Қайднома

Қидирув

Ҳамон ҳаловат йўқ...

Ҳамон ҳаловат йўқ...

  09.09.2021 02:52
  0
  370
Ҳамон ҳаловат йўқ...

Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинлангач, мухлислар бир қадар хотиржам тортиб қолишганди. Ким қандай фикрда бўлишидан қатъий назар, мазкур муҳим жараён ниҳоясига етди ва бош жамоамизда янги мутахассислар гуруҳи иш бошлади. Шу тариқа  ушбу мавзуда мунозара-мулоҳазалар билдиришдан Швеция терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ва кейинги режалар хусусида фикрлаш босқичига қадам қўйилди. Бир қарашда, ҳаммаси изга тушгандек ва футболимиз муҳитида ўзига хос маром кузатилаётгандек эди. Бироқ барчасини Уммон термаси бузиб юборди. Араб футболи термалари ичида анча камтарин ҳисобланадиган бу жамоанинг «кунчиқар юрт»дан ғалаба билан қайтгани натижасида мамлакатимиз футбол мухлисларида яна ором йўқолди. Очиғи, кўпчилик Уммон термаси «самурайлар»га шунчаки, «ем» бўлишини кутганди. Тушунишимизча, мухлисларда ғалати бир таскин шаклланганди, яъни улар Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига тасодифан чиқолмагани, Уммон, Ливан ва Вьетнам каби термалар бирор ижобий натижа қайд этиши даргумонлигини ўйлаб, ўзларини юпатишаётганди. Амалда уммонликлар учинчи босқичнинг 1-туридан ўрин олган ўта муҳим учрашувда жасорат ва матонат билан тўп суриб, Японияда ютуқни тантана қилишди. Хуллас, уммонлик футболчиларнинг дадил одимлари эндигина терма жамоамизнинг Саудиядаги муваффақиятсиз иштирокини тўғри тушунишга интилаётган мухлислар онгу-шуурида яна эски ва аламли «дард»ларни қўзғади...

Маълум бўлдики, мухлислар «Ҳақиқатан ҳам, терма жамоамиз имкониятлари учинчи босқичда ўйнаш даражасида эмас!» деган хулосага ўзларини кўниктиришаётган экан, чоғи. Уммон термасининг ғалабаси эса аслида бизнинг футболимиз учинчи саралаш босқичига муносиблиги ва бундай имкониятдан расмий-ташкилий ишларга боғлиқ камчиликлар, мураббийлар штаби йўл қўйган хатолар туфайли мосуво бўлганини яна бир бор исботлади. Демоқчимизки, Сречко Катанец миллий жамоамизни бошқариши футболимиздаги мавжуд воқеликни жиддий тарзда ўзгартирмайди, ўзгартиролмайди. Словениялик мутахассис ўрнида янада савиялироқ мураббий бўлганида ҳам, вазият ўзгармаслиги энди аён бўлмоқда. Ўзимизни ҳар қанча юпатмайлик, овутмайлик ва ҳозирги ҳолатни маълум сабаблар билан изоҳламайлик, бари бефойда: футболимиз аввалги даврга нисбатан ривожланмаётгани ва бош­қалардан ортда қолаётгани аниқ. Буни Уммон футболининг кичик ғалабаси яққол кўрсатди. Эҳтимол, уммонликлар ҳар доим ҳам шундай муҳим ғалабаларга эришолмаслар. Бу ҳол бизни у қадар қизиқтирмайди. Қизиқтирадиган ва муҳим томони - мазкур юрт вакилларининг бир марта бўлса ҳам, расмий учрашувда  шундай ғалабага эришишгани. Чунки миллий жамоамиз шундай муҳим учрашувларда ғалаба қозонишни уддалолмайди ва уддалолмаслик сабаблари ҳозиргача мутасаддилар томонидан атрофлича муҳокама қилинмаган, муаммоларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар қўлланилмаган. Футболимиз мутасаддилари учун чора кўриш, вазиятдан чиқиш - бош мураббийни ўзгартириш. Ҳолбуки, мураббийни алмаштириш ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Албатта, бу хулосанинг Вадим Абрамов ва Сречко Катанец «рокировка»сига алоқаси йўқ.

Диёр Имомхўжаевнинг миллий терма жамоамиз муваффақиятсизликлари юзасидан билдирган мулоҳазаларига Вадим Абрамовнинг реакцияси шуни кўрсатдики, футболимиз юқори элитасида ички зиддиятлар, тортишувлар, келишмовчиликлар мавжуд ва бу каби салбий ҳолатнинг илдизи анча чуқурлашганга ўхшайди. Ҳар ким ўзича ҳақ, фақат ўзиникини маъқуллайди. Бунақада футболимизни ривожлантириб бўладими?! Бирлик, тотувлик йўқ жойдан барака ҳам, натижа ҳам қочади. Футболимизни ҳар ким ўзининг йўриғига юрғизаверса, ўзи томонга тортаверса, ижобий натижадан умид қилмасак ҳам бўлаверади.

Умид қиламизки, муаммоларга бир кун барҳам берилади. Негаки, футболимиз энди эскича яшашни истамайди, мухлислар ҳам бунга кўнишмайди асло. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам, тараққиёт йўли табиий равишда ўз маромини топади. Фақат бу жараён салгина секинроқ кечади. Жараённи тезлатиш шарти эса футболимиз раҳбариятининг шашту-шижоати, онгу-тафаккури ва шахсий манфаатдорликдан устун туриши билан боғлиқ. Сречко Катанецнинг юртимизга келиши ҳозирча футболимиздаги тун ичра бир шуъладир гўё. Бу шуъла терма жамоамизнинг тунги осмонини ёритишга қодирми ёки йўқ - буни вақт ҳукмига ташлаймиз. Вакилларимизнинг Швеция терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида ўзларининг тутишлари мухлисларга маъқул келди. Футболчиларимиз аввалгидек, мухлислар кўниккан услубда тўп суришди. Шунинг баробарида уларда ўзгача руҳият, янгича ўйнашга иштиёқ сезилди. Сречко Катанец ҳам бир-икки «от юриш»ни амалга оширди. У учрашувнинг биринчи бўлимида кўпроқ Ойбек Бозоров дриблинг­лари орқали рақиб жарима майдони атрофида тартибсизликлар келтириб чиқаришни кўзлади. Ойбек  ҳам ўзига топширилган вазифани аъло даражада бажаришга  астойдил интилди. Бироқ бундан натижа чиқмади. Шундай вазиятда «Бу - футбол!» иборасини ишлатсак арзийди. Бош мураббий буни тўғри фаҳмлади ва Ойбек Бозоровни Аброр Исмоилов билан алмаштирди. Фаол ва ҳаракатчан Ойбекнинг захирага олингани бир қарашда ғалати туюлиши мумкин. Бироқ мураббий бу ҳолатни тўғри баҳолади, назаримизда. 10 йиллар муқаддам Одил Аҳмедовнинг ҳужумчи ортида кўпроқ наф келтириши хусусида бир неча бор ёзгандик. Эктор Купер даврида эса бу вазифани Отебек Шукуровга топшириш лозимлиги ҳақида мулоҳаза билдирдик. Газета таҳламлари варақланса, бу мулоҳазаларни топиш қийин эмас. Қарангки, биз унча хушламаган Сречко Катанец айнан шундай йўл тутди. Охир-оқибат Отабек Шукуров бир вақтлар Сервер Жепаров бажарган ишларни амалга оширишга киришади, Александр Гейнрих ролини эса Ойбек Бозоров эгаллайди. Бошқа позицияларда ҳам шу зайл муқим «эга»лар бўй ростлашади. Шундан кейингина миллий жамоамизнинг янгиланган қиёфаси тўғрисида сўз юритсак бўлади. Унгача ҳали анча вақт бор. Демак, яна ва яна сабр-тоқатли бўлишга мажбурмиз. Абдулла Абдуллаев ва Достон Турсуновни танқид қилишдан ўзимизни тиямиз. Бош жамоамиз таркибига эндигина қўшилган бу икки марказий ҳимоячини танқидлар эмас, балки ҳалол рақобат тобласин. Сречко Катанец терма жамоамизда ҳалол ва адолатли рақобат муҳитини шакллантирса, бунга Суперлига клубларида тўп сураётган бошқа ўйинчиларни ҳам ишонтирса, футболимиз яқин келажакда дастлабки ютуқларни  қўлга китиришига умид қилиш мумкин.

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz