Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: АПЛ клублари кимларга тегишли?

Футбол ва бизнес: АПЛ клублари кимларга тегишли?

  28.08.2021 09:59
  0
  392
Футбол ва бизнес: АПЛ клублари кимларга тегишли?

ЕВРОПАНИНГ КУЧЛИ 5та ЛИГАСИДА ЎЙНАЙДИГАН 98та КЛУБ СОҲИБЛАРИГА НАЗАР. Инвестицион банкирлар, шайхлар, кинопродюсерлар ва миллиардерлар ворислари - замонавий футболнинг энг сара клублари шундай одамларга тегишли. Суперлига ғояси атрофидаги лекин қисқа, ўта даҳшатли норозиликлар пайти бир гап қулоққа тез-тез чалинди: «Футболни камбағаллар яратган, бойлар эса ўғирлаган». Ҳа, стадионлар яқинида тўпланиб, норозилик билдирганлар эҳтимолки, ҳис-туйғуларга берилгандирлар, лекин йилдан йилга топ-лигалар клублари тобора дунёнинг турли бурчакларидаги миллиардерлар, корпорациялар ёки қандайдир жамғармалар мулкига айланаётгани ҳам ҳақиқат. Sports.ru сайти умумий ҳолатни тасвирлаш учун Европанинг кучли 5та лигаси (АПЛ, Ла Лига, «А» серия, Бундеслига ва Лига 1) клублари кимларга тегишли эканлигини кўриб чиқди. Биз эса аввало, АПЛ иштирокчилари соҳиблари билан танишамиз...

Баъзи бойлар учун футбол клуби чиндан ҳам, қимматбаҳо ўйинчоқ мақомидадир. Лекин тан олиш керак, бинойидек жамоага эга бўлиш - бу бизнес доирасида алоқа ўрнатиш манбаи. Яна айримлар бу ишга жонажон шаҳарлари ва маҳаллий жамоага муҳаббат ўлароқ, қўл уришган. Дейлик, Европа клубларининг энг бой соҳиби Франсуа Пино шунчаки, ўзи туғилиб-улғайган Ренн шаҳри жамоасини қўллаб-қувватлаш учун пул сарфламоқда. Нима бўлишидан қатъий назар, аксарият клуб хўжайинлари катта бизнесмен сифатида бу ишга максимал даромад келтирадиган лойиҳадек қарашади. Бу шуни англатадики, футбол чиндан ҳам, тобора тижоратга айланиб бормоқда.

Тушунарлики, АПЛ ўзининг улкан теледаромади билан рақобатдан мутлақо холи. Қолаверса, Анг­лияда мулкчиликнинг тарихий тамойиллари ҳам мавжуд. Мисол учун, Испаниянинг баъзи клублари ва Германиянинг аксарият жамоалари ҳамон мухлисларга тегишли, тўғри, хусусий сармоядорлар Ла Лига ва Бундеслигага ҳам тобора дадил кириб боришмоқда. Мамлакатлардан қатъий назар, клублар эгалари ва топ-менежерларни бирлаштирадиган ягона жиҳат - бу уларнинг ўртача ёши. Ҳозирда футбол нафақа ёшига яқинлашганлар қўлида. Дейлик, Англия, Италия ва Испания клубларида ривож­ланиш стратегиясини белгилайдиган хўжайинларнинг ўртача ёши 58-60га тенг. Францияда бу кўрсаткич бироз пастроқ (55 ёш), Германияда эса баландроқ (65 ёш). Қолган барчасида етарлича фарқ бор.

Энди фақат АПЛдаги соҳибларга қарасак, битта факт яққол кўзга ташланади - Буюк британия­лик сармоядорларнинг маҳаллий клублар тепасида кўриш йўқолиб кетиш хавфи остида турган лавҳа. Яқин орада уларнинг сони янада камайса, ҳеч ким ортиқча ажабланмайди. Айни ҳолатда АПЛ­нинг 20та клубидан атиги 6таси инглизларга тегишли. Бироқ йилдан-йилга маҳаллий соҳиблар четга сурилмоқдалар. Зеро, бугун Англия клуби - жозибадор сармоя манбаи. Хорижлик миллиардерларни ҳаттоки, АПЛдан пастки дивизион иштирокчилари ҳам етарлича қизиқтирмоқда. Дейлик, Покистоннинг энг бой одами Шаҳид Хон «Фулхэм» соҳиби ҳисобланса, малайзиялик миллиардер Тони Фернандес «КПР»­нинг асосий улушига эгалик қилмоқда. Шунингдек, америкалик магнат Чен Ли яқинда камтарин «Барнсли» соҳибига айланди. Бу тўлиқ рўйхат эмас - қуйи дивизионларда хорижлик сармоядорлар сафи анча кенг.

АПЛдан эса британияликларни янада тезроқ «сиқиб» чиқаришмоқда. «Ньюкасл» хўжайини Майк Эшли клубни анчадан буён саудияликларга сотиш ҳаракатида, «Вест Хэм»нинг магнат Дэвид Салливан ихтиёридан чиқиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам сира тинмаяпти. Анъанавий кучли олтиликни олсак, фақат 1та клуб Британия фуқаросига тегишли - бу «Тоттенхэм». Бироқ унинг асосий хўжайини, 1992 йили инглиз фунти қиймати пасайишига пул тикиб, биржада миллиардлаб фойда олган Жо Льюис жамоа ишларига асло аралашмайди. У ҳаммасини кичик ҳамкори - Даниэль Левига топшириб қўйган. «Тоттенхэм» президенти сифатида фаолият юритаётган Левининг айтишича, Льюис яқин орада клубни сотишни ўйлаётгани йўқ. Лекин катта эҳтимолки, катта таклиф унинг фикрини ўзгартиради. Ўз клубларидан айрилишни режалаштирмаётган британиялик яна икки хўжайин - «Брайтон»ни молиялаштираётган Тони Блум ва «Брентфорд»ни юқорига кўтарган Меттью Бэнам. Улар бошқа соҳиблардан яққол ажралиб туришади. Ҳар иккиси букмекер бизнесидан чиққан. Энг қизиғи, Блум 20 йил олдин Premier Bet компаниясида Бэнам раҳбари бўлган.

Умуман, АПЛ клубларининг асосий харидорлари - АҚШ вакиллари. Америкалик бизнесменлар АПЛнинг 25 фоизини қамраб олишган. Яъни 5та клуб айнан уларга тегишли. Эътиборли томони, АПЛга бош суққан деярли барча америкаликлар профессионал молиячи ҳисобланишади.

Д.АЛИМОВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz