Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Брайан Родригес вояга етди!

Вундеркиндлар: Брайан Родригес вояга етди!

  29.08.2021 06:36
  0
  288
Вундеркиндлар: Брайан Родригес вояга етди!

2016 йил. Брайан Родригес «Пеньярол» сафига қўшилди. Орадан кўп ўтмай, йигитчани Монтевидео клубига чорлаган Уругвай футболи афсонаси Хосе Пердомо унга нисбатан locura («жиннича») иборасини ишлатди. «15 ёшли болакайнинг бошида ракета бордек. Уни кўрсангиз, ақлдан озган йигитдек таассурот уйғотади», - деди «Ла Селесте» сафида 1987 йил Америка кубогини ютган ва Италия мундиали-90да бинойидек иштирок этган собиқ ярим ҳимоячи. Родригес кейинчалик MLS қатнашчиси «Лос-Анжелес» клуби сафидан жой олди ва америкалик мухлислар клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланган мексикаликка янги лақаб ёпиштиришди: «Райито» («Кичик чақмоқ»). Биринчи лақаби унинг ўзгарувчан характерига ишора эди, иккинчисига эса, тезкорлиги, эпчиллиги, исталган қанотда рақибларни қийнаб қўйиши ва гол уриш қобилияти уйғунлашган «электромобил» ўйини асос бўлди.

Янги етук футболчи кўзга ташланиши билан Уругвай миллий жамоаси бош мураббийи Оскар Табарес назарига тушди. Қария мутахассис Брайан Родригесга 2019 йили бош жамоада дебют қилиш имконини берди ва ЖЧ-2022 саралаш босқичида унинг асосий таркибдан жой олиши хусусида гапирди. Футболчининг ўзи эса FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбатда мураккаб йўли ҳақида алоҳида тўхталди: «Биринчидан, Транкерасдан Монтевидеога кўчиб ўтишда анча қийналдим. Чунки кичик шаҳарчада улғайганман, жуда нотинч болакай бўлган эканман. 5 ёшимда ўзимни ёмон тута бошлаганимда, ўқитувчим ота-онам билан гаплашиб, бироз энергия сарфлашим учун мени футбол тўгарагига беришни тавсия этган. Кейин бирдан дангаса ўқувчига айланиб қолдим. Шунинг учунми,  профессионал футболчига хос ҳаётнинг оғир шароитларига мослашишда анча қийналдим. 17 ёшда олий дивизионда дебют қилдим, катталар жамоасига тўфондай ёпирилиб кирдим. Клуб мени олиб, хато қилмаганди. Бироқ кескин ўзгариш ўлароқ, кўп нарсаларни бошдан кечирдим. Ҳаммасига бирдан кўникишга қодир эмасдим. Яхшиямки, айрим жамоадошларим мен  билан суҳбатлашиш асносида тўғри йўлга солишди, ўсишимга ёрдам беришди».

20 май куни 21 ёшга тўлган уругвайлик иқтидор бир неча йил давомида Уругвайнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Бироқ Брайан U-20 белгиси остидаги Жанубий Америка чемпионати-2019дан четда қолди. Бу унга бир томондан ижобий таъсир этди: «Пеньярол»да яққол ўсишга эришди, қисқа вақтда 2та гол ва 4та самарали узатма қайд этиб, Апертура биринчилигида энг яхши ёш футболчи мақомини олди. Родригес шу тариқа Польша мезбонлик қилган U-20 тоифасидаги ЖЧда Уругвай термаси сафига бўлишга ҳақли эканлигини исботлади. «Ла Селесте» кичик мундиалда 1Ғ16 финалга чиқди, Родригес эса 4та ўйинда 2та гол ва 1та самарали узатма муаллифига айланди. Қисқаси, у турнирнинг энг яхши футболчилари қаторига қўшилди. «Жанубий Америка чемпионатидан четда қолиш натижасида юзага келган умидсизлик ўрнини мамлакат футболи учун энг муҳим воқеа ҳисобланган жаҳон чемпионатидаги иштирок қоплади», - деди Брайан Польшадан қайтгач. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, иқтидорли футболчи MLS вакили «Лос-Анжелес» либосини кийди. Яна бир катта ўзгариш, аммо унинг айтишича, буниси унча оғирлик қилмади: «Бу вақтда шахсий руҳшунос мураббий билан ишлай бошлагандим. У ҳамиша ёнимда туриб, ҳозирги даражага чиқишим, бошқа мамлакат, яна Лос-Анжелесдек йирик шаҳарга тезда мослашиб, ўзгача маданият вакиллари билан бемалол ўйнаб кетишимга катта ёрдам берди».

Родригес маълум муваффақиятларга эришгач, Оскар Табарес уни 2019 йилнинг август ойида Коста-Рика ва АҚШ термаларига қарши кечган ўртоқлик ўйинларига чақирди. Брайан эса асосий жамоага чорлов олганидан бироз ҳайратратди ҳам: «Ўша куни энди уйдан чиқиб, машғулотларга йўл олгандим, маҳбубам кутилмаганда, Уругвай миллий жамоаси таркиби рўйхатини SMS шаклида юборди. Унда исм-фамилиямни кўриб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билолмай қолдим! Рўйхат билан танишар эканман, ўз исмимни кўришни асло хаёлимга ҳам келтирмагандим, рости. Бундай ёшда миллий жамоада ўйнаш ҳақида ҳаттоки, ўйламаганман. Лос-Анжелесда узоқ турмадим ва терма жамоа ихтиёрига шошилдим. Бунга қадар унинг йиғинида қатнашган эмасдим. Шунинг учунми, турли хаёлларга берилдим, кейин ўзимга таскин бердим: «Олдин борайчи,  бир гап бўлар».Брайанни ҳайратга солган кўплаб футболчилар билан кийиниш хонасида бирга бўлиш истиқболи ҳам уни дадиллаштирди. «Коста-Рикага тушликдан олдин етиб бордим, кийиниш учун юқорига кўтарилдим, аммо кейин пастга тушишни истамадим! Мураббий ёрдамчиларидан бирини мени олиб келиш учун юборди ва уни кўрганимда, ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўшанда ниҳоятда хурсанд эдим, лекин роса асабийлашдим ҳам».Қарангки, Родригес майдонда ўзини жуда эркин ҳис қилди, ҳар икки ўйинни бошланғич таркибда бошлади ва АҚШ термаси билан баҳсда миллий жамоадаги голлари ҳисобини ҳам очди. Ўшанда чап қанотдан жарима майдони ичига ёриб ўтиб, йўл-йўлакай ҳимоячини ортда қолдирган ҳолда, чап оёғи билан қайтарилмас зарба йўллаганди.

Брайан ўша йилнинг октябрь ойида, навбатдаги ФИФА кунлари миллий   жамоа сафидаги иккинчи голини нишонлади, яна чап томондан юриш, фақат ўнг оёқда зарба. Орадан бир ой ўтгач, йигитча яна бир орзусини амалга оширди: Луис Суарес ва Эдинсон Кавани билан учрашди, Венгрия термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида ҳужумда уларга шериклик қилди. Қолаверса, миллий жамоадаги учинчи голини айнан Луис Суарес узатмасидан сўнг урди: «Ўз кумирларинг билан ўйнаш нақадар роҳат эканлигини таърифлолмайман. Ўйнаш жуда осон! Улар майдондан ташқарида бошқалар каби оддий инсонлар. Бундан ташқари, Суарес мени PlayStation ўйинида мағлуб этди ва ақлдан оздирди». Табарес ҳам янги ҳужумчини кўкларга кўтариб юборди: «Ҳақиқатан ҳам, оғир имтиҳонлардан ўтган, ўзлигини қайта кашф этган ва янги чорловларга тайёрлигини намойиш этадиган футболчига ишонаман. Брайан ўзига берилган имкониятдан ортиғи билан фойдаланди. Бизда бундай суръатга эга, ҳал қилувчи паллаларда ҳар икки оёғи билан бирдек зарба берадиган футболчи йўқ эди». Шундай экан, Брайаннинг жаҳон чемпионати-2022 саралашидан ўрин олган Чили (2:1) ва Эквадор (2:4) термаларига қарши ўйинларни асосий таркибда бошлагани ажабланарли эмас. «Бу ўйинлар кутилганидек, оғир кечди. Монтевидеода Эквадор термасини енгсак, бу жамоани Китода ҳам мағлуб этамиз, деб ўйлагандим. Аммо у ерга боргач, ҳаммаси бутунлай бошқача эканлигини тушундик», - дейди Родригес Китодаги омадсизлик ҳақида.

Уругвайликлар кейинчалик Колумбияда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди, аммо Родригес бу муваффақиятли учрашувда иштирок этмади. Бразилияликларга 0:2 ҳисобида бой берилган баҳсда эса, захирадан майдонга тушди. Уругвай термаси айни пайт КОНМЕБОЛ миқёсидаги саралаш турнири жадвалида 5-ўрин («плей-офф» ҳудуди)ни эгаллаб турибди: «Ҳали анча юқорига кўтарилишдан умидвормиз, албатта. Лекин умумий баҳо берганда, ҳозирги ҳолатимиз ҳам ёмон эмас. Дейлик, доим «бошоғриқ» бўладиган Чили термасини енгдик, қолаверса, колумбияликларни Барранкильяда мағлуб этдик. Жанубий Америкадаги саралаш ўйинлари шафқатсиз ва биз учун ҳам осон бўлмаслиги тайин».

Саралаш босқичининг кейинги ўйинларига кўп вақт қолмади, Родригес бу вақтда зиммасига юклатилаётган вазифани мамнуният билан қабул қилмоқда: «Мамлакатмиз анча кичик, аммо футбол жиҳатидан жуда каттамиз. Яхши ишлаётганимиз учун юксак натижаларни кутмоқдамиз. Аммо ўзимни ҳеч кимдан устун қўймасликни афзал кўраман». Родригес терма жамоа ўйинларигача бор эътиборини клубдаги ишларига қаратди. Унинг орзуси эса, ўз-ўзидан тайин - 2022 йили Қатарга бориш: «Сўнгги мундиалда жамоамиз таркибида кўплаб ёш футболчилар ўйнашди. Тушуниб турибманки, йигитларимизда кейинги катта қадамни ташлаш имконияти катта, жумладан, менда ҳам. Айнан шу нарса жиддий ишлашда давом этишимга мотивация беради. Ўз олдимга шундай мақсад ва режалар қўйдим. Ҳаммаси қатъий».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz