Қайднома

Қидирув

Эътироф: Давринг келди, Морено!

Эътироф: Давринг келди, Морено!

  06.09.2021 19:19
  0
  353
Эътироф: Давринг келди, Морено!

УЕФА Суперкубоги учун баҳс. «Челси» Зиешнинг уринишлари сабаб ҳисобни очди. «Вильярреал» асосий вақт якунланишига 17 дақиқа қолганда мувозанатни тиклади - испанлар қойилмақом комбинация ташкил этишди ва Жерар Морено Менди қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.

Ўйиндан аввал Морено шундай деганди: «Ушбу финалга астойдил тайёрландим. Майдонда қандай бўлмасин, самарали ҳаракатни амалга оширмоқчиман». Унинг истаги рўёбга чиқди. Энди эътиборингизни ушбу футболчи ҳақидаги айрим фактларга қаратсак:

* Морено катталар даражасидаги фаолиятини «Вильярреал»да бошлаган, уч йилга «Эспаньол»га (бу ҳам карьерасидаги муҳим клуб - қачонлардир унинг академиясида ўйнаган) кетди, сўнгра ортга қайтди. «Вильярреал» ҳақида мана бундай фикр билдирганди: «Мазкур клуб ҳаётим мазмуни. Бу ерда футбол ўйнашдан роҳатланаман».

* «Эспаньол» ҳақида. Ушбу клуб академиясида Морено 2001-2007 йиллар мобайнида тўп сурган. Уни мураббийлар штаби жисмонан заиф деб ҳисоблагани учун ҳайдашган. Ўшанда Морено Барселона четидаги шаҳар кўчаларини кўзида ёш билан кезганди.

* Моренонинг юзида чандиқ бор. Болалигида ҳовлида футбол ўйнаётганда, тўпни дарвоза ортига тепган. Уни олишга ҳаракат қилаётганда, йиқилиб, юзи жиддий шикастланган. Шифокорлар унинг жароҳатини 27та чок ёрдамида тузатишган.

* Моренонинг болалик йиллари Барселона ва шаҳардаги академия жамоаларида ўтган. Юқори рақобат туфайли фақат «Барселона»га юзланмаган. Ўшанда отаси телефонда яқин дўстининг акаси орқали «Вильярреал» ўсмирлар жамоасида кўрикдан ўтишни келишиб, бир ҳафтага таътил олган ва ўғлини клубга олиб борган.

* Морено «Вильярреал» асосий таркибига бирданига киришиб кетмаган. 2013 йилнинг ёзида иккинчи жамоада ўйнашга мажбур бўлди, лекин у бунга рўйхушлик бермади - ижарага беришларини талаб қилди, мураббий эса кўнмади. Отаси билан (у пайтлари Моренонинг агенти йўқ эди) «Мальорка»га учраб, ижара бўйича келишувга эришишди. Кейин эса ортга қайтиб, бундан «Вильярреал»дагиларни хабардор этишди. Клуб қарши бўлмади ва келишувга розилик билдирди.

* Морено ўсмирлар даражасида Испания термасида ўйнамаган. Лекин Каталония ёшлар термасида тўп сурган. Бу ҳақда шундай деганди: «Сиёсатга мутлақо аралашмайман. Аммо бутун умр спортда менга кўмаклашган халқ шарафини ҳимоя қилаётганимдан фахрланаман».

* Ўтган мавсум Морено учун муваффақиятли кечди. Примерада тўпурарлари орасида учинчи бўлди (23та гол), «Вильярреал» билан Европа Лигасида зафар қучди, финалда «Манчестер Юнайтед» дарвозасига тўп киритди ва ушбу ютуғи ҳақида тўлқинланиб гапирди: «Баъзан нега менга шунчалик омад кулаётганини таҳлил қилишга уриндим. Энг яқин дўстим психолог бўлиб ишлайди. Ушбу масалада у билан гаплашиб кўрдим. У эса энг тўғри жавобни берди: «Нималар бўлаётганининг қандай аҳамияти бор? Бу фаолиятингдаги энг яхши давр, роҳатлан!». Дўстим ҳақ эди».

* УЕФА Суперкубогида «Челси» дарвозасига урган голи унинг «Вильярреал»даги 83-гол бўлди. У «сариқ сувости кемаси»нинг энг яхши тўпурари. Дарвоқе, яқинда томонлар амалдаги шартномани 2027 йилгача узайтиришди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz