Қайднома

Қидирув

Ҳозиргача туб ўзгаришлар сезилмади Энди футболимиз янгиланишига ишонсак бўладими?

Ҳозиргача туб ўзгаришлар сезилмади Энди футболимиз янгиланишига ишонсак бўладими?

  29.09.2021 03:30
  0
  255
Ҳозиргача туб ўзгаришлар сезилмади  Энди футболимиз янгиланишига ишонсак бўладими?

ЎФА президенти ва биринчи вице-президенти янги муддатга қайта сайланишди. Таъкидлаш жоиз, ЎФА раҳбариятига сайловлар жараёни ҳар доимгидек сипо ва сокин руҳда кечди. Ҳар ҳолда, ташкилот президенти ва биринчи вице-президенти лавозимларига муқобил номзодлар кўрсатилмади.
Бошқача айтганда, амалий жиҳатдан ҳеч нарса ўзгармади. Ҳаммаси аввалгидек. ЎФАда яна 4 йил шу руҳ, шу кайфият ҳукмрон бўлади. Футбол мухлислари Токио-2020 ва Қатар-2022 йўлланмалари қўлга киритилмагач, ЎФА раҳбариятига сайловлар ўзгачароқ руҳда ўтишини кутишганди. Лоақал биринчи вице-президент ролига янги мутасадди келишини тахмин қилишганди. Йўқ, ҳаммаси ўз ҳолича қолди. Ҳа, мухлислар кутган ўзгариш амалга оширилмади. Бундай ёндашув ўзини оқлайдими ёки йўқ - энди барчаси вақт ҳукмига ҳавола...

Хўш, мухлислар нима сабабдан ўзгаришларни кутишган, бу хусусда тахминлар билдиришганди? Аёнки, улар ўз-ўзидан биринчи вице-президент лавозимига янги раҳбар сайланиши ҳақида ўйлашмаган. Ҳозирги зукко мухлислар жаҳон ва ўзбек футболида кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, муаммо ва ютуқлар, пасту-баландликларни мутахассислардан ҳам яхшироқ англашади керак бўлса. Уларнинг фикрларига нисбатан «Футболнинг ўзига хос қонуниятлари бор ва бу тамойилларни фақат мутахассислар тушунишади» қабилидаги позицияда қараш мумкин эмас. Дейлик, зукко мухлислар «Барселона»да юз бераётган бугунги муаммолар тўғрисида бундан бир йил муқаддам гапира бошлагандилар. Қарангки, Хосеп Бартомеу ва Жоан Лапорта ёки Роналд Куман эмас, айнан зукко мухлислар ҳақ чиқишмоқда. Муаммолар ва инқироз нафаси муҳит ичида яшаётганларга нисбатан ташқаридан нигоҳ ташлаётганларга яққолроқ сезилиши бор гап. Демоқчимизки, футболимизнинг бугуни ва келажаги масаласида билдирилган ҳаққоний мулоҳазалар кўпроқ зукко мухисларга тегишли. Уларнинг хулосаларига кўра, 2019-2021 йиллар оралиғида футболимизда туб ўзгаришлар сезилмади. Бинобарин, хал­қаро миқёсда бирор дадил қадам ташланмади, клублар ва терма жамоалар натижалари фақат ортга кетди. Ўзбекистон миллий жамоа­сининг ФИФА рейтинги бўйича ОФК миқёсида атиги 12-ўринни эгаллаб тургани фикримиз  далилидир. Агар туб ўзгаришларга қўл урилмаса, 12-ўрин ҳам келгусида ҳолва бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. ЖЧ-2026да Осиё қитъасига 12та йўлланма берилмаслиги ҳам аниқ. Бу хусусда ўйлашнинг ўзи кулгули.

Айни чоғдаги долзарб вазифа - ФИФА рейтинги бўйича қитъада кучли тўртликка кўтарилиш. Футболимиздаги ҳозирги воқелик нуқтаи назаридан бу каби юксак мақсад амалга ошмайдиган ишдек тую­лади. Лекин яқин-яқинда ҳам Эрон ва Ўзбекистон футзали савияси ўртасида қандай сезиларли фарқ бўлганини унутмайлик. Мана, футзалчиларимиз Литва мундиалида мухлислар онгу-шуурига мус­таҳкам  жойлашган шундай хулосани ўзгартириб юборишди. Энди ҳамма Ўзбекистон футзали келажагига катта ишонч билан боқмоқда. Йўқ, умид эмас, балки ишонч ҳақида сўзлаяпмиз. Футзалимиз муваффақиятларига умид билан қараш жараёни аста-секин ортда қолмоқда. Оддий айтганда, умид ўрнини бугун улкан ишонч эгалламоқда. Футзалчиларимиз бу йўлда катта куч сарфлашди, албатта. Мухлис аҳли ҳақиқий курашни ҳар доим қадр­лайди. Ана, жамоамиз Эрон термасига қарши кечган нимчорак финал ўйинида мағлубиятга учрашига қарамай, мухлислар футзалчиларимизни олқишлашди. Биз ҳам уларни яна бир марта олқишлаймиз. Тарихий нимчорак финал ўйини - «қонга қон, жонга жон» руҳида тўп суришнинг энг ёрқин ва юксак намунасидир. Мухлислар кўзига боқишга уялиб, охирги сониягача мардонавор курашиш қандай бўлишини амалда кўрсатиб қўйишди футзалчиларимиз. Катта футбол терма жамоамиз сўнгги йилларда шундай руҳда тўп сурганини эслаш қийин. Яна ўша гап: ўзбекистонлик мухлислар миллий жамоамизни шунчаки, салбий натижалар ва қўлга киритилмаган йўлланмалар туфайли танқид қилишга одатланишмаган. Биздагидек адолатли мухлислар армияси дунёда кам топилади.

Мухлисларимиз шу адолат туйғуси боис, ЎФА раҳбариятига сайловлар жараёнига катта умид боғлашганди. Улар ўйлашдики, кутилган натижалар қайд этилмагач, белгиланган вазифалар бажарилмагач, раҳбариятда ўзгаришлар бўлади, албатта. Жаҳон футболи тажрибасида шундай: ишончни оқламаган, ижобий натижани таъминлай олмаган раҳбарият истеъфога чиқарилади ёки ўзи кетади. Бизда бундай эмас. Хуллас, мухлислар онгу-шууридаги футбол билан боғлиқ тасаввур ЎФА раҳбариятига сайловлар жараёнида кузатилмади ёки бунга изн берилмади. Нима ҳам дердик, ЎФА раҳбариятига бош­қалар қатори ишонч билдиришда давом этамиз. Ортда қолган 2 йилда футболимиз ҳаётига татбиқ этилмаган янгиланиш ва ўзгаришлар балки олдинда турган муддат ичида амалга ошар ва бундан мухлислар қувонишар... Бу - яхши ният, эзгу орзу! Бироқ ортда қолган 2 йил давомида ЎФА мутасаддилари томонидан қатъият кўрсатилмагани кишини ўйга толдиради, барибир. Учрашувларда қўпол хатога йўл қўйган ҳакамларнинг маълум муддатга футболдан четлатилиши билан боғлиқ тамойил футболимизда одат тусига кириб бораётгани ЎФА раҳбарияти учун ярашмайдиган ҳолат. Ҳакамларга нисбатан қўлланилаётган чала-ярим жазо, чала ҳақиқатлар ЎФАга ҳеч қачон обрў келтирмайди. Аксинча, муаммога бир томонлама ёндашув, омма норозилигини уйғотган ўйинлар  доирасида фақат ҳакамларнинг жазоланиши, уларнинг ортида турган кучлар масаласига ойдинлик киритилмаётгани, «парда ортидагилар» четда қолиб, ҳар доим сувдан қуруқ чиқишаётгани табиий равишда мухлисларда футболимиз келажагига нисбатан ишончсизлик уйғотади. Бунда мухлислар янгиланиш ва ўзгаришлар юз беришига ишонишмайди. Бошқача айтганда, аҳён-аҳёнда, яъни чидаб бўлмайдиган ҳолатларда ловуллаб ёнадиган муаммолар гулханини ими-жимида ўчириш йўли ўзини асло оқламайди. Рўзимбой Аҳмедов, Жавоҳир Эсонқулов каби футболчилар билан боғлиқ воқеалар силлиққина тинчитилаверса, мухлисларга аён, мутасаддилар томонидан кўриб кўрмасликка олинадиган муаммоларнинг умри узаяди, холос.

Дейлик, ЎФАга сайловлар куни ўтказилган «Қўқон-1912» - «Андижон» учрашувидаги ҳолат мухлисларга ёқмади. Ўйиндан сўнг Виктор Кумиков ҳам, Бахтиёр Ашурматов ҳам ўз йўлларини маъқуллашди. Ҳолбуки, мухлислар ўйинга бундай ёндашувни асло қўллашмайди. Антифутбол кўриниши уларни стадионлардан бездиради. Савол туғилади: «Андижон»даги қўполлик ва ўйинни чўзиш кайфияти, «Қўқон-1912»даги «Фэйр-плей»га амал қилмасликдан уялмаслик ҳолати фақат бир учрашувга хосми? Жамоалар нима учун бу каби ҳунар кўрсатишда иккиланмаяпти? Ҳамма гап бу каби ҳолатларга жиддий муносабат билдирмайдиган ва ўзини сипо тутадиган раҳбарият билан боғлиқ эмасми? Ҳатто ЎФА раҳбариятига сайловлар куни ҳам жамоалар футболимизда илдиз отган иллатдан воз кечолмагани хавотирли ҳолат ҳисобланмайдими?

Барчаси аниқ-равшан! Футболимиз муҳитида «Бизда ҳамма ишни қилиш мумкин!» қабилидаги қуюшқонга сиғмайдиган хулоса аллақачон кўникмага айланган. ЎФА раҳбариятининг янги муддатдаги бош вазифаси, аввало, кўникилган мана шу қолипни синдиришдан иборат!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz