Қайднома

Қидирув

Ракурс: Мураббийлар ҳалқаси: Ван Гаал - Адвокаат - Хиддинк...

Ракурс: Мураббийлар ҳалқаси: Ван Гаал - Адвокаат - Хиддинк...

  02.09.2021 10:10
  0
  295
Ракурс: Мураббийлар ҳалқаси: Ван Гаал - Адвокаат - Хиддинк...

30 йилки, Нидерландия футболида мураббийларнинг алоҳида чархпалаги айланмоқда: миллий жамоа асосан Луи ван Гал, Дик Адвокаат ва Гус Хиддинк ўртасида қўлма-қўл бўлмоқда. «Лоларанглар» Евро-2020 1/8 финалида Чехия термасига ютқазиб, турнирдан эрта чиқиб кетишди ва мамлакат футболи мутасаддилари яна машҳур мураббийлар ҳалқасига қайтишни лозим топишди. Оддий айтганда, Нидерландия миллий жамоа­си бошқаруви 8 август куни 70 ёшини қаршилаган афсонавий Луи ван Галга топширилди. У ҳисоб бўйича учинчи марта бош мураббий лавозимига тайинланди. Жаноб ЛВГнинг бу галги шартномаси Қатар-2022 мундиали якунига қадар мўлжалланган. Ван Галга мураббийлар штабида Денни Блинд, Хенк Фрейзер ва Франк Хук (дарвозабонлар мутахассиси) ёрдам беришади. Энди охирги 30 йилда айланаётган мураббийлар чархпалаги ёки ҳалқасига эътибор қаратинг: бу даврда Нидерландия термасини қисқа танаффуслар билан асосан 3 нафар мутахассис бошқарди Луи ван Гал, Гус Хиддинк ва Дик Адвокаат. Қаранг, меҳнат фаолиятига неча марталаб нуқта қўйган мутахассислар... Оддий мисол, Адвокаатнинг бир ўзи нақ 7 марта (!) нафақага чиққанини расман эълон қилди, аммо у ҳамон катта футболда. Охирги марта май ойида «кетган» мутахассис яқиндагина фикридан яна қайтиб, Ироқ миллий жамоаси бошқарувини қўлга олди. Энди 1992 йилдан буён Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи лавозимида қандай ўзгаришлар бўлганига қаранг: Адвокаатнинг уч даври, ван Галнинг уч даври, Хиддинкнинг икки даври... Қойилмисиз? «Учар голландлар» фақат 2004-2012 йиллар оралиғида машҳур триосиз олдинга қадам босишга уринишди, холос... Хўш, мураббийларнинг ушбу «узилмас» ҳалқаси миллий жамоада қандай каромат кўрсатдики, унинг аъзоларига ишонч шу қадар катта?

Дик АДВОКААТ

Бу мутахассис 1984 йилдан буён Нидерландия миллий жамоаси штабида 3 бора ассистент ролини бажарди ва яна шунча марта бевосита бош мураббий ваколатини қўлга олди. Дик Адвокаат мустақил бошқарувга биринчи марта 1992 йили киришди. Ўшанда у Нидерландия термасини Евро-92 ярим финалига олиб чиққан Ринус Михелс ўрнини эгаллаганди. Орадан 2 йил ўтиб, «учар голландлар» Адвокаат етакчилигида ЖЧ-94га боришди ва турнир чорак финалида бўлажак чемпион - Бразилия термасига йўл бўшатишди. Адвокаатнинг жамоага биринчи қайтиши 2002 йилнинг январь ойи­га тўғри келди. Асосийси, голланд­лар бу сафар ҳам чакки кўринмадилар - Евро-2004да 3-ўрин (Адвокаат жамоаси ярим финалда мезбон - Португалия термасига 1:2 ҳисобида ютқазганди). Бироқ ижобий натижага қарамай, Адвокаатни роса танқин остига олишди. Жумладан, мураббий гуруҳ босқичида Чехия термасига ют­қазилган ўйин (2:3) туфайли «бало»га учради: нидерландлар зерикарли футбол кўрсатишган, боз устига, Арьен Роббен бемаврид захирага олинган эди. 2017 йилнинг июнь ойида Адвокат терма жамоага охирги (балки охиргиси ҳам эмасдир) марта қайтди, аммо самарасиз. Яъни нидерландлар Дик бобо раҳбарлигида кутилмаганда, ЖЧ-2018дан четда қолишди. Шу тариқа мураббий ўша йилнинг ноябрь ойида истеъфога чиқарилди.

Факт. Дик Адвокаат Нидерландия миллий жамоаси тарихида энг кўп ғалаба таъминлаган бош мураббийдир - унинг бошқа­рувидаги 37та ўйин ижобий натижа билан якунланган.

 

Гус ХИДДИНК

Мураббий Хиддинк ва Нидерландия термаси ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилнинг январь ойида старт олди. У Евро-96 пайти ишга ўта қаттиққўллик билан ёндашиши туфайли назарга тушди. Дейлик, жамоа етакчиларидан бири Эдгар Давидс билан можарога бориб, уни муддатидан олдин ортга қайтариб юборди. Хиддинк кейинги йирик турнир - ЖЧ-98да голланд­ларни ярим финалгача олға бошлади, фақат унинг шогирдлари ҳал қилувчи баҳс йўлида бразилияликларга пенальтилар серияси бўйича ютқазиб қўйишди. Гус «Иванович»­нинг миллий жамоадаги иккинчи даври унча муваффақиятли бўлмади: 2014 йилнинг августида бошқарувни қўлга олган мураббий Евро-2016 саралаши стартида Чехия ва Исландия термаларига қарши кечган оддий ўйинларда мағлубиятни тан олди. Оқибатда истеъфо ўзини узоқ куттиргани йўқ - 2015 йилнинг июнида мураббийга жавоб берилди.

Факт. Гус Хиддинк ҳам Нидерландия термасида учинчи даврини бошдан ўтказиши мумкин эди, бироқ у бундай имкониятдан фойдалангани йўқ. Яъни таклифга рад жавоби берди.

 

Луи ван ГАЛ

ЛВГ Нидерландия терма жамоа­сидаги юришини Евро-2000дан ке­йин бошлади. У биринчи уринишида Франк Райкаард ўрнини эгаллаганди, лекин жамоани Ж.Корея/Япония майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига олиб чиқолмади. «Лоларанглар»нинг ҳаттоки, саралашнинг «плей-офф» бос­қичига чиқолмаганлари раҳбариятни бефарқ қолдирмади - истеъфо. Бироқ мамлакат футболи мутахассислари 2012 йилнинг август ойида ван Галга қайта мурожаат этишди. У бу сафар Евро-2012да ижобий натижа таъминлай олмаган Берт ван Марвейк жойида иш бошлади. ЛВГ иккинчи юришини жамоа таркибини кескин ёшартириш билан бошлади ва бу самара ҳам берди: янгиланган терма жамоа жаҳон чемпионати саралашида дуч келган рақибга сабоқ берди (10та ўйинда 9та ғалаба). «Лоларанглар» ЖЧ-2014 финал раундида ҳам бинойидек тўп суриб, якунда бронза медалини қўлга киритишди. Бироқ ван Гал Бразилия мундиалидан кейин жамоа билан хайр­лашди ва 2019 йилнинг март ойида нафақага чиққанини расман эълон қилди. Чунончи, у «МЮ»дан кетгач, 2016 йилдан буён ишламаётганди. Қарангки, қария мутахассис бирдан яна жангга киришишни хоҳлаб қолди ёхуд шундай имкониятдан юз ўгиролмади.

Факт. Луи ван Гал орада нақ 5 йил ҳеч қаерда ишлагани йўқ. Асосий сабаб шуки, у турмуш ўртоғига Нидерландиядан ташқарига чиқмаслик, ҳамиша ёнида бўлиш тўғрисида сўз берган экан.

М. ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz