Қайднома

Қидирув

Афғон футболининг қаро кунлари

Афғон футболининг қаро кунлари

  03.09.2021 04:44
  0
  296
Афғон футболининг қаро кунлари

Ҳозирда Афғонистон жаҳон жамоатчилигининг диққат марказида турибди. Президент Ашраф Ғани раҳбарлигидаги ҳукумат ҳокимиятни «Толибон» ҳаракати йўлбошчиларига топширди. Қобулни ўз тасарруфига олган толиблар энди бутун мамлакатни назорат қилмоқдалар. Маҳаллий аҳоли оммавий тарзда мамлакатни тарк этмоқда. Табиийки, бундай таҳликали, ўта нотинч кунларда қандайдир томошалар, шу жумладан, спорт ҳам ҳеч кимнинг кўнглига сиғмайди. Бироқ хорижликлар учун афғон футболи ҳамон жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Афғонистонга футболнинг кириб келиши ва тараққиёти

1922 йилда Афғонистон футбол федерацияси ташкил этилиб, унинг негизида миллий терма жамоага асос солинди. 12 йилдан кейин тоғли ўлканинг дастлабки клуби - «Маҳмудия» шакллантирилди ва Ҳиндистон чемпионатида иштирок эта бошлади. 1948 йилда Афғонистон ФИФА аъзолигига қабул қилиниб, Лондон Олимпиадасида Люксембург терма жамоасига қарши илк халқаро учрашувида майдонга тушди. 0:6 ҳисобидаги йирик мағлубият терма жамоа учун Олимпиада доирасидаги ягона беллашув бўлиб қолмоқда.

Орадан 6 йил ўтгач, ОФК асосчиларидан бири сифатида Афғонистон унинг раҳнамолигида фаолият юрита бошлади.

Бироқ афғон футболи бутунлай тўхтаб қолган даврлар ҳам бўлди. Масалан, 1984-2003 йиллар оралиғида терма жамоа мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида халқаро мусобақалардан четда қолди. «Толибон»нинг 1996 йилдаги ташрифидан кейин футбол тақиқлаб қўйилди. Оқибатда терма жамоа ФИФА рейтингида 173-ўринга тушиб кетди.

2003 йилда толиблар кетишгач, жамоа Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатлари саралаш мусобақаларидаги иштирокини давом эттирди, аммо ҳанузгача финал босқичига чиқа олмади. Шунга қарамасдан, миллий терма жамоа ҳисобида битта халқаро соврин бор - 2013 йилнинг сентябрида у Жанубий Осиё чемпионати финалида Ҳиндистон терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, турнир ғолиби бўлганди. Тарихий ғалаба Қобулда байрамона халқ сайли билан нишонланди. Бунгача терма жамоа 1951 йилда Осиё ўйинларида ўзининг энг юқори натижаси - 4-ўринни қайд этганди.

Қатар-2022 мундиалининг саралаш босқичида Афғонистон мусобақа мезбони, Уммон, Ҳиндистон ва Бангладеш терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди ва 8 учрашувда битта ғалаба ва 3та дурангга эришган ҳолда 6 очко билан 4-ўринни эгаллади.

Афғонистон чемпионати қандай ташкил этилган?

2012 йилда Афғонистонда футбол инқилоби юз берди. Маҳаллий футбол федерация мутасаддилари Афғонистон Премьер-лигасини ташкил этишга қарор қилдилар. Шу билан биргаликда, янги чемпионатда иштирок этадиган 8та жамоа ҳам аниқлаб олинди. Бунгача лига бутун мамлакат ҳудудини ўз ичига олган 7та гуруҳдан иборат эди.

Қизиғи шундаки, АПЛда иштирок этадиган футболчиларни Tolo TV телеканали юлдузи Мухтор Лашкари раҳбарлигида ташкил этилган Maidan e sabz («Яшил майдон») реалити-шоуси ёрдамида танлаб олинди. Ўшанда Аф-ғонистон миллий ярашиш Олий кенгаши (2019 йилда тарқатиб юборилган) янги лиганинг яратилиши ва ривожланишига юксак баҳо бериб, мамлакатга тинчлик ва барқарорлик келтиришини таъкидлаганди.

Сентябрь охиридан октябрнинг ўртасигача бўлиб ўтган дастлабки чемпионатда Афғонистон Премьер-лигасининг 8 жамоаси 2 гуруҳга бўлиниб, ўзаро куч синашдилар. Гуруҳларда етакчи икки ўринни банд этганлар ярим финалга чиқиб, кейин финал беллашувида чемпионни аниқладилар. Афғонистоннинг дастлабки чемпионлик унвонига «Туфан Харируд» клуби сазовор бўлди. Нуфузли совриннинг амалдаги соҳиби - Қобулнинг «Шахин Асмайе» клуби. У янги чемпионатнинг энг совриндор жамоаси ҳисобланади.

Тахминан бир ойдан кейин янги мавсум стартга чиқиши кутилганди. Бироқ мамлакатдаги сиёсий вазият туфайли, у барбод бўлиш хавфи остида турибди.

АФФ иштирокидаги

можаро

2018 йилнинг ноябрь ойида афғон футболида йирик можаро бўлиб ўтди. Ҳозир Данияда истиқомат қилаётган АФФнинг аёллар футболи департаменти собиқ раҳбари Холида Попат аёллар терма жамоаси аъзоларини ҳижобда ўйнашга мажбур этилаётгани, уларга нисбатан шилқимлик ва зўравонлик қилинаётгани, қаршилик кўрсатганлар дўқ-пўписа остида қолаётганлари ҳақида хабар берганди.

«АФФ президенти ўз лавозимини суистеъмол қилган ҳолда, федерация ичида шахсий салтанатини барпо этган. У собиқ ҳарбий қўмондон ва зўравонлик тузумининг асосчиси. Уни қуролланган тансоқчилар қўриқлайдилар. Президент кабинетида алоҳида ётоқхона бор. У футболчиларни шу хонага қамаб, ўзининг шаҳвоний нафсини қондирар ва уларни калтакларди», - дея таъкидлаганди Попат.

Кейинчалик Британиянинг The Guardian нашри Афғонистон аёллар терма жамоасининг айрим аъзолари зўравонлик қурбонларига айланишгани, унда футбол федерацияси президенти Керамуудин Карим ва амалдорлар иштирок этишгани ҳақидаги мақолани чоп этди.

Федерация мазкур айбловни инкор этди, аммо Афғонистон прокуратураси тергов-суриштирув ишларига киришди.

Бир ойдан кейин Карим ва 5 нафар расмий шахслар аёллар миллий терма жамоаси аъзоларига шилқимлик қилганликлари хусусидаги айбловга биноан эгаллаб турган лавозимларидан четлатилдилар. 2020 йилнинг июлида Спорт арбитраж суди ФИФАнинг АФФ собиқ президентини умрбод дисквалификация қилиш ва 1 млн. Швейцария франки миқдорида жаримага тортиш ҳақидаги қарорини маъқуллади.

Суд жараёнида аёллар терма жамоаси аъзолари ўз кўрсатмаларини телефон орқали, ҳимояланган жойдан ва овозни ўзгартирувчи скремблердан фойдаланган ҳолда беришди.

Аёллар терма жамоасининг тақдири нима бўлади?

Ҳозир афғон футболи мутасаддилари мамлакатда аёллар футболини тарғиб этишгани учун толиблар жазолашлари мумкинлигидан хавотирдалар.

Ҳиндистоннинг «Деҳли» клуби президенти ва ФИФАнинг собиқ ҳудудий раҳбари Шаджи Прабхакараннинг айтишича, Афғонистондаги футбол амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари қўрқув ва таҳлика остидалар. Чунки улар сўнгги 7 йил давомида аёллар футболини ривожлантиришга урингандилар.

«Қобул толиблар назоратида, вазият ўта оғир. Аэропорт аввалгидек хавфсиз, лекин толиблар уни қуршовга олсалар керак», - дейди «Деҳли» президенти.

2007 йилда Попат ва унинг маслакдошлари дастлабки аёллар терма жамоасини ташкил этишганди. Кейинчалик Холида АФФнинг аёллар футболи департаменти раҳбари лавозимини эгаллади. Лекин 2012 йилда у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди: «Кун кўриш қийин бўлиб қолди. Мени ўлдириш билан қўрқита бошладилар, саёҳатга чиқиш ва ОАВ билан учрашишни тақиқлаб қўйдилар. Ишимни, мавқеимни тортиб олдилар. Мен ҳеч нарса қила олмасдим. Охир-оқибат, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Толиблар даврида аёллар мактабга, шифокорга ёки ишга бориш ҳуқуқига эга эмасдилар. Улар уйларига қамалиб қолгандилар. Шунинг учун биз футбол билан шуғулланишга қарор қилгандик».

Энди толиблар аёллар футболини яна тақиқлаб қўйишлари мумкин.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz