Қайднома

Қидирув

ЕВРОТУР: Бошланиши беқарор мавсум

ЕВРОТУР: Бошланиши беқарор мавсум

  05.09.2021 07:37
  0
  331
ЕВРОТУР: Бошланиши беқарор мавсум

Жорий мавсум аввалгиларидан ўзгачароқ кўриниш олмоқда, назаримизда. Яъни, дастлабки 3 турдан кейин номдор фаворитларнинг кўпчилиги очко йўқотишди. Стартга бир ҳафта кейинроқ чиққан «А» серия бундан мустасно, албатта. Ла Лига вакиллари ўзига хос ҳамжиҳатликни намойиш этган ҳолда бир йўла 6 жамоага пешқадамлик мақомини ҳадя этишди. АПЛ, Лига 1 ва Бундеслигада фақат битта жамоа 100 фоизли натижани қайд этишга муваффақ бўлди.

Англия. 3 ўйин, 3та гол, 3та ғалаба

Ҳа, Нуну Эшпириту Санту раҳбарлигидаги «Тоттенхэм» дастлабки 3та учрашувда рақиблари дарвозаларини 1 мартадан ишғол этди, ўз дарвозасини «қуруқ«лигини таъминлади ва ҳақли равишда 9 очко жамғарди. Португалиялик мураббий тежамкор услуб тарафдори эмас, шогирдлари «Манчестер Сити»ни қандай қийинчилик билан енгган бўлсалар, «Уотфорд»ни маҳв этишга ҳам шунча куч сарфладилар. Чунки рақиблар муносиб қаршилик кўрсата олишди. Хуллас, натижадан лондонлик футболчилар, мухлислар ва мураббий мамнун эканликларига шубҳа йўқ. Энг ажабланарли факт шуки, у футбол тарихида ягона бўлиши ҳам мумкин - Сантунинг собиқ жамоаси бўлмиш «Вулверхэмптон» иштирокидаги 3та учрашувда ҳам 3та гол урилди, фақат ғалабани «бўрилар» эмас, уларнинг рақиблари нишонладилар. Собиқ мураббийнинг бунга дахли йўқлигини эса, «Вулвз»нинг «МЮ»га муносиб қаршилик кўрсатгани тасдиқлайди. Дарвоқе, ана шу ғалабадан кейин «қизил иблислар» 3-поғонага чиқиб олишди.

Турдаги ягона йирик ғалабани ўз ҳисобига ёздириб қўйган «Манчестер Сити» «Арсенал» дарвозасига 5та гол уриб, 7-ўринни банд этди. Жадвалнинг тубидан жой олган «Арсенал» эса муаммолар гирдобига ғарқ бўлгани аниқ. Шунингдек, фидойи мухлисларнинг асаб хасталигига чалинганликларига ҳам шубҳа йўқ.

Лондон дербисида «Кристал Пэлас»ни қабул қилган «Вест Хэм» аввалги сермаҳсулликни кўрсата олмади ва жанговар дурангга (2:2) имзо чекди.

Дастлабки 2 учрашувда 4та гол уриб, «Эвер-тон»ни етакчилардан бири сифатида қабул қилган «Брайтон» бу гал «гулсапсарлар» дарвозасига йўл топа олмади. Қўшимчасига, ўз дарвозасидан 2 марта тўп олиб чиқди.

Мавсумни «Арсенал»ни енгиш билан бошлаган «Брентфорд» Бирмингемда «Астон Вилла»дан 1 очкони (1:1) тортиб олишни уддалади. Дебютант учун ёмон эмас.

Турнинг марказий беллашувида «Ливерпуль» «Челси»ни енга олмади, аксинча, танаффус арафасида Муҳаммад Салоҳнинг пенальтидан урган голи эвазига мувозанатни тиклади. 2-бўлимда эса майдонда озчилик бўлиб қолган меҳмонлар асосий эътиборни ҳимояга қаратишди. Натижада «Тоттенхэм» якка пешқадамга айланди.

Испания. Мағлубиятга тенг дуранглар

Ҳисобот турида қайд этилган натижалар Ла Лига вакилларининг жонланиб қолишганидан далолат бермоқда. Жумладан, «Валенсия» ўз майдонида «Алавес» устидан (3:0), «Райо Вальекано» Гранада» устидан (4:0) йирик ғалабаларини расмийлаштирдилар. «Реал» сафарда «Бетис»ни, «Барселона» «Камп Ноу»да «Хетафе»ни (2:1) маҳв этишди. «Эльче» - «Севилья» (1:1) ва «Атлетико» - «Вильярреал» (2:2) беллашувларида етакчилар очко йўқотишди. Натижада, етакчилар сони 6тага етди, улар тўплар нисбатидаги фарқ ҳисобига жадвалдан ўрин олишди.

Айтганча, аввалги турда дурангга рози бўлган «Мальорка» «Эспаньол»ни кичик (1:0) ҳисобда таслим этиб, пешқадамлар сафида бормоқда.

Германия. «Бўрилар» якка пешқадам

Ҳозирча Бундеслига вакиллари аввалги мавсум сценарийси асосида тўп суришмоқда: «Бавария» хотиржамлик билан қад ростламоқда, «Боруссия Дортмунд»да яна беқарорлик, «Вольфсбург» ва «Байер» муваффақиятли старт олишди, «РБ Лейп-циг» ва «Боруссия Менхенгладбах» янги бош мураббий билан тил топиша олмаяптилар, гўё. Лекин ван Боммель «бўрилар» кўнглига йўл топа олган кўринади.

Шунингдек, «Фрайбург» ҳам ўз мухлисларини хушнуд этмоқда.

Бевосита ҳисобот турига ўтсак, Дортмунднинг «Боруссия»си «Сигнал Идуна-Парк»да «Хоффенхайм»ни 3:2 ҳисобида маҳв этди. Қизиғи шундаки, барча голлар 2-бўлимда, 2таси сўнгги дақиқаларда амалга оширилди. 90 дақиқа давомида ўзини кўрсата олмаган Эрлинг Холанд қўшимча вақтнинг 1-дақиқасида жамоасига 3 очко келтирган ғалаба голини урди. Меҳмонлар бундан 1 дақиқа аввал мувозанатни тиклаган эдилар. Бироқ Дортмунддан 1 очко билан қайтиш уларга насиб этмади.

Мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган «Фрайбург» Штутгартдан айнан шундай ҳисобдаги зафар билан қайтди. «Байер» эса Аугсбургда янада йирикроқ (4:1) ғалабани расмийлаштирди. Бу учрашувда 2та автогол қайд этилди. Мезбонлар ўйинчиси Нидерлехнер 14-дақиқадаги айбини 30-дақиқада ювди, лекин Яго ўз автоголига жавоб қайтара олмади. Танаффусдан кейин меҳмонлар Шик ва Виртцнинг аниқ зарбалари билан ҳисобни йириклаштирдилар.

«Кёльн» ҳам мавсумдаги 2-ғалабасини нишонлаб, мухлисларини хурсанд қилди. Бу турда «Бохум» жиддий қаршилик кўрсатган бўлсада, майдон эгаларининг сўнгги дақиқалардаги 2 голига бир марта жавоб қайтара олди, холос.

Турнинг энг йирик ҳисоби Мюнхенда қайд этилди - «Бавария» «Альянц-Арена»да «Герта» дарвозасига 5та жавобсиз тўп киритди. Мавсумдаги дастлабки «хет-трик»ини амалга оширган Левандовски табиийки, тўпурарлар етакчисига айланди. Лекин жамоаси ҳозирча бундай унвон билан мақтана олмайди. Чунки «Вольфсбург» кичик ҳисоб (1:0) билан бўлсада, «РБ Лейпциг»дан устун келди.

Италия. Бални Рим ва Милан дуэтлари бошқармоқда

«Ювентус»нинг ўз майдонида дебютант - «Эмполи»га имкониятни бой бергани 2-турдаги энг кутилмаган натижа бўлди. Ана шу ғалаба эвазига меҳмонлар жадвалда грандни қувиб ўтишди. Буни ҳатто тасаввур қилиш ҳам осон эмас. Боиси, меҳмонлар голни қандайдир тасодиф туфайли ёки пенальти эвазига эмас, 21-дақиқада ўйиндан амалга оширишганди. Мезбонлар эса ташаббусни ўз томонларига оғдирган бўлсаларда, рақиб дарвозасига йўл топа олмадилар. Оқибатда, дастлабки дақиқаларда ишончли ҳимояланган меҳмонлар бўлим ўрталарида ҳисобни очдилар. Кейинчалик ҳисобни йириклаштириш имкониятига ҳам эга бўлишди. Бироқ томонларнинг барча уринишлари самара бермади.

Амалдаги чемпион Веронада жиддий қаршиликка дуч келди, тезкор гол қабул қилиб олди. Лекин танаффусдан кейин 3та гол билан жавоб қайтариб, иродали ғалаба билан ортга қайтди. «Милан» эса «Сан-Сиро»да «Кальяри»га қарши баҳс тақдирини 45 дақиқа ичида ҳал қилиб қўя қолди. Ваҳоланки, Тоналининг ҳисобни очувчи голига меҳмонлар 3 дақиқа ичида жавоб қайтаришганди. Аммо 2 дақиқадан кейин иккинчи голни ўтказиб юборишди. Корреанинг «дубли» баҳсга нуқта қўйди.

Рим клублари ҳам йирик ғалабалари билан ўз мухлисларини хушнуд этишди. «Лацио» Римда «Специя»ни 6:1 ҳисобида доғда қолдирди, Иммобиле «хет-трик» муаллифи бўлди ва Веретудан ўзиб кетди. «Рома» дебютант «Салернитана» майдонида 4:0 ҳисобида зафар қучди. Элдор Шомуродов 78-дақиқада Перес ўрнига майдонга тушгани боис, натижага эриша олмади.

Франция. Фаворитлар уйғонишмоқда

Афтидан, «ПСЖ» ўтган мавсумнинг аччиқ сабоғидан тегишли хулоса чиқарган кўринади. Турнинг якунловчи беллашувида «Реймс»ни сафарда 2:0 ҳисобида маҳв этиб, ғалабалар сериясини давом эттирди. Неймар 66-дақиқада ўз ўрнини Мессига бўшатиб берди. Бироқ Леога дебютни гол билан нишонлаш насиб этмади. Мавсумни анча суст бошлаган «Лион» ва «Лилль» ниҳоят, дастлабки ғалабаларини расмийлаштиришди. «Лион» Дембеленинг ягона голи эвазига Нантдан 3 очко билан қайтди. Чемпион эса ўз майдонида «Монпелье»ни 2:1 ҳисбида енгди. «Анже» ҳам ўз уйида танаффус арафасида озчилик бўлиб қолган «Ренн» дарвозасига 2та гол урди. Ўз майдонида «Бордо»ни қабул қилган «Ницца» йирик (4:0) ғалаба эвазига 2-поғонани банд этди.

Дебютант «Клермон»нинг ҳамон етакчи квартетда эканлиги қувонарли ҳол. Лекин жамоа бу турда «Мец»ни енга олмади (2:2) ва «Сент-Этьен»ни маҳв этган «Марсел»нинг яқинлашиб олишига имкон яратди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz