Қайднома

Қидирув

Анчелотти «Реал»ининг етти хатоси ёхуд яна эски муаммолар юзага келди

Анчелотти «Реал»ининг етти хатоси ёхуд яна эски муаммолар юзага келди

  26.10.2021 05:25
  0
  286
Анчелотти «Реал»ининг етти хатоси ёхуд яна эски муаммолар юзага келди

«Мадрид» инқирозга юз тутдими ёки бу шунчаки муваффақиятга етиш йўлидаги тўсиқми? Нега «Реал» мавсумни Карло Анчелотти қўл остида шундай ажойиб тарзда бошлаганига қарамай, муваффақиятсизликка учради? Зайниддин Зидан даврида мавжуд бўлган, бир мунча вақт унутилган айрим муаммолар энди қайтди, бошқалари эса Карло Анчелоттининг ғалати қарорларидан сўнг келиб чиқди.

Жаҳондаги энг яхши  ярим ҳимоя чизиғи

Анчелотти бир неча бор унинг «Реал»ида дунёнинг энг яхши ярим ҳимоя чизиғи борлигини айтган. Ва кўпинча, бу баёнот ҳақиқатга ўхшарди. Лекин истисносиз қоидалар йўқ ва бу мавсумда дунёнинг энг яхши ярим ҳимояси юқори чўққида кўринмаяпти. Каземиро формада эмас, Тони Кроос жароҳатидан эндигина қайтди, Лука Модрич эса жамоани ҳар доим ҳам судраб юра олмайди, гарчи у астойдил интилса ва максимал даражада яхшилик қилса ҳам. Федерико Вальверде, Эдуардо Камавинга ва ҳатто Марко Асенсио ҳам ўз ўйинларининг айрим ижобий томонларини кўрсатдилар. Лекин бу етарли эмас... Ёки гап бошқа жойдами?

Янги номутаносиблик муаммоси

Бу янги муаммо ва у Зидан даврида деярли бўлмаган. Франциялик мутахассис ўз ихтиёридаги футболчилар таркиби ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган. Анчелотти эса ўзгариш қилмоқчи эди - ўз қўлёзмасини намойиш этишни ният қилганди. Карло қўл остидаги «Реал» гол уради, лекин шу билан бирга гол ҳам ўтказиб юборади ва улар тўпни италиялик мураббийлари хоҳлаганидек рақиблардан тортиб ололмайдилар.

Гол уриш муаммоси

«Лос Бланкос» мавсумни шиддат билан бошлади - голлар уришди ва натижа кўрсатишди, лекин охирги учрашувларда жамоада жиддий муаммо - рақиб дарвозаси олдидаги имкониятларни голга айлантиришда муаммо пайдо бўлди.

«Вильярреал», «Шериф» ва Каталониянинг «Эспаньол» клублари билан ўйинлар бунинг яққол исботидир. Жамоа жуда кўп нарсага таянади, гўёки барчаси Карим Бенземага жуда боғлиқдек, бироқ муваффақият учун бу қарамлик етарли эмас. Ҳеч ким Бенземани айблай олмайди - у ўзининг энг яхши футболини намойиш этади, аммо «Реал» каби жамоа ҳеч қачон бир ўйинчининг ўйинига боғлиқ бўлиб қолмаган.

Жароҳатлар  эпидемияси

Ўтган мавсум Зидан бошчилигидаги «Реал» жароҳатланган футболчилар сони бўйича етакчи ўринни эгаллаган - ҳаммаси бўлиб жамоа 50 марта у ёки бу футболчига умид қила олмаган. Шунча жароҳатланган футболчилар, охир-оқибат, француз мураббийига соврин ютиш имкониятини бермади. Афсуски, яна бир бор тан олишимиз керак, бу мавсумда «Мадрид» яна жароҳатлар синовидан ўтмоқда. Ферлан Менди ҳали тайёр эмас - у ҳали жорий мавсумда ўйнамаган... Дани Карвахаль, Марсело, Дани Себальос, Тони Кроос, Гарет Бэйл... Ҳатто Иско, Марко Асенсио ва Мариано Диаслар ҳам жароҳат олишга улгуришди... Ўтган йилги синдром ҳеч қаерга кетмаган - у яна кун тартибида.

Мунтазам позиция  ўзгартиришлар

Карло Анчелотти ўз жамоасида ўзгаришларни давом эттирмоқда ва бу жиддий чалкашликка олиб келди. Камавинга турли позицияларда ўйнади, Кроос Каземиро ролини олди, Давид Алаба эса ҳимоя чизиғининг аллақачон бир нечта позицияларида ўйнашга улгурди - бунинг эса нимага олиб келганини ҳаммамиз кўрдик... Начо Фернандес - «Реал»нинг яна бир Анчелотти доимий равишда у ёки бу позицияга ташлаётган ўйинчиси. Начонинг кўп қирралилиги билан ҳам, бундай «зарбалар» футболчининг ўйинига барқарорлик келтира олмайди. Худди шу нарса Лукас Васкесга ҳам тааллуқли, шунинг­дек, Карло ўзининг тажрибасига қўшган Федерико Вальверде каби ўйинчига ҳам... Табиийки, ён-атрофдан норозиликларнинг ёғилишини тўғри тушуниш мумкин: ахир, Анчелотти бундай тажрибаларни ишлар яхши кетаётганидан ўйлаб топмайди-ку! Албатта, жароҳатлар ўз сўзини айтмоқда - Карло ўз таркибидаги баъзи асосий ўйинчиларга умид қила олмайди ва шу сабабли у доимий ўзгаришларга юзланади... Лекин! У ёки бу ўйинчи учун позицияларнинг ҳаддан ташқари мос эмаслиги, шунингдек, тактик тузилмалардаги, айниқса, уй учрашувларида бир хил кўриниш иш бермайди, аксинча, жамоани янада ҳимоясиз қилади.

Азардан ҳамон  умид йўқ

Анчелоттининг асосий мақсадларидан бири Эден Азардек кадр­дан унумли фойдаланиш эди. Аммо бу ҳали содир бўлмади. Бельгиялик футболчи мавсумни яхши бошлаган бўлса-да, ҳамон асосий таркибга ўтиб, ўз ўрнини таъминлай олмади. Анчелотти «7» рақамига йўқолган ишончини қайтариш учун майдонда кўпроқ ўйин вақти бериш кераклигини аниқ кўрсатди. Афсуски... Азарнинг сўнгги ўйинларига қараганда, унинг олдинга силжишини баралла айтиш анча қийин... Бу яна бир жиддий муаммо. Ҳаммаси яна Карим Бенземага боғлиқликни келтириб чиқармоқда, жамоа биргина ҳужумчисиз ўйин ташкил этишни эплолмаяпти.

Концентрациями ёки элементар эътибор?

Анчелотти жамоаси бу мавсум оддий хатолар туфайли гол ўтказиб юборди ва бу Чемпионлар Лигасида Молдованинг «Шерифи» билан ҳамда Ла Лигада «Эспаньол» билан ўйинларда яққол кўриниб қолди. Италиялик мутахассис иккита муваффақиятсизликдан сўнг, унинг футболчилари етарлича тажовузкор эмаслигини айтди... Аммо шундай савол туғилади, жамоанинг диққатини жамлаш, эътибор ва мотивацияга ким жавобгар бўлиши керак? Савол, албатта, риторик кўринишга эга, чунки унинг жавоби аниқ. Ҳеч ким Карлонинг маҳоратига шубҳа қилмайди, лекин «Мадрид»да муаммолар тўпланиб қолганини ҳам ҳеч ким инкор этмайди. Мавжуд муаммони айнан бош мураббий ва унинг жамоаси ҳал қилиши керак.

СЎЗ...

«Ливерпуль» спорт директори Майкл Эдвардс Испанияга йўл олиши мумкин. Манба хабарига кўра, «Реал» уни таклиф қилиш имкониятларини ўрганмоқда. «Қаймоқранглилар» президенти Флорентино Перес унинг номзоди билан шахсан қизиқмоқда. У Эдвардс­дан клубга янги футболчиларни топишга ёрдам беришини кутади ва «Реал» бош мураббийи Карло Анчелоттига ўринбосар топишига ишонади. Эдвардс «Ливерпул»да 2011 йилдан буён ишлайди, у ерга Лондоннинг «Тоттенхэм» клубидан ўтган. Майкл Муҳаммад Салоҳ ва Виржил ван Дейк билан шартномалар тузишда муҳим роль ўйнаган.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz