Қайднома

Қидирув

Шахс юксаклиги - Ватан истиқлоли ва футбол истиқболига муносиблик

Шахс юксаклиги - Ватан истиқлоли ва футбол истиқболига муносиблик

  03.09.2021 02:52
  0
  224
Шахс юксаклиги - Ватан истиқлоли ва футбол истиқболига муносиблик

30 АВГУСТ - Қатағон қурбонларини ёд олиш куни, 1 СЕНТЯБРЬ - истиқлол шодиёнаси! Маҳзунлик ва масрурлик ёнма-ён ҳар биримизнинг кўнглимизда. Футболимиздаги иллатлар борасида жуда кўп танқидий мулоҳазалар билдирдик ва очиғи, бундан кейин ҳам шу позицияда турамиз. Зеро, танқид -тараққиёт кафолати. Юзакилик ва ҳавойилик, аслида амалга оширилмаган ишлар ҳақида кўпиртириб сўзлаш ёки ёзиш - янги муваффақиятсизликлар сабабчисидир. Лекин бу сафар ўша иллатлар ва омадсизликлар ҳақида ёзмаймиз. Мақсадимиз бошқача.  Ҳар бир онгли инсонга аёнки, муваффақиятсизлик ва омадсизликлар ўз-ўзидан келмайди, қайсидир замондошларимиз бирдан коррупцияга мойил бўлиб қолмайди. Шу маънода футболимиз иллатларини ҳозирги авлод фаолияти билан боғлаш ҳар доим ҳам адолатдан эмас. Футболимиз истиқлолимиз 30 ёшга тўлган вақт катта ғалабаларни тантана қилиши мумкин эди. Чунки халқимиз  шундай тантаналарга муносиб ва уларга олиб борувчи йўлларда мардонавор қадам ташлашга ҳозир бўлган ҳар доим.

Хўш, футболимиз нега халқимиз орзу қилган марраларни забт этолмади ҳозиргача?! Ушбу савол жавобини бугундан эмас, балки яқин тарихдан изламоқ жоиз, назаримизда. Йўқ, футболимиздаги иллатлар, уларнинг сабабчиларини оқлаш ниятидан йироқмиз. Аммо эгри ўтириб, тўғри сўзлаш керак: футболимиз ўз-ўзидан коррупция ботқоғига  ботмаган ва ишончимиз комилки, соҳа ичидаги кимлардир болалигида «Уйғайсам, коррупционер бўламан!» - деб орзу қилмаган. Демоқчимизки, футболимиздаги муваффақиятсизлик ва омадсизликлар сабабчиси саналган коррупция ўша қатоғон йилларига, шахсга сиғиниш ва турғунлик даврига бориб тақалади. Агар муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаварқори, Абдулла Қодирий ва Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Авлоний каби сиймолар қатоғонга учрашмаганида, халқимиз ичидаги қайсидир тоифа томирларида коррупцияга мойил қон оқмасди, яъни генофонд у қадар бузилмасди. Кўпчилик яхши биладиган ва халқимиз душмани бўлган кучлар Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темурнинг яловбардорона, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийнинг бемисл тафаккури куч-қудратидан чўчиган, қонимизда оқаётган шу шижоатни йўқотишни истаган.

ХХ асрнинг 30-йилларидаги қатоғон таъсирида халқимиз генофондини авлоддан авлодга ўтказувчи занжирнинг тоза ҳалқалари узилди. «Пахтакор»-79 ҳалокати сабаби ҳам аслида шахсга сиғинишнинг узвий давоми бўлган турғунлик даври билан боғлиқ эди. Халқимиз шу тариқа янги авлодларни порлоқ ғалабалар сари бошловчи ўлмас қадриятлардан маҳрум этилди. Футболимиз ҳам ўша машъум даврлар қурбонига айланди. Ўйлаймизки, нима учун бундай хулоса чиқараётганимизни аллақачон тушундингиз. Фикримизни яна ҳам аниқроқ тушунтириш учун донишманд шоир Абдулла Ориповнинг «Монолог» шеърини биргаликда эслаймиз:

 

МОНОЛОГ

Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,

Шу йўлда тобланди ақл ва юрак.

Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,

Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?!

 

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,

Нажот деворига тирмашдим узоқ.

Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,

Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

 

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,

Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.

Сен-чи ҳийлакорлик қиласан нечун,

Сенга ўтрик айтиш нимага даркор?!

 

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,

Оёғин яладим мушукдай ҳатто.

Эгилди бир замон тик бўлган қомат,

Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

 

Энди сен боболар шавкатига боқ,

Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.

Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ,

Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма!

 

Ҳа, шоир айтмоқчи, мустабид тузум минг йиллар аввал тик бўлган қоматни бир мунча эгди. Лекин синдиролмади. Шеър гўё футболимизнинг кечаги куни ва эртаси ҳақида ёзилгандек. Шоир «Мен» ибораси билан энди тарихга айланаётган муваффаққиятсизлик ва омадсизликлар даврини назарда тутмоқда.  У «Сен» дея янги авлод, янги Ўзбекистоннинг бўлажак бунёдкорларига қарата боболар шавкатидан шукуҳланишни уқтирмоқда.

Келинг, шу шеър кайфияти билан орзу қилайликки, футболимиз ҳам бошқа соҳалар қатори юксакликларга бўйласин, истиқлолимизга муносиб зафар марраларини эгалласин. Албатта, бу осон эмас. Истиқлолимизнинг шонли 30 йиллик тарихига назар ташласак ҳам, қанча-қанча баланд-пастликларни кўрамиз.  Мазкур қутлуғ сана халқимизни янги марралар сари бошламоқда. Эзгу ният қилайлик, футболимиз ҳам, хусусан, миллий терма жа-моамиз янги бош мураббий раҳбарлигида мундиал йўлланмасини қўлга киритсин! Футболимизда янгиланиш нима дегани?! Бу - мураббийлар ва ўйинчилар, ҳакамлар ва мутасаддилар ўз манфаатларидан воз кечиб, Ватан ва футболимиз тараққиёти йўлида юксалишлари демак. Жамиятдаги айрим иллатлар ва нафс балосидан қутулиш, мухлислар манфаатини ўйлаб, ғалабалар хусусида жон куйдириш бўлажак ғалабалар омилидир!

Мана, миллий терма жамоамиз Сречко Катанец бошчилигида шведларга қарши ўртоқлик учрашувига ҳозирланмоқда. Терма жамоамиз таркиби борасида ҳамон қарама-қарши мулоҳазалар мавжуд. Дейлик, Ўткир Юсупов нима сабабдан яна четда қолгани мухлисларда кўплаб саволлар туғдирмоқда. Таркибга чорланган айрим футболчилар эса мухлислар назарида терма жамоага тортмайдилар. Бошқача айтганда, кўпчилик миллий жамоа таркиби тузилишида қайсидир мураббийнинг шахсий амбициялари борлигидан хавотирда. Ҳолбуки, бош жамоа манфаати ҳамиша мураббий ёки мутасаддилар шахсиятидан устундир! Истиқлолимизга муносиб бўлмоқ - турли манфаатлардан баланд бўлмоқ, юксалмоқликка қодирликдир! Шундай экан, мураббийлар штабининг бош вазифаси - миллий жамоага энг яхшиларни чорлаш ва уларни бир мушт янглиғ ғалабалар зарбасига ҳозирламоқ! 

ИСТИҚЛОЛИМИЗНИНГ ШОНЛИ 30 ЙИЛЛИК АЙЁМИ МУБОРАК, АЗИЗ МУХЛИСЛАР!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz