Қайднома

Қидирув

Таништирув: Кутиб олинг, «янги Варди» келмоқда

Таништирув: Кутиб олинг, «янги Варди» келмоқда

  12.09.2021 08:28
  0
  335
Таништирув: Кутиб олинг, «янги Варди» келмоқда

«Лестер» охирги трансферлар бозорида «Зальцбург» ҳужумчиси Пэтсон Дакани нақ 23 млн. фунтга сотиб олди. Шу тариқа 22 ёшли иқтидор АПЛ ўйинида қатнашган замбиялик 4-футболчи бўлди. Ҳозир Замбияда Дакадан янги авлод вакилларининг етакчиси сифатида миллий жамоани юксак савияга олиб чиқишни кутишмоқда.

* * *

Замбия термаси Африка Миллатлар кубогида илк марта зафар қучган пайт Пэтсон 12 ёшли йигитча эди. Ўшанда «мис ўқлар» ҳал қилувчи баҳсда Кот-д~Ивуар термасини таслим этишганди. Бироқ тарихий ғалабадан кейин Замбия футболи савияси бирданига тушиб кетди, мамлакат бош жамоаси қаторасига 3 марта қитъа чемпионати финал босқичидан четда қолди. Шунингдек, замбияликлар ҳамон ЖЧ йўлланмаси қўлга киритиладиган тарихий кунларни катта умид ва сабрсизлик билан кутишмоқда. Аксига олиб, «мис ўқлар»нинг ФИФА рейтингидаги мавқелари йил сайин пасаймоқда: 2012 йили 34-қаторга кўтарилган жамоа айни пайт 87-ўринда бормоқда. Шунга қарамай, мухлислар иқтидорли футболчиларнинг янги авлодига умид билан боқишмоқда. Зеро, ҳозирда замбиялик бир қатор нав­қирон ёшлар Европа майдонларида муносиб ўйин кўрсатишмоқда. 23 ёшли  Иноке Мвепу («Брайтон»), 22 ёшли Кинге Канг­ва («Арсенал» Т.), 24 ёшли Фэшне Сакале («Рейнжерс») ва албатта, қаҳрамонимиз - «Лестер»нинг янги аъзоси Пэтсон Дака шулар жумласидан.

* * *

Даканинг иқтидори илк марта айнан Замбия миллий жамоаси Африка чемпионати олтин медалини қўлга киритган 2012 йили кўзга ташланган эди. Аниқроқ айтсак, Пэтсонга мамлакатда истеъдодли ёшларни аниқлаш учун йўлга қў­йилган махсус дастур қўл келди. Айтишларича, мураббийларнинг йигитчадаги юксак салоҳиятни илғашларига атиги 10 дақиқалик тест синовлари кифоя қилган. «Aйнан Аir***el Rising S***ars дастури туфайли ўсмирлар тоифасида мамлакат шарафини халқаро аренада ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдим», - деди Дака яқинда ВВС мухбири билан суҳбатда. 2013 йили «Нчанга Рейнжерс» клуби тизимида тўп сура бошлаган Дакани Замбия ***-17 терма жамоасига чақиришди. Қаранг, 13 ёшли болакай ***-17 жамоасида! Муҳими, замбиялик ўсмирлар Нигерия мезбонлик қилган турнирда фахрли 2-ўринни эгаллашди, Пэтсон эса энг яхши тўпурарга аталган совринни ўзиники қилди. Шу тариқа болакайнинг овозаси бутун Африкага ёйилди. Дака яна 3 йилдан кейин, яъни 16 ёшида мамлакат миллий жамоасида дебют қилди. Шу тариқа Европада ҳам унга жиддий қизиқиш бошланди. Хуллас, Пэтсоннинг ўрни «кўҳна қитъа»да эканлиги шундоқ ойдинлашиб қолди. Айни шу паллада «Се­вилья» клуби ҳамда Мали терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Фредерик Кануте томонидан ташкил этилган агентлик гуруҳи ёш ҳужумчини Австриянинг «Лиферинг» клубида ўйнашга кўндирди. Бироқ янада юксакроқ маррани кўзлаган агентлар бир неча ойдан ке­йин замбиялик иқтидорни «Кафуэ Селтик»дан тўғри «Зальцбург»га ўтказдилар - 250 минг евро эвазига.

* * *

Таъкидлаш жоиз, «Лиферинг» ва «Зальцбург» ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари бор. Хуллас, Дака Европа футболига мослашиш жараёнини айнан «Лиферинг»да бошлади, барибир. Замбиялик йигитча 2017 йилнинг апрелига келиб, «Зальцбург»нинг ***-19 жамоаси сафига қўшилди ва УЕФА ўсмирлар ЧЛ турнири дои­расидаги 2та ўйинда қатнашди - «Бенфика» (2:1) ва «Барселона» (2:1) ёшларига қарши кечган баҳс­ларда. Эътиборли томони, Пэтсон ҳар 2 учрашувда ҳам гол ур­ди. Шу тариқа мавсум-2018|2019да Дакани «Зальцбург»нинг асосий таркибига ўтказишди, яна 1 йилдан кейин йигитча бошланғич таркибдан муқим жой олди. Асосий факт: Австрия клубининг бош голеадори Эрлинг Холанд Дортмунд «Боруссия»си сафига ўтгач, америкалик мураббий Жесси Марш норвегиялик вундеркинд ўрнини айнан Пэтсон билан тўлдирди. Асосийси, Замбия футболи умиди билдирилган ишончни тўла оқлади - 2019|2020 йиллар мавсумида 31 марта майдонга тушиб, 24та гол урди! Дака ке­йинги мавсум янада самаралироқ ўйнади - 28та учрашувда 27та гол. Хуллас, «Зальцбург»нинг энг сермаҳсул футболчисига айланган (барча турнирлар доирасидаги 125та ўйинда 68та гол) замбиялик кўплаб клублар эътиборига тушди, жумладан, «Лестер» ҳам унга жиддий қизиқиш билан қаради. Якунда «тулкилар» 23 млн. фунт стерлингдан воз кечган ҳолда, иззатталаб трансферлар анъанасини давом эттирдилар.

* * *

Британиялик мутахассислар ҳозирнинг ўзида агар Пэтсон Англия футболига мослашишда муаммога дуч келмаса, 1-2 йил ичидаёқ фаолияти ниҳоясига яқинлашаётган Жейми Варди ўрнини бемалол боса олишини таъкидламоқдалар. Чиндан ҳам, икки ҳужумчида умумий ўхшаш томонлари кўп. Хусусан, ҳар иккиси асосан тезкор ҳаракатланиш билан рақибларни саросимага солишни хуш кўради. Дака ҳам Варди каби рақиб жарима майдони ичида аъло даражада тўп суради. Статистикага асосланиб айтганда, африкалик ёш тўп­урар голларидан 95 фоизини айнан жарима майдони ичидан урган. Вардининг бу борадаги кўрсаткичи эса 97 фоизга тенг. Бундан таш­қари, ушбу снайперлар асосий эътиборни тўпни жарима майдони ичида қабул қилиб олишга қаратадилар. Варди 1та ўйинда ўртача ҳисобда 4,1 марта тўп билан муомалада бўлади, Дака эса 6,6 марта. Тўғри, бу ерда Англия Премьер-лигаси ва Австрия Бундеслигаси ўртасидаги фарқни ҳам инобатга олиш керак.

Асосийси, Пэтсон Дака жисмонан ўта бақувват, худди Жейми Варди каби. Шунинг ҳисобига тезкор ҳаракатларни амалга оширади. Ўтган мавсум «Зальцбург»нинг тезкор қарши ҳужумлари ортидан 4та гол ургани унинг Брендан Рожерс жамоасига муносиб номзод эканлигини кўрсатмоқда. «Суръат - Даканинг энг устун жиҳатларидан бири. У шунинг баробарида жарима майдони ичида ўта хавфли. Муҳими, Пэтсон турли мураббийлардан сабоқ олишни ёқтиради, ҳамиша жамоага ёрдам беришга интилади. Натижа - Дака учун энг муҳим кўрсаткич. Ундаги куч ва ғайрат-шижоат инглиз футболига қисқа вақт ичида мослашиб олишига имкон берса, ажабмас», - деганди австриялик журналист Александар Андонов.

* * *

Умуман, АПЛга йўл олгани - Даканинг янги синовларга шай эканлигидан далолат. Тўғри, йигитчанинг ўйинида сайқалга муҳтож жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Ҳаттоки, Австрия чемпионатида ҳам яккакурашлар ва дриблинг бобида муаммолари борлиги кўзга ташланарди. Шунингдек, Пэтсон Дака ҳозирча ҳали нуфузли чемпионат синовидан ўтмаган келажаги порлоқ иқтидор соҳиби, холос. Ҳар ҳолда, «Зальцбург»нинг ҳукмронлиги остида ўтаётган Австрия чемпионатида гол уриш бошқа, АПЛ ёки ЧЛда ўзини кўрсатиш бошқа масала, барибир. Замбиялик ҳужумчи Англия суперкубоги учун кечган «Манчестер Сити» - «Лестер» ўйинида 24 дақиқа ҳаракатланди. Унда қайд этилган статистик маълумотлар Дака фойдасига эмас - 13та ҳаракатдан атиги 2таси самарали, 4та узатмадан 1таси аниқ, 3та яккакурашнинг барчаси самарасиз... Табиийки, мошлашиш жараёни ҳали поёнига етган эмас, жумладан, футболчининг мураббий талабларини тўлиқ тушуниши учун маълум вақт керак. Муҳими, Пэтсоннинг ўзи афсонага айланиб улгурган Вардига муносиб ворис бўлишини ишонч билан таъкидламоқда: «Аввал ҳам «Лестер» иштирокидаги ўйинларни катта қизиқиш билан кузатганман. Жейми Варди - услуби ва ўйин сифатидан мен андоза олган футболчилардан бири. Энди ҳар куни машғулотларда у билан ёнма-ён эканлигим ва билмаганларимни ўрганиб олишим мумкинлигидан беҳад хурсандман».

Нима ҳам дердик, яна бироз сабр қилсак, келажаги порлоқ замбиялик ҳужумчи тажрибали Варди ёнида қандай ўйнашини билиб оламиз. Африкалик снайперлар кўпинча АПЛда ҳам муваффақиятга эришадилар. Балки Пэтсон Дака бир неча йиллардан сўнг Дидье Дрогба ва Муҳаммад Салоҳ  кабидан қаторидан жой олар...

 

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz