Қайднома

Қидирув

Тони Крооснинг кетиши йўқотишми ёки...?

Тони Крооснинг кетиши йўқотишми ёки...?

  31.08.2021 02:32
  0
  301
Тони Крооснинг кетиши йўқотишми ёки...?

ФУТБОЛДА 25та СОВРИН ЮТГАН ЎЙИНЧИ ТАН­ҚИДЛАР ОСТИДА. Германия миллий жамоасини Йоахим Лёвдан қабул қилиб олган Ханс-Дитер Флик янги лавозимдаги дебютини сентябрь ойида, ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Лихтенштейн термасига қарши ўйинда нишонлайди. У ўз юришини бундестимнинг узоқ йиллик сардорисиз бошлашга мажбур - 31 ёшли Тони Кроос Евро-2020дан кейин халқаро фаолиятига нуқта қўйди. Аслида у Бразилия мундиалидан кейиноқ кетишга чоғланган, фақат Лёв қистови билан қолганди. Sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи Германияда Тони Кроосга нисбатан шаклланган ноўрин муносабат ҳақида.

***

Тони Кроос Евро-2020 арафасида ўша қарорини эсга олди: «2014 йили турмуш ўртоғимга агар Бразилияда чемпионликка эришсак, терма жамоа билан хайрлашиш ҳақида ваъда бергандим. 2018 йили яна шундай ҳолат юзага келди. Бироқ кетишга жазм этолмадим. Миллий жамоада яна 1та соврин ютиш истаги кучлилик қилди». Ханс-Дитер Флик энди Кроосни қолишга кўндирмоқчи эмас: «Тони умрининг 10 йилидан кўпроғини терма жамоага бағишлади, бу ёғига клубдаги фаолияти ва оиласига кўпроқ эътибор қаратиши керак. Аслида у билан ҳамкорлик қилиш ёқимли, бироқ қарорига ҳурмат билан ёндашишимиз шарт».Крооснинг ўзи қарори қатъийлиги ва уни ўзгартирмаслигини таъкидлади. Эътиборлиси, Тони бундестимда катта роль бажарганига қарамай, Евро-2020даги муваффақиятсизликдан сўнг энг кўп танқид айнан унга қаратилди. Нега? Гап шундаки, Тони охирги 7 йилда бундестимнинг деярли барча муҳим ўйинларида қатнашди, аммо самарали ҳаракати жуда оз бўлди. Ваҳоланки, Тони миллий жамоа сафида 6та йирик турнир (3тадан жаҳон ва Европа чемпионати)да қатнашди, жами 106та ўйинда ҳайратланарли даражада барқарорлик кўрсатди. Оддий айтганда, ўта ёрқин нур сочмади, лекин бутун фаолиятида паст савияли иштирок ҳам кузатилмади. Ҳа, ЖЧ-2018да Швеция термаси дарвозасига урган голи - ёрқин вазият. Бироқ футболчининг ўзи ўша турнирни эслашни истамайди. 

Кроос ҳамиша муҳим ўйинчи мақомида майдонга тушган бўлсада, айнан бир маромда тўп суриши билан сояда қолди. Лекин факт шуки, бу даврда асосий узатмачи ролини бажарди, жамоанинг қандай ўйнашини белгилаб берди. Қисқаси, бундестим (айниқса, Лёв даврининг сўнгги босқичида) Тони Кроос услубида тўп сурди: ишонч­ли, лекин эҳтиёткор. У одатда ўйинни 3та узатмагача олдиндан ҳис этиб, ҳужум ривожи учун самарали йўлни танларди. Четдан қараганда, Тонининг ҳаракатлари ўта жўн кўринади - тўпни энг яқин шеригига узатади. Бироқ унинг асосий «фишка»си ҳам шу оддийликдир. Тони яна узатмаларни қабул қилишда 90 фоиз аниқ ҳаракатланиб, ҳужумни давом эттирарди. Ўзи кенг кўламли вазифалар билан банд футболчида ёрқин юлдуз мақомига кўтарилиш имконияти оз бўлади. Кроос фантастик ўйин ёки натижа қайд этган пайт ҳам мухлислар эътибори бошқа футболчиларга қаратиларди. Дейлик, ЖЧ-2014 ярим финалида 69 сонияда 2та гол уриб, бутун турнир тарихидаги энг тезкор «дубль» муаллифига айланганида ҳам, мухлислар ўша ўйинда рақиб дарвозасини нишонга олган ва якунда энг яхши тўпурар мақомига эришган Томас Мюллерни мақташганди.

***

Тони майдон ташқарисида ҳам деярли кўзга ташланмасди. Терма жамоа аъзолари автобусда рэпни ташланганида, у жимгина севимли рок-гуруҳи қўшиқларини тингларди. Кроос яна ифлос бутсада майдонга тушишни ёқтирмас, уни доимо ярақлагунича эринмай тозаларди. Флик учун Крооснинг йўқлиги - улкан йўқотиш. Лекин Германияда савияли ярим ҳимоялар етарли. Хусусан, Жошуа Киммих - Кроос ўрнига асосий номзод. Аммо бундестимнинг майдон марказида тажрибали стратегдан айрилгани - айни ҳақиқат. Тони рақиблардан тўпни тортиб олишни ҳам жойига қўярди (Евро-2020да бу борада 18та самарали уриниш билан Марко Верратти, Рафаэль Варан ва Маттейс де Лигт даражасида ўйнади). Энди унинг майдондаги юмушларини Леон Горецка (ҳужумкор комбинациялар тайёрлаш ва амалга ошириш) ва Киммих (тўпни тортиб олиш ва назорат қилиш) бажаришлари мумкин. Бу йигитлар Тонидан 5 ёш кичиклар.

Крооснинг ўзи ҳам Киммихни терма жамоанинг бўлажак мияси сифатида эътироф этганди. Умуман, Кроос - немислар учун алоҳида шахс. Кимдир уни Франц Беккенбауэрга қиёслайди, бош­қа биров баҳоси ошириб юборилган футболчи ўрнида кўради. Тонини танқид қилувчилар асосан унинг эҳтиёткор ўйини ва 3-5 метр масофага йўналтириладиган кўндаланг узатмаларидан нолийдилар. Немис футболида бундай узатмаларга нисбатан Querpass атамаси ишлатилади. Кроос миллий жамоада айнан шундай узатмалар талаб этиладиган позицияда ўйнади. Футболчи шу тариқа ўйин суръатини бошқариб, позицион ҳужум тайёрларди. Бироқ кўп ҳолларда унинг ҳаракатига ўйин натижаси асосида баҳо берилган. Яъни Германия термаси ғалаба қозонса, Тони юқори баҳо олган, ютқазиб қўйса, шўрлик футболчини Querpass - Toni лақаби билан «сийлашган». Хусусан, Евро-2020дан сўнг германиялик таниқли экспертлар (жумладан, Ули Хёнесс ва Лотар Маттеус) Кроос ҳаракатида ҳеч қандай тактик қиймат йўқлигини таъкидлашди, уни ўйинни секинлаштирадиган тежамкор ярим ҳимоячи сифатида танқид остига олишди. «Европа чемпионати Кроос жамоани олға етаклай олмаслигини кўрсатди. Бизга унинг иштиёқсизлиги, ёниб ўйнамаслиги ва вертикал узатмалари озлиги халал берди. Ҳа, узатмаларини кузатиш ёқимли, ҳаммаси худди соч турмагидек ихчам, аммо самарасиз...», -  деди Маттеус Sport Bild нашрига берган интервьюсида. Тони эса барча танқидчиларга ўз ўрнида жавоб берди: «Назаримда, терма жамоа шарафини 11 йил ҳимоя қилган бўлсам ҳам, кўпчилик майдонда қандай вазифани адо этганимни тўлиқ тушуниб етмагандек. Шунга қарамай, ҳамма, жумладан, танқидчиларга ҳам миннатдорчилик изҳор этаман. Улар ҳамиша кучли мотивация беришди». Кроосга яна бир эътироз (буниси мухлисга тегишли): «Баҳоси бутунлай ошириб юборилган футболчи. Тўп билан 200 марта муомала қилган бўлса, 190тасида уни орт­га ёки ўзидан 3-5 метр нарида турган шеригига узатди. Шу ўйин учун йилига 20 млн. беришадими?» Тонининг бунга кинояли жавоби: «Иш ҳақи ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Қолган барча жиҳатларда, сен ҳақсан. Хайр­ли Рождество».

***

Sport1 сўрови (50000 иштирокчи) натижаларига эътибор қаратинг: 43 фоиз овоз берувчи Тонини миллий жамоа тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири сифатида эътироф этди. 27 фоиз иштирокчи эса у 15 нафар етакчи футболчи орасидан жой олишга муносиб эмаслигини билдирди. 13 фоиз мухлис фикрича, Тонининг баҳоси ошириб юборилган, 8 фоиз киши хулосасига кўра, у клубида ҳам, бундестимда ҳам талаб даражасида ўйнамаган. Яъни салбий баҳонинг салмоғи каттароқ. Кроос сўнгги йилларда рисоладагидек ўйин кўрсатган бўлса ҳам, ёқимсиз лақабдан қутулгани йўқ. Дейлик, ўтган мавсум узатмалар сони бўйича Ла Лига етакчилари қаторига кирди. Хусусан, «Ливерпул»га қарши ЧЛ чорак финали ўйинида Винисиус Жуниорни 50 метр масофадан самарали узатма билан таъминлади. Евро-2020 гуруҳ босқичида эса  бу кўрсаткич бўйича яққол етакчи бўлди: Тони Кроос -  66та узатма; Дейли Блинд - 48та узатма, Антонио Рюдигер - 39та узатма, Пьер-Эмиль Хейбьерг - 38та узатма, Поль Погба - 34та узатма. Бироқ бундестим 1/8 финалда омадсизликка учради. «Крооснинг услуби аллақачон ўтмишга айланди. Бошқа жамоаларга қаранг - ҳамма фақат олдинга қараб ўйнайди, бизда эса нуқул кўндаланг узатма. Қўрқоқлар футболи...» - бу Ули Хёнесснинг даъвоси. Тонининг футболда 25та соврин ютганини назарда тутсак, танқидларни тушуниш янада қийинлашади. У жамоанинг охирги йиллардаги деярли барча зафарларида асосий ижрочи сифатида гавдаланган. Энг қизиғи, Германиядан фарқли ўлароқ, Испанияда ҳеч ким унинг юксак савиясига шубҳаланмаган. Масалан, Зайниддин Зидан ҳамиша Тонининг ижобий жиҳатларини эътироф этарди: «Кроосда ёмон куннинг ўзи бўлмайди. У мудом нафис ва самарали ўйнайди». Серхио Рамоснинг эътирофи ҳам эътиборга молик: «Германия термаси 106та учрашувда шунчалик ғайриодатий футболчи хизматидан фойдаланиш бахтига мушарраф бўлди. Сенга ўхшаганлар футболда саноқли, Антонио. Шубҳасиз, № 1».

***

Кроосга фақат битта эътироз бор - 31 ёшли футболчи қанақасига ўз юртида бўлиб ўтадиган Евро-2024да қатнашиб, қўлга киритолмаган совринига эришиш имкониятидан воз кечди? Тонининг жавоби тайёр: «Футболдан аввалгидек завқланяпман. Лекин сентябрда саралаш ўйинлари учун терма жамоа ихтиёрига боришим лозимлиги, октябрь ва ноябрда бу ишни такрорлашим ҳақида ўйласам... Очиғи, шу кунларда йиғин эмас, бошқа жойда бўлишни истайман. Оиласидан олисда бошқаларга нисбатан кўпроқ юрган, бундан азият чекканлар тоифасиданман. Энди бўш вақтни рафиқам ва болаларимга бағишлашим керак».Йоахим Лёв бундестимдаги фаолиятида жамоа фалсафасини ўзгартириб юборди, ЖЧда ғолиб чиқди. Бу ишни Тони Крооснинг фаол иштирокида амалга оширганини унутмаслик керак.

Содиқ СОБИР  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz