Қайднома

Қидирув

Футболда инқилоб: Ҳар йили йирик турнир

Футболда инқилоб: Ҳар йили йирик турнир

  20.09.2021 05:05
  0
  213
Футболда инқилоб: Ҳар йили йирик турнир

Жаҳон чемпионатининг тўрт йилда бир марта ўтказилишига аллақачон кўникканмиз - худди Евро ва Олимпиада сингари. Аммо шу ўн йилликда ҳаммаси ўзгариши мумкин: футбол тақвимидаги потенциал янгиликлар ҳақида Арсен Венгер тушунтириш берди. Маълумот учун, «Арсенал»нинг собиқ бош мураббийи айни пайт ФИФА глобал ривожланиш бўлими раҳбари сифатида фаолият юритмоқда. Дастлаб эътиборимизни айнан франциялик мутахассиснинг сўзларига қаратсак.

«Айни пайт ўртоқлик учрашувлари томошабинлар учун тобора қизиқарсиз ўйинга айланмоқда, саралаш баҳслари ҳақида ҳам шундай фикр билдирса бўлаверади: қизиқиш 15-20 йил аввалгидек эмас. Одамлар катта пуллар тикиладиган, регламенти барча учун тушунарли бўлган мусобақаларга эҳтиёж сезишмоқда. Мухлислар талабини қондириш учун вазиятни ўнглашга интилишимиз керак», - дейди Венгер.

Унинг таклифи шундай: жаҳон чемпионати/Евро саралаш баҳсларини бир йилда икки марта (октябрь ва мартда) ўтказиш орқали ўйинлар сонини камайтириш. Венгернинг айтишича, бу футбол тақвимига аниқлик ва оддийлик киритади: йил давомида футболчилар клубларида қолишади, баҳор ва кузда эса икки марта узоқ муддат давомида терма жамоа ихтиёрида бўлишади.

«Тақвимни шундай тузиш керакки, футболчиларда трансқитъавий сафарлар камайсин. Тикланиш бўйича тадқиқотлар тасдиқлашича, футболчилардаги чарчоққа саёҳатлар ва иқлим ўзгаришлари сабаб бўлади», - дейди француз.

Шунда жаҳон чемпионати ва Евро ҳар йили навбати билан ўтказилади. Футбол тақвими, шартли равишда, қуйидагича кўриниш олади: 2028 йил - жаҳон чемпионати, 2029 йил - Европа чемпионати, 2030 йил - жаҳон чемпионати, 2031 йил - Европа чемпионати... шу зайл давом этаверади.

71 ёшли мэтрдан яна бир муҳим иқтибос: «Янги мусобақалар ташкил этишга ҳожат йўқ (Миллатлар Лигасига шаъма қиляпти), мухлислар учун катта аҳамиятга эга йирик турнирларга эътибор қаратиш керак. Ҳа, барчамиз тўрт йиллик циклга мослашиб қолганмиз - буни тўлиқ тушунаман, чунки ўзим айни тизим таъсирида улғайганман. Лекин тан олишимиз керак: жамоатчилик юқори даражали, ҳиссиётларга бой ўйинлар кўпайишини талаб қилмоқда. Ҳаттоки, якунланган ёзда бўлиб ўтган Евро ҳам ўтмишда қолди. Ўйлашимча, футбол олами саралаш учрашувларининг бир ярим йил давом этишини истамайди. Ушбу баҳсларни 4-5 ҳафта давомида шундай кўтаринкилик билан ўтказиш мумкин».

Венгер айтмоқчики, сентябрь, октябрь, ноябрь, март ва июнда терма жамоалар ўйинлари учун эълон қилинадиган танаффуслардан маъни йўқ, ушбу тажрибадан воз кечиш даркор. Жаноб Арсен янги ғоя жаҳон чемпионатлари сеҳрини ўлдирмаслигига ишонади: «Жасур бўлиб, тан олиш керак, мусобақалардаги жозиба ва нуфуз улардаги сифатга боғлиқ. Янги арзон турнирлар уюштириш шартмас (яна Миллатлар Лигаси манзилига киноя) - фанатларга фақат энг яхшисини таклиф этиш жоиз. Муаммо мусобақаларнинг тез-тез ўтказилиши эмас, уларнинг сифатида».

Франциялик мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу ислоҳотни кўплаб машҳур собиқ футболчилар - Роналдо, Кака, Хавьер Маскерано ва Гари Линекер қўллаб-қувватлашди, 166та федерация эса ФИФАдан турнирларни шу тариқа ўтказиш имкониятини ўрганиб чиқишни сўради. «Ўзимга қолса, мазкур масала декабр­да ҳал бўлишини хоҳлайман, - дейди Венгер. - Аммо олдинда қиладиган ишлар бисёр. Айни пайт барчаси 2028 йилда ўзгаришини айта оламиз, зеро ЖЧ-2026 регламенти тасдиқлаб бўлинган. Одатда, ғояларимиз кўпчиликни иккилантиради, лекин янгилик моҳиятини тушунтирганимиздан кейин одамларнинг фикри ўзгаради».

Аввалроқ ЖЧни ҳар икки йилда ўтказиш ташаббуси ҳақида ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам фикр билдирганди. «Ушбу масалани ўрганиб чиқиб, барчасини тегишли тартибда амалга оширамиз. Лекин ҳозирда шуғулланаётган лойиҳаларимизни хавф остига қўядиган қарорлар чиқармаймиз. Ишонинг, жаҳон чемпионатининг муҳимлик даражасини яхши тушуниб турибмиз. Дискуссия бўлгани маъқул, лекин унинг қамрови кенг бўлиши лозим: биз ўйинларнинг халқаро тақвими ҳақида гапиришимиз керак. Мухлислар аҳамиятли ўйинлар кўпайишини истаётган экан, йил давомида саралаш баҳсларини ўтказишимиз тўғри эканлигига ишончимиз комилми? Буларнинг барини инобатга олиш даркор. Бизнинг асосий мақсадимиз тижорат эмас, спортни ривожлантиришга асосланади», - дейди функционер.

*** Жанни Инфантинонинг фикрларига УЕФАдаги ҳамкасби Александер Чеферин қарши чиқмоқда - Европа футболи раҳбари бойкот билан таҳдид қилмоқда.

«Янгича мундиалларда қатнашмаслик бўйича қарор чиқаришимиз мумкин. Билишимча, Жанубий Америкадагилар ҳам айни фикрда. Шундай экан, бу каби жаҳон чемпионатига омад тилаймиз, - деди Чеферин. - Ўйлашимча, бундай ўзгаришлар амалга ошмайди, чунки бу футболнинг асосий принципларига зид. Ҳар йилнинг ёзида ойлаб ўтказиладиган турнирлар шунчаки, футболчиларни ўлдиради. Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган ЖЧ аёллар мусобақалари ва Олимпиадалар билан кесишади. Федерацияларимиз бундай қадамни қўллаб-қувватлашади, деб ўйламайман».

Топ клублар ва лигалар ҳам қарши. УЕФАни «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» масаласи бўйича лоқайдликда айблаши билан ном қозонган Хавьер Тебас ҳам Чеферин томонида: «Икки йилда бир марта ўтадиган жаҳон чемпионати нафақат миллий футбол лигалари, балки жаҳон футболининг умумий анъаналарига ҳам хавф солади».

Умуман, қарши чиқиш кўлами туюлаётганидан ҳам кенгроқ: масалан, мазкур жараён ёзги Олимпиада спорт турлари манфаатларига ҳам таъсир ўтказади. Халқаро енгил атлетика федерацияси президенти Себастьян Коунинг фикри қуйидагича: «Эҳтимол, қандайдир кичик манфаатлар бордир, аммо ёзги спорт турлари ўз позициясини ҳимоя қилиши керак. Улар шундоқ ҳам анъанавий медиада эътибор қозонишга қийналишмоқда. Икки йилда бир ўтадиган жаҳон чемпионати эса шубҳасиз, Олимпия ўйинлари билан тўқнашади».

Арсен Венгер айнан шундай қарама-қарши фикрлар атрофида ўз қарашларини илгари сурмоқда. Франциялик мутахассиснинг асосий тезисларига яна бир бор эътибор қаратсак:

*** ЖЧни тез-тез - яъни икки йилда бир марта ўтказиш. «Тасаввур қилинг: 2026 йили АҚШ, Мексика ва Канадада жаҳон чемпионати ўтади; 2027 йилда - Европа чемпионати ва бошқа қитъалардаги турнирлар; кейинги мундиал 2028 йилда бўлади ва кетма-кетлик шу тариқа давом этаверади. Турнирни тарк этиш учун ўтадиган ўйинлар сони ортади, саралаш баҳслари эса камаяди. Мухлислар айнан шуни хоҳлашмоқда», - дейди француз.

*** Мазкур ҳолатда саралаш ўйинлари сони озаяди - шунингдек, терма жамоалар туфайли вужудга келадиган танаффуслар ҳам. 10та саралаш ўрнига 7та - ва терма жамоалар ўйинлари учун бир-иккита танаффус. Яъни, саралаш учун талаб этиладиган 50 кун 28 кунгача қисқаради.

«Мен термалар ўйинлари учун битта танаффус қилиш тарафдориман, максимум иккита бўлсин. Ҳозир бундай танаффуслар бешта. Терма жамоалар октябрда тўпланишсин, бир ой давомида 7та саралаш ўйинларини ўтказишсин, кейин эса, финал босқичини июнда ўтказишади, - дейди Венгер. - Шу тариқа футболчиларнинг сафарга чиқишлари камаяди, ўз нав­батида, жароҳатлар ҳам. Ўйинлар сонини камайтириш орқали футболчилар ҳолатига баҳо бериш имконига эга бўламиз. Клуб футболи ва терма жамоа ўйинлари йўли камроқ кесишиши керак. Бу футболчиларни қитъалар бўйлаб амалга оширадиган парвозлари сони камайишига олиб келади».

*** Клублардаги мураббийларнинг шикоятлари ортишини олдиндан билган ҳолда, Венгер бу каби турнирлардан кейин ҳордиқ чиқариш учун вақт берилишини кафолатламоқда. «Футболчилар ўйинлар кўплигидан азият чекишмайди, турнирларнинг финал бос­қичидан кейин эса уларда камида 25 кун дам олиш имконияти туғилади», - дейди «Арсенал»нинг собиқ устози.

Хўш, мазкур масала юзасидан Венгерни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам борми? Ҳозирча бу борада (топ даражада бўлмаган) терма жамоалар вакиллари фаоллик кўрсатишмоқда. Жаноб Арсеннинг ғоясини Африка футбол конфедерацияси ижроқўми ва Осиё футбол конфедерациясига аъзо бир нечта мамлакатлар - Непал, Шри-Ланка, Мальдив ва Бангладеш маъқулламоқда. Эътибор беринг, улардан ҳеч бири Осиёда ўтадиган ЖЧ-2022 саралаши учинчи босқичига ўтолмаган.

ФИФА конгресси вақти Саудия Арабистони вакили ушбу ғояни муҳокамага қўйди. Уни 166та ассоциация маъқуллади - шунда ФИФА потенциал ислоҳотларни техник-иқтисодий томонлама асослаб бериш мақсадида тадқиқот бошлади. «Бундан кўзланган мақсад - жаҳон футболидаги турли қарашлар ва манфаатларни инобатга олган ҳолда, кенг кўламли таҳлил ўтказиш, - дея ФИФА спикерининг сўзларидан иқтибос келтирди The Athletic нашри. - Аввалдан ўйланган мақсадлар йўқ, ФИФА ўйиннинг умумий фойдасига хизмат қиладиган энг яхши қарорларни излаш масаласига жиддий ёндашмоқда». Тадқиқот муддати ҳеч қаерда кўрсатилганича йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай кўламдаги ўзгаришларнинг яқин бир-икки йил ичида тасдиқланмаслиги кундек равшан.

2024 йилгача тизим ислоҳотларни бошдан кечирмаслиги тайин. Ҳар қандай потенциал ўзгаришлар камида ФИФА ижроқўми, кўпи билан эса тўлиқ конгресс томонидан маъқулланиши лозим. Умуман, кичик ассоциациялар, одатда, жаҳон футболи раҳбарлари таклиф этадиган ҳар қандай ўзгаришларни қўллаб-қувватлашади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz