Қайднома

Қидирув

Ана, холос! 60 ёшли вице-президент юриши!

Ана, холос! 60 ёшли вице-президент юриши!

  30.09.2021 07:57
  0
  214
Ана, холос! 60 ёшли вице-президент юриши!

Ронни Брюнсвийк КОНКАКАФ Лигаси ўйинида «Интер Моэнготапоэ» клуби бошланғич таркибида майдонга тушиб, 54-дақиқагача тўп сурди. Кейин рақиб жамоа кийиниш хонасига кириб, футболчиларга мукофот пули тарқатди. Аммо машҳур сиёсатчи Гондурасда бўладиган жавоб ўйинига боролмайди, чунки у Интерполнинг «қора рўйхати»да...

Ҳа, Суринамда ақлга сиғдириш ҳам мушкул саналган воқеа кузатилди. Факт шуки, у жаҳон футболи тарихига киритилади, барибир. КОНКАКАФ Лигаси (Шимолий ва Марказий Америкада иккинчи даражали клублар турнири)дан ўрин олган «Интер Моэнготапоэ (Суринам) - «Олимпия» (Гондурас) учрашувида мезбон жамоа сафида мамлакат вице-президенти, 60 ёшли Ронни Брюнсвийк майдонга тушди. Албатта, сардорлик боғичи билан. Майдонда 54 дақиқа ҳаракатланган сиёсатчи шу тариқа тарихда халқаро ўйинда қатнашган энг ёши катта футболчи сифатида рекорд ўрнатди. Бироқ Брюнсвийк қандайдир каромат кўрсатолмади - унинг жамоаси 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Дарвоқе, бу омадсиз учрашувда вице-президентнинг 21 ёшли ўғли Дамиан ҳам иштирок этди.

***    Ронни Брюнсвийк ўйиндан кейин «Олимпия»ни ғалаба билан табриклаш учун кийиниш хонасига кирди ва рақиб футболчиларга мукофот пули тарқатди. Бунақаси унинг учун одатий ҳол: бир неча йил олдин вертолётда ўз тарафдорлари устидан пул сочганди. «Нимага эга бўлсам, барчасини одамлар билан баҳам кўраман. Болалигимдан бошқаларни қўллаб-қувватлашга мойилман. Энди бутун мамлакатга ёрдам бериш имкониятига эгаман», - деганди сиёсатчи ўша ҳаракатига изоҳ ўрнида.

***    Брюнсвийк 1986 йили «Коммандо жунгли» партизанлар гуруҳини тузиб, Суринамнинг ўша вақтдаги президенти Дези Баутерсега қарши уруш бошлаган. Бу Шарқий Суринамда кокаин савдоси назорати учун уруш сифатида баҳоланган. Айни пайт Ронни Интерполнинг расмий қидирувида. Нидерландия суди эса масофадан туриб, Суринам вице-президентига 6 йиллик қамоқ жазоси белгилаган. Сиёсатчининг ўзи наркобизнесга дахли йўқлиги, олтин қазиб олиш ортидан бойиганини айтади.

***    Брюнсвийк футболнинг катта мухлиси - 2002 йили Суринамда сиғими 3000га тенг стадион қуриб, унга ўз номини берган. Сиёсатчи айни пайт «Интер Моэнготапоэ» президенти ҳисобланади. Ронни 2005 йили майдонга қурол билан тушгани ва рақиблардан бирига таҳдид солгани учун футболдан четлаштирилган, аммо кейинчалик жазо чораси бекор қилинган. 2012 йили эса Брюнсвийк ҳакамга ташланган ва 1 мавсумлик дисквалификация муддатини ўтаган.

***    Суринам вице-президенти - камида 50 нафар фарзанд отаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz