Қайднома

Қидирув

Футбол ва криминал: Андерсоннинг аянчли аҳволи

Футбол ва криминал: Андерсоннинг аянчли аҳволи

  06.09.2021 08:48
  0
  442
Футбол ва криминал: Андерсоннинг аянчли аҳволи

Бразилиялик юлдузларнинг фаолияти якунланганидан кейин криминал билан боғланиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Роналдиньо яқинда Парагвай қамоқхонасида жазо муддатини ўтади, Адриано эса умуман, жиноий гуруҳга қўшилиб, қўлида Калашников автоматини тутган ҳолда суратга тушди. Андерсон фаолият бобида юқоридаги ҳамюртларига етолмаган, лекин жиноят борасида уларнинг иккисини ҳам ортда қолдирди. Бразилияда «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ярим ҳимоячиси ўғрилик ва пул ювишда айбланди.

Тергов жараёнида аниқланишича, Андерсон шериклари билан бирга Santander банкининг рақамли хавфсизлик тизимини бузиб, Сан-Паулу биржаси орқали ҳисоб-рақамдан 5,5 млн. евро чиқарган. Бу маблағ Бразилиянинг тўртта штатидаги 11та молиявий тизими орқали ўтказилиб, уларни рақамли валюта - биткоинга айирбошлаш йўли билан ювилган.

Андерсоннинг адвокати мижози ушбу айблов бўйича 20 август куни жавоб беришини айтганди, лекин ушбу масала юзасидан янги маълумот келмади. Андерсон айни пайт Туркиянинг «Адана Демирспор» клубида мураббий ассистенти бўлиб ишламоқда, икки йил аввал айнан шу жамоада фаолиятини якунлаганди. Айтилишича, Андерсон мамлакатни тарк этадиган бўлса, ҳибсга олинади.

Андерсон 2000 йилларда энг иқтидорли бразилияликлардан бири ҳисобланган. Икки мавсум «Порту»да ажойиб ўйин кўрсатган футболчи 2007 йилнинг ёзида 31,5 млн. евро (ўша пайт учун йирик сумма) эвазига «Манчестер Юнайтед» таркибига қўшилган. Алекс Фергюсон ўзининг автобиографиясида клубда скаут вазифасини бажарган укаси Андерсоннинг Уэйн Рунидан ҳам кучлироқ эканлигини айтгани ҳақида келтириб ўтганди.

«У ажойиб ўйнайди; бу йигитчада қандайдир ўзгача сифатлар бор, - деганди сэр Алекс. - Уни пайқаганимиз ҳамоно, тезроқ қўлга киритишга урингандик. Гарчи у оёғини синдириб олиб, 4-5 ой майдонга тушолмаган бўлсада, дарҳол ишга киришишимиз керак эди, чунки, хабарларга кўра, у дунёнинг энг яхши ёш футболчиси ҳисобланган. Андерсон жамоага киришиб кетгач, уни тўхтатиб бўлмасди. Ҳар қандай курашга дадил киришади, яшин каби тезкор, жасур ва яхши узатмаларни амалга оширади».

Лекин топ-клубда Андерсоннинг ишлари юришмади. Манчестердаги 8 йил давомида у асосий таркиб футболчисига айлана олмади - мунтазам даволанди, вақтичоғлик қилди ва охир-оқибат эркин агент мақомида кетди. Шунга қарамай, кўп ишларни қилишга улгурди:

***    Ҳеч кимга айтмай, мавсум ўртасида Бразилияга кетиб қолди. Оқибатда, Фергюсон унга жиддий жарима қўллади.

***    Рим Папаси Франциск билан учрашув пайти телефонида уни суратга олиб, шу тариқа Ватикан муаллифлик ҳуқуқини бузди.

***    Ўзидан фарқли равишда бирор марта АПЛ олтин медалларини қўлга киритмагани учун Стивен Жеррардни мазах қилди.

***    Бразилиянинг «Интернасионал» клубидаги машғулот пайти низо сабаб жамоадошининг юзини қонга белади.

Адолат юзасидан айтиш керакки, Андерсоннинг болалик даври осон ўтмаган. 11 ёшида отаси алкоголга муккасидан кетиши натижасида вафот этган. 12 ёшида онаси билан уришиб, уйидан кетган. Андерсоннинг ҳамма дўстлари гиёҳванд моддаларга берилиб, унинг кўз ўнгида оламдан кўз юмишган. Ўзи «Гремио» стадионида, ўзи ўқийдиган академияда яшаган. Лекин буларнинг бари яқинда амалга оширган жиноятини оқлай олмайди. Андерсонда жиноятдан йироқ, бахтиёр ҳаёт қуриш имконияти бор эди. Афтидан, буни уддалай олмаган кўринади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz