Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Тасбеҳ ва зикр – руҳий ҳаловат

Мураббийлар: Тасбеҳ ва зикр – руҳий ҳаловат

  05.09.2021 02:20
  0
  309
Мураббийлар: Тасбеҳ ва зикр – руҳий ҳаловат

Асли туркманистонлик, ҳозирда Россия фуқароси ҳисобланган Қурбон Бердиев қандай мураббий? Унинг муқаддас Ислом динига муносабати ҳаммага маълум. Қурбон Бекиевич ўйинлар пайти ҳам машҳур тасбеҳидан айрилмайди - Аллоҳ зикри билан машғул бўлади. Эътиборли факт: Бердиев масжидга илк марта 35 ёшида, яқин дўсти таъсирида қадам қўйган экан. У кейинчалик Макка зиёратига бориб, ҳаж амалини ҳам адо этди. Қурбон Бердиев яқиндагина Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби бош мураббийи лавозимини эгаллади. Асли туркманистонлик мутахассис 2019 йилдан буён ҳеч қаерда ишламаётганди. Бердиевнинг шартномаси жорий йил охиригача мўлжалланди, лекин уни автоматик равишда яна 2 мавсумга узайтириш имконияти бор. Мураббий 2019 йили «Рубин»дан кетгач, орада маслаҳатчи роли билан чекланди, хусусан, «КАМАЗ» клубида. Яна бир томони, «Қайрат» Бердиев учун бегона эмас. 1991-1993 йиллар оралиғида қозоқ клубида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган Қурбон Бекиевич мавсум-1994да бошқарувни ўз қўлига олганди. Маълумот учун, бу мураббий Россиянинг икки карра чемпиони, мамлакат кубоги ва суперкубоги соҳиби ҳисобланади.

***

Иймон-эътиҚод, намоз

Ҳаж амалини бажаришда 130 км. яёв юрган Қурбон Бердиев тамаки чекиш ва спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечган, рўза тутишга одатланган. Қурбон Бекиевич - Ислом арконларига ҳурмат билан қарайдиган мусулмон. У иймон ва эътиқод қандай бўлишини болалигидан, бобоси мисолида кўрган экан: «У Аллоҳдан чинакамига қўрқадиган чин диндор эди, ҳаттоки, собиқ иттифоқ даврида ҳам кўп ибодат қиларди, гарчи бу тақиқланган бўлса ҳам. Бобом Чиликин шаҳарчасида яшаган, биз эса Ашхободда. Лекин унинг олдига тез-тез борардик ва ҳамиша беш вақт намозни канда қилмаслигини кўрганман. Бобом пойтахтга, бизникига келганида ҳам, намозларни вақтида ўқишни унутмасди. Унинг бундай эътиқоди қалбим тубига ўрнашган. Тўғри, ўзим ўша пайт беш вақт намоз ўқиган эмасман, лекин қалбим иймонга тўла бўлганига аминман».

***

Мислсиз ҳаловат

Бердиев масжидга биринчи марта 35 ёшида, яъни футболчилик фаолияти якунланганидан сўнг кирган экан. Қурбон Бекиевич мураббийликка ўтгач эса, жамоаси билан қайси шаҳарга бормасин, у ерда албатта, масжидга бош суқишни одат тусига айлантирди. Агар қайсидир шаҳарда масжид бўлмаса, намозгоҳга боради. Энг севимли жойи - Грознийдаги катта масжид: «Грознийдаги маҳаллий масжидга кирганимда, худди Макка сафаридаги беқиёс туйғуни қайта бошдан кечираман. Баъзан нимадандир сиқилсам ёки қийналсам, беихтиёр ўйлаб қоламан: «Балки Грознийга бориб-келишим керакдир...». Бу ички ҳаловат учун жуда зарур». «Рубин»нинг собиқ ҳи­моячиси Алексей Попов ўз ин­тервьюларидан бирида Бердиевнинг жамоада ўзини қандай тутиши ҳақида батафсил гапириб берганди: «У айнан иймон-эътиқоддан ўзгача қувват олади. Мураббий шунинг ҳисобига йиллар давомида барқарор хотиржамликни сақлаб қолади. Ваҳоланки, Қурбон Бекие­вич ўта қаттиққўл ва тўлиқ ҳукмронлик қилишни истайди. Характери шундай. Гоҳида эҳтироси жўшиб, ҳиссиётга бериладигандек таассурот уйғотади, бундай лаҳзаларда иймон кучи билан ўзини тутиб олади. Шу тариқа беҳуда бақириб, сўкинишдан тийилади. Ваҳоланки, футболда бақириш-сўкиниш одатий ҳол ҳисобланади. Фақат Бердиев учун эмас».

Бердиев дўсти Абдулло ва таржимон Яшар Озжан билан бирга бир неча марта Маккага борган - умра зиёрати учун. Вақт масаласи туфайли эса ҳаж амалини бир марта адо этган. «Ҳаётимда бир мартагина намоз пайти қаергадир ғойиб бўлганман. Бу Макка сафарида юз берганди. Гўёки, ер юзидан кўтариласиз, очиғи, сўз билан ифодалаб беришим қийин. Атроф топ-тоза, бир гард йўқ, мутлақо софлик... Маълум муддатдан сўнг атрофга қарайсиз, аммо қаерда турганингизни тушунмайсиз... Бу - мўъжиза», - дейди Бердиев ҳаж сафари ҳақида.

***

Чемпионлик шарафига зиёрат

Бердиев 2008 йили «Рубин» бошқарувида биринчи чемпионликни тантана қилди ва бунинг шарафига дарҳол муқаддас зиёратга отланди: «Меҳрибон ҳамроҳларим ҳисоблаб чиқишди: 10 кунлик сафар давомида чамаси 130 километр масофани босиб ўтибмиз. Биринчидан, водий бўйлаб яёв юрасиз, у ерда ётадиган ёки шунчаки, ўтирадиган жой йўқ. Озгина ухлаб олиш учун матрас қўядиган салқин жой тополмайсиз. Энг муҳими, бу фикрдан ўз-ўзидан қутуласиз, ётишни унутиб, йўлда давом этасиз. Кейин водийга кирасиз, у ерда ҳар бир мусулмон чуқур туйғуларни ҳис қилади. Яъни сизга ҳеч ким керак эмас, ёлғизсиз, гарчи атрофингизда миллионлаб одамлар бўлсаларда. Бу туйғуни таърифлашга ожизман. Атрофда миллион-миллион одам, ҳамманинг тили бошқа, дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонлар... Шунда ер юзида турли-туман мусулмонлар борлигини кўрасиз. Ўта бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бор, фақат улар бир хил ҳолатдалар. Жумладан, сиз ҳам шундайлардан бирисиз. Энг муҳими, чексиз бахтиёрсиз. Бу - Ислом неъмати».

***

Спиртли ичимликларга нуҚта!

Бердиев вақтида маълум муддат дўсти Бахтиёр Байсеитов уйида яшаган. «Қурбон ҳаммасидан ҳам паловни яхши кўради. Бу таомни бир неча кун кетма--кет тановул қилиши мумкин. Умуман, у мазали овқатланишни ўрнига қўяди. Лекин Рамазон ойида барчасини четга суриб, фақат кечаси овқатланади. Яъни кун бўйи ҳеч нарса емайди, ичмайди», - деганди Байсеитовнинг рафиқаси. Бердиев иймон ҳаловатини топганидан кейин спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларидан бутунлай воз кечди. «Аллоҳни таний бошлаганимдан сўнг барчасига нуқта қўйдим. Энди ароқ ўрнига шарбат ёки чойни афзал кўраман. Илгари худди паровоз каби чекардим. Энг ҳайратланарлиси, сигаретадан жуда енгил қутулдим. Яна табиатан уй одамиман. Яъни турли зиёфатларга тобим йўқ. Тўғри, баъзида меҳмондорчиликка боришингиз керак - сизни ҳурмат қилиб, таклиф этган одамларни ранжитишингиз яхши эмас», - дейди Қурбон Бердиевнинг ўзи. Буни «Черноморец» билан «Рубин»га қарши ўйнаган Игорь Гамула ҳам тасдиқлайди: «Бердиев жуда диндор киши. Эсимда, 2003 йили «Черноморец» билан Қозонга боргандик. Ўйиндан олдин Қурбонни кечки тамаддига чақирдим. У келди. Бирга шампань виноси ичишни ўйлагандим, аммо у қўл теккизмади, ҳаттоки, таом ҳам емади».

***

ҚувноҚ шахс, фаҚат...

«Рубин» матбуот хизмати собиқ раҳбари Максим Лопуховнинг айтишича, Қозонда Бердиев туфайли бошқача қараш шаклланган эди: «Мураббий спиртли ичимликларга тоқат қилолмасди, ҳаттоки, ичганлар олдида ўзини эркин ҳис қилолмасди. У қаерда бўлмасин, ўзини ҳамиша қувноқ ва мутойибага мо­йил хушчақчақ инсондек тутган. Аммо мастлар даврасига тушса, ўзгариб қоларди». Бердиев масжидга қатнай бошлаганидан кейин тасбеҳ кўтариб юрадиган бўлди. У икки чемпионликни ҳам битта тасбеҳда нишонлади, бу буюмсиз ўзини ёмон сезади. Бердиевнинг ўйинлар пайтидаги одатий ҳаракати: бошида кўзини юмган ҳолатда дуо ўқийди, кейин тасбеҳи ёрдамида зикр билан машғул бўлади. «Ўйинлар чоғи мураббий зиммасига катта руҳий юк тушади, - дея изоҳлайди Бердиев. - Бу вақтда Аллоҳнинг барча 99та гўзал номини айтиб, ички хотиржамликни таъминлайман. Тасбеҳ Яратган номларини зикр этишда адашиб кетмаслик учун керак. Шунда хаёлан Унинг шундоқ ёнимда эканлигини ҳис қиламан». Қурбон Бекиевич масжидга илк марта ўтган асрнинг 90-йиллари бошида «Қайрат»нинг собиқ мураббийи Бахтиёр Бай­сеитов туфайли кирган. Кейинчалик қўлида тасбеҳ пайдо бўлди. Байсеитов бу воқеани яққол эслаб қолган: «Ўша пайтдаги спорт вазири Аманча Акпаев менга яқинлашиб, мунчоқларга эътибор қаратди ва Аллоҳга чин юракдан ишонганим учун мени алоҳида мақтади. Бердиев ҳам шу-шу ибодатга кирди ва тасбеҳ олиб юришга одатланди». Мураббий фаолияти давомида «Рубин» билан 2 марта Россия чемпионига айланди ва яна икки мавсум якунида бронза медалини таъминлади: РПЛдаги дебюти (2003 йил) ва 2010 йилда. Шунча вақт оралиғида қўлидаги тасбеҳ ўзгарганини йўқ. Бердиевнинг ўзи иккинчи чемпионликдан кейин бунга алоҳида тўхталганди: «Бисотимда тасбеҳлар кўпми? Ҳа, кўп. Айримларини ўзим сотиб олганман, қолганларини совға сифатида беришган. Бу ерда, офиснинг ўзида 20 донача бор. Лекин ўйинларга нуқул 1таси билан тушаман. У 2003 йилдан буён доимий ҳамроҳимга айланган. Ўшанда бронза медалини ютганимизда ҳам, шу тасбеҳ мен билан бирга эди. 2008 йилги чемпионлик вақтида ҳам, ҳозир ҳам...».

***

МутлаҚо дахлсиз мавзу

«Рубин» вакилларининг гувоҳлик беришларича, диний қараш ҳам, тасбеҳ ҳам машғулотлар жараёнига ҳеч қачон таъсир қилмаган. Бердиевнинг тасбеҳини бирор марта бошқа киши қўлида кўришмаган. Умуман, ҳеч ким бу ҳақда мураббий билан лоақал бир марта бўлсада, ҳазиллашмаган. Клубда бунга истеҳзоли қарашни ҳам ҳеч ким сезган эмас. «Бир қарашда, Бердиев ўта иримчи инсондек кўринади. Тасбеҳи ва пиджаки бунга мисол, - деганди Алексей Попов. - Мураббийнинг тасбеҳини ушлаб кўрмаганман. Бунинг барчаси хурофотга ўхшайди, лекин аслида эътиқод кучлилигидан бўлса керак. Ўз салоҳиятингизга ишонганингизда, нимагадир ирим қилишингизга ҳожат қолмайди. Ҳаммада ҳаётга нисбатан шахсий қараши бор. Шундай экан, кимнингдир танловини муҳокама қилиш ўринсиз. Муҳими, Бердиевнинг тасбеҳи жамоага қандайдир салбий таъсир ўтказмаган. Ҳар ҳолда, буни бирор марта сезган эмасман». Бердиевнинг ўзи эса тасбеҳни руҳий аҳамиятга эга зарурий буюм сифатида кўради: «Бу қандайдир ирим ҳам, урф-одат ҳам эмас, балки зарурат. Шунчаки, ички ҳиссиётимга кўра, у ўйинлар вақти қўлимда туриши керак. Тасбеҳ бўлмаса, ўзимни ниманидир йўқотиб қўйган кишидек ҳис қиламан. Фаолиятим давомида бир неча ўйинни тасбеҳсиз ўтказишимга тўғри келган ва ишонинг, бутун вақт давомида игна устида ўтиргандек бўлганман. Шунинг учун ҳар доим қўлимда тасбеҳ туриши муҳим. Ўйлайманки, айниқса, мусулмонлар мени яхши тушунишади».

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz