Қайднома

Қидирув

Жонажон ҳудудга ҳурмат белгиси

Жонажон ҳудудга ҳурмат белгиси

  05.09.2021 04:34
  0
  260
Жонажон ҳудудга ҳурмат белгиси

«Челси» ҳужумчиси Кай Хаверц жонажон ҳудуди байроғи тасвири туширилган махсус бутсаларда ўйнади. У шу тариқа Германияда юз берган сув тошқини қурбонларини қўллаб-қувватлади. Маълумот учун, 12 июль куни немислар диёрида кўнгилсизликлар бошланди. Хусусан, тинимсиз ёмғир-жала оқибатида Ар ва Мозель дарёлари тўлиб-тошиб, ён-атрофни сув босди. Энг кўп зарар кўрган минтақа - Шимолий Рейн-Вестфалия. Сув оқими Рейнланд-Пфальц ерларини ҳам қисман «ювиб» кетди. Gol.ru сайтининг қуйидаги мақоласи Кайнинг олижаноблиги ҳақида.

Рақамларда айтсак, июль ойи давомида тошқинлар оқибатида 200 нафардан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмди. Яна 4 мингдан ортиқ одам турли даражада жароҳатланди ёки турар-жойидан айрилди. «Челси» ярим ҳимоячиси Кай Хаверц бунга жим қараб туролмади, у биринчилардан бўлиб, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласини ўртага ташлади. Ўз ўрнида айтиш керак, Кай айнан Шимолий Рейн-Вестфалия региони таркибига кирувчи Ахен шаҳарчасида туғилиб-улғайган. Футболчининг оиласи тошқиндан жабр кўрмаган, лекин уни яқинларининг сув омбори атрофида истиқомат қилишлари хавотирга солмоқда. Зеро, тошқин пайти сув сатҳи соҳилдан 182 см. юқори кўтарилган. Хаверц бу борада ўз фикрини дангал ва лўнда баён этди: «Тошқин - бутун Германия учун катта фожиа. Шундай паллаларда бирлашиб, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлашимиз зарур».

Сўз амал билан гўзал. Хаверцнинг шахсан ўзи сув тошқинидан энг кўп азият чеккан ҳудудларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон етказиб беришни ташкиллаштирди. У шунингдек, қурбонларга ёрдам тариқасида Германия «Қизил хоч» жамғармаси ҳисобига 200 минг евро ўтказиб берди. Бунга қўшимча тарзда Nike компанияси билан бирга яна бир акция ўйлаб топди. Яъни «Челси» ярим ҳимоячиси 22 август куни АПЛ 2-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши ўйинда махсус бутсадан фойдаланди. Ушбу янги бутсанинг ўзига хос жиҳатлари:

- Оқ ранг фонида қизил белги - «Қизил хоч» шарафига.

- Шимолий Рейн-Вестфалия байроғи тасвири.

Умуман, бундай кўринишда 100 жуфт бутса ишлаб чиқарилди. Хаверц улардан 1 донасини олди, холос. Қолганлари «Арсенал» билан ўйиндан сўнг кимошди савдосига чиқарилди, тушум эса тўлиқ «Қизил хоч» ҳисобига ўтказилади. Кайнинг сўзларига эътибор қаратинг: «Ҳозир имтиёзли вазиятдаман. Умид қиламанки, бу кампания орқали бошқаларни ҳам Германия «Қизил хоч» жамиятини қўллаб-қувватлашга илҳомлантираман. Тошқиндан кейинги манзарани биринчи марта кўрганимда, ўзимни йўқотиб қўйдим. Одамлар ҳозир қандай ҳолатда эканликлари, нималарни бошдан кечиришаётганини англашим қийин, лекин дарҳол қандайдир ишга қўл уриш кераклигини тушундим. «Қизил хоч»га хайрия қилиш орқали ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш имкони бор. Келинглар, бунга бефарқ қарамайлик».

Кай Хаверц «Инстаграм» тармоғи орқали ҳам махсус видеомурожаат йўллаб, атрофдаги воқеаларга бефарқ қарамайдиганларни Германия «Қизил хоч» жамиятига молия­вий ёрдам беришга чақирди. У махсус хайрия ҳисоб рақамини ҳам ҳавола этди.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz