Қайднома

Қидирув

Рекордчилар: 5 йил бирор узилишсиз...

Рекордчилар: 5 йил бирор узилишсиз...

  15.10.2021 06:36
  0
  360
Рекордчилар: 5 йил бирор узилишсиз...

ИСПАНИЯ ЧЕМПИОНАТИДА УЗЛУКСИЗ, КЕТМА-КЕТ РАВИШДА МАЙДОНГА ТУШИШ БОРАСИДА ЭНГ ИЛҒОРИ - ИНЬЯКИ. «Атлетик» ҳужумчиси Иньяки Уильямс Ла Лигада қаторасига 203та ўйин ўтказиб, Испания чемпионати рекордини янгилади. Оддий айтганда, 27 ёшли футболчи 5,5 мавсум давомида, яъни 2016 йилнинг апрелидан буён басклар клубининг чемпионатдаги бирор ўйинидан четда қолмади. Бунгача айни турдаги ғаройиб рекорд «Реал Сосье­дад»нинг 202 ўйинида узулишсиз қатнашган Хуан Антонио Ларраньяга ҳисобида эди.

***

Қора танли баск Иньяки Уильямс Бильбаодаги ганалик қочоқлар оиласида туғилган. У 18 ёшидан «Атлетик» тизимида тўп сура бошлади ва асосий жамоадаги дебютини 2014 йилнинг декабрида нишонлади. Энди Уильямс ҳисобида «Атлетик» либосидаги 304та ўйин бор. Иньяки - ҳақиқий машина. Уильямснинг рекорд кўрсаткичи шуниси билан аҳамиятлики, у 2016 йилнинг апрелида жароҳатга мойил ёш иқтидор соҳибидек кўринганди. Ҳужумчи мавсум-2015|2016 давомида мушак, тўпиқ ва сон қисмидаги муаммолар, оёқ синиши сабаб нақ 4 марта сафдан чиқди. Натижада жами 3,5 ой ёхуд 24та ўйинни ўтказиб юборди. Муҳими, Иньяки кейинчалик машғулотлардаги жиддий меҳнат эвазига танаси ва руҳиятини мустаҳкамлаб, барча муаммоларни ортда қолдирди. Тўғри, унинг фаолиятида ҳам мажбурий танаффус йўқ эмас. Фақат бу вазият тақозоси - Испания чемпионати 2020 йилнинг баҳорида коронавирус пандемияси ортидан 3 ойга тўхтаб қолди ва Уильямс футболдан бироз дам олди. Иньякининг таъкидлашича, ўшанда майдонга қайтишда анча қийналган экан. «Очиғини айтсам, танаффусдан кейин тўп думалоқ эмас, квадрат шаклдагидек туюлди. Тушунарлики, узоқ муддат футболдан четда қолсангиз, техника йўқолади. Қисқаси, маълум вақт тўпга мослашишда қийналдим, лекин ёқимли бўлди», - деди Уильямс Movistar телеканали эфирида.

***

Иньякининг рекорди бошқа бир сабаб туфайли амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди. 2016 йилнинг ма­йида Испания миллий жамоасидаги биринчи ва ҳозирча охиргиси бўлиб турган ўйинини ўтказганидан сўнг унга «Атлетик»ка нисбатан бадавлатроқ ва мақсади улканроқ клублардан таклифлар тушди. Аниқроқ айтсак, «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Боруссия» Д., «Ювентус», «Наполи», «Рома», «МЮ» ва «Барселона» клублари вакиллари басклар билан музокарага киришишди, аммо охир-оқибат, трансфер амалга ошмади. Бильбао жамоаси кейинчалик ҳужумчи билан келишув муддатини узайтириш орқали унга белгиланган товон пули миқдорини дастлаб 50 млн. евро (2016 йил), сўнг 80 млн. евро (2018 йил), якунда 135 млн. евро (2019 йил)га оширди. Амалдаги келишуви эса деярли 7 йилга мўлжалланган (2028 йилнинг ёзигача).  Transfermarkt портали маълумотига кўра, Иньякининг энг юқори баҳоси 2019 йилнинг июнига тўғри келган: ўшанда баск йигитининг трансфер суммаси 50 млн. еврога етганди. Ҳозир эса рекордчининг бозор баҳоси 25 млн. еврога тенг.

Уильямс нон-стоп режимида ўйнайди. У 2019 йилнинг августида XXI асрда узулишсиз ўйинлар сони бўйича энг узоқ давом этган серия муаллифига айланди. Ўша йилнинг март ойида Андони Субисаррета (184та ўйин), кейин яна бир дарвозабон Луис Арконада- (188та ўйин)га етиб олди. Ниҳоят, 25 сентябрга белгиланган Ла Лига 7-тури доирасидаги «Валенсия»га қарши сафар учрашуви (1:1)да майдонга тушиб, Ларраньяга билан тенглашди. Рекорднинг такрорланишини гол билан нишонласа зўр бўларди, лекин ўша куни унга бундай бахт насиб этмади. Уильямс янги мавсумда Примеронинг 8та ўйинида 2та гол урди. 3-турда унинг зарбаси жамоасига «Сельта» устидан ғалаба келтирди - 1:0. Маҳоратли ҳужумчи майдоннинг рақибга тегишли ярмида уюштирилган самарали прессинг натижасида юзага келган қарши ҳужумни муносиб якунлади. 4-турда эса Иньяки «Мальорка» дарвозасига урилган иккинчи голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Баскларга яна рақиб томонидаги прессинг наф берди. Қаҳрамонимиз чап қанотдан узатилган тўпни дарвозага жойлаб, жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди.

***

Примеро. 8-тур. «Алавес»га қарши баҳс. «Атлетик»нинг бошланғич таркибига кирган Уильямс ниҳоят, «Сосьедад» фахри Хуан Антонио Ларраньяга рекордини янгилади. Унинг узулишсиз майдонга тушиш серияси 1987 йилнинг июнида «Севилья»га қарши кечган баҳс билан бошланган ва мавсум-1992|1993 доирасида, ноябрда «Реал Овьедо» билан бўлган учрашувда якунланганди. Дарвоқе, Хуан Антонио ушбу серия давомида атиги 7та учрашувда 90 дақиқадан кам тўп сурган, холос. Ларраньяга янги рекордчи ва унинг кўрсаткичи борасида фикр билдиришга ҳам улгурди: «Иньякининг ҳолатида энг ажабланарли томони шуки, у бундай узун серия учун мураккаб саналган ҳужум позицияси вакилидир. Форвардларнинг одатда тез-тез ўйинни ўтказиб юборишларига тўғри келади. Кетма-кет учрашувларда майдонга тушиш учун жуда яхши тайёргарликка эга бўлиш талаб этилади, албатта. Бундай дейишимнинг сабаби бор - ўзим ҳам вақтида ҳар куни, ҳар ҳафта чарчоқдан азият чекардим. Чунончи, ҳамиша имкониятларимни 100 фоиз намойиш этиш имкони бўлмасди, кўпинча майдонга оғриқ билан тушардим. Оқибатда оёқ бармоғимда жароҳат артрити вужудга келганди».

Рейтингнинг 3-поғонасида «Сосьедад»нинг яна бир собиқ аъзоси, дарвозабон Луис Арконада бормоқда. У 1978 йил апрель - 1983 йил декабрь оралиғида чемпионат доирасидаги кетма-кет 188та ўйинда қатнашган.

***

Умуман, Уильямс рекордида ота-онасининг хизмати беқиёс. Иньякининг ўзи ҳам интервьюларидан бирида буни алоҳида эътироф этганди: «Оиламиз бу ерга Африкадан келган. Мен эса Бильбаода туғилганман. Ота-онам Ганадан, улар Мелильяга етиб бориш учун Африканинг ярмини деярли яёв босиб ўтишган». Мелилья - Африка шимолидаги соҳиллардан бирида жойлашган испан шаҳри. Уильямснинг ота-онаси Либерия фуқаролар урушидан қочишаётган пайт Гана пойтахти Аккрада, қочоқлар учун мўлжалланган лагерда учрашишган. Аккра билан Мелильяни 4 минг километр ва Саҳрои Кабир чўли ажратиб туради. Энди ушбу масофани босиб ўтиш нақадар машаққатли эканлигини тасаввур қилиб олаверинг. «Ростини айтсам, отам ўшандан буён товонидаги сезгирликни йўқотган. Онам ҳам кўплаб йўқотишларга учради, лекин у кучли аёл. Айтишича, уларга йўлдошлик қилганларнинг кўпи йўл азобига чидай олмаган. Оқибатда айримларини чўлнинг ўзида дафн этишларига тўғри келган. Баъзан йўлни фургонда босиб ўтишган - автомобилга 40 кишидан чиқиб олишган. Онам йўл-йўлакай одамларни тунаб кетган ўғрилар ҳақида ҳам сўзлаб берганди» - Иньяки бу тарихни ҳамиша эсида тутади. Унинг ота-онаси Испания чегарасини кесиб ўтишгандан сўнг қамоққа тушишган. Яхшики, у ерда омадлари келади - олдиларига кирган адвокат «Ҳужжатларни йиртиб ташлаб, урушдан қочаётганингизни айтинг», деб кўрсатма беради. Якунда футболчининг бўлажак ота-онасини Либериядан келган ҳарбий қочоқлар сифатида рўйхатга олишади, кейин ўша юрист уларни Бильбаога, ижтимоий хизмат бўлимида фаолият юритадиган танишлари ёнига жўнатади. Иньяки интервьюларидан бирида ўша ҳуқуқшуносни қидириб топишга урингани, лекин ота-онаси у ҳақда ҳеч нима эслай олишмаганини таъкидлаганди.

Бильбаода Уильямслар оиласини илиқ қарши олишади. Уларга маҳаллий роҳиб ўз уйидан жой беради. Унинг исм-шарифи Инья­ки Мардонес эди - рекордчига айнан шу меҳрибон шахс шарафига исм қўйишган. «У билан мунтазам гаплашиб турамиз, уйи­га меҳмондорчилик учун бораман, ҳаёт ҳақида суҳбатлашамиз. Тўғри, Мардонес ҳозир Африкада волонтёрлик билан шуғулланади», - дейди Иньяки. Қисқаси, Уильямс Испания, айниқса, Бильбао ва ушбу шаҳардаги раҳмдил кишилардан бағоят миннатдор. Чунки уларнинг меҳрларисиз ҳозирги муваффақиятларга эришолмасди: «Буларнинг барчаси янада кучлироқ бўлишимга замин яратади. Ҳозирги даражага чиқишимда катта ёрдам берган ота-онамга раҳмат. Улар ҳаётда барчасига меҳнат ва интилиш эвазига эришишни ўргатишди. Ота-онам мен ва укам (Нико, у апрелда «Атлетик»даги дебютини нишонлади)га ёрқин келажак таъминлаш учун шундай мураккаб саёҳатни амалга оширишган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли иккимиз мактабга бордик, хотиржам улғайдик, оч қолмадик, ҳар куни қорнимиз тўйди. Ота-онам болаликда бундай шароитларни кўришмаган...».

Яна рекорд ҳақида: айни пайт тўп сураётган футболчилар орасида Иньяки яққол пешқадам: 2-ўринда бораётган Хосе Моралес («Леванте») ҳисобида узулишсиз 109та ўйин бор. Аммо тарихдан янада тиришқоқ йигитларни топиш мумкин. Бу борада Италия рекордчиси - дарвозабон Франко Танкреди «Рома»нинг кетма-кет 258та ўйинида қатнашгани билан мақтанишга ҳақли. Франция­да 1-поғона фаолиятини тўлиқ «Осер»га бағишлаган кипер Фабьен Кул (узилишсиз 307та ўйин)га тегишли. АПЛ рекорд­чиси - Брэд Фридель (қаторасига 310та ўйин). Бу футболчилар «Бавария» афсонаси, дарвозабон Зепп Майердан катта фарқ билан ортда қолишмоқда - қаторасига 442та ўйин! Тасаввур қилинг: Зепп нақ 13 мавсум давомида бирор ўйинни ўтказиб юбормаган. Майернинг такрорланмас серияси аянчли хотима топганини ҳам айтиш керак - 1979 йилнинг июнида «Ульм»га қарши кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг автоҳалокатга учраган кипер 1 йил майдон четида қолагн ва кейин фаолиятини якунлаганди. Яна бир муҳим факт: бошқа топ-лигаларда рекорд дарвозабонларга тегишли. Қисқаси, Уильямс позиция бўйича ҳам элит рўйхатдагилардан фарқланади. Энг асосийси - у ўз йўлида давом этмоқда!

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz