Қайднома

Қидирув

Афеллайга аталган қўшиқ, фақат салбий

Афеллайга аталган қўшиқ, фақат салбий

  09.10.2021 10:31
  0
  226
Афеллайга аталган қўшиқ, фақат салбий

Райан Бабел Нидерландия миллий термаси бўйича собиқ жамоадоши Иброҳим Афеллайга атаб қўшиқ ёзди. Бироқ у салбий маънога эга: футболчининг таназзулга юз тутгани ва боши берк кўчага кириб қолгани куйланган. Афеллай бундан ҳайрон. «Барселона»да ҳам ўйнаб кўрган футболчининг айтишича, у Бабел билан бирор марта жанжаллашмаган. Ўрталарида қандайдир можаро ҳам чиқмаган экан...

Райан Бабел айни пайт Туркия­да «Галатасарой» шарафини ҳимоя қилмоқда. Эътиборли томони, 34 ёшли фахрий жорий йил баҳорда ҳам Нидерландия миллий жамоасига чақирилди. Яна бир факт шуки, Бабел футболчилик фаолиятига параллель тарзда мусиқа билан ҳам шуғулланади. У жумладан, 25 сентябрь куни Open Letter («Очиқ хат») трекини ҳавола этди. Янги ижод намунаси тавсифида ёзилишича, Бабел фао­лияти давомида бошқа футболчилар ва аналитик (таҳлилчилар)­лар билан қандай муносабат ўрнатганини куйга солган. Охирги банднинг асосий қисми Нидерландия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Иброҳим Афеллайга аталган. Аниқроғи, унга «ҳужум» қилинган. Маълумот учун, Иброҳим жорий йил февраль ойида бутсаларини михга илди ва дарҳол телевидениеда таҳлилчи сифатида иш бошлади. Айтиш ўринли, вақтида Бабел ва Афеллай Нидерландия термасида бирга тўп суришган, аммо клуб футболида уларнинг йўллари кесишган эмас.

Бабелнинг янги қўшиғидан бир парча (тўғрироғи, унинг охирги банди маъноси): «Бро, «Барcа»да ўйнаганингни эслолмайман. Сени фақат ПСВ орқали биламан. О, энди таҳлилчимисан? Ҳмм, шунақами? Ака, ўзгарганингни эшитдим. Энди ўзинг билмаган нарсалар ҳақида гапирасан. Лекин буни тушунаман, чунки фаолиятинг тор кўчага кириб қолганидан хабарим бор». Бабел бунда Афеллайнинг таназзулга юз тутгани ҳақидаги сўзларга алоҳида урғу берган. 

Бу қўшиқ Нидерландия ОАВда роса муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Афеллайнинг ўзи NOS Studio Voetbal студиясига бош суқиб, тегишли реакция билдирди: «Тўғриси, қўшиқни таажжуб билан тинг­ладим. Бабел ҳақида фақат ижобий фикр айтишим мумкин. Уни терма жамоада кўрганман ва яхши йигит сифатида биламан. Қисқаси, Райанга қандайдир ёмон жавобим йўқ». Studio Voetbal бошловчилари Афеллайни тўла қўллаб-қувватладилар. Дейлик, Тео Янссен ҳаттоки, Афеллайнинг студияга 2та автомобилда келганини айтиб, ҳазиллашди. Voetbalzone нашри эса, бу қўшиқ атрофидаги қўшимча воқеликни ҳам келтирди. Маълум қилинишича, Бабелга «Барселона»нинг нидерландиялик футболчилари рўйхатини кўрсатишган. Футболчи эса бунда Афеллайни кўриб, шунчаки, масхарабоз хатти-ҳаракатини амалга оширган.

Voetbalzone ўз навбатида, Бабел икки ҳолат туфайли Афеллайдан хафа эканлигини тахмин қилди:

1). Бабел 2012 йилги Европа чемпионати «заявка»сидан четда қолди. У орадан нақ 5 йил ўтгач, бу борада лўнда гапирди: «Ҳеч қандай шахсий манфаат йўқ, лекин Афеллай бутун йил давомида жароҳатдан бўшамаган бўлсада, чемпионатга борганди, барибир».

2). Афеллай Евро-2020 старти арафасида Studio Voetbal меҳмони бўлди ва Нидерландия миллий жамоаси учун муносиб 7 нафар ҳужумчини тилга олди. У ўшанда Бабелни рўйхатга қўшмаганди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz