Қайднома

Қидирув

Танишинг: ҳудудий Ассоциация раҳбарлари

Танишинг: ҳудудий Ассоциация раҳбарлари

  20.09.2021 07:37
  0
  253
Танишинг: ҳудудий Ассоциация раҳбарлари

Мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш дастури асосида ҳудудий футбол ассоциацияларига катта эътибор берилмоқда, барча бўлимларга етук мутахассислар тайинланди ва улар учун зарурий шароитлар яратилди. Бугун эътиборингизга вилоятлардаги футбол ассоциацияларида фаолият кўрсатаётган вице-президент ҳамда техник директорлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтамиз.

БЕКЗОД КАРИМОВ(Андижон вилояти)

Бу инсонни кўпчилик серғайрат, ўз ишига масъулиятли шахс сифатида танийди. Бекзод Каримов бугунги кунда Андижон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида ҳудудда футболни янада оммавийлаштириш йўлида изланмоқда. Албатта, Каримовга бу йўлда тажрибали мутахассис Ориф Маматказин ҳам ёрдам бермоқда. Маматказин ҳозирда техник директор лавозимида ишлаётганини таъкидлаш ўринли.

РУСТАМ ҚОДИРОВ(Сирдарё вилояти)

Ўз вақтида «Машъал», «Насаф» ва «Металлург» клублари шарафини ҳимоя қилган Рустам Қодиров 2013 йилда футболчилик фаолиятини якунлади. Шундан сўнг у бир муддат таълим соҳасида ишини давом эттирди. Кейинчалик эса Қодиров Сирдарё вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимига тайинланди. Айтиш керакки, бунга қадар вилоят миқёсидаги мусобақалар (иккинчи лига, фахрийлар лигаси ва болалар лигаси) ўтказилмай келинаётганди. Яхши раҳбар тайинланганидан сўнг, Рустам Равшанович секин-аста вилоят футболидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиб, йўқолиб бораётган мусобақаларни тиклади. Дарвоқе, ҳозирги кунда Сирдарё футбол ассоциациясининг техник директори лавозимида собиқ футболчи Хуршид Йўлдошев фаолият олиб бормоқда.

АЛИШЕР ПЎЛАТОВ (Тошкент шаҳри)

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар футбол ассоциациясида Алишер Пўлатов раҳбарлик қилмоқда. Пойтахтда миллионлар ўйинини ривожлантириш, мусобақалар ташкил қилиш ва бошқа ташкилий ишлар бўйича ҳеч қандай муаммолар йўқ. Умуман олганда, бу ердаги ишларга бошқа вилоят ассоциациялари ҳавас қилишади.

АНВАР МУСУРМОНОВ (Жиззах вилояти)

Мазкур ҳудудда Анвар Мусурмонов вице-президент сифатида иш юритмоқда. Очиғи, ушбу инсоннинг бунга қадар турли юқори ташкилотларда фаолият кўрсатган эканлигини била олдик, холос. Техник директор лавозимида эса ОФК инструктори, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Зоир Ҳасанов фаолият кўрсатмоқда. Айни вақтда вилоятда футболнинг оммавийлигини ошириш йўлида қатор ишлар олиб борилаётгани, Суперлига, Биринчи лигада Жиззах вилояти жамоалари иштироки борлигини айтиш керак.

НОСИР ОТАҚЎЗИЕВ (Фарғона вилояти)

Хабарингиз бўлса керак, Фарғона футболида Тоҳир Кападзе бир неча йиллар давомида вице-президент сифатида иш юритиб келди. Эндиликда Кападзедан эстафета таёқчасини собиқ ҳужумчи Носир Отақўзиев олган. «Қўқон-1912», «Нефтчи», «Насаф» каби клубларда тўп сурган ва кўплаб голлар муаллифига айланган Отақўзиев вилоят футболини ривожлантириш ва унинг оммавийлигини ошириш йўлида изланмоқда. Ассоциация таркибида Равшан Мирзакаримов техник директор сифатида иш юритиб келмоқда.

ДИЛМУРОД ДАВРОНОВ (Навоий вилояти)

Хабарингиз бўлса, Навоий футболида Обиджон Жумаев, кейинчалик Раҳмонқул Болтаевлар меҳнат қилиб келишаётганди. Кейинчалик Жумаев яна ҳакамликка қайтганидан сўнг, унинг ўрнида жорий йилдан Дилмурод Давронов иш бошлади. Ушбу мутасадди вице-президент сифатида иш бошлагунига қадар Нурота БЎСМда директор сифатида фаолият олиб борган. Навоий вилояти мактабида услубчи мураббий бўлиб ишлаган. Давроновга ҳозирда Ихтиёр Нуруллоев кўмаклашиб келяпти. У ҳам болалар футболини ривожлантириш мутахассиси, услубчи мураббий каби лавозимларда самарали фаолият кўрсатган.

ШУҲРАТ МИРХОЛДИРШОЕВ (Наманган вилояти)

Мамлакатимизнинг энг кучли ҳужумчиларидан бири бўлган Шуҳрат Мирхолдиршоев фаолиятини тугатганидан сўнг раҳбар лавозимида иш юрита бошлади. Кўпчилик Мирхолдиршоевнинг мураббийлик соҳасида омадини синаб кўришини тахмин қилганди. Ҳозирги кунда эса Наманган вилояти футбол ассоциациясида вице-президент эканлигини кўпчилик билмаслиги мумкин. Айтиш керакки, Наманган вилоятида ҳам иккинчи, фахрийлар, болалар лигаси каби мусобақаларга катта эътибор берилган. Мирхолдиршоев ҳудуд футболи оммавийлигини ошириш йўлида изланмоқда.

СЕРВЕР ОСМАНОВ (Самарқанд вилояти)

Бу инсон ҳақида ҳам айтарли маълумотлар тўплай олмадик. Шуниси аниқки, Сервер Османов Самарқанд вилояти футболида самарали ишларни олиб бормоқда. Болалар футболига катта эътибор берилган. Республика миқёсидаги мусобақаларда самарқандликлар яхши натижалар кўрсатишмоқда. Фахрийлар ва иккинчи лига ўйинлари ҳам бир маромда давом этмоқда. Самар­қандлик тажрибали собиқ футболчи Илҳом Юнусов эса Османовга яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

САНЖАР ШОМУРОДОВ (Сурхондарё вилояти)

Шомуродовларнинг каттаси бўлган Санжарнинг футболчилик фаолияти кўнгилдагидек кечгани йўқ. Эртароқ фаолиятини тугатгач, вилоят футбол ассоциациясида вице-президент лавозимини эгаллади. Сурхондарёда ҳам миллионлар ўйинига эътибор ниҳоятда ошди. Элдорнинг босқичма-бос­қич кўтарилаётгани туфайли воҳада чарм тўпга қизиқиш юқорилади. Илгарилари иккинчи лига ўйинлари ўтказилмасди. Ҳозирги кунда вилоятда иккинчи, фахрийлар, болалар лигаси каби турнирлар ташкил қилинаётгани меҳнатларнинг самараси дейиш мумкин.

ИСЛОМ АБДУШАРИПОВ (Хоразм вилояти)

Шу вақтга қадар Равшан Отажонов вилоят футболи раҳбари сифатида ишлаб келаётганди, ҳозирда эса вице-президент лавозимида Ислом Абдушарипов меҳнат қилмоқда. Абдушарипов 1985 йилда туғилган ёш мутасаддилардан бири эканлигини қўшимча қилиш лозим. Боз устига, унга миллионлар ўйинидан кўпроқ бохабар инсон Рўзимбой Аҳмедов кўмаклашмоқда. Техник директор сифатида ишлаётган Аҳмедов ҳозирда Самарқанднинг «Динамо» клубида ҳам тўп суриб, ўз голлари билан Про-лигада бошқа ҳужумчиларга намуна бўла олмоқда.

ИСҲОҚ ИБРАГИМОВ (Қорақалпоғистон Республикаси)

Собиқ ҳакам Исҳоқ Ибрагимов ва собиқ футболчи Айбек Нурбоевларни бугунги кунда Қорақалпоғистон футболи устунлари дейиш мумкин. Ибрагимов вице-президент сифатида анча аввалроқ ишга келган. Шундан сўнг у ҳакамлик фаолиятини тугатганди. Айбек эса 2019 йилда бутсаларини михга илди ва вилоят футболи ривожи йўлида меҳнат қилишни бошлади.

ШУҲРАТ ЭГАМБЕРДИЕВ (Қашқадарё вилояти)

Яна бир собиқ ҳакамларимиздан бири бўлган Шуҳрат Эгамбердиев Қашқадарё футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимида фаолият юритмоқда. Бугунги кунда воҳа футболида ўзгаришлар доимгидек ўз ўрнида. Қашқадарё футбол ассоциацияси ҳар томонлама юқори даражада иш юритиб келади. Соҳил футболи бўйича ҳам бошқаларга ўрнак бўла олади. Эгамбердиевга ушбу эзгу мақсад йўлида Элбек Жўраев техник директор сифатида ўз ёрдамини бермоқда.

ФАРРУХ ҲАМРАЕВ (Бухоро вилояти)

Ҳамраев Усмон Тошевнинг шогирдларидан бири ҳисобланади. Улар «Ғиждувон» ва «Спартак» клубларида биргаликда ишлашган. Айни вақтга келиб, Ҳамраев нафақат вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти, балки «Нурафшон» клуби бош директори ҳам ҳисобланади. Унга қадар Бобур Қодиров Бухоро вилояти ФА раҳбари бўлган. Ҳамраевга ҳозирда маҳаллий мураббийлардан бири Комилжон Самиев яқиндан кўмаклашмоқда.

АСҚАР ЖАДИГЕРОВ (Тошкент вилояти)

Ўтмишнинг яна бир собиқ футболчиси Асқар Жагидеров айни вақтда Тошкент вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти эканлигини кўпчилик билмаслиги мумкин. Жагидеров бутсаларини михга илганидан сўнг «Нурафшон» клубида ишлади. Кейинчалик ассоциацияда ўз ишини давом эттира бошлади. Бугунги кунда унга миллий терма жамоамизнинг собиқ ҳимоячиси, кўплаб кучли жамоалар шарафини ҳимоя қиган Ислом Иномов техник директор лавозимида кўмаклашмоқда. Собиқ чарм тўп усталари вилоят футболида самарали меҳнат қилишмоқда.

И.АБДУВАҲОБОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz