Қайднома

Қидирув

Еврофутбол – сардорлар паради ёхуд ЕВРОПАДАГИ ЭНГ ЁШИ КАТТА ВА КИЧИК САРДОРЛАР

Еврофутбол – сардорлар паради ёхуд ЕВРОПАДАГИ ЭНГ ЁШИ КАТТА ВА КИЧИК САРДОРЛАР

  18.09.2021 17:47
  0
  261
Еврофутбол – сардорлар паради ёхуд ЕВРОПАДАГИ ЭНГ ЁШИ КАТТА ВА КИЧИК САРДОРЛАР

ЕВРОПА ФУТБОЛИДАГИ ЭНГ ЁШИ КАТТА ВА КИЧИК САРДОРЛАР. Жамоанинг 11 нафар футболчисидан бири қўлига боғланадиган бир парча мато нимани англатади? Бир қарашда, ўта жўн кўринган ушбу спорт атрибути ўз соҳиби жамоасининг шон-шарафи ва табиатини ифодалайди. Фрэнк Лэмпард, Стивен Жеррард, Карлесь Пуйоль, Серхио Рамос - фаолият йўлининг катта қисмини муайян бир жа­моага бағишлаб, унинг тарихида ўчмас из қолдирган буюк сардорлар. Боғичсиз уларнинг сиймолари онгимизда кемтик ҳолда гавдаланади. Энг ғалати томони, айрим футболчилар шу бир парча матони тақиб юриш шарафига сазовор бўлиш йўлида бир неча йил жамоа учун фи­дойилик билан тер тўкадилар, баъзилар аксинча, клуб билан яқин алоқалари туфайли академиядан чиқишгани ҳамоно боғичга муносиб кўриладилар. Қисқаси, сардорлик мақомига эришиш йўллари турлича, лекин мазмуни бир хил. Жамоа, ўйинчилар, байроқдаги рамз шарафини ҳимоя қилиш масъулияти аввало, айнан сардор зиммасига тушади.

АПЛ (Англия). «Манчестер Сити»нинг кўп йиллик етакчиси ва фахрийси Фернандиньо ҳозир нафақат «шаҳарликлар», балки бутун туманли ўлкада афсона даражасида. 37 ёшини нишонлашга яқинлашаётган бразилиялик футболчи «Сити»да 9-мавсумини бошлади. У сардорлик боғичини илк марта мавсум-2016|2017да, «Борнмут»га қарши кечган ўйинда таққанди. Қарама-қарши «соҳил» эса айни қувватга тўлган навқирон Жеймс Уорд-Проуз тасарруфида. 26 ёшли хавбек - «Саутгемп­тон» тимсоли. «Авлиёлар» мактабида вояга етган Жеймс ҳозир чинакам етакчи ва дунёдаги энг кучли «стандарт» усталаридан биридир. Англиялик футболчи ўтган мавсумдан эътиборан мунтазам равишда сардорлик боғичи билан майдонга тушмоқда. Лекин, у бундай шарафга илк марта сал аввалроқ, Англия кубоги-2018|2019 доирасида «Дерби Каунти» билан бўлган баҳсда муносиб кўрилганди.

 

Ла-Лига (Испания). Испан футболидаги бош «оқсоқол»ни аниқлаш учун ортиқча бош қотириш зарурати йўқ - шу вақтгача ҳаммасини, ҳаттоки, динозаврларни ҳам кўрган «қария» Хоакин ҳамон «Бетис»ни ўз ортидан эргаштириш миссиясини ўрнига қўймоқда. «Бодринглар» вингери ҳозир 40 ёш маррасидан тобора узоқлашмоқда. У фаолиятининг катта қисмини ўзи туғилиб-улғайган Севилья жамоасига бағишлади. Хоакин айнан «Бетис»да маҳоратини ошириб, юлдуз мақомига кўтарилди, ҳозиргача унинг таркибида ўйиндан завқ олмоқда. Тўғри, испан фахрийси сардорлик масъулиятини биринчи марта ўзга юртда, «Фиорентина»да зиммасига олганди - Италия «А» серияси-2014|2015нинг 21-турида. Микель Ойарсабаль Евро-2020да «қизил фурия» ишончини тўлиқ оқламаган бўлсада, «Реал Сосьедад»нинг етакчилари қаторида муҳим ўринга эга. Басклар жамоаси азалдан асосий таркибни маҳаллий иқтидорлар ҳисобига тўлдириб келади. Микель - шу анъанага ёрқин мисол. Унга 2015|2016 йиллар мавсумида бошланғич таркибдан жой беришди, 2018 йили «Уэска»га қарши кечган беллашувда эса, қўлига  сардорлик боғичини ҳам тутқазишди. Шундан буён шарафли мақомга муносиб тўп сураётган Ойарсабаль ҳали 25 ёшини ҳам қаршилаган эмас.

 

«А» серия (Италия). Италия - узоқ фаолият юритадиган футболчилар мамлакати. Апеннинда айрим футболчилар айни навқирон даврда кўрсатолмаган натижаларини 30 ёшдан ошганларидан кейин қайд этадилар. «Сампдория»нинг 39 ёшга яқинлашиб қолган сардори Фабио Квальярелла бунга ёрқин мисолдир. Қарангки, у 36 ёшида «А» серия тўпурарлари пойгасида кимсан Криштиану Роналдудан ўзиб кетди. Ўзи учун кутилмаган совға - сардорлик боғичини эса 5 йил муқаддам, мавсум-2016|2017дан ўрин олган «Аталанта»га қарши учрашувда қўлига боғлади. Лоренцо Пеллегрини - Апеннинда мукаммал жанг санъатини фақат «қария»­лар намойиш этмасликларини амалда кўрсатаётган футболчи. «Рома» академиясида улғайган йигит аввалига асосий таркибдан жой ололмади ва «бўрилар» уни имтиёзли тарзда сотиб олиш ҳуқуқи билан «Сассуоло»га юборишди (ижара). Лоренцо янги жамоада ёрқин ўйнаш эвазига пойтахтга қайтишни пайсалга солмади ва тез орада «бўрилар» сафида ҳам етакчиликни қўлга олди. Шу тариқа 23 ёшидаёқ сардорлик боғичи билан тақдирланди. Хуллас, яқинда чорак асрлик маррани ортда қолдирган Пеллегрини ҳамон «А» серия­даги энг ёш сардор ҳисобланади.

Бундеслига (Германия). Германия чемпионати нафақат «қария», балки «митти» сардорлар бобида ҳам «сюрприз»лар улашишга қодир. Айни пайт Бундеслигада энг ёши катта сардор мақоми Макото Хасебега тегишли. Деярли 38 ёшни қоралаб қўйган япониялик ярим ҳимоячи 14 йил давомида «Вольфсбург», «Нюрнберг» ва «Айнтрахт» клубларида тўп сурди. Хасебега айниқса, 8 мавсумига гувоҳ Франк­фурт худди жонажон уйидек бўлиб қолган. Сардорлик боғичига эса «бўрилар» билан хайрлашишидан 1 йил аввал эришган Макото ҳанузгача уни ҳеч кимга бермай келмоқда. Бундеслигадаги энг ёш «кэп» - Никлас Кларк. У 2015 йилнинг ёзида қадрдон клуби «Нюрнберг»дан «Герта» сафига қўшилгач, илк кундан асосий таркибга кирди ва мавсум-2019|2020 доирасидаги кубок ўйинларидан бирида сардорлик масъулиятини биринчи марта ўз зиммасига олди. 24 ёшлиНиклас ҳозиргача «Герта» боғичини бегона қилмаяпти.

 

Лига 1 (Франция). Франция футболида азалдан ёш иқтидорларга кенг имконият тақдим этилади. Шундай экан, аввало, энг ёш сардор билан таништириш мақсадга мувофиқ. Айни пайт «Нант»ни майдонга 22 ёшли Альбан Ляфон олиб тушмоқда. Дарвозабон учун «боғча» даври! Аслида Ляфон энг иқтидорли ёшлар қаторидан жой олганига анча бўлди, лекин «Тулуза»дан кетгач, ижобий натижаларга эришолмади. У охирги 2 йилни ижара келишуви асосида «Нант»да ўтказди. Ниҳоят, клуб охирги трансферлар дарчасида Ляфон ҳуқуқини  «Фиорентина»дан тўлиқ сотиб олди. Мана, жамоа­нинг элитада ўз ўрнини сақлаб қолишида жонбозлик кўрсатган Альбан янги мавсумни сардорлик боғичида бошлади. «Қари» сардорлар орасида эса кўпчилик мухлислар ёдидан кўтарилишга улгурган собиқ «бавариячи» Данте етакчи. У 5 йилдан буён «Ницца»да тўп сурмоқда. «Бургутчалар» бу оралиқда ЧЛга кўтарилиб, яна ўртамиёналар сафига тушишди ҳам. Энди эса янги бош мураббий бошқарувида яна юқори ўринларга даъвогарлик қилишмоқда. Ижобий ўзгаришларда шу йил 38 ёшга тўладиган бразилиялик фахрийнинг ҳиссаси ҳам сезиларли. Данте мавсум-2016|2017дан эътиборан сардорлик боғичи билан майдонга тушмоқда.

 

РПЛ (Россия). Россия чемпионатида ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин. Жумладан, энг ёш сардор ҳам, энг каттаси ҳам дарвозабон. Садоқат бобида намуна бўлишга лойиқ футболчи - Игорь Акинфеев. Ўз юртида бўлиб ўтган мундиал қаҳрамони 35 ёшда ва унинг жорий мавсумдан кейин қўлқопини михга илиши афсусланарли, албатта. Эҳ, Игорь яқиндагина дебютини нишонлаган, илк учрашувда пенальтини тўсган, Веллитонга танбеҳ берган ва «армиячилар»ни майдонга сардор сифатида олиб тушганди, гўёки... Нима дердик, ҳар қандай воқеанинг интиҳоси ҳам бор. Россия жанубида Акинфеев даражасига бемалол кўтарилиш, ҳаттоки, янада юксакроқ чўққиларни забт этиш имконига эга яна бир кипер камол топмоқда. У Евро-2020да Антон Шунин ўрнига майдонга тушди, Дания термасига қарши кечган баҳсда бор маҳоратини кўрсатди, лекин рақиб ҳужумлари кўплигидан йирик ҳисобли мағлубиятдан қочиш иложи топилмади. Гап Матвей Сафонов ҳақида кетмоқда. У ўтган мавсум кўплаб ўйинлардан четда қолди, лекин жароҳатланишидан олдин «Рубин» билан баҳсда илк марта «Краснодар» сардори боғичи билан кўриниш берди. Жорий мавсум 22 ёшли сардор ва «Краснодар» учун омадсиз бошланди, лекин ҳозирда жанубликлар ўзларини анча ўнглаб олишди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz