Қайднома

Қидирув

Нимчорак финал нашъаси ёки сурон фақат «Сурхон»дами?

Нимчорак финал нашъаси ёки сурон фақат «Сурхон»дами?

  22.09.2021 03:30
  0
  280
Нимчорак финал нашъаси ёки сурон фақат «Сурхон»дами?

Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Литвада давом этаётган ЖЧ нимчорак финалига чиққани мухлисларимиз қалбидаги изтироб тафтини бироз босди. Дастлабки ўйиндаги аламли мағлубиятдан сўнг футзалчиларимизга ҳам тақдир кулиб боқмайдигандек туюлганди. Лекин Самвел Бабаян ва Вадим Абрамовдан фарқли ўлароқ, Баҳодир Аҳмедов мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарди ва ўзи ишонган, доим суянадиган тажрибали дарвозабон Рустам Умаровни кейинги икки баҳсда майдонга туширмади. Эсланг, Самвел Бабаян гол уролмаслигини ҳаттоки, ўзи ҳам сезиб, бундан умидсизликка тушган, мухлислар олдида хижолат тортган Игорь Сергеевни қайсарлик билан майдонга тушираверган ва ҳақли талабларга парво қилмай, ҳамма билан ўчакишганди. Вадим Абрамов ишида ҳам Саудия Арабистонида шунга ўхшаш ҳолат такрорланганди. Хайриятки, Баҳодир Аҳмедов бу йўлдан бормади ва иккинчи дарвозабон Равшан Элибоевга имконият берди.

Кимдир дарвозабонларнинг алмаштирилиши бутун жамоага бу қадар ижобий таъсир ўтказолмаслигини айтар, балки. Бироқ бу ўринда ўша кичик фактор катта аҳамият касб этгани тайин. Қўшимчасига Нодир Элибоев факторини ҳам унутмаслик лозим. Ука наинки терма жамоа, балки акаси ҳурматидан ҳам бош­қачароқ ўйнаб юборади бундай дамларда. Тасодиф ёки таваккал ва балки зарурат футзал терма жамоамизни шу тариқа нимчорак финалга кўтарди. Демоқчимизки, Миср термасига қарши учрашувда сифатни маҳорат ва тактика эмас, аксинча, кўпроқ руҳият яхши томонга ўзгартирди. Дастлабки турда Баҳодир Аҳмедов тажрибага эътибор қаратди ва шу тамойил исканжасида Рустам Умаровга ишонч билдирди. Катта футболда кузатилгани каби футзалда ҳам ёшлар имкониятига ишониб-ишонмаслик кайфияти мавжудлиги ўша баҳсда яққол сезилганди. Умуман олганда, натижа йўлида тажрибага суяниш тамойили ўзбек футболини инқирозга етакламоқда ва мухлисларни зериктирмоқда. Бизнингча, Баҳодир Аҳмедов мажбурият ва масъулият таъсирида ўзгача қарорлар қабул қилишга куч топди ва бу ҳолат футзалчиларимизни руҳлантирди. Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистон футзали бугун жаҳон чемпионати нимчорак финалида. Офарин! Ниҳоят, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларидан сўнг футзалчилар ҳам бу маррани забт этишди. Энди нав­бат Сречко Катанец бошқарувидаги миллий термамизга! Бош жамоамиз учун ўтказиб юбориладиган навбат қолмади. Футзалчиларимиздан эса Вильнюсдаги нимчорак финал баҳсида ҳам мардонавор ўйин кутамиз. Уларга бош­қа талаб йўқ! Йигитларимиз хотиржам, ҳеч бир босимсиз ўз имкониятларидан ҳам ошириб юксак ватанпарварлик ва иштиёқ оғушида тўп суришса, шунинг ўзи етарли!

Катта футболимиз, Суперлига жамоалари футзал термасидаги янгиланиш ва бунинг таъсирида қайд этилган натижадан тегишли хулоса чиқариб, ёшларга янада кўпроқ имконият беришни ўйласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Маълумки, «Андижон таркибида тўп сураётган футболчилар ном жиҳатидан мухлислар ўртасида у қадар машҳур эмаслар. Жамоада янги ижрочилар кўп. Таркибда жамланган машҳурлар бобида ҳаттоки, Суперлига дебютанти «Турон» ҳам «Андижон»дан олдинда. Жамоа айнан янги номлар ва тажриба орттириш жараёнининг чўзилиб кетиши оқибатида Суперлиганинг аксарият ўйинларида мағлубиятга учради катта эҳтимол. Айниқса, кичик танаффус арафасида, яъни август ойи охирида Андижонда «Бунёдкор»га йирик ҳисобда ютқазилгани жамоа мухлисларини эсанкиратиб қўйди. «Андижон» бу инқироз, тушкунликдан чиқиб кетишга ўзида куч топадими?» қабилидаги савол мухлисларни роса қийнагани аниқ. Чунки «Андижон»ни юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишлардан кўпчилик хабардор ва бу эзгу ҳаракат ўз вақтида натижа бермаса, футболга ҳомийлик масаласига ишонч йўқолиб, Суперлига тараққиётига хавф туғиларди.

Таъкидлаш жоиз, «Андижон» мураббийлар штаби кичик танаффусдан унумли фойдаланибди. Жамоа «Машъал»ни сафарда енггач, ўз майдонида «Металлург»га ютқазди. Бу драматик баҳс Жасур Абдураимов учун ҳаёт-мамот жангига айланди ва у жамоани мустақил бошқариш нақадар мушкул вазифа эканлиги, бу жараёнда ғалаба таъми беҳад тотли бўлишини илк бор бир бошқача маънода туйди, назаримизда. Тахминимизча, Жасур Абдураимов ўзи тўлиқ англаб-англамаган, сезиб-сезмаган воқелик билан узоқ вақт курашди. Катта футболимиздаги «ҳунар»лар уни яхшилаб синади, тоблади. Ғалаба сув ва ҳаводек зарур саналган икки тарафнинг муросасиз тортишувида улоқ Жасур Абдураимовда кетди. Тўғри, унинг қувончи узоққа чўзилмади, аниқроғи, Бахтиёр Ашурматов Бекободда ютқазишни истамади. Виктор Кумиков эса алам ва айни чоғда бемисл шаҳд-шижоат билан кафтига туфлади. Кейинги рақиб «Пахтакор» эканлиги ҳам уни чўчитмади. Тушунишимизча, «Андижон» ўйини ҳам сайқалланиб, тараққиёт фаслига қадам босди. Бундай кўтарилиш палласида рақибнинг кучи ва номи аҳамиятсиз. Охир-оқибат, шундай бўлди ҳам: «Пахтакор» жорий мавсум илк бор мағлубиятга учради. Аслида «Навбаҳор»га қарши учрашувдаёқ «шер»лар кейинги турларда  қийналишлари билан боғлиқ огоҳлик қўнғироғи чалинганди. Гарчи иккинчи даврада Одил Ҳамробеков ва Достон Ҳамдамов жамоага қайтган бўлишса-да, «Пахтакор» мавсумни бир маромда, мағлубиятсиз якунлолмаслиги сезилиб турганди, барибир. Бунга жамоанинг кучи етмасди. Хорижлик мураббийнинг узоқ вақт давом этган мағлубиятсиз серия таъсирида футболчиларимизда шаклланган ортиқча ишонч руҳини ҳис қилиши ва ўзгартириб юбориши анча мушкул вазифа ҳисобланади. «Бобур Арена»даги баҳс бир жамоадаги кўтарилиш палласи, иккинчисидаги депсиниш жараёнига тўғри келди. Аёнки, бундай вазиятда кўтарилиш палласи ғалаба қозонади.

«Пахтакор»га қарши муросасиз ўйин кўрсатилаётгани, фикримизча, ЎФА раҳбариятига сайловлар билан ҳам боғлиқ. Йўқ, бу кимнингдир қандайдир кўрсатмаларига алоқадор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Барчаси - футбол муҳитидаги табиий жараён. Ўзи одатда сайловлар арафасида шу каби қизғинлик кайфияти кўзга ташланади. Мутасаддилар ҳам футбол воқелигига нисбатан  ўзгача эркин муносабатда бўлишади бундай муҳим воқеа арафасида. ЎФА ҳам ҳозир шундай жараённи бошдан кечирмоқда. Фақат Жавоҳир Эсонқулов билан боғлиқ воқеа сайловлар ҳаяжони ичра фаолият юритаётган ЎФАга ортиқча юк бўлиб тушди. Футбол «дедовшина»сига алоқадор муаммолар аслида «Сурхон» клуби муҳити билан чекланмайди. Бу - футболимиз ичидаги жиддий муаммо. Жавоҳир Эсонқулов юрак ютиб, аҳамиятини ўзи билиб-билмай, бу воқеани оммага ошкор қилди. Ҳолбуки, ошкор қилинмаган қанча-қанча шунга ўхшаш воқеалар футболимизни ич-ичидан кемириб ётибди. Аввал Рўзимбой Аҳмедов «портлаганди», энди Жавоҳир Эсонқуловдан учқун сачради. Агар жиддий эътибор берилмаса, бу учқун аланга олиб кетиши ҳеч гап эмас!

Муҳаммад ВАЛИ, interfutbol.uz


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz