Қайднома

Қидирув

Уларнинг ҳаёти хавф остида

Уларнинг ҳаёти хавф остида

  02.09.2021 04:34
  0
  274
Уларнинг ҳаёти хавф остида

«Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳукуматини қўлга олди, энди мамлакатда аёллар футболи тақдири нима бўлади?

«Толибон» ҳаракати 15 август куни Қобулни эгаллади ва бутун Афғонистонни ўз назорати остига олди. Мамлакат президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди. «Толибон» Афғонистонда Ислом амирлигини тузишини эълон қилишга ҳам улгурди. Бу ҳолат Афғонистон аёллар футбол терма жамоасига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Афғон аёллари энди футболдан мосувомилар?  

«Толибон» ҳукуматга келганидан сўнг аёллар ҳуқуқлари ҳам шариат асосида ҳимоя қилинишига ваъда берди. «Аёллар шариат қоидалари асосида яшайдилар. Қўшни мамлакатлар ва жаҳон давлатлари бизни аёллар ҳуқуқларини тан олмасликда айб­ламасликлари керак. Шукрки, мусулмонлармиз ва аёлларимиз ҳам муслималар», — деди ҳаракат вакили Забиҳулло Мужоҳид. Умуман, «Толибон» аёллар бемалол ишлай олишлари, фақат чодра кийишлари лозимлигини таъкидлади. BBC хабарига кўра, бу ваъдалар ҳақиқатга тўғри келмаяпти. Мисол учун, Қандаҳор банкида фаолият юритадиган аёлларга энди уларнинг ишларини эркаклар бажаришлари маълум қилинган. Бошқа вилоятларда эса аёлларнинг ёлғиз кўчага чиқишлари тақиқлангани айтилмоқда.

Бир жиҳат аниқ — аёллар чодрада футбол ўйнолмайдилар. Афғонистон терма жамоаси собиқ сардори Холида Попалнинг сўзларига кўра, футболчилар саросимада қолишган, улар уйдан чиқолмай, йиғлаяптилар: «Таҳлика остида қолган аёллар кимга мурожаат қилишни билишмаяпти. Футболчилар билан бўлаётган воқеалар — адолатсизлик. Ҳозир улар уйларидан чиқиб кетиб, қариндошлариникига яширинишган. Чунки қўшнилар футбол билан шуғулланишларини биладилар. Аёллар қўрқувда. «Толибон» кўчаларда айланиб, қўрқув уйғотмоқда. Бу юрагимни яралайди, чунки шунча йил аёллар ҳуқуқлари учун курашгандик. Энди эса шогирдларимга жим юриш ва яшириниш кераклигини айтяпман. Футболчи аёллар ҳаёти хавф остида. Улар дераза ортида туриб, кўчадаги ҳолатни суратга олишмоқда, «Толибон» яқин эканлигини айтишмоқда. Бу жуда ачинарли. Ҳукуматнинг таслим бўлганини кўриш оғир. Аёллар умидни йўқотишди».

- Аёллар жамоалари орасида ФИФА рейтингида 152-ўринни банд этиб турган Афғонистон термаси энди майдонга қайтишини тасаввур қилиш қийин, — дея Попал сўзларига қўшимча қилди BBC. ФИФА ҳам ўз ўрнида Аф­ғонистондаги вазият борасида баё­нот берди: «Афғонистондаги ҳолат жуда хавотирли. ФИФА вазиятни кузатяпти. Ташкилот ҳануз хусусан, Афғонистон аёллар футболини жадал ривожлантириш тамойилига содиқ. Шу мақсадда 2016 йилдан буён ушбу ҳудудга футбол ривожи йўлида сармоя киритиляпти. Афғонистондаги ҳолат бундай кўриниш олиши ачинарли, албатта. Ҳозир турли томонлар, жумладан, Афғонистон футбол федерацияси билан ҳам алоқадамиз, вазиятни кузатамиз ва қўлдан келганича қўллаб-қувватлаймиз».

Афғонистон аёллар терма жамоалари сўнгги йилларда ОФК миқёсидаги барча мусобақаларда иштирок этиб келаётганди. Дейлик, Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) байроғи остида ўтказилаётган турнирларда ҳам мамлакат вакиллари фаоллик кўрсатишаётганди. Мисол учун, Афғонистон термалари жорий йил U-17 ва U-20 тоифасидаги CAFA чемпионатида иштирок этди. Афғонистон U-23 аёллар жамоаси 18—27 август кунларига белгиланган CAFA U-23 Women~s Championship турнирида иштирок этиши режалаштирилган, 20 август куни 1-тур доирасида Ўзбекистон термасига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, Тожикистонда ташкиллаштирилиши кўзда тутилган ушбу мусобақа номаълум сабабларга кўра, бекор қилинган.

Афғонистон спорт делегация­си 24 август куни Токиода бошланган Паралимпиадада иштирок этолмади. Бу ҳақда Олимпиада ташкилий қўмитаси директори Тоширо Муто хабар берди: «Афсуски, Афғонистон терма жамоаси Паралимпиада ўйинларида қатнашолмайди. Бунинг сабаби - мамлакатдаги вазият. Чуқур қайғудамиз. Спортчилар ва делегация аъзолари хавфсиз жойда бўлишларини тилаб қоламан».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz