Қайднома

Қидирув

Даврон Эргашев: «Таклиф бўлса, Ўзбекистон чемпионатида қоламан»

Даврон Эргашев: «Таклиф бўлса, Ўзбекистон чемпионатида қоламан»

  20.09.2021 09:00
  0
  302
Даврон Эргашев: «Таклиф бўлса, Ўзбекистон чемпионатида қоламан»

Coca Cola Суперлига 17-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Қўқон-1912» учрашувида мезбонлар ғалаба қозониб, турнир жадвалида мавқеларини яхшилаб олишди. Мазкур баҳсда тошкентликлар сафида тўп сурган Даврон Эргашев ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан жамоаси ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди. Бу мавсум мураббийлар штаби тожикистонлик футболчига кўпроқ имконият бермоқда. Бунга унинг ишончли ўйини ҳам сабаб бўлмоқда. Даврон билан суҳбатимиз айни учрашув таассуротларини ҳам қамраб олди.

- Даврон, «Бунёдкор» жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу ўйиндан кейинги таассуротларингиз қандай?

- Терма жамоалар иштирокидаги ўйиндан кейин бироз танаффус юзага келганидан унумли фойдаланган ҳолда, учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Машғулотларда барча астойдил меҳнат қилди ва ғалаба учун ўзимизни тайёрладик. Айтиш керак, меҳнатларимиз ўз самарасини берди ва ажойиб ғалабани қўлга киритдик. Ўйин жуда қийин кечди. Мураббийлар томонидан берилган кўрсатмаларга тўғри амал қилдик ва бу ўйин давомида сезилди.

- Шу ўринда «Қўқон-1912» намойиш қилган ўйин борасида қандайдир фикрга эгамисиз?

- Рақиб борасида ҳам шуни айтиш керак, улар бизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Меҳмонлар сафида яхши ижрочилар борлиги кўзга ташланди. Қисқаси, «Қўқон-1912» яхши шаклланган жамоа ва буни улар майдонда кўрсатишди. Ишонаманки, қўқонликлар келгуси ўйинларда албатта ғалабаларга эриша оладилар.

- «Бунёдкор»нинг охирги турлардаги ғалабалари ниманинг эвазига қўлга киритилмоқда?

- Биласизми, мавсумни бошидан буён яхши ўйин намойиш қилиб келаётгандик. Мағлубиятга учраган ўйинларимизда бизга бироз омад ва характер етишмаслиги панд бермоқда. Мавсумнинг энг муҳим палласига етиб келдик. Энди очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Чунки юқори ўринларнинг бирида мавсумни якунлашни мақсад қилганмиз. Бош мураббийимиз таъкидлагандек, ҳозирда жамоанинг барча ўйинчилари майдонда борларини бериб тўп суришмоқда ва бу бизнинг ғалабаларимизга сабаб бўлмоқда.

- Бу мавсум жамоанинг асосий таркибидан муқим жой олмоқдасиз. Ўзбек футболига тўлиқ мослашиб кета олдим, деб ҳисоблайсизми?

- Менга ўзбек футболи бегона эмас. Чунки аслида Ўзбекистонда, яъни Ангрен шаҳридаги футбол мактабида таҳсил олганман. Ўтган мавсумда ҳам мураббийлар штаби асосий таркибга киритаётганди. Фақатгина, ўтган йил мартида, айни пандемия авж олаётган паллада, юртимга кетиб қолиб, қайтиш борасида муаммога дуч келдим. Қисқаси, бир нечта ўйинларни ўтказиб юбордим.

- Йил сўнгида «Бунёдкор» билан тузган шартномангиз якунланади. Клуб билан келишувни узайтириш тарафдоримисиз ёки фаолиятингизни юртингизда давом эттирмоқчимисиз?

- Агар таклифлар бўлса, албатта, Ўзбекистон чемпионатида қолардим. Бу ерда тўп суриш менга манзур бўлмоқда.

- Суперлигада ўтказаётган икки мавсумингиздан келиб чиқиб айтинг-чи, қайси футболчиларга қарши тўп суришда муаммолар юзага келди?

- Юртингизда яхши футболчилар жуда кўп. Кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатишни истамайман. Суперлиганинг ҳар бир жамоасида яхши ижрочилар бор. Исталган вақтда улар ўйинни ўзгартириб юбора олишади. Ёш ўйинчилардан менга кўпроқ «Бунёдкор»­да тўп сураётган Фаррух Икромов ва яқинда легионерга айланган Иброҳимхалил Йўлдошевлар ҳаракатлари манзур бўлмоқда. Агар бу йигитлар ўз устиларида меҳнат қилишда давом этишса, келажакда Элдор Шомуродов сингари Европанинг кучли жамоа­сида тўп суришлари мумкин.

Иззатбек суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz