Қайднома

Қидирув

Нуқтаи назар: Пике бўлажак президентми?

Нуқтаи назар: Пике бўлажак президентми?

  23.09.2021 08:08
  0
  196
Нуқтаи назар: Пике бўлажак президентми?

Каталония гранди - «Барселона»нинг «Мессилона» давридан кейинги биринчи голини Мемфис Депай узатмасидан фойдаланган Жерар Пике ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Фахрий ҳимоячи голни нишонлашда бошини кўксига яқинлаштириб, футболкасидаги клуб эмблемасини ўпди. Балки бу ҳаракат ҳамма ўйлаганидан ҳам чуқурроқ рамзий маънога эгадир. «Барса» бутун ёз давомида муаммолар гирдобидан чиқолмади: 1,35 млрд. еврога тенг қарз, Лионель Мессининг кетиши,  юқори иш ҳақи туфайли янги харидларни расмийлаштириш имкони йўқлиги... Шундай мураккаб вазиятда айнан Пике жамоага нисбатан садоқатини намойиш этди. Яъни шартномасида белгиланган маошнинг каттагина қисмидан воз кечиб, Мемфис Депай, Эрик Гарсия ва Рей Манайни «заявка»га қўшиш имкониятини яратди. Пикенинг ушбу  сахийлигини мухлислар, Карлес Пуйоль, Шакира ва Жоан Лапорта бирдек олқишладилар...

***

«Барса»ни Жерардан кўра кучлироқ севадиган бирор футболчини топиш жуда қийин. Фахрий ҳимоячи 4 йил олдин клубга кучли муҳаббатини изҳор этиш асносида келажак режаларига ҳам тўхталганди: «Йўқ, мураббийлик қилиш учун яралмаганман. Келажакда «Барселона» устози эмас, президенти лавозимида ишлашни истайман. Ҳозир чин орзум - шу». Пике 2020 йили ҳам бу мавзуда гапирди, фақат ортиқча эҳтиросларга берилмаган ҳолда муҳим бир жиҳатни алоҳида таъкидлади: «Очиғи, клуб раҳбари ваколатига пухта тайёрланяпман». Асосийси, амалдаги президент Жоан Лапорта футболчини бу борада қўллаб-қувватлади: «Тан олиш керак, Пике клуб бошқарувини қўлга олиш учун барча сифатларга эга».

***

«Барселона» клуби президенти лавозими учун навбатдаги сайлов 2027 йилга белгиланган. Ўшанда Жерар 40 ёшни қаршилайди. Айни ҳолатда у яқин келажак учун яққол номзод. Лапорта ҳимоячининг нафақат клубга нисбатан самимий муҳаббати, балки президентлик ролига муҳим саналган бизнес йўналишидаги улкан тажрибасини ҳам юксак қадр­лайди. Хўш, Жерар ҳозирга қадар айнан нималардан воз кечди? Ҳа, бир қарашда, Жерар сайловолди кампаниясини 7 йил олдин бошлагандек таассурот уйғотади. У ўтган йилнинг октябрида пандемия туфайли клуб камомадини енгиллатиш мақсадида маошини нақ 50 фоизга кесишни сўраганди. Мана, жорий мавсум бошида ўша воқеа яна бир бора такрорланди. Зеро, «Барса» юқори маош ва Ла Лига қоидалари таъсирида ночор ҳолатга тушиб қолди: янги футболчиларни рўйхатга киритиш учун иш ҳақи ҳажмини қисқартириш талаб этилди. Шунда Жерар ўз таклифини илгари сурди ва раҳбарият розилик билдирди. Клуб кейинчалик рўйхатдан ўтказиш жараёни юзасидан берган расмий баёнотида Пикега алоҳида миннатдорчилик изҳор этди. Зеро, унинг жонкуярлиги 3 нафар янги футболчини «заявка»да расмийлаштиришда роса қўл келди. Тўғри, «Барса» шунчаки, «иш ҳақининг сезиларли қисқартирилиши» ибораси билан чекланиб қўя қолди. Испаниянинг асосий ОАВда эса, гап 50 фоизлик чегирма ҳақида бораётгани маълум қилинди. Хусусан, Marca газетасининг маълумотига қараганда, Пикенинг иш ҳақи 38 млн. евро (солиқ тўловлари билан)га камайди. Бу 2024 йилгача мўлжалланган шартномада кўрсатилган маошнинг 50 фоизи демакдир. Факт шуки, Жерар нақ 19 млн. евродан воз кечди - чинакам ҳиммат.

Mundo Deportivo нашри август ойида «Барселона» ўз сардорлари билан иш ҳақининг кечиктирилиши хусусида музокара олиб бораётгани ҳақида хабар берганди. Келишувга мувофиқ, футболчилар белгиланган маошнинг бир қисмини кейинроқ оладилар. Дарвоқе, собиқ президент Хосеп Бартомеу пандемия даврида айни шу «трюк»дан фойдаланганди, энди клуб Мессининг ўзидан 52 млн. евро қарздор. Бошқа манбаларда ёзилишича, Пике маошининг бир қисми кечиктирилишига рози бўлган, яна кейинги йиллар учун иш ҳақининг 25 фоизидан воз кечган. Жерар шунингдек, Ла Лига ва ЧЛдаги ғалаба учун белгиланган бонус тўловларини ҳам олмайди. Жерарнинг ўзи ушбу чегирмалардан кейин ҳазил оҳангида буё­ғига атиги 4 доллар учун ўйнашини айтганди. Яқинда эса чиндан ҳам, маошининг бир қисмидан воз кечганини расман тасдиқлади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. У шартномасининг 2024 йилгача узайтирган бўлсада, жорий мавсумдан майдонга нисбатан камроқ  тушади.

***

Месси ва Луис Суарес кетишгач, жамоада айнан Пике асосий «фигура»га айланган кўринади. Ўтган йилнинг январида кийиниш хонасида юзага келган келишмовчиликка Жерар ҳам алоқадор эканлиги ҳақида ёзишганди. У Суарес ва Серхио Бускетс каби фахрийлар билан бирга ўз талабларини Месси орқали илгари сурган ва Эрнесто Вальверде иш услубига таъсир ўтказган. Мисол тариқасида машғулотлар жараёни ва дам олиш кунларини кўрсатиш мумкин. Вальверде даврида футболчилар ноодатий тарзда кўп дам олишарди. Ҳимоячи Роналд Куман билан эса яхши муносабатда. Тўғри, таниқли журналист Гильем Балаге май ойида ҳимоячининг жамоага таъсир ўтказаётгани, айниқса, унинг УЕФА президенти Александер Чеферин билан учрашгани Лапортага сира ёқмаётгани ҳақида ёзди. Энди президент Жерардан миннатдор ва уни қаҳрамон сифатида мақтамоқда. Жерарнинг ўзи «Барса»ни ҳамма нарсадан устун қўймоқда. У ЧЛда «Бавария»дан қабул қилинган шармандали мағлубият (2:8)дан кейин ўзини қўярга жой тополмаганди: «Тўхтанг, жарликнинг тубига етиб келдик. Керак бўлса, биринчи бўлиб ўзим кетаман».

***

Пикенинг бобоси вақтида «Барса» раҳбари сифатида ишлаган. У набирасини Луи ван Галга тавсия этганида, нидерландиялик мураббий йигитча ўта заиф эканлигини айтган экан. Ҳимоячининг тўлиқ исм-шарифи - Жерар Пике Бернабеу. Йўқ, у «Реал»га алоқадор эмас, асло. Она томондан бобоси - Амадор Бернабеу узоқ йиллар давомида «Барселона»да турли лавозимларда ишлаган. Фаолиятини 1982 йили вице-президент сифатида бошлаб, кейинчалик раҳбарликка кўтарилган, 2010-2020 йилларда эса жамоанинг УЕФАдаги вакили вазифасини бажарган. Амадор Бернабеу 1987 йилнинг 2 февралида туғилган Жерарни дарҳол «Барса» сосьоси (мухлислар клуби аъзоси) сифатида рўйхатга киритган экан. У 2012 йили набирасига аъзоликнинг 25 йиллиги муносабати билан кумуш ёрлиқ топширди. «Бобомга раҳмат, ҳозир айнан у туфайли шу ердаман. Мени жуда яхши кўриши, болалигимдаёқ клуб оиласига қўшгани учун ундан беҳад миннатдорман», - деганди Жерар тақдирлаш маросимида. Амадор бобо бунга жавобан кулиб, ҳазиллашганди: «25 йилдан кейин бўлажак она - Шакира мендан эварамни қачон аъзоликка қабул қилишимни сўраяпти». Ўшанда Пике ва рафиқаси тўнғич фарзанд­ларини кутишаётганди. У дунёга келган куни бобокалон аввалги «трюк»ни такрорлаб, жажжи Миланни ҳам клубнинг расмий аъзолари рўйхатига киритиб қўйди. Пике ва Шакира оиласининг иккинчи фарзанди - Саша ҳам 2015 йили акаси каби эъзозланди.

***

Жерар - тайёр бизнесмен. Унинг шахсий компанияси ҳам бор. Муваффақиятли йирик бизнес - «Барселона»нинг бўлажак президенти учун ишончли кўмакчи. Унинг бизнес доираси шу қадар кенгки, янги шартномаларда «Барса» вакилларининг футболга дахлсиз ишларини чеклаб қўйса, ажабмас. Ҳа, футбол Пикедан жуда кўп вақт ва қувват талаб этишидан унинг ҳозирча бизнес билан хотиржам шуғулланиши иложи йўқ. Муҳими, ҳимоячи ишнинг кўзини биладиган профессионал мутахассислар гуруҳига эга. Бу ҳам «Барселона»нинг бўлғуси президенти учун ўта муҳим. Қолаверса, Жерарнинг ўзи ҳам рисоладагидек иш юрита олишини бир неча марта исботлаган. У ва Шакира Rakuten онлайн-дўкони соҳиби Хироси Микитани билан яқиндан таниш. 2015 йили япониялик бизнесмен ва «Барса» президенти Бартомеуни айнан улар учраштирдилар. Натижада японлар клуб ҳомийси сифатида 2016 йилнинг ноябрида қиймати 244 млн. еврога тенг 4 мавсумлик шартномага имзо чеккандилар.

Пикенинг бизнес-активлари

 

**      Футболчи 2009 йили «МЮ»дан «Барса»га қайтгач, отаси билан сармоя портфеллари ва турдош корхоналарни бошқаришга ихтисослашган Kerad Holding компаниясига асос солди.

**      Айни пайт турли компанияларнинг қиймати 40 млн. еврога тенг акциялари Жерарга тегишли.

**      Пикенинг алоҳида компанияси - Kerad 3 гуруҳининг активлари 12 млн. еврога етди. Яна бир компанияси - кўчмас мулк агентлиги. Унинг охирги келишуви 1 ой муқаддам амалга оширилди. Пике Малагадаги кинотеатр биносини сотиб олди - меҳмонхонага айлантириш мақсадида.

**      Жерар бизнес билан параллель равишда таҳсил олишни ҳам кучайтирди. 2012 йили якка тартибда Каталония бизнес-мактаби ўқитувчиларидан сабоқ олиб, молия, сармоя ва иқтисодни ўрганди.

**      Пике 2017 йили АҚШга бориб, Гарвард бизнес-мактабидаги 4 кунлик лекция учун 9250 доллар сарфлади.

**      Ҳимоячи айни ўша вақтда аввалги бизнесини отасига топшириб, шериклари билан Kosmos Holding компаниясига асос солди.

**      Kosmos Holding 3та асосий йўналишда ишлайди - футбол, теннис ва санъат.

**      Компания томонидан харид қилинган «Андорра» клуби 3 йил ичида Испания бешинчи дивизионидан учинчисига кўтарилди. Пике ҳеч қандай лавозимда эмас, шунчаки, жараённи назорат қилиб, маслаҳатлар бериб туради. У яна бир йилдан кейин «Химнастик» клубини ҳам сотиб олди.

**      Жерар теннис оламига 2018 йили бош суқди. Унинг компанияси - «Дэвис» кубогининг асосий саррмоядори. Турнирни қайта йўлга қўйиш Жерар учун анча қимматга тушди, муҳими, кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетди.

**      Kosmos Holding гуруҳининг активлари орасида спортчилар учун яратилган менежерлик агентлиги ажралиб туради. Унинг дастлабки мижози - машҳур теннисчи Доминик Тим.

**      Kosmos Holding компаниясининг яна бир йўналиши - тран­­­-сл­яциялар ҳуқуқини харид қилиш. Ёзда Америка кубоги турнири ўйинлари Twitch канали орқали намойиш этилди. Месси «ПСЖ»га ўтгач, компания Лига 1 учрашувларини Испанияда намойиш этиш ҳуқуқи юзасидан 3 йиллик шартнома тузди. Мессининг «Реймс»га қарши ўйиндаги дебютини 6 734 000 мухлис томоша қилди.

**      Пике иш юритиш ҳадисини олган: «Барса»га ҳомий топишда ёрдам берди, УЕФА президенти билан ТВ ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилди.

Манба: sports.ru,

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz