Қайднома

Қидирув

Ракурс: Аввало, шифокорга миннатдорчилик!

Ракурс: Аввало, шифокорга миннатдорчилик!

  08.10.2021 09:59
  0
  246
Ракурс: Аввало, шифокорга миннатдорчилик!

«Барcело­на»нинг бўлажак етакчиси ёхуд «Месси»си - Ансуман Фати деярли 1 йиллик (323 кун) танаффусдан ке­йин майдонга қайтди ва қисқа вақтда гол уриб, уни ўзини даволаган шифокорга бағишлади. Кўпчиликни бефарқ қолдирмаган таъсирли воқеа.

Лионель Месси 10 август куни расман «ПСЖ» сафига қўшилди. Шу тариқа «Барселона»нинг бутун бир даври хотима топди, жамоа узоқ йиллик мутлақ етакчисидан айрилди. Шунинг баробарида Лео томонидан юксакликка кўтарилган 10-рақамли футболка ҳам эгасиз қолди. Орадан кўп ўтмай, каталонияликлар «10» Месси шарафига «музлатилмаслиги», аксинча, уни бўлажак «қирол» Ансу Фатига топширишларини маълум қилишди.

Бу йигитчанинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирнинг ўзида бир қатор ёрқин саҳифалар билан бойиганини алоҳида таъкидлаш керак. Дейлик, Ансу ўтган йилнинг сентябрь ойида «Барселона»нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Диққат қилинг, у ўша пайт 17 ёшли ўсмир эди. Иқтидорли ҳужумчи шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасида 2та гол урди. Хусусан, бу ишни 18 ёшга тўлишидан олдин амалга оширган тарихдаги биринчи футболчига айланди. Фати яна «Реал»га қарши ўйинда гол урган энг ёш футболчи бўлди. Яна бир томони, «Барселона» нинг «Реал» дарвозасига урган юбилей - 400-голига муаллифлик қилди. Бироқ ҳаммаси жуда яхши кетаётган бир паллада нохушлик юз берди - янги юлдузча ўтган йилнинг ноябрь ойида жиддий жароҳатга йўлиқди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Оқибатда Евро-2020ни ҳам ўтказиб юборишига тўғри келди.

Ансу фақат август ойи бошида тўп билан ишлашни бошлади. Ке­йин 1 сентябрь куни «Барса»нинг фахрли рақами - «10»ни олди. Мана, йигитча нақ 323 кундан кейин расмий ўйинда кўриниш берди. Аниқроқ айтсак, Роналд Куман уни 26 сентябрь куни «Леванте»га қарши кечган ўйин қайдномасига киритди. Фатининг узоқ кутилган қайтиши учрашувнинг 81-дақиқасига тўғри келди. Мессининг кетганидан ҳамон аламзада мухлислар ёш ҳужумчини муносиб кутиб олишди. Люк де Йонг ўрнини эгаллаган Фати эса трибуналар олқишига жавоб беришни пайсалга солгани йўқ: майдонга тушганидан атиги 10 дақиқа ўтиб, 2:0 ҳисобини 3:0га айлантирди. Табиийки, бутун «Камп Ноу» Ансунинг бу гол билан ўзгача табриклади, «Барса»нинг барча футболчилари ва ходимлари ҳам. Трибунадан жой олишган футболчининг яқинлари эса беихтиёр йиғлаб юборишди.

Асосийси, Фатининг ўзи эсанкираб қолмади ва голни нишонлаш учун тикланишига катта ёрдам берган шифокор томон югурди. Ансу ўйиндан кейин ҳам бу ҳолатга алоҳида тўхталди: «Шифокорлар ва мураккаб даврда мен билан бирга бўлган мухлислар, клуб ходимлари, барча-барчага катта раҳмат. Албатта, энди жамоага қўлдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Биз «Барcелона»миз, совринлар учун курашишимиз шарт. 10-рақамли футболкани кийиш - бу босим эмас, балки ғурур».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz