Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Сёмин бутун Европада иккинчи!

Мураббийлар: Сёмин бутун Европада иккинчи!

  28.08.2021 11:11
  0
  389
Мураббийлар: Сёмин бутун Европада иккинчи!

Валерий Карпин бор эътиборини Россия миллий жамоасига қаратиш учун «Ростов»даги ишидан воз кечди ва рус футболининг тиниб-тинчимас қарияси Юрий Павлович Сёмин катта ўйинга қайтди. Хуллас, 3 йилча олдин РПЛда чемпионлик нашидасини сурган тажрибали мураббий энди «Ростов»ни совринлар сари етаклашга уриниб кўради. Асосий фактга эътибор қаратинг: Юрий Сёмин ёш бобида айни пайт еврофутболда фаолият юритаётган атиги бир нафар ҳамкасбидан орқада, холос. Gol.ru сайти шу баҳона энг кучли лигалар клублари ва қитъанинг барча терма жамоа­лари мураббийларига назар солиб, улардан энг ёши катта 20 нафарини ажратиб кўрсатди.

Юрий Павлович Сёмин - бутун даврлар силсиласига бевосита, иш жараёнида гувоҳ бўлган қария мураббий. У ҳозир 74 ёшда! Россия футболида элит лига клублари раҳбарлари камдан-кам ҳолда бундай катта ёшли мураббийга ишонч билдиришади. Қизиқ, 74 ёш замонавий футболнинг мураббийлик йўналиши учун ноёб ҳодисами ёки меъёр? Умуман, еврофутболда ёши улуғ мураббийларнинг сафи қанчалик кенг ва улар асосан қайси мамлакатларда ишлашади? Қайси жамоалар кўпни кўрган қария мутахассислар тажрибасига кўпроқ таяниб иш кўришга мойил? Европада рейтинг бў­йича кучли 8таликка кирувчи миллий лигаларда фаолият юритаётган барча бош мураббийларга назар солсак, соф нафақа ёшидаги мутахассислар, яъни олтмишни ҳатлаб ўтганлар атиги 10 нафар. Мавзуни тўлиқ ёритиш учун УЕФА таркибидаги барча миллий жамоалар бош мураббийларига ҳам қараш керак. Бинобарин, тенденцияга кўра, иш жараёнининг ўзига хос хусусиятлари туфайли (ўйинлар сони камроқ, танаффуслар кўпроқ) айнан мамлакатлар бош жамоалари ёши «ўтган» мураббийларга тез-тез мурожаат қилади. Ҳар ҳолда, умумтушунчага мувофиқ, кекса мураббий клуб футболидаги айни тезликка унча тортмайди.

Демак, энди Европа футболидаги энг ёши катта 20 нафар мураббий рейтингига нигоҳ ташлаймиз. Ўз ўрнида изоҳ: Украина чемпионатида фаолият юритаётган 76 ёшли Мирча Луческу нега бу рейтингдан четда қолди? Саволнинг жавоби оддий: рўйхатга фақат юқори даража (савияси баланд лигалар)да ишлаётган  катта ёшли мураббийлар киритилди. Қисқаси, таҳлил учун Европанинг ҳаммага таниш кучли 5та чемпионати, шунингдек, ке­йинги ўринларда турувчи Португалия, Нидерландия ҳамда Россия элит дивизионлари олинди. Бунга қўшимча равишда барча миллий жамоалар мураббийларига ҳам эътибор қаратилди. Чунончи, терма жамоалар футболи - алоҳида дунё. Бунда даража ёки савияга ёпишиш унча тўғри эмас. Оддий ифода этганда, мақсад - ёши катта мураббийларнинг кучли рақобатда ўзларини қандай намоён этишларини баҳолаш.

Қариялар рейтингига кирган 10 нафар клуб мураббийининг охирги мавсумда қандай натижа қайд этганига қараш ҳам қизиқ, албатта. Фақат элит дивизионларни олсак, энг яхши натижа Жорже Жезуш ва Жан Пьеро Гасперинига тегишли - 3-ўрин.

Юрий Сёмин - «Ростов»да энди иш бошлади

Мануэль Пеллегрини - Ла Лигада «Бетис» билан 6-ўрин

Фабрицио Кастори - «В» серияда «Салернитана» билан 2-ўрин (дарвоқе, Кастори «В» серияда 500та ўйин маррасидан ошган, бу рекорддир)

Аурелио Андреацолли - «Эмполи»да энди иш бошлади

Жорже Жезуш - Примерода «Бенфика» билан 3-ўрин

Марсело Бьелса - АПЛда «Лидс» билан 9-ўрин

Жан Пьеро Гасперини - «А» серияда «Аталанта» билан 3-ўрин

Лучано Спаллетти - «Наполи»да энди иш бошлади

Маурицио Сарри - «Лацио»да энди иш бошлади

Карло Анчелотти - «Реал»да энди иш бошлади

Таҳлил бўйича асосий фактлар

***    Умумтушунча тасдиқланди - рўйхатга кирган мураббийларнинг ярми миллий жамоаларда ишламоқда. Тўғри, қариялар асосан «кичик» термаларни бошқаришмоқда. Аниқроғи, Евро-2020да муваффақиятсизликка учраган ((Туркия) ёки қитъа биринчилигидан четда қолган (Озарбайжон, Гибралтар, Сан-Марино ва бошқалар) жамоаларда.

***    74 ёшли Сёмин ҳозирги еврофутбол учун чиндан ҳам, ноёб мураббий. Мисол учун, ундан кейинги ўринда қайд этилган мураббий нақ 4 ёш кичик. Қолаверса, Сёмин ортига жойлашган 4 нафар энг ёши катта мураббий миллий жамоалар билан банд.

***    Юрий Сёминдан олдинда турган Эдоардо Рея ким? У - фаолияти давомида ўз юртининг ўнлаб ўртамиёна клубларини бошқарган италиялик мураббий. Рея асосан жорий асрнинг иккинчи ўн йиллигида «Лацио» ва «Аталанта»даги иши билан назарга тушди. У шунингдек, янги аср бошида «Наполи» ҳаётида ҳам ёрқин из қолдирган. Яъни Неаполь клубини таназзулдан кейин қўйи лигалардан юқорига кўтарган. Албания термаси бошқарувини эса, мураббийлик ишида юзага келган 3 йиллик таътилдан кейин қўлга олди. Диққат қилинг, Эдоардо Рея Албания миллий жамоасининг охирги 20та ўйинида 44 нафар футболчидан фойдаланди ва ҳозирда тезликни анча оширди. Ҳар ҳолда, албанлар итальян раҳбарлигида сўнгги 10та ўйиндан атиги 2тасида имкониятни бой беришди, холос.

***    Франция, Германия ва Нидерландия чемпионатларида айни пайт қария мураббийларга умуман эҳтиёж йўқ.

****   20 нафар энг кекса мураббий қаторида янги иш бошлаганлар етарли - Юрий Сёминдан ташқари, Нидерландия терма жамоаси бошқарувини қайта қўлга олган Луи ван Гал ва яна 4 нафар мутахассис.

***        20 нафар энг қария мураббийдан 9 нафари италиялик!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz