Қайднома

Қидирув

Ракурс: Футбол нумерологияси...

Ракурс: Футбол нумерологияси...

  04.09.2021 05:05
  0
  242
Ракурс: Футбол нумерологияси...

ҒАЙРИТАБИИЙ РАҚАМЛАР ТАРИХИ. Лионель Месси Парижда ўзига таниш 19-рақамни олиши мумкин эди. Неймар эса аргентиналик дўстига «10»ни таклиф этди, лекин у бразилиялик янги-эски клубдоши марҳаматини қабул қилмади. Муҳими, Лео бундай самимийликдан бразилиялик яна бир афсона - Роналдиньони эслади. Аниқроғи, шу футбол сеҳргари муҳофазаси остида «Барселона»да илк марта 30-рақам остида майдонга тушганини. Бироқ Лига 1 анъаналарига мувофиқ, 1, 16, ва 30-рақам дарвозабонларга тегишли. Айни шу қоида ўлароқ, Фабьен Бартез вақтида Франция терма жамоа шарафини 16-рақамли свитерда ҳимоя қилган. Эътиборли томони, Франция лигаси истисно тариқасида регламентнинг мазкур бандидан кўз юмиб, Леога «30»ни берди...

Томми Оур ва уч сонли рақам. Футболчи либосида уч сонли рақам кўриш чиндан ҳам, ғайритабиий ҳол. Болалигидан футболга жиддий қизиққан австралиялик Томми кейинчалик «соккеруз» ёшлар ва миллий жамоаларида майдонга тушди. Авлодлари Испаниядан бўлган Оур хусусан, 2010 йили Индонезия термасига қарши саралаш учрашувида 121-рақам остида тўп сурди. Аслида у «11»га мойил эди, бироқ ўша вақт бу рақам банд бўлган. Шунда Томми севимли рақамини квадратга кўтариш асносида ўзига хос ечим топган...

Зераули учун фожиали «0». АҚШ миллий жамоаси собиқ дарвозабони Стив Крониннинг «0» рақами остида ўйнаганига дахлдор бирор жиддий воқеа йўқ.  Марокашлик Ҳишом Зераули эса... ФИФА аслида 1-99-рақамлардан фойдаланишни талаб этади, шотландияликлар эса «Абердин» легионерига истисно тариқасида рухсат беришган. Гап шундаки, Ҳишомнинг шарифи инглизчада «Зеро» (ноль) маъносини англатади. Зераули 2004 йили Европадаги фаолиятини тўхтатиб, ўз юртига қайтади. Марокаш миллий жамоаси ҳужумчиси ўз юртида ўйинлардан бирида «0» рақами остида «дубл»га эришади ва эртасига автоҳалокатга йўлиқиб, 27 ёшида ёруғ дунёдан кўз юмади...

Буффон ва нацизмга оид айблов. Буюк Жижи навқиронлик даври «Парма»да турли эксперимент­ларга қўл урган. Дейлик, у бир сафар интервью бериш учун «Чекинувчи палид» ёзуви туширилган либосда ташриф буюради. Кейинчалик 88-рақамни талаб қилади. Моҳият-маъно кўпчиликка тушунарли, аммо ҳанузгача ўрта мактабни тамомлай олмаган Жижи учун эмас. Футболкадаги ёзув - диктатор Муссолини шиори, 88-рақам - нацизм оламининг рамзи саналган 14|88 белгисининг бир қисми. Тўғри, моҳир дарвозабон бу рақамни метин ирода, куч-қувват тимсоли ўрнида кўришини айтиб, ўзини оқлаганди. Умуман, ёш Жанлуижи аввалига 00, кейин 01-рақамни ҳам сўраган, фақат «А» серия раҳбарияти рухсат бермаган экан.

Яна уч сонли рақамлар. Мексикада ўсмирлар жамоалари аъзолари 100-300-рақамлардан ҳам фойдаланишлари мумкин. Ҳаттоки, ёш футболчиларни муайян рақамга «боғлаб» қўйиш ҳам тавсия этилади. 3 йилча олдин «Тигрес» клубининг 20 ёшли футболчилари MLS юлдузлари рамзий жамоасига қарши майдонга тушганларида, 281дан 304гача бўлган рақамлар остида ҳаракатланишганди. Бошқа мамлакатларда бундай рақамлар ёввойиликдек туюлиши мумкин. Бироқ бу Мексика футболи анъаналари учун одатий ҳол.

Юбилей рақамлар. Тўғри, Мексикадаги удумлар қўшни қитъа мамлакатларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган. Дейлик, Бразилия ва Колумбияда ўзига хос юбилейлар шарафига олинган рақамларни истаганча кўриш мумкин. Юлдузлар учун керагича истисно ҳолатлар бор. Дейлик, машҳур кипер Рожерио Сени «Сан-Паулу» сафидаги рекорд натижа (618та ўйин) ортидан «1»ни «01»га ўзгартирган. У шундан кейин «юбилей рақамлар»дан тез-тез фойдаланишга одатланганди. «Васко да Гама» Жуниньонинг 300-ўйини муносабати билан унинг айнан шу рақам остида майдонга тушишига монеълик қилмаган. Неймар эса «Сантос»даги юбилей ўйинини 200-рақам остида нишонлаган. Умуман, бу масалада рекорд ўрнатган футболчи ҳам бразилиялик - «Атлетико Минейро» дарвозабони Виктор 6 йил аввал амалдаги шартномаси муддатини қанчага узайтирганини либосидаги 2019-рақам билан маълум қилганди. 

Туғилган йил шарафига рақам. Россияда ўсмирлар кўпинча йирик рақамлар остида тўп суришни ёқтирадилар. Улар тасодифий бўлиши ҳам мумкин. Лекин 90 ва унга яқин рақамлар асосан ўз соҳибининг туғилган йилини англатади. Айни шу удумни «Милан» афсоналари ҳам қўллагандилар. Хусусан, Роналдиньо «80», Андрей Шевченко «76», Матьё Фламини эса «84»ни танлашган. «Урал» вакили Отман ал Кабир онасининг туғилган йилини англатувчи «58» рақами остида ўйнамоқда. Фёдор Смолов «Краснодар»да 10-рақамни олишидан аввал 3 йил «90» остида ҳаракатланган. Греция миллий жамоаси билан Европа чемпионатида олтин медаль ютган Антониос Никополидис «Олимпиакос»да туғилган йили шарафига «71»ни танлаган. Витор Байя эса «Порту»га қайтган йилини абадийлаштириш мақсадидами, ЧЛ финалида 99-рақам остида ҳаракатланган.

«23»ни улуғлаш. Дэвид Бекхэм турмуш ўртоғи Виктория Адамс тавсияси билан Майкл Жорданга  ҳурмат намойиш этишни истади ва 23-рақамни ўз рамзига айлантирди. Гарчи Бекс айрим клубларда «32»ни олган бўлсада, айнан Жордан рақами остидаги футболкалари жуда харидоргир бўлганди. Никлас Бендтнернинг «52»ни танлашига онаси сабабчидир. У ўғлини 7-рақам остида кўришни истаган, аммо бу рақам бандлиги боис, «52» юзага келган (5}2қ7). Никлас бунда 25-рақам (йиғиндиси 7) остида ўйнаган Эммануэль Адебайордан ўрнак олган. Мухлислар эса ҳужумчи бу билан ўзининг ҳафталик маоши (52000 фунт)ни кўрсатишни хоҳлаганини ҳам тахмин қилишган.

Трент «66», Биксант эса «69»дан мамнун. Афсуски, Трент-Александер Арнольд бу рақамни топширди. Муҳими, у ЧЛ финалидаги ўша машҳур бурчак зарбаси туфайли айни шу рақам билан футбол тарихидан жой олди. 66-рақам Трентнинг ўзига аҳамиятсиз бўлсада, унга ёқарди. Афсонавий қанот ҳимоячиси Биксант Лизаразю эса «69»га кўнгил қўйганди. Бунинг ўзига яраша мантиқий маъноси бор - у 1969 йилда таваллуд топган, бўйи 169 см., вазни эса 69 кг. бўлган...

Қўшимча белгили рақамлар. Ноёб осори-атиқа мақомидаги рақамлар. Зеро, ҳозирда бундай амалиётга чек қўйилган. Роналдо «Милан» сафига қўшилганида, Филиппо Инзаги унга 9-рақамни беришдан бош тортганди. Натижада бразилиялик афсона «99»ни олганди. Аслида у «1}8» белгиси остида ўйнашни режалаштиради. Бироқ «А» серия рухсат бермайди. Чунончи, чилилик Иван Саморано аввалроқ шу «трюк»дан фойдаланиб, «9»ни айнан навқирон Роналдога берган ва «1}8» остида майдонга тушганди. Ке­йинчалик Хуан Пабло Сорин «Вильярреал»да «1}2» ёзувли либосда тўп сурди. Шайхлар Лионель Мессига шу формула асосида «1}9»ни беришлари мумкин эди, аммо бу ўта ғайриодатий кўринарди. Худди маҳаллий радиостанцияни овоза қилишни хоҳлаган Мики Лехкосуо «96,2» рақами остида майдонга тушганидек. Бироқ УЕФА Мики ЧЛда иштирок этганида, бу «фокус»га барҳам берганди.

Қандайдир маънога ишора. Инсоният рақамлар қуршовида яшайди. Уларнинг айримлари кўп нарсаларни англатади. Мисол учун, Месут Озил «Фенербахче»да 67-рақам остида жавлон урмоқда. Германиялик футболчи бобоси ва бувиси яшайдиган провинция почта индексини кўтариб юриш орқали аждодларига ҳурмат бажо этмоқда. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов эса еврофутбол майдонларига шахдам қадам ташлашига сезиларли ҳисса қўшган «Ростов»га миннатдорчилик ўлароқ, «Женоа»да Ростов вилоя­тининг ҳудудий автомобиль рақами остида тўп сурди.

Ҳар қандай кишининг севимли рақами ёки рақамлари бор. Хонадонининг рақами ёки оиласи учун муҳим аҳамиятга эга унутилмас саналар. Футбол эса анчайин консерватив спорт туридир. Ҳаттоки, Месси ўсмирлик чоғидаги рақамини танладими, демак, футбол нумерологияси аллақачон ўзига хос даражага чиққан. Ҳар қандай кишининг севимли рақами ёки рақамлари бор. Хонадонининг рақами ёки оиласи учун муҳим аҳамиятга эга унутилмас саналар. Футбол эса анчайин консерватив спорт туридир. Ҳаттоки, Месси ўсмирлик чоғидаги рақамини танладими, демак, футбол нумерологияси аллақачон ўзига хос даражага чиққан.

Содиқ Собир тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz