Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Тўғридан-тўғри «Рома»дан «Лацио»га!

Трансферлар: Тўғридан-тўғри «Рома»дан «Лацио»га!

  11.09.2021 14:14
  0
  341
Трансферлар: Тўғридан-тўғри «Рома»дан «Лацио»га!

Ёзги трансферлар вақти «Рома» вакили тўғридан-тўғри «Лацио» сафига қўшилди. Бунақаси охирги 36 йил бадалига илк марта кузатилди. Испаниялик Педронинг жасурлигига қойил. Тўғри, у футбол тарихида муайян клубнинг ашаддий душмани томон ўтиб, мухлислар ғазабини қўзғатган ягона футболчи эмас. Лекин «кўчанинг нариги тарифига ўтиб олиш»­га ҳар кимнинг журъати етмаслиги ҳам - айни ҳақиқат. Қуйидаги мақолада Педронинг дангал қадамидан илҳомланиб, футбол оламидаги нодир трансферларни эсга солинди.

«Рома» - «Лацио» муносабати: 36 йил ичида илк ўтиш

Трансфер: Педро Родригес (Испания) -«Рома»дан «Лацио»га (текин)

Испаниялик ҳужумчи 1 йилча олдин «Челси»дан воз кечиб, «Рома» билан 2 йиллик шартнома тузди. У мавсум-2020|2021да «бўрилар» либосида 40та ўйин ўтказиб, 6та гол ва 7та самарали узатма қайд этди. Яхши статистика, лекин июль ойида Жозе Моуриньонинг Педро билан яна бирга ишлашга тоқати йўқлиги маълум бўлди. «Беназир»га Лондонда бўлгани каби Хосеп Гвардиоланинг собиқ шогирди билан тўқнашиш ёқмади, чоғи. Натижада Педро «Лацио» билан келишиб олди ва Римнинг бошқа клубидан қўним топди - текин трансфер. Ваҳоланки, у эркин агент эмасди. Тўғри, ўртадаги шартлашувга кўра, «Рома» маълум миқдорда бонус шаклида пул олиши мумкин, фақат бунинг учун Педро «бургутлар» сафида муваффақиятли ўйнаши керак. Бу трансфернинг ғайриоддий томони шуки, Рим клублари ўртасида охирги марта бевосита ўтиш содир бўлган вақтда 34 ёшли Педро Родригес ҳали туғилмаган эди. Оддий айтганда, нақ 36 йил олдин дарвозабон Астутильо Мальдольо «Рома»ни «Лацио»га алмаштирганидан буён бошқа ҳеч ким бундай юришга журъат этолмаётганди. Ҳа, Примавера клублари ўртасида ўйинчи алмашиш кузатилган, лекин катталар миқёсида асло...

 

«Црвена Звезда» - «Партизан»

муносабати: «ҚочоҚ»ларсиз 10 йил

Охирги трансфер: Йован Крнета (Сербия) -«Партизан»дан «Црвена Звезда»га (25 минг евро)

«Абадий дерби» мақомини олган «Црвена Звезда» ва «Партизан» ўйини иштирокчиси бир томондан иккинчи тарафга ўтиш учун ўта  жасур ёки «телба» бўлиши керак. Аслида Крнета «Партизан»­нинг асосий жамоасида бирор марта ўйнамаган ҳам. Фақат клуб тизимида 5 йил шуғулланган ва баъзи-баъзида асосий таркиб машғулотларига жалб этилган. Шунга қарамай, Йованнинг «Црвена Звезда» сафига қўшилгани «Партизан» мухлисларига асло ёқмади. Ваҳоланки, у «қизил юлдузлар» сафида юлдузга ҳам айлангани йўқ, тўғри, жамоа либосида чамаси 30та ўйин ўтказиб, Сербия чемпиони бўлди, мамлакат кубогини қўлга киритди. Ҳимоячи энди «Партизан» фанатлари нигоҳидан анча олисда, Озарбайжоннинг «Зиря» клубида ўйнамоқда.

 

«Реал» - «Барселона» муносабати: «Қочоқ»ларсиз 14 йил

Охирги трансфер: Хавьер Савиола (Аргентина) -«Барселона»дан «Реал»га (эркин агент)

20-асрнинг охирги 10 йиллигида бир қатор таниқли футболчилар бирин-кетин «Реал» - «Барселона» чегарасини бузишга  жазм этишди: Бернд Шустер, Микаэль Лаудруп, Луис Энрике. 2000 йили эса Луиш Фигу трансфери бомба янглиқ портлашни юзага келтирди - бу устамон Флорентино Переснинг айёрона юриши самараси. Ўшанда «Реал» португалиялик учун 60 миллион евро тўлаганди. Охирги «қочоқ» - Хавьер Савиола. Аргентиналик «қуёнча» «Барселона»да юлдузлар сафига қўшилолмади, гарчи жами 172та ўйинда 72та гол урган бўлсада. Хуллас, «Барса» билан шартномаси муддати тугагач, Хавьер эркин агент мақомида «Мадрид»га йўл олди. Айтиш ўринли, аргентиналик ҳужумчи «Реал»­да айтарли каромат кўрсатолмади (30та учрашувда атиги 5та гол, шунда ҳам асосан захирадан тушди), лекин Испания чемпионати олтин медалига эга чиқди («Барса»да бундай ютуқни кўрган эмасди).

 

«Ливерпуль» - «МЮ» муносабати:

«Қочоқ»ларсиз 57 йил -   Охирги трансфер: Фил Чизналл (Англия) - «МЮ»дан «Ливерпул»га (25 минг фунт)

Манчестерлик футболчи ёшлигида катта истеъдод сифатида умид уйғотган, аммо унинг 21 ёшида «МЮ»ни «Ливерпул»га алмаштиргани унча жиддий қабул қилинмаган. Гап шундаки, ҳамма ўша вақт учун ўта йирик саналган трансфер суммаси (25 минг фунт стерлинг) билан чалғиганди. Афсонавий Билл Шенкли йигитча тимсолида «қизиллар»нинг бўлажак юлдузини кўрганди, аммо ҳужумчи бу умидларни оқламаган. Тўғри, Фил фаолияти давомида «МЮ»да ҳам, «Ливерпул»да ҳам голлар урган, аммо буюклар қаторига киролмаган, барибир. Чизналл орадан йиллар ўтгач, буюк мураббийлар қўл остида ўйнаганини фахр билан эслаганди: «Қаранг, 1 йил давомида Мэтт Басби, Билл Шенкли ва Англия ёшлар термасини бошқарган Альф Рэмзи каби афсоналар раҳбарлигида ишладим. «Юнайтед»да хотиржам Басби ва эҳтиросли уэльслик Жимми Мёрфи бор эдилар. «Ливерпул»да аксинча, Шенкли эҳтиросли, Боб Пейсли эса анча босиқ эди. Рэмси ҳам мутлақо бошқача...». Фил Чизналл шу йил 4 март куни вафот этди ва «МЮ» ҳам, «Ливерпуль» ҳам унинг хотирасига бирдек ҳурмат бажо келтирди.

 

«Селтик» - «Рейнжерс» муносабати: «Қочоқ»ларсиз 113 йил (!)

Охирги трансфер: Алекс Беннетт (Шотландия) -«Селтик»дан «Рейнжерс»га (50 фунт)

«Эски фирма» - бу дербидан ҳам кўпроқ нарса. «Селтик» ва «Рейнжерс» мухлислари сиёсий|диний қарашларга кўра, «ринг»нинг турли бурчакларида бўлиб, ўзаро асло муроса қилолмайдилар. Дейлик, охирги 100 йил мобайнида ҳар икки клуб либосини кийган футболчиларни санаш учун бир қўлнинг бармоқлари етиб-ортади. Охирги тўғридан-тўғри ўтишни топиш учун эса, 1908 йилга қайтиш керак. Ўшанда жаноб Алекс Беннетт ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Шотландия терма жамоасининг сермаҳсул ҳужумчиси 5 йил давомида «Селтик» шарафини ҳимоя қилиб, клуб билан 4 марта мамлакат чемпиони бўлади ва 1908 йилнинг май ойида ҳеч ким кутмаган ҳолатда «Рейнжерс» томон юз буради. Эътиборли факт: Алекс «нодир» трансфердан атиги 2 ҳафта олдин Old Firm доирасидаги ўйинда «жерс» дарвозасига ғалаба голини уриб, «Селтик»ка чемпионлик унвонини тақдим этганди. Беннетт «Рейнжерс»да ҳам вақтни беҳуда ўтказмайди - янги клубида 3 бора чемпионликни тантана қилади, аммо эски жамоаси тарафдорларининг мислсиз нафрати остида...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz