Қайднома

Қидирув

«Бенфика» ҳаммадан самаралироқ

«Бенфика» ҳаммадан самаралироқ

  29.08.2021 03:30
  0
  241
«Бенфика» ҳаммадан самаралироқ

«Португалия азалдан футбол оламини юксак савияли ўйинчилар билан таъминлаб келмоқда. Лигамиз қитъада етакчи бўлишга қодир эмас. Бунинг учун қимматбаҳо телеҳуқуқлар, клубларнинг катта бюджетга эга бўлишлари, ёш иқтидорларни харид қилиш учун топ-лигалардаги каби қудратли сармоялар талаб этилади. Клубларимиз фақат академиядан савияли футболчилар келганларида юксак натижаларга эришишлари мумкин. Шундай шароитга кўникишга мажбурмиз», деганди «Бенфика» академиясининг раҳбари Педру Миль-Хоменш ESPNга берган интервьюсида.

Мазкур эътироф нима учун «Бенфика» Европа ва Жанубий Америкадаги болакайлар учун севимли гўшага айланганига изоҳ бўлади. Бўлажак юлдузлар кўп ҳолларда ўз тенгдошларидан заифроқ бўладилар - маҳоратларини ошириб олишлари учун бу ерда барча шароитлар яратилган.

«Бенфика» академиясида 470 нафар тарбияланувчи таҳсил олади. Уларни 6-13 ёшда бўлган даврларида қабул қилишади.

«Биз бошқалар ҳис эта олмаган жиҳатларни кўрамиз. Муваффақиятларимизнинг сири - ким улғайганидан кейин катта футболда самарали тўп сура олишини олдиндан аниқлай олишимизда», - деганди академиянинг техник директори Родригу Магальеш.

Бу эътирофда эса бир оз такаббурлик ва ўзини овоза қилиш аломати бор. Бироқ у яна қандайдир ижобий жиҳатларни кашф этиш ва уларни муайян ўйин услуби манфаати йўлида йўқотиб қўймасликни ҳам назарда тутади. «Кичик ёшдаги гуруҳларда натижаларга урғу берилмайди. Болалар ўзларини эркин ҳис этишлари, завқ билан тўп сурган ҳолда қийинчиликларни енгишни ўрганишлари лозим», - дейди техник директор Педру Маркеш.

Ҳар қайси гуруҳ мураббийи тарбиланувчиларнинг техник маҳоратидан тортиб овқатланишигача бўлган барча хусусиятларни инобатга олган ривожланиш дастурини ишлаб чиқади. У 3 ойга мўлжалланган бўлиб, август-октябрь, ноябрь-январь ва февраль-апрель ойларини ўз ичига олади. Мураббийлар шу даврлар учун вазифаларни белгилаб, натижаларни ҳар 12 ҳафта якунида муҳокама қиладилар.

«Бернарду Силва 9-13 ёшли пайтида ажойиб ўйинчи эди. 14-16 ёшида эса тенгдошларидан ортда қолди. Жоау Фелиш ва Силванинг очилишини кутишимизга тўғри келди. Уларнинг жисмоний ҳолати талаб даражасида эмасди, аммо ўйинни тушуниш ва қарор қабул қилишда, маҳорат бобида олдинда эдилар. Вазифамиз - шунақа ўйинчиларга жисмонан жадалроқ ривожланишни таъминлайдиган шароит яратиш. Шунда улар юксак парвозни намойиш этадилар», - дейди Магальеш.

Жисмоний қуввати заифроқ болакайларни кичик ёшдаги гуруҳларга олишади. Бу уларга техник маҳоратни ошириш эвазига гуруҳдошларидан ортда қолмаслик имконини беради. Бақувват болалар эса аксинча, каттароқ болалар гуруҳидан жой оладилар. «Бенфика» ва Португалия терма жамоасининг бўлажак юлдузлари кўпинча академиядаги таҳсил йилларида бошқалардан нимжонроқ бўлишади. Бунга «Сити» ҳимоячиси Рубен Диаш мисол бўла олади.

«Бенфика»га келган пайтида Рубен ўртамиёна ўйинчи эди. Техникаси талаб даражасида, аммо ундан ортиқ эмас. Барчасига у ўзининг меҳнатсеварлиги туфайли эришди. Диашнинг 11 ёшгача бўлган «Эшторил»да «Бенфика»га қарши қандай ўйнаганини ўзим кўрганман. У майдондаги қўмондон эди. Барча жамоадошларига кўрсатма берадиган ҳам, ҳимоя чизиғини шакллантирган ҳам у эди. Рубенни бу ерга етакчилик хислати ва муомала маданияти олиб келганди», - дея давом этди Магальеш.

13 ёшдан бошлаб академия тарбияланувчилари ҳафтасига 7 соатни машғулот билан ўтказадилар, қўшимчасига яна 90-120 дақиқани махсус 360S мосламаси ёрдамида жисмоний, техник тайёргарликдаги камчиликларини бартараф этишга сарфлайдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, агар ёш футболчилар кўпроқ ўйлаб, шошмасдан ҳаракат қилсалар, мослама уларни жазолайди: майдончага бир вақтнинг ўзида 2та тўпни ташлайди. Агар улар яхши ишлаётган бўлсалар, тўпни ўз устларидан оширган ҳолда зарба йўллашни машқ қилишга рухсат берилади.

«Жараённинг бир қисми - якка тартибдаги машқлар, болалар ўз натижаларини кўриб, аввалги кўрсаткичлари билан таққослайдилар. Шунингдек, устозлари ва экспертларнинг хулосалари билан танишадилар. Биз қайсидир машққа ёпишиб олмаймиз, лозим бўлса, ўзимиз янги машқларни ўйлаб топамиз. Шу тариқа болалар учун қизиқарли бўлган жараён шаклланади», - дейди Benfica Lab ва 360S мосламасининг мутахассиси Нуну Маурисиу.

13 ёшгача болалар 4,3,3 схемасида тўп суришади, кейин бошқа тактик услублар билан танишадилар. Бу катта футболга осонроқ мослашишларига ёрдам беради.

«Ўйинчилардан юксак натижаларни олиш учун, уларнинг ишончларини қозониш лозим. Ҳар бир ҳаракат нима эканлиги ва нима учун қилинишини улар билишлари шарт. Бу болалар билан ёшлигидан бошлаб шуғулланганим учун, кимга қандай таъсир кўрсатишни яхши биламан. Биз якка тартибда кўп ишлаймиз, танқидларимиз асосли эканлигини исботлаш учун, видеолавҳалардан фойдаланамиз. Фақат шундай пухта ёндашув таъсирида улар масъулиятни ҳис этадиган, жамоа учун бор куч,маҳоратини сарфлайдиган фидойи ўйинчиларга айланадилар», - дейди U-15 гуруҳининг раҳбари Луис Насименту.

«Биз уларга ўйинни ҳис этиш ва тўғри қарор қабул қилишни ўргатишимиз керак. Доимо битта схемада ўйнаш хато. Агар футболчининг клуби ёки мураббийи ўзгарса, нима қилишини билмай қолади. Академиямиз битирувчиларини Хосеп Гвардиола шу фазилатлари туфайли яхши кўрса керак, деб ўйлайман»,- бу U-19 жамоаси устози Луис Араужунинг эътирофи.

«Манчестер Сити»нинг 2020-21йиллар мавсумидаги чемпионлик таркибидан «Бенфика» академиясининг 4 нафар битирувчилари жой олишган: Рубен Диаш, Бернарду Силва, Жоау Конселу ва Эдерсон. Уларнинг 2 нафари клуб сотувларининг етакчи учлигида.

«2006 йилда ташкил этилган Benfica Campus академияси ҳозирга қадар клубга 500 млн. евро манфаат келтирди. Йиллик бюджетимиз 10-12 млн. евро. Сармоямиз самарали бўлди. Ҳозирда соф фойда 250 млн. евро», - дейди академия раҳбари Хиль-Хоменш.

Айнан тарбияланувчиларга тўғри тарбия бериш «Бенфика»га трансфер бобида жаҳоннинг энг самарали клуби унвонини тақдим этди. Даромад борасида (15 йилда 1,2 млрд. евро) у Европада тенгсиз («Челси» ва «Ювентус»никидан бир оз юқори).

Трансфер сальдоси (Қ604,75 млн.) бўйича яққол етакчи. Бу кўрсаткич «Порту»да 485,34га, «Аякс»да 392,33 ва «Лилль»да 340,18 млн.га тенг.

«Бенфика» сотувда ҳаммадан илғор, лекин трансферларсиз пул ишлашни ҳам билади.

Ўйинчилар тарбияси клуб стратегиясининг асоси эканлигини «Бенфика»дагилар яширмайдилар, трансферларсиз унинг бюджети камтарин кўриниш олади. Мўъжазгина Португалия (10 млн. аҳолиси бор) ҳеч қачон иқтисодий жиҳатдан Германия ёки Буюк Британияга тенглаша олмайди. Унинг ички чемпионати эса Бундеслига ёки АПЛга.

«Топ-чемпионатлар вакиллари телеҳуқуқлардан катта даромад оладилар, бошқа даромад манбаларини топиш эҳтиёжидан мосуволар. АПЛ ёки Ла-Лиганинг охирги жамоалари медиаҳуқуқлар эвазига биздан 3 бараварга кўпроқ даромад олишади. Бозорнинг табиати шунақа, биз бошқа йўлларни қидиришга мажбурмиз, - дейди «Бенфика» ижрочи директори Домингуш Соареш де Оливейра. - Бизни нотўғри мамлакатдаги тўғри клуб сифатида таърифлашади. Португалия хусусида салбий фикр билдира олмайман. Шунчаки, мўъжаз мамлакат. Шу тараққиёт сиёсатини Англия ёки Испанияда қўллаганимизда, фантастик натижаларга эришган бўлардик».

«Бенфика» бошқа жамоалардан айро ҳолатда фаолият юритмоқда. 2013 йилда у ўз учрашувлари телеҳуқуни сотишдан бош тортиб, ўз телеканалини очди. Асосий ва ёшлар жамоалари ўйинларини томоша қилиш ҳуқуқини фақат ашаддий фанатлар харид қилганликлари ўз-ўзидан тушунарли. Шу боис, дастлабки мавсумда телеканал волейбол, гандбол, баскетбол, Греция, Бразилия ва МЛС чемпионатлари, АПЛ беллашувларини ҳам намойиш этди.

2013-14 йиллар мавсуми охирида обуначилар сони 300 000дан (10 евро) ошди. Натижада даромад 28 млн. еврога яқинлашди. 2016 йилда унинг ҳажми икки бараварга кўпайди.

«Аввал телеҳуқуқлар учун 7,5 млн. олардик. Энди у 40 млн.га кўтарилди. Демак, ҳуқуқлар баҳоси бизга берилган ҳақдан анча қимматроқ эканлиги маълум бўлди», - дейди де Оливейра.

Ўтган йил январида «Бенфика» клуб ОТТ-платформасини жорий этди. Обуна ҳақи ойига 2-3 еврони ташкил этади.

«Яқин келажакда контент даромадларимизнинг асосий манбаига айланади. Мухлис ва томошабинлар ўта қизиқарли ўйинларни томоша қилишни истайдилар. Шу боис, ноёб контент учун пулларини аямайдилар», - дея мулоқотга якун ясади клуб ижрочи директори.

Бу тадбир йирик даромадларга кафиллик бера олмайди. Бироқ нима бўлганда ҳам, унинг трансферларга алоқадор эмаслиги аниқ.
****
Суратда: «Бенфика» академиясининг кўплаб тарбияланувчилари Европа клубларида ўз ўринларига эгалар. Мисол учун, Бернарду Силва, Ренату Санчеш, Виктор Линделёф ва Эдерсон ҳозирда Англия премь­ер-лигасида ўйнашмоқда.

Д.АЛИМОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz