Қайднома

Қидирув

Жавлон ГУСЕЙНОВ: «Клуб президенти билан муносабатларим яхши»

Жавлон ГУСЕЙНОВ: «Клуб президенти билан муносабатларим яхши»

  29.09.2021 05:50
  0
  255
Жавлон ГУСЕЙНОВ: «Клуб президенти билан муносабатларим яхши»

Вақтида «Нефтчи», АГМК ва «Андижон»даги ўйинлари билан танилган Жавлон Гусейнов айни пайт фаолиятини Индонезия чемпионатида давом эттирмоқда. Аниқроғи, у 3 йилдан буён «Борнео» клубида тўп сурмоқда. Яқинда Индонезияда янги мавсум старт олди. Жавлон билан суҳбат жараёнида яқин келажак режалари, клубининг ўз олдига қандай вазифалар қўяётганига қизиқдик.

- Жавлон, мана, 3 мавсумдан буён Индонезия чемпионатида тўп суряпсиз. Демак, у ердаги шароитлар сизни тўлиқ қаноатлантирмоқда. Шундайми?

- Албатта. Жамоада 2 йил ўйнаганимдан сўнг раҳбарият амалдаги шартнома муддатини яна 2 мавсумга узайтиришни таклиф қилди ва бунга рози бўлдим. Чунки жамоадаги шароитлар маъқул келмоқда. Клуб президенти билан ҳам ўзаро муносабатимиз ажойиб. Дейлик, янги келишувнинг молиявий томонлари ҳам яхшиланди. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимни Индонезияда давом эттиришга қарор қилдим.

- Янги мавсумда «Борнео» олдига қандай вазифалар қў­йилди?

- Жамоанинг мақсади катта. Пандемия ортидан Индонезияда нақ 1,5 йил давомида футбол тўхтаб қолди. Мана, янги мавсумни ниҳоят, бошлаб олдик. Ҳозирда таркибимиз анча кучайтирилган ва олдимизга чемпионлик учун курашиш вазифаси қўйилган. Бу ерда деярли барча жамоалар имкониятлари тенг. Шундай экан, «Борнео» олдидаги вазифани бажариш йўлида анча тер тўкиш талаб этилади.

- Жамоа шахсан сизга талаб даражасида шароитлар яратиб беряптими?

- Ҳа, мисол учун, уй ва автомобиль ажратилган. Маош ҳам вақтида тўланмоқда. Ўтган йили пандемия даврида кўплаб жамоалар оғир вазиятга тушиб қолди. Баъзилари маош беришда анча қийналди. «Борнео» эса қийин вазиятда ҳам, легионерлар иш ҳақини тўлиқ бериб келди. Чунки клуб президенти хориждан келганлар меҳнатини қадрлайди, имкон қадар яхши шароитлар яратиб беради.

- Индонезия футболи хусусида нималар дея оласиз?

- Футбол нуқтаи назаридан олсак, чемпионатда ўсиш кузатилмоқда. Мамлакатда миллионлар ўйинига эътибор катта. Ҳар бир жамоада кучли легионерлар бор. Кўпчилик наздида Индонезия чемпионати савияси паст. Аслида эса ўсиш даражаси ёмон эмас, рақобатбардош жамоалар кўпаймоқда. Мамлакатда легионерларга эътибор кучли. Ҳа, камчилик ҳам бор. Дейлик, маҳаллий йигитларда тажриба етишмаслиги яққол кўзга ташланади. Агар бирор ўйин­да гол урсангиз ёки яхши ҳаракатлансангиз, дарҳол юлдузга айлантиришади. Стадионларга жуда кўп мухлис ташриф буюради.

- Эшитишимизча, у ерда легио­нерларга катта маош берилар экан...

- Клубларда маош миқдори турлича. Тўғри, етакчи жамоалар савияли легионерларга катта маош тўлайди: ойига ўртача 10-20 минг доллар.

- «Борнео»да яна қанча қолмоқчисиз, кучингизни бошқа чемпионатда синаб кўриш режаси ҳам борми?

- Ҳозирча ўйлаб кўрганим йўқ. Айни пайт бор диққат-эътиборим бўлажак ўйинларга қаратилган. Қолаверса, «Борнео» билан келгуси мавсум якунига қадар мўлжалланган шартномам бор. Ке­йинчалик яна таклиф тушса, балки Индонезияда қоларман...

- Ортда қолган вақт давомида Ўзбекистон Суперлигаси жа­моаларидан таклифлар тушмадими?

- Тушди, асосан ўртамиёна жамоалардан. Бироқ «Борнео» билан келишувим борлиги туфайли бирор клуб билан музокарага киришганим йўқ.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz