошидаёқ гол урмаганида ҳам, яққол фаворит саналарди, ҳар доимгидек. Чунончи, аввалги босқичда Гана термаси дарвозасига 2та гол урган Роналдо даҳшатли тезлик олганди. Хуллас, Флавио Консейсао 1-дақиқадаёқ нигерияликлар дарвозасини ишғол қилганида, якун та­йиндек кўринади. Аммо нигерияликларда бу сафар таслим бўлиш кайфияти умуман йўқ эди. Улар фақат олдинга интилишади ва вазиятлардан бирида ҳали етарли тажриба тўплашга улгурмаган Роберто Карлос автогол муаллифи бўлиб қолади. Бироқ танаффусга қадар Бебето ва яна Флавио барчасини ўз ўрнига тушириб қўйишади - 3:1. Бу финал чиптасини кафолатлайдиган ҳисобдек туюлгани - айни ҳақиқат. Лекин «супербургутлар» танаффусдан кейин кураш даражасини янада оширишади. Шу тариқа учрашувнинг асосий вақти тугашига атиги 12 дақиқа қолган паллада вақтинчалик автобус ҳайдовчиси ва жамоа ҳужумчиси Виктор Икпеба ҳисобни қисқартиради, кейин Нванкво Кану мувозанатни тиклайди. Ҳаммаси қўшимча бўлимларга кўчган паллада яна шу Кану «олтин гол» муаллифи бўлиб, бразилияликлар учун хайр­лашув мусиқасини чалади. Олимпиада-96нинг бош сенсацияси! 

***

Финал. Нигерияликлар ҳал қилувчи баҳсга чин қаҳрамонлардек киришадилар. Лекин рақиб анойи эмасди - ярим ҳимоясида Диего Симеонедек енгилмас кучга эга Аргентина термаси. Умуман олганда, аргентиналиклар ЖЧ-94да «супербургутлар» билан тўқнаш келишганди (қизиғи, кейинги 3та мундиалда ҳам Аргентина - Нигерия ўйини кузатилади). Финалда ярим финал сценайрийси такрорланади: нигерияликлар тезкор гол қабул қилишади, кейин Селестин Бабаяро ҳисобни тенглаштиради, шундан сўнг Эрнан Креспо иккинчи бўлим бошида пенальтидан фойдаланади - 1:2. Бонфрере шу жойда аввалги ўйинда бўлгани каби захира кучларига мурожаат қилиб, Уилсон Орума ва Эммануэль Амуникени жангга ташлайди. Бу сафар финал ҳуштаги янграшига 16 дақиқа қолган вақтда Даниэль Амокачи тўпни дарвозабон Пабло Кабалье­ро устидан ошириб, тўрга туширади. Аргентиналикларга айнан иккинчи марта ҳисобдаги устунликни қўлдан чиқаришгани салбий таъсир этадими, якунда уларнинг чарчаб қолишгани яққол сезилади. Натижада 90-дақиқада Эммануэль Амунике жарима зарбасини мукаммал ижроси ўлароқ, ғалаба голини нишонлайди. Аргентиналиклар ўшанда тўп дарвозага кирмасидан олдин ҳакамга эътироз билдиришган, аммо тарих аллақачон битилганди - Нигерия термаси олимпия чемпиони!

Нигерия термаси Олимпиада-96да

 

Гуруҳ босқичи. 1-тур

НИГЕРИЯ - ВЕНГРИЯ - 1:0 (1:0)

Гол: Нванкво Кану (44).

Гуруҳ босқичи. 2-тур

НИГЕРИЯ - ЯПОНИЯ - 2:0 (0:0)

Голлар: Тижани Бабангида (82), Жей-Жей Окоча (90-пен.).

Гуруҳ босқичи. 3-тур

БРАЗИЛИЯ - НИГЕРИЯ - 1:0 (1:0)

Гол: Роналдо (30).

«Плей-офф». Чорак финал.

МЕКСИКА - НИГЕРИЯ - 0:2 (0:1)

Голлар: Жей-Жей Окоча (20), Селестин Бабаяро (84).

«Плей-офф». Ярим финал.

НИГЕРИЯ - БРАЗИЛИЯ - 4:3 (1:3, 2:0, 1:0-«олтин гол»гача)

Голлар: Роберто Карлос (20-авт.), Виктор Икпеба (78), Нванкво Кану (90, 94) - Флавио Консейсао (1, 38), Бебето (28).

«Плей-офф». Финал.

НИГЕРИЯ - АРГЕНТИНА - 3:2 (1:1)

Голлар: Селестин Бабаяро (28), Даниэль Амокачи (74), Эммануэль Амунике (90) - Клаудио Лопес (3), Эрнан Креспо (50-пен.).

Олимпиада-96нинг

энг яхши тўпурарлари

 

Эрнан Креспо (Аргентина) - 6та

Бебето (Бразилия) - 5та

Роналдо (Бразилия) - 4та

Нванкво Кану (Нигерия) - 3та...

 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz