Қайднома

Қидирув

Федерико Вальверде: «Асосийси – мукаммаллик сари интилиш»

Федерико Вальверде: «Асосийси – мукаммаллик сари интилиш»

  03.09.2021 07:07
  0
  287
Федерико Вальверде: «Асосийси – мукаммаллик сари интилиш»

«Реал» ярим ҳимоячиси Федерико Валверьде яқинда амалдаги шартномаси муддатини 2027 йилгача узайтирди. У бундан бағоят хурсанд, албатта. «Ҳозир фахр-ифтихор туйғуси ичидаман. Ота-онам, турмуш ўртоғим ва ўғлим учун бахтиёрман. Зеро, улар ёнимда мен билан бирга курашмоқдалар. «Мадрид»даги ҳар бир қадам ва лаҳзадан борича завқланишимиз керак. Клубда имкон қадар кўпроқ ўйнаш, узоқроқ қолиш ниятидаман. «Реал» билан совринлар ютишдан ҳам умидворман, албатта. Мен учун ҳеч қандай чеклов йўқ. Ҳар доим майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам вақт қадрига етиш ҳаракатидаман. Мақсад - такомиллашиш жараёнини давом эттириб, болалар учун намуна бўлиш ва жамоа сафида имкони бор барча совринларни ютиш», - деди футболчи янги келишув остига имзо чекканидан кейин клуб матбуот хизматига берган интервьюсида.

- Мана, «Мадрид» билан янги шартномани расмийлаштирдингиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Тўғриси, ҳозирги ҳолатимни тўлиқ тасвирлаб берадиган сўзлар йўқ бўлса керак. Зеро, шарт­нома муддатини узайтириш таклифини кутган эмасдим. Бу ҳақда тўсатдан хабар беришди. Буни ота-онамга айтганимда, улар йиғлаб юборишди. Чиндан ҳам, ўзига хос лаҳза, барчаси худди тушда юз бергандек. Дунёнинг энг яхши клуби сенинг керак эканлигингни билдирса, буни англашинг­га маълум вақт керак бўлар экан. Табиийки, имзо чекиш масаласида сира иккиланмадим. Шунчаки, фурсатдан фойдаланиб, оиламга қувонч улашдим.

- Эндиги мақсад нима?

- Ҳақиқий жангчи бўлиш. Ҳар ким ўзи орзу қилган ва интилган чўққи сари интилишдан тўхтамаслиги керак. Болалигимдан ҳар доим дунёнинг энг яхши жамоасида тўп суришни ўйлаганман. Мана, бунга эришдим, лекин кураш тугагани йўқ - янги орзулар, чўққилар... Умуман, «Реал»нинг бир қисмига айланиш ҳар қандай футболчини тўлқинлантириб юборади. Бу чексиз бахтдир. Ҳозир дунёдаги энг бахтиёр одамман. Вальдебебас майдонига биринчи марта қандай қадам қўйганимни яхши эслайман. Ортда қолган даврдаги ҳар бир кун ҳаётимдаги энг яхшилари ҳисобланади. Бу ерда завқга тўлиб ишлаяпман, ўрганяпман, ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида камол топяпман. Хуллас, «Мадрид» бағридаги ҳар бир лаҳза миямга муҳрланмоқда.  Бу ҳеч қачон тугамаслигидан умидворман.

- Бош мураббий Карло Анчелотти ҳақида нима дея оласиз?

- Дон Карло майдонда ўз ўйинимни кўрсатишим кераклигини уқтирмоқда. Анчелотти - қўл остидаги футболчиларга кўп нарса берадиган, уларнинг мукаммаллик сари етаклайдиган мураббийлар сирасидан. Албатта, ўйинимни янада яхшилашни хоҳлайман ва бунда нафақат Анчелотти, балки унинг штаби ўгитлари қўл келишига ишонаман. Мендан талаб қилинаётган нарса - рақибларга босим ўтказиш, ҳужумга қўшилиш ва вақтида ҳимояга кўмаклашиш. Бундай вазифалар мен учун айни муддао.

- Хўш, бу миссияларни бажаришга кучингиз етадими?

- Баралла гапиришим ножоиз. Лекин ҳозир ўзимни шундай ҳис қиляпманки, бутун қалбим ва борлиғимни жамоага бағишлашга тайёрман. Оддий айтганда, бор қувватимни «Реал» манфаати, ҳафта давомида ўйин чиптасини сотиб олганларни қувонтириш йўлида ишлатишга ваъда бераман. Жамоа­га нимадир беролмайдиган ҳолатга тушишимга қадар курашдан чекинмайман. Бизни қўллаб-қувватлаётганларга муносиб жавоб беришнинг ягона йўли - шу.

- Мухлислар ҳам «Бернабеу»га қайтишмоқда...

- Уларнинг далдалари айниқса, ўйин мураккаб тус олган паллада яққол билинади. Бундай вақтда беихтиёр мухлислар мададига эҳтиёж сезасиз. Гавжум трибуналарни кўриш нақадар ёқимли. Бу ҳар қандай футболчига қўшимча энергия бағишлайди. Шундай экан, мухлисларнинг «Бернабеу»га қайтишлари - катта қувонч ва завқ.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz